Душанбе шаҳрида МДҲ саммити бошланди.
Тожикистон пойтахти Душанбе шаҳридаги Кохи сомон саройида бугун, 28 сентябрь куни Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги Давлат раҳбарлари кенгашининг навбатдаги мажлиси бошланди. Бу ҳақда Ўзбекистон Президенти Матбуот хизмати хабар берди.
Мажлисда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев иштирок этмоқда.
Давлат раҳбарлари дастлаб тор доирада музокара ўтказди.
Унда нутқ сўзлаган Президентимиз жаҳонда жадал ўзгаришлар рўй бераётган, хатар ва таҳдидлар кучайиб бораётган бугунги кунда Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги зарурлигини, кўп қиррали ҳамкорликни мустаҳкамлаш учун муҳим майдон бўлиб хизмат қилаётганини таъкидлади.
Ўтган йил Ўзбекистоннинг МДҲдаги фаолиятида янги босқич бўлди. Мамлакатимиз Ҳамдўстликнинг иқтисодиёт, энергетика, фан ва инновациялар, жиноятчиликка қарши курашиш каби соҳаларни қамраб олган 10 дан ортиқ тармоқ органларига қўшилди. Жорий йил бошидан Ўзбекистоннинг МДҲ давлатлари билан товар айирбошлаш ҳажми жадал ўсмоқда.
Мамлакатимиз ташаббуслари МДҲ минтақасида савдо, иқтисодиёт, транспорт-коммуникация, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги алоқаларни ривожлантиришга хизмат қилмоқда.
Саммитда Президент Шавкат Мирзиёев кўп томонлама ҳамкорликни кенгайтиришнинг долзарб ва истиқболли йўналишларига тўхталиб ўтди.
Ўзбекистон 2020 йилда МДҲ Давлат раҳбарлари кенгаши мажлисини ўтказишга тайёр эканини тасдиқлади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Зайниддин Эшонқулов Тошкент ислом институти талаба- ёшлари билан мулоқот ўтказди. Учрашувни институт ректори Уйғун Ғафуров очиб, мазкур тадбирнинг аҳамияти ҳақида сўз юритди.
Бу каби мулоқотлар барча диний таълим муассаларида ташкил этилиб, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари раислигида ўтган Уламолар Кенгашининг кенгайтирилган йиғилишида белгиланган вазифалар ижросини таъминлашга қаратилгани таъкидлаб ўтилди.
Тадбирда Зайниддин Эшонқулов ёшларга ўзининг ҳаётий, илмий ва касбий тажрибаларини сўзлаб берди. Маърузада Диний идора тизимидаги ташкилотлар ва таълим муассасаларида амалга оширилаётган ислоҳотлар, фаолият йўналишлари ва келгусидаги режалар ҳақида маълумот берди.
Зайниддин домла диний-маърифий фаолиятда илм ва маърифатнинг ўрни, кадрларнинг ватанпарварлик ва ахлоқий тарбияси ва турли ёт ғоялардан маънавий иммунитетнинг шакллангани ҳақида ўз фикр ва тавсияларини билдирди.
Нотиқ ўз сўзи давомида талаба-ёшларни сабр-тоқат ва қатъий интизом билан илм олишга даъват этди. Шунингдек, ихлосли бўлиш ва устозларни эҳтиром қилиш муваффақият калити эканини таъкидлади.
Етук имом-хатиб бўлиш учун доимий равишда ўзи устида ишлаш ҳамда билим ва тажрибаларини ошириб бориши лозимлиги ҳақида қимматли маслаҳатлар берди.
Ана шундай тадбирлар ёшларнинг илм олиши ва келгусидаги касбий фаолиятини муваффақиятли амалга оширишига хизмат қилади, раҳбар ходимлар эса улар учун ҳаётий намуна бўлади, иншоаллоҳ.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати