Халқимиз орасида «Устоз – отангдек улуғ» мақоли жуда ҳам машҳур. Устоз намунаси саналган ўқитувчилик азал – азалдан эътиборли касб ҳисобланиб келган. Дунёнинг деярли барча мамлакатларида ўқитувчи – мураббийларга нисбатан алоҳида эътибор қаратилади ва эъзозланади. Мамлакатимизда ҳам 1997 йилдан бошлаб 1 октябрь «Ўқитувчи ва мураббийлар куни» умумхалқ байрами сифатида нишонланиб келиниши ҳам бу сўзимизнинг тасдиғидир. Ўқитувчилар ўзлари илмли бўлгани ҳолда ёш авлодни илму маърифатли бўлишини таъминлайдилар.
Шунингдек, «Бешикдан қарбгача илм изланглар» ёки «Илмни Хитойдан бўлса ҳам ўрганинглар» каби ҳадиси шарифлар илмнинг қанчалар фазилатли эканлигига далолат қилади. Қуръони каримда илм ҳақида 379 та оят келган бўлиб, уларда биладиганлар билан билмайдиган баробар бўлмаслиги, илм аҳлини Аллоҳ таоло юқори даражаларга қўтариб қуйганлиги айтилади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ кимга яхшиликни ирода қилса, уни динда фақиҳ қилиб қўяди», деб марҳамат қилганлар. Ҳар бир инсон учун ўзига керакли, ҳаёти учун зарур илмни, дину диёнатни, ҳалол-ҳаромни билиши, бунинг учун зарур бўлган нарсаларни ўрганиши фарзи айндир. Илмсиз киши одобли ва кўркам бўла олмайди.
Бу ерда ниятни поклаш олдинги ўринга қўйилади. Илм талаб қилмоқчи бўлган шахс ниятини яхши қилиши, олган илми билан халққа хизмат қилиб, Ҳақни рози этишни кўзлаши керак. Ўшанда олган илми фойдали бўлади: дунёга ҳам эришади, охират савобига ҳам эга бўлади. Аммо ниятни молу дунёга, риёга боғласа, охират савоби бўлмайди, дунё ҳаваси ҳам аниқ амалга ошмайди.
Ҳар бир яхшиликка эришиш учун албатта ихлос керак. Ихлоссиз бирор фойдали ишнинг, хоссатан, илм олишнинг амалга ошиши қийин. «Ихлос» сўзи луғатда «тозалаш», «тўғрилаш» маъноларини англатади. «Холис бўлди» дегани «мусаффо бўлди» маъносига тўғри келади. Илм олаётган ўқувчи ўз соҳасида етук мутахассис бўлиб етишиши учун энг аввало, ўзида, унга таълим бераётган устозида ва ота-онасида ихлос бўлиши керак. Учала инсоннинг ихлоси бир жойга жамланса, натижаси ҳам шунга кўра бўлади, албатта.
Бунинг учун ўқувчи ўз муаллимининг ҳақларини мукаммал тарзда адо этиши, устозини розилигини топишга, кўнглида муҳаббат пайдо қилишга, норози қилиб қўйишдан, ғазабидан сақланишга доимо ҳаракат қилиши лозим.
Ҳазрати Али розияллоҳу анҳу муаллимнинг мутаъаллимдаги ҳақлари тўғрисида қуйидагиларни айтганлар: «Қавмга умумий салом бериб, унга алоҳида беришинг. Унинг қаршисида ўтиришинг. Ҳузурида қўлларинг ила ишора қилмаслигинг. Кўзингни ундан бошқага тикмаслигинг. Унинг гапига хилоф гап айтмаслигинг. Унинг олдида бировни ғийбат қилмаслигинг. Унинг қоқилишини истамаслигинг. Агар йўлдан тойса, кечиришинг. Аллоҳ таоло учун уни улуғлашинг. Унинг ҳожати бўлса, бошқалардан кўра олдин хизматига интилишинг. Унинг мажлисида бирор киши билан сирлашмаслигинг. Унинг кийимини ушламаслигинг. Унга малол келтирмаслигинг. Суҳбатининг чўзилиб кетганидан безимаслигинг. У худди хурмо кабидир, ундан тушадиган нарсани пойлаб тур».
Яна бунга дарсга кеч ёки ўта барвақт келмаслик, буюрган вазифаларини бажариш, устозини безовта қилмаслик, эшигини тақиллатмасдан ўзи чиқишини кутиб туриш, ҳузурида рухсатисиз гапирмаслик, олдига тушиб юрмаслик, ўрнига ўтирмаслик каби одоблар илмнинг икки дунё манфаати учун сабаб бўлади.
