Ибн Қаййим раҳимаҳуллоҳ айтади: “Саҳобаи киромлар урушда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни ўз таналари билан ҳимоя қилар эдилар. Улар у зот алайҳиссаломнинг атрофларида урушиб, ўлдирилардилар”.
Бану Дийнор қабиласидан бўлган бир аёл. Унинг эри, акаси ва отаси Уҳудда шаҳид бўлди. Унга яқинлари ҳалок бўлгани ҳақида хабар берилганда, у “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга нима бўлди?” деб сўради. Одамлар “Эй Умму Фалон, у зот яхшилар” дейишди. Аёл одамлардан “У зот алайҳиссаломни менга кўрсатинглар. Кўзим билан кўрайин” деб илтимос қилди. Улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга ишора қилишди. Аёл севикли Пайғамбаримиз алайҳиссаломни кўргач, “Сиз (ни кўрганим)дан кейин бошқа барча мусибатлар арзимасдир” деди.
Ибн Мурдавайҳи раҳимаҳуллоҳ Оиша онамиз розияллоҳу анҳодан ривоят қиладилар: “Бир киши Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келди ва “Эй Расулуллоҳ, албатта, сиз мен учун ўзимдан ҳам севиклироқсиз. Сиз мен учун аҳли оиламдан ҳам севиклироқсиз. Сиз мен учун боламдан ҳам севиклироқсиз. Мен уйда ўтиргандим. Сизни эсладим. Сизни кўрай деб сабрим чидамай, ҳузурингизга келдим. Энди сизга назар солай” деди”.
Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу айтадилар: “Жоним қўлида бўлган Зотга қасамки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга яқин бўлиш мен учун оилам, қариндошларимга яқин бўлишдан кўра маҳбуброқдир”.
Ибн Мурдавайҳи раҳимаҳуллоҳ ривоят қиладилар: “Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг амакилари Аббосга қарата: “Исломни қабул қилинг! Аллоҳга қасамки, сизнинг исломни қабул қилишингиз мен учун Хаттобнинг мусулмон бўлишидан кўра маҳбуброқдир” дедилар.
Умар розияллоҳу анҳу бу гапни айтишларига сабаб шуки, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг амакилари Аббос розияллоҳу анҳунинг мусулмон бўлишлари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни кўпроқ хурсанд бўлишларига сабаб бўларди.
Имом Муслим раҳимаҳуллоҳ Амр ибн Осс розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан кўра бирор киши мен учун севиклироқ эмас ва кўзимга улуғворроқ бўлиб кўринмайди ҳам. У зот алайҳиссаломни улуғлаганимдан бирор марта кўзим билан у зотнинг юзларига тикилиб қарай олмаганман. Агар мендан у зотни васф қилиб беришни сўралса, бу ишни қилолмайман. Чунки мен у зотнинг юзларига тикилиб қарай олган эмасман”.
Исҳоқ Тужайбий раҳимаҳуллоҳ айтадилар: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Рафийқул Аълога кўчганларидан сўнг саҳобаи киромлар қачон у зотни эсласалар, бошлари эгилиб, баданлари титраб, барчалари йиғлаб юборар эдилар”.
Қози Иёз раҳимаҳуллоҳ айтадилар: “Шунингдек, тобеинлардан ҳам кўплари шундай эдилар. Баъзилари у зот алайҳиссаломни яхши кўрганларидан, соғинганларидан шундай бўлсалар, баъзилари у зот алайҳиссаломнинг ҳайбат ва виқорларидан шундай қилишарди”.
Мусъаб ибн Абдуллоҳ раҳимаҳуллоҳ айтадилар: “Агар имом Моликнинг ҳузурида Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам зикр қилинсалар, у кишининг ранглари ўзгарар, эгилиб қолар эдилар. Ҳатто бу ҳол бирга ўтирганларга оғир келарди. Бир куни Имом Молик раҳимаҳуллоҳга шу ишлари ҳақида айтилди. Шунда у зот “Агар сизлар ҳам мен кўрган нарсани кўрганингизда, мендан содир бўлган иш учун мени койимаган бўлардингиз.
