Устоз – муаллимсиз қолганда замон,
Нодонликдан қаро бўларди замон.
Абдураҳмон ЖОМИЙ
Муаллимлик – буюк мақом. Чунки пайғамбарлар муаллим бўлганлар. “Муаллим” сўзининг маъноси илм берувчи, таълим берувчи, ўргатувчи демакдир. Пайғамбарлар инсониятга эзгуликни ўргатганлар. Ана шунинг ўзиёқ устозлик қай даражада юксак мартаба эканини кўрсатади.
Илм – руҳ озиғи. Инсоният илм билан ҳақиқий саодатни қўлга киритади, унинг шарофати билан юксалади. Илм устознинг саъй-ҳаракати билан эгалланади. Устозлар бежизга пайғамбарларнинг меросхўрлари деб эъзозланмаган. Қуръони каримда ўзи эгаллаган илмни бошқаларга ўргатган устозларнинг шаъни-шарафи нақадар улуғлиги ҳақида бундай марҳамат қилинади: “...Аллоҳ сизлардан иймон келтирган ва илм ато этилган зотларни баланд даража (мартаба) ларга кўтарур” (Мужодала сураси, 11-оят).
Илму маърифат зиёсини тарқатиш савобли амал. Бу вазифага мутасадди бўлган кишининг даражаси ҳам мислсиз. Шунинг учун ҳам борлиқдаги ҳамма нарса устознинг ҳаққига дуо қилиб туради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу ҳақда шундай марҳамат қилганлар: "Албатта, Аллоҳ таоло, Унинг фаришталари, осмонлару ер аҳли, ҳатто ковагидаги чумоли ва ҳаттоки балиқгача одамларга яхшиликни таълим берувчига салавот айтадилар" (Имом Термизий ривояти).
Устоз ва мураббийлар жамият биносининг бинокорлари, маърифат боғининг боғбонларидир. Улар ҳаёт бўстонидаги ниҳолнинг бақувват дарахтга айланиши учун беқиёс меҳнат қилади. Шунинг учун ҳам унинг шогирд устидаги ҳаққи бениҳоя катта ва улуғдир. Устоз шогирдини ўз фарзандидек кўради. Балки унга фарзандига кўрсатмаган таважжуҳ билан юзланади. Унинг юпун ва совуқ бўлган маънавий оламини ўзининг қалб кўзи билан иситади. Зимистон дунёсини илм қуёшининг мўъжизакор зиёси билан мунаввар этади. Сабр ва меҳр билан парваришлайди. Дунёю охиратда улуғлик, манфаат ва нажот келтирадиган йўлга йўллаб қўяди. Бунга қўшимча равишда шогирдининг салоҳияти учун туну кун дуода бўлади. Натижада унинг қўлига ниҳол бўлиб келган ўқувчи ва талаба совуқ урмасдан, зулматларда абгор бўлмасдан униб-ўсади ва вақти келиб бу ниҳол ҳаёт бўстонидаги сербарг ва муҳташам дарахтга айланади. Кейин у ҳам ўз навбатида маънавият боғига ўзининг ҳар хил меваларини тақдим қилади.
Устозлар маънавият осмонида мусаффо зиё таратиб турган йўлчи юлдуздирлар, улар туфайли одамлар тўғри йўлни топадилар, уларнинг шарофати билан жаҳолат зулматларидан ёруғликка етишадилар.
Бинобарин, устозу муаллимларни рисоладагидек ҳурматламай, ҳақларини муносиб равишда адо қилмай туриб, фарзандларимиздан эл-юрт, жамият, қолаверса, бутун дунё учун фойдаси тегадиган етук шахсларни кутиш мумкин эмас.
Мусулмонлар қадим-қадимдан устоз ва мураббийларга мисли кўрилмаган ҳурмат кўрсатиб келган. Чунки фарзандларининг камолотга етиб, дунёю охират саодатига эришишлари учун устознинг ўрни беназир эканини яхши англаган. Бунга қуйидаги ривоятларни келтириб ўтиш фойдадан холи бўлмас:
Муҳаддислар султони Имом Бухорий раҳимаҳуллоҳ бир муддат Маккаи мукаррамада дарс берганлар. Бир зиёратчи Имом ҳазратларига Бухорои шарифдаги устозларидан салом ва мактуб келтиради. Шунда Имом Бухорий зиёратчининг устозлар юртидан келганини билиб, уни қучоқ очиб кутиб олганлар ва чексиз эҳтиром кўрсатиб меҳмон қилганлар. Ундан салом хабарини эшитганларида Бухорои шариф томонга юзланиб, саломга алик олганлар ва табаррукона мактубни икки қўллаб олиб, эҳтиром билан танишиб чиққанлар.
Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳдан шундай деганлари ривоят қилинади: "Устозим Ҳаммоднинг ҳурмати учун унинг уйи томонга оёғимни узатмаганман. Ҳолбуки, унинг уйи билан менинг уйим орасида еттита кўча бор эди. Ҳаммод вафот этгандан сўнг қачон намоз ўқисам ҳар сафар албатта ота-онамга қўшиб, унга ҳам Аллоҳдан мағфират сўраганман. Нафақат у, балки кимдан нимадир ўрганган бўлсам ёки кимдир менга нимадир ўргатган бўлса, албатта, ўша кишилар учун ҳам доим Аллоҳдан мағфират сўрайман".
Устоз деганда фақат диний билмларни таълим берган кишилар эмас, балки ҳар қандай фойдали илм ўргатувчи шахс назарда тутилишини унутмаслик лозим. Чунки муқаддас динимизда илмлар диний ёки дунёвийга ажратилмайди. Балки фойдали ва фойдасизга тақсимланади. Инсоният учун фойдали бўлган ҳар қандай илм Исломда ардоқланади.
Халқимизда "Устоз отангдек улуғ", деган яхши ибора бор. Дарҳақиқат, ота инсоннинг дунёга келишига сабабчи бўлса, устоз унга ҳаётда яшашни таълим беради. Шунинг учун ҳам мўмин-мусулмонлар намозларининг сўнгида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламга салавот айтганларидан кейин ота-онаси қаторида устозларининг ҳакларига ҳам Аллоҳдан мағфират сўраб дуо қиладилар.
Ўзбекистон дунё ҳамжамиятида ўзининг муносиб ўрнини эгаллаб, таълим, маданият, спорт ва бошқа соҳаларда тенглар ичра тенг овоз билан халқаро майдонда ўз мавқеъига эга бўлишида устоз ва мураббийларнинг ўрни беқиёсдир.
Юртимизда ҳар йили 1 октябрь устоз ва мураббийлар куни байрами сифатида кенг нишонланади. Албатта, бу байрам мустақил Юртимизда устозларга бўлган ҳурматнинг рамзий ифодаси бўлиб, аслида устозларга эҳтиром аждодларимиздан мерос бўлиб келаётган буюк қадриятларимиздан саналади.
Устозларни қадрлаш ҳақида сўз борганда беихтиёр ҳазрати Мир Алишер Навоийнинг ушбу сўзлари ёдимизга тушади:
Ҳақ йўлида ким сенга бир ҳарф ўқитмиш ранж ила,
Айламак бўлмас адо онинг ҳаққин минг ганж ила.
Динимиз таълимотига кўра, ўзгаларга таълим берган киши нафақат дунёда иззат ҳурматда бўлади, балки вафотидан кейин ҳам қолдирган манфаатли илми, таълим берган шогирдларининг хизмати, ёзган асарларидан ўзгаларнинг фойдаланиши туфайли номаи амалига савоб тўхтовсиз бориб туради. Шундай экан, устоз ва мураббийлар ҳар қанча эъзозланса арзийди.
Жамият олдида катта масъулият соҳиби бўлган барча устоз ва мураббийларимизга мустаҳкам сиҳат-саломатлик тилаб қоламиз.
Одилжон НАРЗУЛЛАЕВ,
Зангиота туманидаги "Имоми Аъзам" жоме масжиди имом-хатиби
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
"Аллоҳ сиздан енгиллатмоқни ирода қиладир. Ва инсон заиф яратилгандир".
Инсонни Аллоҳ таолонинг Ўзи яратган. У Зот Ўз бандасининг хусусиятларини яхши билади. Шунинг учун ҳам инсонга фақат Аллоҳ таолонинг кўрсатмаларигина тўғри келиши мумкин. Ушбу оятда Аллоҳ таоло инсоннинг заиф ҳолда яратилганини таъкидламоқда. Яратувчининг Ўзи «заиф яратилган», деб турганидан кейин, шу заиф инсонга йўл кўрсатишда У Зот оғирликни хоҳлармиди? Йўқ, У Зот енгилликни хоҳлайди.