Илм олишнинг турли босқичларида илм олувчи ўзининг ёши ёки таълим босқичи қай даражада бўлишидан қатъи назар, толиби илм эканини зинҳор ёддан чиқармаслиги ва мазкур одобларга мунтазам риоя этиши керак бўлади.
Шунингдек, таълим бераётган муаллимнинг ҳам алоҳида одоб қоидалари мавжуд. Чунки, таълим бериш билан таълим олиш бир-бирига чамбарчас боғлиқдир. Бирисиз иккинчиси бўлмайди. Илм талаб қилиш фарз бўлгани каби, таълим бериш ҳам фарз қилинган..
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Албатта, Аллоҳ, У Зотнинг фаришталари, осмонлару ернинг аҳли, ҳаттоки уясидаги чумоли ва балиқ ҳам одамларга яхшиликни ўргатувчига салавот айтадилар», дедилар».
Термизий ривоят қилган.
Ушбу ҳадиси шарифдаги одамларга яхшиликни ўргатувчилар асосан муаллимлардир. Бу шарафга муяссар бўладиганларга кичкинтойларга алифбе ҳарфларини ўргатаётган муаллимлардан тортиб, фан докторлиги илмий ишларига раҳбарлик қилаётган устозлар, илмий кашфиётларни бошқараётган раҳбарларгача барчалари кирадилар.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Одам боласи ўлганида амали кесилади. Илло уч нарса: жорий садақа, манфаат олинадиган илм ёки унинг ҳаққига дуо қиладиган солиҳ фарзанд мустасно», дедилар». Муслим, Абу Довуд, Термизий, Насаий ривоят қилганлар.
Киши қандай қилиб ўзидан кейин манфаат берадиган илм қолдира олади? Бу иш, аввало, бошқаларга илм ўргатиш билан амалга ошади. Модомики, шогирдлар, шогирдларнинг шогирдлари ўша илмни ишлатмоқдами, кишиларга манфаати етмоқдами, устозга савоби ёзилиб тураверади.
Иккинчиси китоб ёзиб қолдириш билан бўлади. Инсонларга фойда келтирадиган илмлар бўйича иймон ва ихлос билан китоб ёзиб қолдирган кишига, ўлганидан кейин ҳам унга савоб етиб тураверади.
Учинчиси илм йўлида хизмат қилиш билан бўлади. Мисол учун, имконияти бор одам толиби илмларга, устозларга илм йўлида ёрдам бериб, илм даргоҳи қуради, ўз маблағидан китоб чоп эттиради, кутубхона қилади ва ҳоказо. Мана шунга ўхшаш ишлар илм йўлида хизмат қилиш ҳисобланади. Бу ишларни қилган одамлар вафот этиб кетса ҳам, савоблари узилмай бориб туради.
Муаллимларнинг шарафли вазифаларини адо этиш жараёнида амал қилишлари лозим бўлган одобларга уламолар қадимдан алоҳида эътибор билан қараб ва қуйидагиларни баён қилганлар:
«Илмни лозим тутиш, унга муҳаббат қилиш, унга бутун вужуди билан берилиш ва илмини зиёда қилиш учун доимо ҳаракатда бўлиш.
Илмига амал қилиш. Зотан, ҳақиқий олимнинг гапи ишига тескари бўлмайди. Бу гап диний олимларга алоҳида таъкидлидир. Чунки уларнинг асосий вазифаларидан бири кишиларни тўғри йўлга бошлашдир. Бунда эса уларнинг ўзлари гўзал ўрнак бўлишлари шарт.
Илми зиёда бўлган сари Аллоҳ таолодан қўрқиши ва маърифати зиёда бўлган сари Аллоҳ таолога хушуъcи ортиб бориши керак.
Барчага бирдай тавозели бўлиш. Бунинг учун талабаларга шафқатли бўлиш, уларга таълим беришда шошилмаслик, талабаларга ўз фарзандидек қараш, уларнинг жоҳиллигини ва жафосини кўтариш, уларни жаҳолат зулматидан илм нурига олиб чиқишга уриниш, ҳожатларини фаҳмлаш ва ҳолатларини ҳисобга олиш, саволларига жавоб бериш, юзларига кулиб боқиш, қалбларини улфат қилиш, улар учун вақт сарфлаш каби ишларни бажариш талаб этилади.
Таълим беришга ихлос қилиш. Бунда таълимни одамлар фойдасига ишлатишда Аллоҳ таолонинг розилигини кўзлаш керак.
Илмни мустаҳкам эгаллаш. Унинг нозик жойларигача ва мағзигача етиб бориш. Илмнинг бир қисми ёки қобиғи билангина кифояланиб қолмаслик зарур.
Ҳилм, виқор, шошмаслик ва бағрикенгликни лозим тутиш. Зотан бу сифатлар илмнинг зийнатидир.