Муҳаммад ибн Мункадирни кўрганман. У қурроларнинг саййиди эди. Агар ундан бирор ҳадис сўрасак, у шунақа йиғлардики, бизнинг раҳмимиз келиб кетарди.
Жаъфар ибн Муҳаммадни кўрганман. У сертабассум, ҳазилкаш одам эди. Агар унинг ёнида Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам зикр этилсалар, ранги сарғайиб кетарди. Унинг фақатгина таҳоратли ҳолдагина Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ҳадис ривоят қилишини кўрганман. Бир муддат уни зиёрат қилганимда, уни фақат уч хислатдан бири устида кўрганман: ё намоз ўқиётган, ё сукут қилиб ўтирган ёки Қуръон ўқиётган ҳолатда бўларди. Фойдасиз гапларни умуман гапирмас эди. У Аллоҳ азза ва жалладан қўрқадиган олимлар ва обидлардан бири эди.
Абдурроҳман ибн Қосим Набий соллаллоҳу алайҳи васалламни зикр қилган пайтда, юзига назар солинса, унинг юзидан худди қон чиқаётгандек бўларди (яъни қизариб кетарди). Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳайбатларидан унинг оғзидаги тили қуриб қоларди.
Омир ибн Абдуллоҳ ибн Зубайрнинг зиёратига бордим. Унинг олдида Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам зикр қилинсалар, йиғлайвериб, ҳатто кўзида ёш қолмас эди.
Зуҳрийни кўрдим. У одамларга улфат, қадрдон киши эди. Агар унинг ҳузурида Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам зикр қилинсалар, гўё у сени, сен эса уни танимайдигандек бўлиб қолар эди.
Сафвон ибн Сулаймнинг олдига бориб турардим. У ғайратли обидлардан эди. Агар Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам зикр қилинсалар, йиғларди. Йиғиси давом этаверганидан одамлар ўрниларидан туриб, унинг олдидан кетардилар”.
Имом Молик раҳимаҳуллоҳ Ҳадиси шариф ўқиётганларида ранглари ўзгарди. Ўқиб бўлганларидан кейин шогирдлари “Боя ҳадис ўқиётганингизда юзингизда бироз ўзгариш бўлди. Бунинг сабаби нима, устоз?” деб сўрашди. Имом Молик раҳимаҳуллоҳ “Чаён чақиб олди” деб жавоб бердилар. Шогирдлари ҳайратларини яширолмай, “Нега унда ҳадис ўқишни тўхтатмадингиз?” деб сўрашганда, буюк имом мана бу оламшумал жавобни берган эканлар: “РАСУЛУЛЛОҲ СОЛЛАЛЛОҲУ АЛАЙҲИ ВАСАЛЛАМНИНГ СЎЗЛАРИНИ БЎЛГИМ КЕЛМАДИ!”
Аллоҳ таоло бизга ҳам шундай муҳаббат ато этсин! Қиёматда, Жаннатда у зот алайҳиссалом билан бирга бўлишимизни насиб этсин!
Интернет маълумотларидан
Нозимжон Иминжонов таржимаси
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Ҳеч шубҳа йўқки, халифа Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳунинг ўлимларига сабаб бўлган ҳодисалардан тортиб ҳазрати Алий ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳунинг ўлимларигача бўлган даврда бўлиб ўтган ҳодисалар Ислом учун, мусулмон уммати учун мисли кўрилмаган мусибат бўлди.
