Аллоҳ таоло инсонларни турли миллат ва элат шаклида яратиб, уларни ер юзини макон тутиб, ундаги неъматлардан фойдаланиб ҳаёт кечиришга буюрди. Яна бандаларига беҳисоб неъматларни ато этиб қўйдики, буларни санаб адоғига етиб бўлмайди. Аллоҳ таолонинг Ўзи бу ҳақда Қуръони каримда бундай марҳамат этади:
“Шунингдек, сизларга барча сўраган нарсаларингиздан ато этди. Агар Аллоҳнинг неъмат(лар)ини санасангиз, саноғига ета олмайсиз. Ҳақиқатан, инсон (ўзига) ўта золим ва (Раббига) жуда ношукрдир”.
“Агар Аллоҳнинг неъмат(лар)ини санасангиз, саноғига ета олмайсиз. Ҳақиқатан, Аллоҳ кечиримли ва раҳмлидир”.
Аммо инсонларга шунча неъматларини ато этиб қўйган Аллоҳ таоло уларни бу неъматлардан оқилона фойдаланишга, тежаб-тергаб ишлатишга, асло исрофга йўл қўймасликка чақиради. Бу борада Қуръони карим бундай таълим беради:
“...Шунингдек, еб-ичингиз, (лекин) исроф қилмангиз! Зеро, У исроф қилувчиларни севмас”.
Бошқа бир ояти каримада эса бундай марҳамат этади:
яъни: “У (Аллоҳ) шундай зотки, (сўритокларга) кўтариб қўйиладиган ва кўтариб қўйилмайдиган (узумзор) боғларни, таъми турлича (бўлган) хурмо ва мевали дарахтларни, (ранг ва таъмда) ўхшаш ва ўхшамас зайтун ва анорларни пайдо қилди. Мева ҳосил қилганда, мевасидан тановул қилингиз! Ҳосил йиғиш кунида (муҳтожларга) ҳаққини (ушри ва хирожини) берингиз ва исроф қилмангиз! Албатта, У исроф қилувчиларни севмайди”.
Исроф динимизда қаттиқ қораланган. Қуръони каримда исрофнинг зарари, исрофгарнинг мазаммати ҳақида бир неча ояти карималар бор. Аллоҳ таоло айтади:
“(Бахиллик қилиб) қўлингизни бўйнингизга боғлаб ҳам олманг. (Исрофгарчилик қилиш билан) уни бутунлай ёйиб ҳам юборманг! Акс ҳолда, маломат ва маҳрумликда ўтириб қолурсиз”.
Бизларнинг бугунги кунда қилаётган дабдабали маросимларимизни саховат ҳам деб бўлмайди. Саховат деб дарҳақиқат эҳсонга муҳтож бўлган одамга қилинадиган яхшиликка айтилади. Очларга бериладиган таомга саховат дейиш мумкин. Бизнинг тўйларимизга келадиган минглаб кишилардан нечтаси қорни оч одамлар? Менимча, қорни очлар умуман айтилмаса керак бундай маросимларимизга. Тўғрироғи, қорни очларни нафақат зиёфатга айтиш, балки уларни умуман танимаймиз, ундайлар билан таниш-билиш бўлишни ўзимизга ор деб биламиз.
Халқимиз тўй, турли муносабатлар билан ўтказиладиган маросимларни, шодиёналарни яхши кўради. Лекин тўй маросимларини меъёрида, ортиқча дабдаба ва исрофгарчиликка йўл қўймаган ҳолда ўтказишимиз керак. Ҳукуматимизнинг бу ҳақдаги қарорларига ва Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг фатвосига амал қилган ҳолда иш тутишимиз лозим бўлади. Тўйларда сарфланадиган ортиқча маблағларни ёш келин-куёвларнинг келажак ҳаётларида асқотадиган зарур маиший жиҳозларга сарфланса айни савобли иш қилинган бўлади, иншоаллоҳ!
Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) вафотидан йиллар ўтиб, бир куни Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳуни қовурилган қўй гўштига таклиф қилишганда, кўзларига ёш келиб, Аллоҳнинг элчиси бу дунёдан бундай таомни кўрмасдан ўтдилар, дея бурилиб кетган эканлар...
Исрофгарчиликка берилган пайтларимизда шу нарсаларни ҳам бирров эсга олсак фойдадан холи бўлмасди.
ЎМИ матбуот хизмати
Нўъмонхон Яҳёхон
Тошкент ислом институти талабаси