Жоҳилларнинг жафосига, ҳасадчиларнинг ҳасадига, бўҳтончиларнинг иғвосига ва душманларнинг адоватига сабр қилиш.
Илмни талаб қилувчиларга керагича бериш. Ундан бирор нарсани беркитиб қолмаслик ҳам таълим берувчининг асосий вазифаларидандир.
Ҳужжатни эътибор билан тинглаб, қабул қилиш. Бунда хусуматчидан бўлса ҳам, ҳаққа бўйин эгиш, хатони тан олмасликдан четда бўлиш талаб этилади.
Илмни уни талаб қилувчининг фаҳмлаш қобилиятига қараб бериш. Устозлар таълим беришда инсоннинг ақли етмаган нарсадан четлаб ўтишини ҳисобга олишлари, паст даражадан бошлаб аста юқорилаб боришлари даркор.
Ичи ва ташининг гўзал бўлишини таъминлаш. Зотан, ҳақиқий илм соҳиби ичи бошқа, таши бошқа бўлмайди.
Яхши билмаган, ўзлаштирмаган ва охирига етмаган масалаларда ўзича ҳукм чиқармаслик. Бунда билмаган нарсаларини биладиганларга ҳавола қилиш, билмаганини «билмадим» дейишдан тортинмаслик мақбулроқ.
Талабаларга берган илмини миннат қилмаслик. Зотан, бундай қилиш амални ҳабата қилади. Талабаларга ўз мартабасининг кўтарилишига сабаб бўлувчи шахслар сифатида қарашга интилмаслик лозим.
Муаллимнинг одобларидан яна бири ўзи мутахассис бўлган илмдан бошқа илмларни қораламасликдир. Ҳақиқий олим талабаларни барча фойдали илмларга тарғиб қилади. Ҳамма дарсларни бирдек ўзлаштиришга чорлайди. Муаллим ўз талабасини қўлига топширилган омонат дея билиши зарур.»
Ҳақиқатдан ҳам ҳар бир талаба ота-онаси ва жамият томонидан устознинг қўлига топширилган буюк омонатдир. Бу борада устознинг зиммасига улкан масъулият юклатилган бўлади. Устоз талаба шахсиятининг шаклланиши, фикрларининг ўсиши, нафсининг тарбияланиши, илм олиши, маърифат ҳосил қилиши каби бир қанча ўта аҳамиятли нарсаларда масъулдир.
Муаллим талабаларига гўзал инсоний сифатларда, одоб-ахлоқда, илм-маърифатда, муомалада, ҳаётнинг барча соҳаларида жонли намуна бўлиши лозим.
Хадичаи Кубро аёл-қизлар мадрасаси
мударрисаси Мухамедходжаева С.
ЎМИ Матбуот хизмати
Оила – инсон ҳаётидаги маънавий суянч, ижтимоий тартиб, насл давомийлигини таъминловчи қўрғон ва меҳр-муҳаббат масканидир.
Аллоҳ таоло Қуръони каримда марҳамат қилади: “Унинг аломатларидан (яна бири) – сизлар (нафсни қондириш жиҳатидан) таскин топишингиз учун ўзларингиздан жуфтлар яратгани ва ўртангизда иноқлик ва меҳрибонлик пайдо қилганидир. Албатта, бунда тафаккур қиладиган кишилар учун аломатлар бордир” (Рум сураси, 21-оят).
Бу оят оила қуришнинг илоҳий ҳикматга эга эканини, эр-хотин муносабатида муҳаббат ва меҳр-шафқат асосий омил бўлишини англатади.
Ислом никоҳни фақат шахсий хоҳиш эмас, балки маънавий, ахлоқий ва ижтимоий мажбурият сифатида қабул қилган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Никоҳ менинг суннатимдир. Ким суннатимдан юз ўгирса, мендан эмас”, деганлар (Муттафақун алайҳ).
Бу ҳадисга кўра, никоҳ мусулмон ҳаётидаги ибодат ҳисобланади. Унинг асосий мақсадлари нафсни ҳалол йўл билан қондириш, наслий поклик, фарзанд тарбияси ва жамият барқарорлигини таъминлашдир.
Исломда эр ва хотиннинг вазифалари бир-бирини тўлдирувчи хусусиятга эга. Аллоҳ таоло эркакни масъулиятли раҳбар, аёлни эса оила мустаҳкамлигини таъминловчи қилиб яратган: “Эркаклар хотинлар устидан (оила бошлиғи сифатида доимий) қоим турувчилардир. Сабаб – Аллоҳ уларнинг айримлари (эркаклар)ни айримлари (аёллар)дан (баъзи хусусиятларда) ортиқ қилгани ва (эркаклар ўз оиласига) ўз мол-мулкларидан сарф қилиб туришларидир” (Нисо сураси, 34-оят).