Ушбу ҳодисалар туфайли мусулмон уммати ўртасида бўлиниш юз берди. Ўша пайтгача бир тану бир жон бўлиб, бутун дунёга Ислом нурини таратиб келаётган, бутун инсониятга хайру баракани улашиб келган дунё тарихидаги энг яхши уммат ичида дарз пайдо бўлди. Авваллари бу уммат вакиллари ихтилоф нималигини билмас эдилар. Вақти келиб, улар аввал иккига, кейинроқ учга бўлиниб ихтилоф қилдилар. Худди ўша машъум ҳодисалар туфайли бошланган бу бўлинишлар секин-аста давом этиб, мусулмон умматининг соғлом танаси ичидан турли-туман тоифалар чиқди. Шийъа, рофиза, хавориж ва шунга ўхшаш бошқа ҳар хил тоифаларнинг келиб чиқиши айнан ана шу ҳодисалардан бошланган эди.
Мазкур ҳодисалар туфайли мусулмон уммати аввал ҳоким шахс ҳақидаги баъзи мулоҳазалар билан баҳс бошлаган бўлса, охири келиб иймон ва куфр борасида баҳс қиладиган, бир-бирини куфрга кетганликда айблайдиган даражага етди.
Ушбу ҳодисалар, аввало, фитначиларнинг ҳазрати Усмонга у киши ишга қўйган баъзи волийлар ҳақида шикоят қилишлари билан бошланган эди. Охири келиб хорижийлар ўзларига мухолиф бўлганларни, ҳатто ҳазрати Алийдек зотни кофирликда айблай бошлашди. Табиийки, қарши томондан ҳам ўзига яраша жавоб бўлди.
Ушбу ҳодисалар туфайли мусулмон уммати ичида бир-бирининг қонини ўзи учун ҳалол билиш ва бир-бирини ўлдиришни раво кўриш бошланди.
Биринчи марта фитначилар ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳунинг қонлари ва молларини ўзларига ҳалол ҳисоблаб, у кишини ўлдириб, молларини талашди. Ана шу нобакорлик оқибатида ишлар ривож топиб, «Туя ҳодисаси»да, «Сиффин»да бир неча ўн минглаб киши ҳалок бўлди. Хорижийлар билан бўлган алоҳида ҳодисаларни қўшадиган бўлсак, бу ҳисоб яна ҳам ортади.
Бир тану бир жон бўлиб, дунё халқларини бирин-кетин бандаларнинг бандаларга сиғинишидан Аллоҳнинг ибодатига, нотўғри динларнинг жабридан Исломнинг адолатига, дунё торлигидан охират кенглигига, жоҳилият зулматларидан Ислом нурига чиқараётган уммат бир-бирини Роббига ибодат қилишдан чиқариш, бир-бирига жабр қилиш, Исломнинг кенглигидан ихтилоф торлигига, Ислом нуридан жаҳолат зулматига ўта бошлади.
Ушбу ҳодисалар туфайли мусулмон умматининг гули, етакчи кучи бўлмиш саҳобаи киромларнинг кўпчилиги нобуд бўлдилар. Уларнинг маънавий кучларига футур етди.
Ушбу ҳодисалар туфайли мусулмон уммати бошига тушган мусибатларни бирма-бир санаб чиқиш ниҳоятда оғир иш. Шунинг учун бу борада гапни қисқа қилганимиз маъқул.
Энди ижозатингиз билан мазкур ҳодисаларга баҳо бериш ҳақида бир неча оғиз сўз.
Бу ҳодисалар бўлиб турган вақтларнинг ўзидаёқ уларга баҳо бериш бошланган. Унда ҳар бир томон ўзини ҳақ, ўзгани ноҳақ деб билган. Тарафкашлик бўлиб турган жойда бундан бошқа нарса бўлиши мумкин ҳам эмас. Аммо мазкур ҳодисаларга баҳо бериш улар бўлиб ўтганидан кейин ниҳоятда авж олгани кутилмаган ҳол. Ушбу ҳодисалар бўлиб ўтгандан кейин турли сабабларга кўра уларни баҳолаш, «ким нима қилган-у, ким нима қилмаган, аслида нима қилиш керак эди», каби мавзуларда мунозаралар қизиб кетган. Бу борада ҳар ким ўша тўпалонлар юз берган вақтдаги ҳар бир ҳаракат ва саканот, ҳар бир оғиз гап ва сўздан ўз фикрини қўллашга, ўзганинг фикрини рад қилишга далил излаган. Тарафкашлик ва низо оловида қизиб кетиб, далил топа олмай қолган пайтларда ўзидан қўшиб юборишлар бўлмаганига эса ҳеч ким кафолат бера олмайди.
