Дунёнинг гўзаллиги инсон биландир. Инсоннинг гўзаллиги эса ислом биландир. Ислом дини инсонларни фақат яхшиликка даъват этадиган, ёмонликдан қайтарадиган соф диндир. Наҳл сурасининг 97-оятида Аллоҳ таоло “Эркакми ё аёлми – кимда ким мўмин бўлган ҳолда бирор эзгу иш қилса, бас, Биз унга ёқимли ҳаёт бахш этурмиз ва уларни ўзлари қилиб ўтган гўзал амаллари баробаридаги мукофат билан тақдирлаймиз” деб марҳамат қилган. Солиҳ амаллар қилиб яшаган инсон ҳаётлик даврда роҳату фароғатда яшаб, охиратда эса улкан мукофотлар соҳибига айланади. Динимизга ёт бўлган амаллар билан машғул бўлганлар эса албатта жазосини олади.
Сизу-бизга берилган тириклик неъматидан оқилона фойдаланиб, гўзалликка бурканган дунёда савоб захираларимизни кўпайтириб, келажак авлодга намунали амалларимиз билан, хулқларимиз билан ўрнак бўладиган даражада яшаб ўтсак энг катта бахтга сазовор бўламиз.
Дунёнинг тинчлигини бузаётган, одамларнинг бахтли-саодатли яшашини кўролмаётган, ўзгаларнинг бахтсизлиги эвазига бой бадавлат бўлиб, гўёки ширин ҳаёт кечираётган кимсалар ҳам бор. Улар гиёҳванд моддаларини тайёрлаб инсонларнинг ширин ҳаётини қайғу ғамларга, аламу ситамларга айлантираётган жоҳил кишилардир.
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ҳузурида гиёҳвандлик ва жиноятчиликка қарши ҳалқаро ҳайъат ташкил этилган. Уларнинг хабарига кўра кундан-кунга гиёҳвандлик сони ошиб бормоқда. Ачинарлиси гиёҳвандликка илк бор қадам қўяётганлар 11-17 ёшли йигит қизлар эканлигидир. Ёшлик гаштини сурадиган, ўйнаб-куладиган, илму-ирфонга шўнғиб марифат чўққисини кўзлайдиган даврда бало ва офатга дучор бўлиб гиёҳвандлик ботқоғига ботиши жамиятларнинг энг катта йўқотишидир. Бирон мамлакат аҳолисининг етти фоизи гиёванд моддалар истемолига ўтган бўлса, ўша мамлакатнинг келажаги ҳалокат ёқасида туришини олимларимиз тасдиқлаган. Гиёҳвандликнинг зарари шунчалик кўпки, ҳатто биз уни хаёлимизга ҳам келтирмаймиз. Аллома Ибн Ҳожар ал-Маккийнинг “Фатавои исломия” асарида инсон саломатлиги ва жамият ҳаётига гиёҳвандлик иллати етказадиган 120 хил жиддий зарар санаб ўтилган.
Динимиз таълимотларида ҳам инсон ҳаёти, соғлиғига зарар берадиган, ақл-ҳушини карахт қиладиган ҳар қандай кайф берувчи моддани, у маст қилувчи ёки кайф қилувчи бўлишидан қатъи назар, зарарли деб билади ва уни истеъмол қилишдан мутлақо қайтаради. Ҳазрати Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в) ҳар бир кайф берувчи модданинг истеъмолидан қайтарганлар.:
" نَهَى النبى صلعم عَنْ كُلِّ مُسْكِرٍ وَ مُفَتِّرٍ " (رواه أحمد و ابو داود)
яъни: “Пайғамбар (сав) ҳар қандай маст қилувчи, баданни бўшаштирувчи ва сусайтиррувчи нарсаларни истеъмол қилишдан қайтардилар”.
Маълумки, уламоларимизнинг айтишларича, мазкур ҳадиси шариф ҳар қандай турдаги гиёҳвандлик-бангилик шаръан ҳаром эканлигига далолат қилади. Шунинг учун ҳам уларни истеъмол қилиш шаръан ва қонунан жоиз эмас.
Ибн Аҳмад ва Ибн Можжа ривоят қилган ҳадиси шарифда “Ислом динида ўзига ҳам ўзгаларга ҳам зарар келтириш йўқ” дейилган. Мусулмон киши қалбида имони жўшиб турган киши ҳадисга мувофиқ ўзига ҳам ўзгаларга ҳам зарар етказмаслиги ва ҳаром бўлган нарсаларни истеъмол қилмаслиги керак. Минг афсуслар бўлсинки, гиёҳвандлик балосига гирифтор бўлган мўмин-мусулмонлар ҳам йўқ эмас. Яшашдан мақсадимиз нафсоний ҳисларни қондириш эмас балки ақлимиз билан фикр қилиб жаннат мукофотини олишдир.
