Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзолари 27 сентябрь куни бўлиб ўтган навбатдаги ялпи мажлисда 3 та халқаро шартномани ратификация қилиш ҳақидаги қонунни кўриб чиқдилар.
Хусусан, “Ислом мамлакатларининг стандартлар ва метрология институти Устави ва Тартиб-қоидаларини (Истанбул, 1999 йил 7 ноябрь, 2017 йил 7 май ҳолатидаги ўзгартиришлар билан) ратификация қилиш тўғрисида”ги, “Ислом ҳамкорлик ташкилоти Уставига киритилган тузатишни (Абиджан, 2017 йил 10-11 июль) ратификация қилиш тўғрисида”ги, “Париж битимини (Париж, 2015 йил 12 декабрь) ратификация қилиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси халқаро шартномаларини ратификация қилиш тўғрисидаги қонунлари сенаторлар томонидан маъқулланди.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Ахборот хизматига кўра, ўн олтинчи ялпи мажлис давомида жамият ҳаётининг барча соҳалари ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш ва амалга оширилаётган ислоҳотларнинг самарадорлигини оширишга, халқаро ҳамкорликни ривожлантиришга хизмат қиладиган 21 та масала, шу жумладан 14 та қонун кўриб чиқилди.
"Турон" ахборот агентлигининг маълум қилишича, шунинг билан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўн олтинчи ялпи мажлиси ўз ишини якунланган.
ЎМИ Матбуот хизмати
"Ли ийлафи қурайш" сураси, Қурайш қабиласига берилган неъматларга урғу беради.
Бу суранинг нозил бўлиши сабабини ўрганганда, Аллоҳдан янада қўрқиш ҳисси пайдо бўлади. Бу сура ҳаётдаги муҳим муаммолардан бири - неъматга одатланиб, уни қадрсизлантириш ҳақидадир.
Аллоҳ қурайшликларни икки мавсум - қиш ва ёздаги савдо сафарлари орқали тирикчиликларининг яхши кетишига одатланиб қолганликлари, лекин улар бу неъматларнинг ҳақиқий Эгасини тан олиб, шукр қилмаганларини айтади.
Жоҳилият даврида Қурайш қабиласи фақирлик ва очарчиликда яшаган, ҳаётлари жуда ночор ва қийин бўлган. Ҳаттоки, қашшоқлик кучайганида, баъзилар ўз оиласини олиб, “хубо” деб аталган жойга боришар ва ўша ерда очликдан ҳаммаси ҳалок бўлгунига қадар қолишарди. Бу одат жоҳилият даврида “иътифар” деб номланар эди.
Макканинг катта тожирларидан бўлган Ҳошим ибн Абдуманофга бир куни Бани Маҳзум қабиласининг барча аъзолари жуда қаттиқ очликда қолиб, ҳалок бўлиш арафасида экани ҳақидаги хабар етади. У Аллоҳнинг байти Каъбанинг хизматида турган одамларнинг шундай қашшоқлик ва ўта жоҳилона аҳволда эканликларидан ўкинди ва қаттиқ ғазабланди.
Шу сабабдан Ҳошим ибн Абдуманоф бу ёмон одатни ўзгартиришга қарор қилди ва қуйидагиларни амалга оширди:
– Сизлар Аллоҳнинг байтини хизматида бўлатуриб бутун арабларга ўзингизни шарманда қиладиган ёмон одатларни жорий қилгансизлар, деди ва бир қабилани бир нечта уруғларга бўлиб ташлади. Ҳар бир уруғдаги бой кишилардан ўз қариндошлари билан мол-мулкини тенг бўлишишни талаб қилди. Шундай қилиб, камбағал ҳам бой билан тенг бўлди.
Шундан кейин у Қурайш қабиласига тижорат усулларини ўргатди ва уларни йилда икки марта тижорат сафарига чиқиш йўлларини белгилаб берди. Ёзда мева-сабзавотлар савдоси учун Шомга, қишда эса, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари савдоси учун Яманга сафарларини ташкил қилди.
Шундай қилиб, Шом ва Яманнинг баракаси Маккага олиб келинди ва қурайшликларнинг иқтисодий ҳолати яхшиланди. Шу билан бирга, “иътифар” одати ҳам йўқ бўлди. Бироқ, вақт ўтиши билан Қурайш қабиласи Аллоҳнинг бу неъматларига шукр қилиш ўрнига, уларга одатланиб қолди ва неъматни қадрламай қўйди. Неъматга ношукурлик қилиш – бу унга одатланиб, уни неъмат деб билмасликдир.
Қурайш қабиласи Аллоҳ томонидан туширилган неъматларга одатланиб, уни қадрсизлантиргани учун Аллоҳ уларга бу сурани туширди: "Мана шу Байт (Каъба)нинг Парвардигорига (шукрона учун) ибодат қилсинлар. Зеро, У уларни очликдан (қутқариб) тўйдирди ва хавфу хатардан омон қилди".
Ҳомиджон домла ИШМАТБЕКОВ