Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
13 Январ, 2025   |   13 Ражаб, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
06:23
Қуёш
07:47
Пешин
12:37
Аср
15:35
Шом
17:19
Хуфтон
18:38
Bismillah
13 Январ, 2025, 13 Ражаб, 1446

Устозларга эҳтиром (фотолавҳа)

30.09.2018   5407   5 min.
Устозларга эҳтиром (фотолавҳа)

Инсон яшар экан, аввало, унга билим ва маърифат дунёси сари йўл очиб берган, унинг қалбига юксак инсоний фазилатлар ҳиссини сингдириш йўлида заҳмат чеккан устоз ва мураббийларига нисбатан кўнглида ҳамиша миннатдорлик туйғуси билан яшайди.

Бухоронинг буюк имомларидан бири, дарс мажлисида ўтирганларида, дарс орасида баъзан туриб ўтирар экан. Шу ҳақда ундан сўрашибди. Ул зот: “Устозимнинг ўғли болалар билан кўчада уйнаб юрибди. Аҳёнда масжид эшигига келиб кетар эди. Уни ҳар кўрганимда устозимнинг таъзими учун унга ўрнимдан турар эдим”, дебдилар.

Мана тарбия, мана устозга бўлган ҳурмат. Устоз ота каби, улуғ зот дейди халқимиз.

Бир кишидан:

   – Нима учун устозингни отангдан афзалроқ ҳурмат қиласан? – деб сўрадилар.

   – Чунки, отам мени ўткинчи дунёга олиб келди, устозим эса боқий ҳаёт бағишлади, – деб жавоб берди.

Кўз  нури ва қалб қўрини устоздек машаққатли ва фидокорона касбга бағишлаган азизларимизни самимий қутлаб, миннатдорчилик билдириш биз шогирдлар учун ҳам қарз, ҳам фарздир!

Шунга асосан бугун Тошкент ислом институтида 1 октябрь – Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан “Устозлар сизга таъзим” деб номланган маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди. Тадбирда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раис маслаҳатчиси Абдулҳамид домла ТурсуновДин ишлари бўйича қўмита “Диний-маърифий таълим муассасалари билан ишлаш бўлими” бошлиғи Бобомурод Рустамов, ЎМИ Таълим бўлими мутахассиси Салоҳиддин Шерхонов, ТИИ собиқ ректори Абдуқаюм домла Азимов, фахрий имом Раҳматуллоҳ қори Обидов, фахрий ўқитувчилар Илҳомжон домла Эшонжонов, Аҳмаджон домла Бобомуродзода, Зокиржон домла Шарипов ҳамда институтмизнинг ўқитувчи-мураббийлари ва талабалари иштирок этди.

Тадбирда Тошкент ислом институти ректори Уйғун Ғафуров кириш сўзи билан  очиб, ўқитувчилик касби, унинг машаққатлари ҳақида гапирди. Сўнгра, ЎМИ раиси муфтий Усмонхон Алимов ҳазратларининг ўқитувчиларга йўллаган табригини эътироф этиб ўтди. Тадбирда сўзга чиққанлар барчани қутлуғ айём – Ўқитувчи ва мураббийлар куни билан самимий муборакбод этдилар.

Шунингдек тадбирда “Ўқитувчи ва мураббийлар куни” муносабати билан Тошкент ислом институти фаолиятида фидокорона меҳнати, институт фаолиятини ривожлантириш, диний-маърифий ишлар самарадорлигини оширишга қўшган муносиб ҳиссаси, жамоат тадбирларида фаол иштирок этгани, ёш авлодни тарбиялашда ёшларимиз қалби ва онгига она Ватанга муҳаббат ва садоқат туйғусини сингдириш, уларни турли таҳдидлардан асраш, комил инсон этиб вояга етказиш йўлидаги кўрсатган беқиёс хизматлари учун бир гуруҳ устоз мураббийлар институт томонидан фахрий ёрлиқ ва ташаккурномалар шунингдек, фахрий ўқитувчи ва устозларга эсдалик совғалари тақдим этилди.

Азиз устозлар, мўътабар мураббийлар!!!

Барча устозларимизни институтимиз жамоаси номидан – Ўқитувчи ва мураббийлар куни билан чин қалбимиздан самимий муборакбод этамиз. Устозлик мақоми – олий саодат. Камолот йўлида бизга сабоқ, ҳаётда ўз ўрнимизни топишимизга кўмак берган мухтарам устозу муаллимларимиз олдида бир умр қарздормиз. Аллоҳ шарафли ва масъулиятли касбда собитқадам бўлган азиз устоз-муаллимларимизга туганмас куч-қувват, меҳр-муҳаббат берсин, илму билимларини янада зиёда қилсин, икки дунё саодатига мушарраф этсин!

Фарзанд ва шогирдларингиз бахти ва камолини кўриш доимо сизларга насиб этсин. Машаққатли ва шарафли касбингизда улкан ютуқлар, хонадонингизга доимий хотиржамлик ва сиҳат-саломатлик тилаймиз.

 

 

манба

Ўзбекистон янгиликлари
Бошқа мақолалар

Бошингизга тушган ғам-ташвишлардан қандай хулоса чиқардингиз?

9.01.2025   6315   4 min.
Бошингизга тушган ғам-ташвишлардан қандай хулоса чиқардингиз?