Шукрлар бўлсинки ҳаётимиз фаровон, замонамиз тинч, фарзандларимиз соғлом, келажагимиз буюкдир. Она ватан бағрида эркаланиб, шодланиб ҳаёт кечирмоқдамиз. Барча миллат вакиллар бир ота бир онанинг фарзандларидек истиқомат қилмоқдамиз. Ҳатто қисқа муддат ичида дунё аҳли ибрат оладиган, ўрнак оладиган жиҳатларга эга бўлдик. Бизга ҳавас қиладиганлар сони қанча кўп бўлса, ҳасад кўзи билан қарайдиган, гуллаб-яшнашимизни кўра олмайдиганлар сони ҳам анчадир. Уларнинг қуроли эса ёшларимизни ўзига қаратиб олиб, ота-онасига, ўз халқига қарши қўйишдир. Бунинг энг яхши йўли гиёҳвандликдир. Фарзандларимизни ҳар-хил йўллар билан шу балога йўлиқтирса бошимизга турли офатлар ёғдириши аниқдир. Сергаклик давр талабидир. Биз ўз фарзандларимизни ёвуз кучларга бериб қўймаймиз. “Оққан дарё оқаверади” деганларидек ўғил-қизларимиз боболар йўлидан бориб илму маърифатда дунёга ўрнак бўладиган даражаларга эришади иншаоллоҳ. Фақат биз катталар панду насиҳатдан чарчамаслигимиз, фарзандларимизга ҳар томонлама кўмак бера олишимиз керак.
Жаноб Пайғамбаримиз (с.а.в) ҳадисларидан бирида: “Эй умматларим, агар сизлар, бир-бирларингизни яхшиликка буюриб, ёмонликдан қайтариб туришликни тарк этсаларингиз, бошингизга шундай бир бало ва офат келадики, у яхши ёмонга баробар фожиа бўлади” деб марҳамат қилганлар.
Асримиз вабосига айланиб улгурган гиёҳвандлик балосидан фарзандларимизни, келажак авлодимизни ҳалос этиш ҳар биримизга фарз ва қарз бўлган амалдир. Шундай экан кишининг бир фарзанди бу иллат билан балоланган бўлса ўз фарзандимиздек кўриб, унга тезлик билан ёрдам кўрсатишимиз зарурдир. “Қовун қовундан кўриб ранг олади” дейди ҳалқимиз. Бугун биз сергакликни йўқотсак гиёҳвандлик балоси зарпечак мисоли ҳамма жойга ўрнашиб олади. Бунга имкон бериш энг катта гуноҳ эканлигини унутмаслигимиз керак.
ЎМИ Матбуот хизмати
Зулҳижжа ойининг 8 куни “Тарвия куни” дейилади.
“Тарвия” дейилишига сабаб ўша куни ҳожилар зам-зам сувидан қониб-қониб ичадилар.
“Тарвия” – “тафаккур” маъносида ҳам қўлланилади. Чунки зулҳижжанинг саккизинчи кечасида Иброҳим алайҳиссалом тушларида ўғиллари Исмоил алайҳиссаломни қурбонлик қилаётганларини кўрадилар ва бу туш шайтонийми ёки раҳмоний дея ўша кунни тафаккур билан ўтказадилар. Шунга кўра, бу кун “Тарвия – тафаккур куни” дейилади.
Мино луғатда – “орзу, истак” деган маъноларни билдиради. Макка ва Муздалифа оралиғидаги қишлоқнинг номи. Араблар одамлар тўпланган жойни “мино” деб аташади. Мино Масжидул-ҳаром шимолидан 7 км. узоқликда жойлашган.
Бу ерда Иброҳим алайҳиссалом шайтонга тош отганлар, қурбонлик қилганлар. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам айнан шу жойда тош отиб, қурбонликларини адо этганлар. Бу муқаддас маконда Наср ва Мурсалот суралари нозил бўлган.
Ҳожилар зулҳижжанинг саккизинчи куни бомдод намозидан сўнг Минога қараб йўл олишади. Минода тарвия кунининг пешин, аср, шом, хуфтон ҳамда арафа кунининг бомдод намозлари ўқилади. Кейин арафотга жўнаб, ўнинчи куни яна Минога қайтишади ва икки кун шайтонга тош отишни давом эттиришади.
Минода бажарилиши зарур бўлган амаллар ҳақида Қуръони каримда бундай марҳамат қилинади: «Ва ўзларига бўладиган манфаатларга шоҳид бўлсинлар. Маълум кунларда уларга ризқ қилиб берган чорва ҳайвонларини (сўйишда) Аллоҳнинг исмини зикр қилсинлар. Бас, улардан енглар ва бечора ва фақирларга ҳам едиринглар. Сўнгра ўзларидаги кирларни кетказсинлар, назрларига вафо қилсинлар ва “Қадимги уй”ни тавоф қилсинлар”, деганимизни эсла» (Ҳаж сураси, 28-29-оятлар).
Ушбу оятда Мино кунлари жамаротда тош отиш, қурбонлик қилиш ва соч олдириб эҳромдан чиқиш каби амалларни адо этиш таъкидланмоқда. Мино кунлари ушбу учта амални мукаммал тарзда бажариш вожибдир.
Аллоҳ таоло қилаётган ва қиладиган барча солиҳ амалларингизни Ўз даргоҳида қабул этсин. Ўзи куч-қувват берсин..
Даврон НУРМУҲАММАД