Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
22 Январ, 2025   |   22 Ражаб, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
06:20
Қуёш
07:43
Пешин
12:40
Аср
15:46
Шом
17:30
Хуфтон
18:47
Bismillah
22 Январ, 2025, 22 Ражаб, 1446

Таъзим сизга, азиз устозлар

28.09.2018   29158   6 min.
Таъзим  сизга, азиз  устозлар

Устоз – муаллимсиз  қолганда  замон,

Нодонликдан   қаро  бўларди  замон.

Абдураҳмон  ЖОМИЙ

Муаллимлик – буюк мақом. Чунки пайғамбарлар муаллим бўлганлар. “Муаллим” сўзининг маъноси илм берувчи, таълим берувчи, ўргатувчи демакдир. Пайғамбарлар инсониятга эзгуликни ўргатганлар. Ана шунинг ўзиёқ устозлик қай даражада юксак мартаба эканини кўрсатади. 

Илм – руҳ озиғи. Инсоният илм билан ҳақиқий саодатни қўлга киритади, унинг шарофати билан юксалади. Илм устознинг саъй-ҳаракати билан эгалланади. Устозлар бежизга пайғамбарларнинг меросхўрлари деб эъзозланмаган. Қуръони каримда ўзи эгаллаган илмни бошқаларга ўргатган устозларнинг шаъни-шарафи нақадар улуғлиги ҳақида бундай марҳамат қилинади: “...Аллоҳ сизлардан иймон келтирган ва илм ато этилган зотларни баланд даража (мартаба) ларга кўтарур” (Мужодала сураси, 11-оят). 

Илму маърифат зиёсини тарқатиш савобли амал. Бу вазифага мутасадди бўлган кишининг даражаси ҳам мислсиз. Шунинг учун ҳам борлиқдаги ҳамма нарса устознинг ҳаққига дуо қилиб туради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу ҳақда шундай марҳамат қилганлар: "Албатта, Аллоҳ таоло, Унинг фаришталари, осмонлару ер аҳли, ҳатто ковагидаги   чумоли   ва  ҳаттоки   балиқгача   одамларга  яхшиликни  таълим берувчига салавот айтадилар" (Имом Термизий ривояти).

Устоз ва мураббийлар жамият биносининг бинокорлари, маърифат боғининг боғбонларидир. Улар ҳаёт бўстонидаги ниҳолнинг бақувват дарахтга айланиши учун беқиёс меҳнат қилади. Шунинг учун ҳам унинг шогирд устидаги ҳаққи бениҳоя катта ва улуғдир. Устоз шогирдини ўз фарзандидек кўради. Балки унга фарзандига кўрсатмаган таважжуҳ билан юзланади. Унинг юпун ва совуқ бўлган маънавий оламини ўзининг қалб кўзи билан иситади. Зимистон дунёсини илм қуёшининг мўъжизакор зиёси билан мунаввар этади. Сабр ва меҳр билан парваришлайди. Дунёю охиратда улуғлик, манфаат ва нажот келтирадиган йўлга йўллаб қўяди. Бунга қўшимча равишда шогирдининг салоҳияти учун туну кун дуода бўлади. Натижада унинг қўлига ниҳол бўлиб келган ўқувчи ва талаба совуқ урмасдан, зулматларда абгор бўлмасдан униб-ўсади ва вақти келиб бу ниҳол ҳаёт бўстонидаги сербарг ва муҳташам дарахтга айланади. Кейин у ҳам ўз навбатида маънавият боғига ўзининг ҳар хил меваларини тақдим қилади. 

Устозлар маънавият осмонида мусаффо зиё таратиб турган йўлчи юлдуздирлар, улар туфайли одамлар тўғри йўлни топадилар, уларнинг шарофати билан жаҳолат зулматларидан ёруғликка етишадилар.

Бинобарин, устозу муаллимларни рисоладагидек ҳурматламай, ҳақларини муносиб равишда адо қилмай туриб, фарзандларимиздан эл-юрт, жамият, қолаверса, бутун дунё учун фойдаси тегадиган етук шахсларни кутиш мумкин эмас.

