Устозу муаллимлар жамият биносининг бинокорлари, онгу тафаккур муҳандислари ва маърифат боғининг боғбонларидир.
Маълумки, бу дунёнинг ривожланишида, инсониятнинг тараққиёт этишида устознинг ўрни беқиёс. Бизнинг доно халқимиз: «Устоз – отангдек улуғ» деб бежиз айтишмаган. Мана янги ўқув йили ҳам бошланиб, фарзандларимиз улуғ ва муқаддас бўлмиш илм тарқатувчи ўқув даргоҳларига қадам босишди. Биз, ота-оналар, фарзандларимизни улғайишида, илм олиб, билимли бўлишларида кўп жиҳатларига эътиборимизни беришимизда юқоридаги пурмаъноли, сермазмунли тарафини ҳам эътиборга олишимиз лозим бўлади.
Устознинг мавқеи шунчалик улуғ даражага кўтарилган. “Устоз” деганда фақат маълум бир соҳада ёки фақат илм соҳасида эмас, балки илм-фаннинг барча турларида, касб-ҳунар соҳаларида ҳам ўргатувчини биз устоз деб тушунишимиз лозим. Шунинг учун ҳам бизнинг доно халқимиз ҳурмат ва эҳтиром ила эъзозлаб «Устоз» дейди. Устоз деганда, унинг маънавий нури ва бу нурдан юзлаб кўнгиллар баҳра олаётганлигини тасаввур қиламиз.
Инсоният учун фойдали бўлган ҳар қандай илм исломда ардоқланади. Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг бир нечта оятларида инсониятни дунёни обод қилиш учун яратганини баён қилган ва кишиларни борлиқ ҳақида тафаккур қилишга, уни ўрганишга тарғиб қилган. Зеро, Аллоҳ илм қадрини баланд қилди ва унинг орқасидан илмли кишилар ва устоз, мураббийларнинг ҳам қадрини юксак қилиб қўйди. Ва: “Сизлардан иймон келтирган ва илм ато этилган кимсаларни Аллоҳ баланд даража (мартаба)ларга кўтарур”, деди” (Мужодала сураси).
Аллоҳ ҳурматлаган ва даражасини баланд қилган нарсаларни эъзозлаш ва улуғлаш қалбдаги тақводан далолат эканлиги Қуръони каримда жуда кўп ўринларда таъкидланади.
Мазкур ояти каримада Аллоҳ таоло илм эгаллаган ва уни бошқаларга етказишда холис жиддий саъйи-харакат қиладиган холис устозларнинг обрў-эътиборларини янада юқори кўтариб қўйишини ваъда қилмоқда. Ёш авлодни теран билимли ва етук мутахасис бўлиб етишишида устоз ва муруббийларнинг ишларида беминнат хизматлари улкан. Улар ҳурматга, эъзозга, халқ илтифотига сазовор бўлишган. Уларнинг бирортаси ҳалигача шогирдига «Мен отангдан улуғман», деган ақидани айтмаганлар. Албатта камтаринлик устозларга хос одат.
Олимлик, устозлик мақоми нақадар улуғ эканлигини хақида Жаноби Пайғамбаримиз шундай мархамат қиладилар: “Олимнинг, яъни унинг бошқалардан ортиқлиги ойдин кечада ойнинг бошқа юлдузлардан зиёда нурли эканига ўхшайди. Дарҳақиқат, уламо-устозлар пайғамбарларнинг меросхўрларидир.” (Имом Термизий, Абу Довуд ва Ибн Можалар ривоят қилишган)
Устоз ва муаллимга ўзни паст тутиб, хокисор бўлиш нажот эшиги, илм таҳсил қилишнинг асосий омилларидан бири ҳисобланади. Динимиз шунга буюради, шунга ўргатади. Бу устозларнинг шогирдлари устидаги ҳақларидандир. Тарихга назар соладиган бўлсак, устозлар хақида салафи солиҳинлар жуда кўп ибратли сўзларни айтиб ўтганлар.
Ҳазрати Али розияллоҳу анҳу: "Мен ўзимга бир дона ҳарф ўргатган кишининг қулиман. Истасин, сотиб юборсин, истасин, қул қилиб олсин!", деган эканлар.
Мазҳаббошимиз Имоми аъзам Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ шундай деганлари ривоят қилинади: "Устозим Ҳаммоднинг ҳурмати учун унинг уйи томонга оёғимни узатмаганман. Ҳолбуки, унинг уйи билан менинг уйим орасида еттита кўча бор эди. Ҳаммод вафот этгандан сўнг қачон намоз ўқисам ҳар сафар албатта ота-онамга қўшиб, унга ҳам Аллоҳдан мағфират сўраганман. Нафақат устозим балки, кимдан нимадир ўрганган бўлсам ёки кимдир менга нимадир ўргатган бўлса, албатта ўша кишилар учун ҳам доим Аллоҳдан мағфират сўрайман".
“Ҳидоя” муаллифи, шайхулислом Бурҳониддин Марғиноний ҳикоя қиладилар: “Бухорои шарифнинг улуғ олимларидан бирлари дарс халқасида эдилар. Дарс асносида гоҳо ташқари томонга қараб ўринларидан туриб қўяр эдилар. Зийрак толиблар бунинг сабабини сўрашди. У зот камоли эҳтиром билан: “Меҳрибон устозимнинг фарзандлари кўчада болалар билан ўйнаб юрибдилар. Гоҳида ўйин билан машғул ҳолда эшик олдига келсалар, устозим ҳурматидан дарҳол ўрнимдан туряпман”, деб жавоб қилдилар.