Ислом шариати, умуман, енгиллик устига бино қилингандир. Бу ҳақда кўплаб оят ва ҳадислар бор. Ҳаммаси ўз ўрнида баён қилинади. «Нисо» сурасининг бошидан муолажа қилиб келинаётган масалалар, хусусан, эркак ва аёл, оила, никоҳ масаласига келсак, ушбу оятда бу масалаларда ҳам Аллоҳ Ўз бандаларига енгилликни исташи таъкидланмоқда. Зоҳирий қаралганда, диний кўрсатмаларни бажариш қийин, шаҳватга эргашганларнинг йўлларида юриш осонга ўхшайди. Исломда ҳамма нарса ман қилинган-у, фақат биргина йўлга рухсат берилганга ўхшайди. «Номаҳрамга қарама», «У билан ёлғиз қолма», «Уйланмоқчи бўлсанг, олдин аҳлининг розилигини ол», «Маҳр бер», «Гувоҳ келтир» ва ҳоказо. Ҳаммаси қайдлаш ва қийинчиликдан иборат бўлиб туюлади. Шаҳватга эргашганлар эса «Ёшлигингда ўйнаб қол, гуноҳ нима қилади», дейишади. Бу эса содда ва осон кўринади. Ҳақиқатда эса ундай эмас. Натижага қараганимизда бу нарса яққол кўзга ташланади. Дунё тарихини кузатадиган бўлсак, оила масаласига енгил қараган, жинсий шаҳватга берилган халқлар, давлатлар ва маданиятлар инқирозга учраган. Қадимий буюк империяларнинг шармандаларча қулашининг асосий омилларидан бири ҳам шу бўлган.
Бизнинг асримизга келиб, Ғарбда, ўзларининг таъбири билан айтганда, жинсий инқилоб бўлди. Жинс борасида олимлар етишиб чиқдилар. Улар «Жинсий ҳуррият бўлмагунча, инсон тўлиқ ҳур бўла олмайди. Агар жинсий майллар жиловланса, инсонда руҳий тугун пайдо бўлиб, унда қўрқоқлик ва бошқа салбий сифатлар келиб чиқишига сабаб бўлади», каби ғояларни тарқатишди. Оқибатда жинсий инқилоб авжига чиқди.
Натижасини – ҳар хил бало-офатлар буҳронини ҳозир ўзлари кўриб-татиб туришибди. Ахлоқий бузуқлик, оиланинг ва жамиятнинг парчаланиши, ҳаётга қизиқишнинг йўқолишидан ташқари, сон-саноғига етиб бўлмайдиган муаммолар пайдо бўлди. Жинсий инқилоб оқибатида тараққий этган ғарб давлатларининг туб аҳолиси даҳшатли суръатда камайиб бормоқда. Кўз кўриб, қулоқ эшитмаган таносил касалликлари келиб чиқди, ҳар йили сон-саноқсиз одамлар шу касалликлардан ўлмоқда. Насл бузилиб, одамлари заифҳол ва касалманд бўлиб бормоқда. Турли ақлий ва руҳий касалликлар урчиди. Охири келиб, касалликларга қарши инсондаги табиий монеликнинг йўқолиши (ОИТС) касаллиги пайдо бўлди. Бу касаллик ҳақли равишда, XX аср вабоси деб номланди. Унинг давоси йўқ. Бу дардга чалинишнинг сабаби зинодир. У билан касалланган одам тез муддатда ўлади. Ҳамма даҳшатда. Бу дардга чалинмасликнинг йўллари ахтарилмоқда, бу йўлда беҳисоб маблағлар сарфланмоқда, мазкур вабога чалинмасликнинг турли чоралари таклиф этилмоқда. Қонунлар чиқарилмоқда, идоралар очилмоқда.
Лекин шаҳватга эргашганлари сабабли улар энг осон, энг ишончли битта йўл – Аллоҳнинг йўлига қайтишни хаёлларига ҳам келтиришмаяпти. Ақалли ушбу дарднинг бевосита сабабчиси бўлмиш зинони ман этувчи қонун чиқаришни ҳеч ким ўйлаб ҳам кўрмаяпти. Чунки шаҳватга эргашганлар шаҳватга қарши чиқа олмайдилар. Уларнинг ўзлари шаҳватга банда бўлганлари учун унга эргашганлар. Ўзларини зоҳирий енгил кўринган ишга уриб, энди оғирликдан бошлари чиқмай юрибди. Зоҳирий оғир кўринган бўлса ҳам, Аллоҳ кўрсатган йўлга юрган бандалар бошида мазкур оғирлик ва машаққатларнинг бирортаси ҳам йўқ. Улар мутлақ енгилликда, фаровон турмуш кечирмоқдалар.
"Тафсири Ҳилол" китобидан