Мусулмонлар қадим-қадимдан устоз ва мураббийларга мисли кўрилмаган ҳурмат кўрсатиб келган. Чунки фарзандларининг камолотга етиб, дунёю охират саодатига эришишлари учун устознинг ўрни беназир эканини яхши англаган. Бунга қуйидаги ривоятларни келтириб ўтиш фойдадан холи бўлмас:

Муҳаддислар султони Имом Бухорий раҳимаҳуллоҳ бир муддат Маккаи мукаррамада дарс берганлар. Бир зиёратчи Имом ҳазратларига Бухорои шарифдаги устозларидан салом ва мактуб келтиради. Шунда Имом Бухорий зиёратчининг устозлар юртидан келганини билиб, уни қучоқ очиб кутиб олганлар ва чексиз эҳтиром кўрсатиб меҳмон қилганлар. Ундан салом хабарини эшитганларида Бухорои шариф томонга юзланиб, саломга алик олганлар ва табаррукона мактубни икки қўллаб олиб, эҳтиром билан танишиб чиққанлар.

Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳдан шундай деганлари ривоят қилинади: "Устозим Ҳаммоднинг ҳурмати учун унинг уйи томонга оёғимни узатмаганман. Ҳолбуки, унинг уйи билан менинг уйим орасида еттита кўча бор эди. Ҳаммод вафот этгандан сўнг қачон намоз ўқисам ҳар сафар албатта ота-онамга қўшиб, унга ҳам Аллоҳдан мағфират сўраганман. Нафақат у, балки кимдан нимадир ўрганган бўлсам ёки кимдир менга нимадир ўргатган бўлса, албатта, ўша кишилар учун ҳам доим Аллоҳдан мағфират сўрайман". 

Устоз деганда фақат диний билмларни таълим берган кишилар эмас, балки ҳар қандай фойдали илм ўргатувчи шахс назарда тутилишини унутмаслик лозим. Чунки муқаддас динимизда илмлар диний ёки дунёвийга ажратилмайди. Балки фойдали ва фойдасизга тақсимланади. Инсоният учун фойдали бўлган ҳар қандай илм Исломда ардоқланади.

Халқимизда "Устоз отангдек улуғ", деган яхши ибора бор. Дарҳақиқат, ота инсоннинг дунёга келишига сабабчи бўлса, устоз унга ҳаётда яшашни таълим беради. Шунинг учун ҳам мўмин-мусулмонлар намозларининг сўнгида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламга салавот айтганларидан кейин ота-онаси қаторида устозларининг ҳакларига ҳам Аллоҳдан мағфират сўраб дуо қиладилар.

Ўзбекистон дунё ҳамжамиятида ўзининг муносиб ўрнини эгаллаб, таълим, маданият, спорт ва бошқа соҳаларда тенглар ичра тенг овоз билан халқаро майдонда ўз мавқеъига эга бўлишида устоз ва мураббийларнинг ўрни беқиёсдир.

Юртимизда ҳар йили 1 октябрь устоз ва мураббийлар куни байрами сифатида кенг нишонланади. Албатта, бу байрам мустақил Юртимизда устозларга бўлган ҳурматнинг рамзий ифодаси бўлиб, аслида устозларга эҳтиром аждодларимиздан мерос бўлиб келаётган буюк қадриятларимиздан саналади.

Устозларни қадрлаш ҳақида сўз борганда беихтиёр ҳазрати Мир Алишер Навоийнинг ушбу сўзлари ёдимизга тушади:

 

Ҳақ йўлида ким сенга бир ҳарф ўқитмиш ранж ила,

Айламак бўлмас адо онинг ҳаққин минг ганж ила.

 

Динимиз таълимотига кўра, ўзгаларга таълим берган киши нафақат дунёда иззат ҳурматда бўлади, балки вафотидан кейин ҳам қолдирган манфаатли илми, таълим берган шогирдларининг хизмати, ёзган асарларидан ўзгаларнинг фойдаланиши туфайли номаи амалига савоб тўхтовсиз бориб туради. Шундай экан, устоз ва мураббийлар ҳар қанча эъзозланса арзийди.