Тарафкашлик авж олган жойда ҳар ким ўзининг ҳақ эканини исбот қилишга уриниб, ўзида бўлмаган яхши сифатларни бемалол даъво қилганидек, ўзида бўлган салбий сифатларни тараддудсиз инкор этади. Шу билан бир вақтда, қарши тарафнинг барча яхшиликларини инкор этган ҳолда, барча ёмонликларни унга ағдаради. Мана шу жараёнда нима бўлса бўлади.
Ислом уммати ёлғон нима эканини билмас эди. Аммо фитначилар ўз қилмишларини хаспўшлаш, одамларни ортларидан эргаштириш мақсадида бу уммат ичига «ёлғон» деган иллатни олиб киришди. Жумладан, улар: «Бизга Алийдан хат келди» «Бизга Оишадан хат келди», «Бизга фалончидан хабар келди» «У дебди», «Бу дебди» деган ёлғонларни ҳам тарқатишган эди.
Фитначилар мазкур машъум ҳодисалар ўтиб кетганидан кейин ҳам ўз тарафини олиб, ўзгани танқид қилишда давом этаверишди. Бу нарсалар аста-секин авж ола бошлади. Тарафкашликда учига чиққан томонлар эса ўз гапларини тасдиқлаш учун оят ва ҳадисларни ноҳақ таъвил қилганлари етмагандек, ёлғонлар тўқиб, ҳатто уларга ҳадис сифатини беришгача етиб боришди.
Аммо масъул кишилар, уламолар бу нобакорликни дарҳол бўғиб ташлаш йўлига ўтдилар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга оид барча ривоятлар яхшилаб ҳимоя қилинди. Ҳадисларнинг даражаларини аниқлашнинг мустаҳкам қоидалари ишлаб чиқилди. Бу борада фитначиларнинг фитнаси ўтмади.
Аммо тарихчилар келтирган ривоятларга бу қадар эътибор қаратилмади, чунки тарих ҳақидаги ривоятлар дин ва эътиқод масалалари бўйича ривоятлар аҳамиятига эга эмас, деган ўй бор эди. Ўша пайтларда бўлиб ўтган ҳодисалар ҳақидаги ривоятлар тўпланди. Аммо уларни саралаш ва яроқсизини ташлаб юбориш ишлари қилинмади. Бу нарса айниқса ҳукмдорлик учун ўзаро кураш олиб борган тоифаларга қўл келди. Улар турли асоссиз ривоятлардан ўз манфаатлари йўлида фойдаланиш билан бирга, етмай қолган жойларига ўзларидан қўшиб юборишди.
Аста-секин саҳобаи киромларга тил теккизиш бошланди. Тил теккан саҳобийнинг тарафдорлари ўзига яраша жавоб беришди. Ҳар ким ўзи эргашган шахсни улуғлашга ўтди.
Айниқса, ҳазрати Алий розияллоҳу анҳу ҳақларида бунга ўхшаш гап-сўзлар кўп учрайди. Баъзи ғулувга кетган тоифалар у зотни илоҳлик даражасигача кўтарган бўлишса, хорижийларга ўхшаш кимсалар: «Куфрга кетди», дейишган.
Яна бошқа бир тоифалар ҳазрати Алий розияллоҳу анҳунинг тарафларини олиш мақсадида у зотни мазлум қилиб кўрсатишга уриниб, бошқа бир нечта катта саҳобаларни эса кофирга чиқариб қўйишган.