Манбаларда муаллимларга нисбатан риоя қилиш лозим бўлган одоблар саналганда айрим диққатни тортадиган жойларига дуч келамиз: "Ўқувчи агар муаллимини бир тўда инсонлар ичида учратиб қолса, жамоага салом бергач, муаллимига алоҳида салом бериб, мулозамат қилиши керак". Мухтасар қилиб айтадиган бўлсак, толиби илм устозининг розилигини топишга интилиши ва уни норози қиладиган, хафа қиладиган, кўнглини оғритадиган ишлардан сақланмоғи лозим. Чунончи, Абдураҳмон Жомий айтганларидек:
Жаҳонда бўлмаса муаллим агар,
Хаёт хам бўлмасди гўзал бу қадар.
Устоз ва муаллим хаёт бўстонидаги ниҳолнинг дарахтга айланиши учун беминнат хизмат қиладилар. Ёшларни маънавий етук ва баркамол инсон бўлиб тарбиялашда табаррук устоз ва мураббийларимизни ўрни беқиёсдир. Устозу муаллимлар маънавият осмонида мусаффо зиё таратиб турган йўлчи юлдуздирлар, қайсики, улар туфайли одамлар тўғри йўлни топадилар, уларнинг шарофати билан жаҳолат зулматларидан омонлик қирғоғига етишадилар. Фақат яхшилик қилиш ва илмнинг бебаҳолигини, одамийликни ҳар нарсадан устун қўйадилар. Бундай кишилар халқнинг, Ватаннинг қалқонидирлар. Доимо сизга таъзимдамиз азиз устозлар.
Раҳматилло Мадаминов.
Фарғона вилояти, Қўштепа тумани, “Эшонгузар” масжиди имом-ноиби.
"Ли ийлафи қурайш" сураси, Қурайш қабиласига берилган неъматларга урғу беради.
Бу суранинг нозил бўлиши сабабини ўрганганда, Аллоҳдан янада қўрқиш ҳисси пайдо бўлади. Бу сура ҳаётдаги муҳим муаммолардан бири - неъматга одатланиб, уни қадрсизлантириш ҳақидадир.
Аллоҳ қурайшликларни икки мавсум - қиш ва ёздаги савдо сафарлари орқали тирикчиликларининг яхши кетишига одатланиб қолганликлари, лекин улар бу неъматларнинг ҳақиқий Эгасини тан олиб, шукр қилмаганларини айтади.
Жоҳилият даврида Қурайш қабиласи фақирлик ва очарчиликда яшаган, ҳаётлари жуда ночор ва қийин бўлган. Ҳаттоки, қашшоқлик кучайганида, баъзилар ўз оиласини олиб, “хубо” деб аталган жойга боришар ва ўша ерда очликдан ҳаммаси ҳалок бўлгунига қадар қолишарди. Бу одат жоҳилият даврида “иътифар” деб номланар эди.
Макканинг катта тожирларидан бўлган Ҳошим ибн Абдуманофга бир куни Бани Маҳзум қабиласининг барча аъзолари жуда қаттиқ очликда қолиб, ҳалок бўлиш арафасида экани ҳақидаги хабар етади. У Аллоҳнинг байти Каъбанинг хизматида турган одамларнинг шундай қашшоқлик ва ўта жоҳилона аҳволда эканликларидан ўкинди ва қаттиқ ғазабланди.
Шу сабабдан Ҳошим ибн Абдуманоф бу ёмон одатни ўзгартиришга қарор қилди ва қуйидагиларни амалга оширди:
– Сизлар Аллоҳнинг байтини хизматида бўлатуриб бутун арабларга ўзингизни шарманда қиладиган ёмон одатларни жорий қилгансизлар, деди ва бир қабилани бир нечта уруғларга бўлиб ташлади. Ҳар бир уруғдаги бой кишилардан ўз қариндошлари билан мол-мулкини тенг бўлишишни талаб қилди. Шундай қилиб, камбағал ҳам бой билан тенг бўлди.
Шундан кейин у Қурайш қабиласига тижорат усулларини ўргатди ва уларни йилда икки марта тижорат сафарига чиқиш йўлларини белгилаб берди. Ёзда мева-сабзавотлар савдоси учун Шомга, қишда эса, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари савдоси учун Яманга сафарларини ташкил қилди.
Шундай қилиб, Шом ва Яманнинг баракаси Маккага олиб келинди ва қурайшликларнинг иқтисодий ҳолати яхшиланди. Шу билан бирга, “иътифар” одати ҳам йўқ бўлди. Бироқ, вақт ўтиши билан Қурайш қабиласи Аллоҳнинг бу неъматларига шукр қилиш ўрнига, уларга одатланиб қолди ва неъматни қадрламай қўйди. Неъматга ношукурлик қилиш – бу унга одатланиб, уни неъмат деб билмасликдир.
Қурайш қабиласи Аллоҳ томонидан туширилган неъматларга одатланиб, уни қадрсизлантиргани учун Аллоҳ уларга бу сурани туширди: "Мана шу Байт (Каъба)нинг Парвардигорига (шукрона учун) ибодат қилсинлар. Зеро, У уларни очликдан (қутқариб) тўйдирди ва хавфу хатардан омон қилди".
Ҳомиджон домла ИШМАТБЕКОВ