Жамият олдида катта масъулият соҳиби бўлган барча устоз ва мураббийларимизга мустаҳкам сиҳат-саломатлик тилаб қоламиз.

Одилжон  НАРЗУЛЛАЕВ,

Зангиота  туманидаги  "Имоми Аъзам"  жоме  масжиди  имом-хатиби

Мақолалар
Бошқа мақолалар

Ҳаж анжуманида Ўзбекистон делегацияси фаол қатнашмоқда  

14.01.2025   7443   1 min.
Ҳаж анжуманида Ўзбекистон делегацияси фаол қатнашмоқда  

Шу йил 13-16 январь кунлари Икки муқаддас масжид ходими, Саудия Арабистони Подшоҳи Салмон бин Абдулазиз Ол Сауд шафеълигида ўтказилаётган Ҳаж анжуманида Ўзбекистон делегацияси фаол иштирок этмоқда.

Жидда шаҳрида бўлиб ўтаётган конференция-кўргазмада 100 га яқин давлатдан вазирлар, муфтийлар, олимлар, фан докторлари, академиклар, экспертлар, тадқиқотчилар, дипломатлар ҳамда ҳаж тадбирларини ташкил этишга мутасадди идора ва компаниялар қатнашмоқда.
Дин ишлари бўйича қўмита раиси Содиқжон Тошбоев ва муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари бошчиликларидаги Ўзбекистон делегацияси “Ҳаж – 2025” мавсумини юқори даражада ташкил этиш мақсадида, анжуман доирасида Саудия Арабистонидаги вазирликлар, хизмат кўрсатувчи ташкилотлар ва соҳа мутахассислари билан музокаралар ўтказиб, атрофлича ўрганишлар ва қиёсий таҳлиллар олиб бормоқда.

Шунингдек, ҳаж мавсумига тайёргарлик ишлари ва янги тартиб-қоидалар тўғрисида маълумотларга эга бўлинмоқда. Ўз навбатида, Ўзбекистон ҳукумати томонидан амалга оширлаётган ҳаж ва умра сафарлари йўналишидаги ташкилий-ҳуқуқий асослар ва рақамлаштириш жараёнлари ҳақида маълумотлар тақдим этилмоқда.

Ҳаж ва умра вазирлиги томонидан ўтказилаётган конференция доирасидаги шўъбалар, ҳаж суҳбатлари, экспертлар тавсиялари, турли соҳа мутахассислари семинар-тренинглари, хорижий делегатлар билан тажриба алмашиш ва замонавий хизматлар тақдимотлари фойдали бўлмоқда. 

Маълумот учун, Ҳаж конференцияси тўртинчи марта йирик масштабда бўлиб ўтмоқда. Инновацион дастурлар, илғор ташаббуслар, тажриба алмашиш, ҳаж сафарини юқори савияда ўтказишга оид билимларни ошириш ва муборак зиёратларни чиройли бажариш учун мустаҳкам пойдевор ҳозирлаши билан ушбу тадбир улкан муваффақиятларга эришади. Энг йирик кўргазма эса томонлар ўртасидаги ҳамкорликни янада равнақ топтириш орқали хизматлар сифатини оширишга хизмат қилади.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Ҳаж анжуманида Ўзбекистон делегацияси фаол қатнашмоқда   Ҳаж анжуманида Ўзбекистон делегацияси фаол қатнашмоқда   Ҳаж анжуманида Ўзбекистон делегацияси фаол қатнашмоқда   Ҳаж анжуманида Ўзбекистон делегацияси фаол қатнашмоқда   Ҳаж анжуманида Ўзбекистон делегацияси фаол қатнашмоқда   Ҳаж анжуманида Ўзбекистон делегацияси фаол қатнашмоқда   Ҳаж анжуманида Ўзбекистон делегацияси фаол қатнашмоқда   Ҳаж анжуманида Ўзбекистон делегацияси фаол қатнашмоқда   Ҳаж анжуманида Ўзбекистон делегацияси фаол қатнашмоқда