Саудия Арабистонининг “Al Hidaya Global Company LTD” компанияси бошқарув кенгаши вакили шайх Солиҳ Баҳвайний бошчилигидаги делегация Сирдарё вилоятида бўлди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати хабар берди.
Ташрифдан кўзланган мақсад бугунги кунда вилоятда хорижий инвесторлар учун яратилган шарт-шароитлар билан яқиндан танишиш, шунингдек, балиқчилик, йирик чорвачилик комплекслари, ишлаб чиқариш цехи ҳамда хорижий сайёҳлар учун ихтисослашган ёввойи ҳайвонларни етиштирувчи мажмуа ва бошқа тегишли инфраструктура қурилмаларини ишлаб чиқариш бўйича янги инвестиция лойиҳаларини амалга оширишни муҳокама қилишдан иборат эканлиги айтилмоқда.
“Al Hidaya Global Company LTD” компанияси бошқарув кенгаши вакили лойиҳанинг умумий қиймати 150 миллон доллар эканлиги ҳамда уни амалга ошириш учун вилоят ҳудудидан 2 минг 500 гектар ер майдони зарурлигини таъкидлаб ўтган.
Музокарадан сўнг делегация аъзолари вилоятнинг диққатга сазовор жойларини ҳамда амалга оширилиши кўзда тутилаётган лойиҳа учун ажратилиши режалаштирилаётган ҳудудни кўздан кечиришди, дейилади вилоят ҳокимлиги хабарида.
ЎМИ Матбуот хизмати
Бугунги кунда инсонийлик, қадр-қиммат ва маънавият каби олий тушунчаларни жамиятимизда мустаҳкамлашда илму ирфон соҳиблари, хусусан, диний соҳа устозлари ва фахрий имомларнинг тутган ўрни беқиёс. Шу маънода, ҳудудларда улуғ ва фахрий имомлар ҳамда ҳаёт тажрибаси бой устозларни зиёрат қилиш, уларнинг дуо-насиҳатларини эшитиш, ёш авлодга маънавий кўприк вазифасини ўтаётган муҳим амаллардан бирига айланмоқда.
Фарғона вилояти бош имом-хатиби Убайдуллоҳ домла Абдуллаев бошчилигида устозлар ва фахрий имомлар билан учрашувлар ташкил этилди. Зиёрат чоғида уларнинг ўтган ҳаёт йўли, дин ва жамият учун қилган хизматлари, оғир шароитлардаги сабр ва матонатлари ҳақида самимий суҳбатлар бўлиб ўтди.
Ҳаётдаги барча неъматлар, тинчлик, эркин ибодат, илм олиш каби имкониятларнинг қадрини англашда ўтмишдаги оғир синов ва қийинчиликларни эслаш, улардан сабоқ чиқариш жуда муҳим. Зиёрат чоғида устозлар ўз ҳаётларидаги шундай даврлар ҳақида сўз юритар эканлар, “Бугунгидек шароит бизга насиб бўлмаган, ёшлар эса неъматлар қадрига етишлари лозим”, деган фикрларини баён этдилар.
Улар ўз насиҳатларида шукроналикни ҳаёт шиори қилиш, инсоннинг ўз аҳволига рози бўлиб, бирор неъмат берилар экан, ундан илм ва амал билан фойдаланиш кераклигини таъкидладилар.
Шунингдек, масжидларда фаолият қилаётган имомлар томонидан амалга оширилаётган ишларни эътироф этарканлар, уларга доимий изланишда, пок ният ва холислик ила хизмат қилиш лозимлиги ҳақида панду насиҳатлар қилишди. Бундай сўзлар ҳар бир ёш имомнинг қалбида масъулият туйғусини кучайтириши, шубҳасиз.
Фарғона вилояти вакиллиги
Матбуот хизмати