Бу масалаларга бағишланган мажлислар, жанжаллар бўлди, китоблар ёзилди, хутбалар ўқилди. Нима бўлса бўлди, лекин ихтилоф кўпайиб бораверди.
Ниҳоят, мусулмонлар жумҳури – аҳли сунна вал жамоа бу масалада ижмоъ ила энг адолатли ва сўнгги нуқтани қўйди: орада бўлиб ўтган кўнгилсиз ҳодисаларда ҳазрати Алий ва у зотнинг тарафдорлари ҳақ бўлганлар. Улар ҳақида бошқача гап бўлиши мумкин эмас. Бунга далил ва ҳужжатлар етарли. Уларнинг энг ишончли ва кучлиси Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан ворид бўлган саҳиҳ ҳадислардир. Хусусан, Аммор ибн Ёсир розияллоҳу анҳу ва Зул Садяйнининг ҳазрати Алий розияллоҳу анҳунинг фазилатлари ҳақидаги, келажакда бўладиган фитналар ҳақидаги ҳадислари фикримизга далил бўла олади.
Орада бўлиб ўтган кўнгилсиз ҳодисаларнинг айбдорлари Ибн Сабаъ бошлиқ фитначилар ва хорижийлардир, барча қилинган гуноҳлар уларнинг бўйнида. Улар ҳақида бошқа гап бўлиши мумкин эмас.
Фитначилар асосан Миср, Басра ва Куфада тухум қўйиб, урчиб кетишди. Фитнанинг бош қароргоҳи Миср эди. Унинг Ислом жамиятининг марказидан узоқда жойлашгани, у ерда ҳақиқий уламоларнинг, хусусан, саҳобаларнинг кам бўлгани ва бошқа шунга ўхшаш омиллар фитначиларнинг ўз фикр-мулоҳазаларини авом халққа етказишларига катта имкон берар эди.
Орада бўлиб ўтган кўнгилсиз ҳодисаларда фитначиларга ҳам, ҳазрати Алий розияллоҳу анҳуга ҳам қўшилмаган, балки у зотга талаб қўйиб, талаби бажарилгандагина байъат қилишларини айтган тоифа ҳам бор эди. Уларнинг гаплари ва қилган ишлари «Туя» ва «Сиффин» ҳодисаларидан ҳаммамизга маълум. Ушбу тоифанинг машҳур шахслари сифатида Талҳа ибн Убайдуллоҳ, Зубайр ибн Аввом, Муовия ибн Абу Суфён ва Амр ибн Ос розияллоҳу анҳумни эслаш мумкин. Аҳли сунна вал жамоа мусулмонлари уларни: «Хато таъвил ва ижтиҳод қилганлар», деб баҳолайди. Улар ҳақоратланмайдилар, ёмонланмайдилар. Балки саҳобий бўлганлар бошқа саҳобаи киромлар билан бир қаторда кўрилади.
Уламоларимиз ва мусулмонлар жумҳури бу ишда ғоятда талабчан бўлгани сабабли бу ҳақда ҳар бир мусулмон шахс эътиқод қилиши лозим бўлган нарсани ақийда китобларимизга битиб ҳам қўйганлар.
Жумладан, аҳли сунна вал жамоанинг энг машҳур ақийда китобларидан бири бўлмиш «Ақийдаи Таҳовийя»да қуйидагилар айтилади:
«Биз уларнинг ҳаммалари ҳақида яхшилик билан: «Роббимиз, бизни ва биздан аввал иймон билан ўтган биродарларимизни мағфират қилгин, иймон келтирганларга нисбатан қалбимизда ғашлик қилмагин. Роббимиз, албатта, Сен ўта шафқатлисан, ўта раҳмлисан», деймиз (Ҳашр сураси, 10-оят).
Аллоҳ таоло бизнинг қўлларимизни ўз вақтида бўлиб ўтган фитнадан асраган. Биз Аллоҳдан тилларимизни ҳам мазкур фитнадан сақлашини сўраймиз».
«Ислом тарихи» биринчи жузи асосида тайёрланди