Бир ўтириб, яшаб ўтган шунча йиллик ҳаётимизда бошдан кечирган ғам-ғуссаларимиз ҳақида фикр юритиб кўрсак, қайғулар икки хил эканини кўрамиз:

Биринчисиўша пайтда кўзимизга катта кўриниб, ҳатто йиғлашимизга сабаб бўлган қайғуларимиз. Лекин вақт ўтиши билан улар аслида оддий нарса экани, йиғлашга арзимаслиги маълум бўлади. Баъзан ўша кунларни эслаганимизда кулгимиз келиб, «Шу арзимас нарса учун ҳам сиқилиб, йиғлаб юрган эканманми? У пайтларда анча ёш бўлган эканмиз-да», деб қўямиз.

Иккинчисиҳақиқатдан ҳам катта мусибатлар. Баъзилари ҳаётимизни зир титратган. Бу қайғулар ҳам ўтиб кетади, лекин ўчмайдиган из қолдириб кетади. Бу излар узоқ йилларгача қалбга оғриқ бериб тураверади. Бу қайғулар баъзан тўхтаб, баъзан ҳаракатга келиб, янгиланиб турадиган вулқонга ўхшайди. Бундай ғам-қайғуларнинг яхши тарафи шундаки, улар ҳаётда ҳам, охиратда ҳам яхшиликларнинг кўпайишига сабаб бўлади. Улар қалбимизда ўчмас из қолдирса, ҳар эслаганда кўзларимизда ёш қалқиса, энг асосийси – ўшанда дуога қўл очиб, сабр билан туриб бера олсак, кўп-кўп яхшиликларга, ажр-савобларга эга бўламиз. Ғам-қайғу янгиланиши билан яхшиликлар ҳам янгиланиб бораверади.

Ғам-қайғусиз ҳаётни кутиб яшаётган қизга «Сиз кутаётган кун бу дунёда ҳеч қачон келмайди», деб айтиш керак.

Аллоҳ таоло «Биз инсонни машаққатда яратдик», деган (Балад сураси, 4-оят).

Бу ҳаёт – ғам-ташвишли, азоб-уқубатли, машаққатли ҳаётдир. Мўмин одам буни жуда яхши тушунади. Бу дунёда қийналса, азоб чекса, охиратда албатта хурсанд бўлишини билади. Инсон мукаммал бахтни фақатгина охиратда топади. Шунинг учун улуғлардан бирига «Мўмин қачон роҳат топади?» деб савол беришганда, «Иккала оёғини ҳам жаннатга қўйганида», деб жавоб берган экан.

Аллоҳнинг меҳрибонлигини қарангки, охират ҳақида ўйлаб, унга тайёргарлик кўриш ҳаётни гўзал қилади, қайғуларни камайтириб, унинг салбий таъсирини енгиллатади, қалбда розилик ва қаноатни зиёда қилади, дунёда солиҳ амалларни қилишга қўшимча шижоат беради, мусибатга учраганларни бу ғам-ташвишлар, азоб-уқубатлар бир кун келиб, бу дунёда бўлсин ёки охиратда бўлсин, барибир якун топишига ишонтиради. Охират ҳақида ўйлаб, фақат солиҳ амаллар қилишга интилиш инсонни бахтли қилади.

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: «Кимнинг ғами охират бўлса, Аллоҳ унинг қалбига қаноат солиб қўяди, уни хотиржам қилиб қўяди, дунёнинг ўзи унга хор бўлиб келаверади. Кимнинг ғами дунё бўлса, Аллоҳ унинг дардини фақирлик қилиб қўяди, паришон қилиб қўяди, ваҳоланки дунёдан унга фақат тақдир қилинган нарсагина келади».

Аллоҳ таоло фақат охират ғами билан яшайдиган (охират ҳақида кўп қайғурадиган, ҳар бир амалини охирати учун қиладиган) қизнинг қалбини дунёнинг матоҳларидан беҳожат қилиб қўяди. Қарабсизки, бу қиз ҳар қандай ҳолатда ҳам ўзини бахтли ҳис қилади, ҳаётидан рози бўлиб яшайди. Хотиржамликда, осойишталикда, қаноатда яшагани учун истамаса ҳам қўлига мол-дунё кириб келаверади. Зеро, Аллоҳ таоло охират ғамида яшайдиган, шу билан бирга, ҳаётий сабабларни ҳам қилиш учун ҳаракатдан тўхтамаган кишининг ризқини кесмайди, уни неъматларига кўмиб ташлайди.

Аммо Аллоҳ таоло бор ғам-ташвиши дунё бўлган қизни фақирлар қаторида қилиб қўяди. Бундай қиз мол-дунёга кўмилиб яшаса ҳам, ўзини фақир, бечора ҳис қилаверади. Натижада дарди янгиланаверади, дардига дард қўшилаверади, фикрлари тарқоқ бўлиб, изтиробга тушади. Афсуски, шунча елиб-югургани билан фақат дунёнинг неъматларига эриша олади, охиратда насибаси бўлмайди.

Абдуллоҳ Абдулмуътий, Ҳуда Саъид Баҳлулнинг
“Қулоғим сенда қизим” китобидан Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ,
Абдулҳамид Умаралиев 
таржимаси.