Эркак аёлдан баъзи хусусиятларда ортиқ қилиб яратилганида бир неча ҳикматлар бор. Муфассир уламолар, жумладан, қуйидаги шаръий нуқтаи назардан эркакларга хос хусусиятларни қайд этишган: пайғамбарлик, жисмоний куч-қувват, оила нафақасига масъуллик, ақлу идрок, хотира ва тафаккурнинг зиёдалиги, имом-хатиблик, муаззинлик, жамоат билан намоз ўқиш, жума намозининг вожиб бўлиши, ташриқ такбирини айтиш, жангларда қатнашиш, тўлиқ гувоҳлик, талоқ бериш ҳуқуқига эга бўлиш, оиланинг унга нисбат берилиши, намоз ва рўзани узрсиз адо этиш кабилар.
Шу жиҳатларни ҳисобга олиб, аёл киши эрига нисбатан итоатли, ҳамиятли ва иффатли бўлиб, оила тотувлиги йўлида доимий ҳаракатда бўлиши жуда матлуб ишдир.
Расули акрам соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Сизларнинг энг яхшиларингиз ўз аҳлига яхшилик қилувчиларингиздир”, деганлар (Имом Термизий ривояти).
Эркак оила бошлиғи сифатида адолатли, ғамхўр ва меҳрибон бўлиши керак. У ўз аёли ва фарзандларининг эҳтиёжларини таъминлаб, уларни тўғри йўлга бошлаши лозим.
Хотиннинг вазифалари – оилада соғлом муҳит яратиш, эрга итоат ва унинг шаънини асраш. У оила тинчлиги ва фаровонлиги учун интилиши, эрига вафодор бўлиб, фарзандлар тарбиясида фидойилик кўрсатиши лозим.
Қуръони каримда бундай марҳамат қилинади: “Улар сизларнинг либосингиз, сизлар уларга либоссиз” (Бақара сураси, 187-оят).
Бу оят никоҳдаги жуфтларнинг бир-бирига муҳтожлиги ва улар ўртасидаги яқинликни таърифлайди.
Никоҳ фақатгина икки инсоннинг эмас, балки оилалар ва жамиятнинг ҳам масъулиятидир. Кўп ҳолларда ота-оналар, қариндошлар ва жамиятнинг қўллаб-қувватлаши никоҳнинг мустаҳкамлигида муҳим аҳамият касб этади.
Бугунги кунда кўпчилик оилавий муаммолар учинчи томонларнинг (қайнона-қайнота, яқинлар, дўстлар) чуқур ва номуносиб аралашуви оқибатида келиб чиқмоқда. Ҳар бир инсон ўзига тегишли чегарани билиши зарур.
Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Одамларнинг аразлашганларини яраштириб қўйиш нафл намоз ўқишдан ва нафл рўза тутишдан кўра савоблироқдир”, деганлар (Имом Табароний ривояти).
Ота-оналар, қариндошлар – ёшлар ҳаётига раҳбар сифатида керакли маслаҳат берадилар, аммо уларнинг шахсий муносабатларига бефарқ ёки ортиқча аралашиш – оилавий муҳитни бузиши, ўртадаги муҳаббатни сўндириши мумкин.
Кўпинча оилада ота-она ва фарзандлар, оиланинг бошқа аъзолари орасида ҳам турли келишмовчилик бўлиб туради. Арзимаган сабаб-баҳоналар билан тинч хонадонлар можаролар масканига айланади. Бир-бирига яқин, қадрдон, қариндошлар ўртасида меҳр-оқибат кўтарилади.
Кечира олиш – гўзал фазилат, динимизда мақталган сифатлардан. Бир қарашда оний ютқазишдай кўринган кечира олиш катта можароларнинг олдини олади, ғалабани таъминлайди. “Эр-хотиннинг уриши – дока рўмолнинг қуриши” деганларидай, икки ошуфта қалбнинг арази узоққа бормаслиги кундай равшан.
Сал ихтилоф чиқдими, бир томон дарров муроса-келишув йўлини кўриши керак. Бир томоннинг ақл-идрок билан иш тутиши шайтоннинг бўйнини синдириб, катта можароларнинг олдини олади.
Жорий йилнинг биринчи чорагида вилоят имом-хатиблари, отинойилари 838 та ана шундай низоми оилани яраштиришиб, ёшларнинг бахтли ҳаёт кечиришига сабабчи бўлдилар.
Хулоса шуки, Ислом оилага юксак мақом берган, уни жамиятнинг юраги деб баҳолаган. Биз оят ва ҳадислар асосида шу муқаддас неъматни асраш, мустаҳкамлаш ва ёшларга тўғри етказиш йўлида жиддий ҳаракат қилишимиз керак.
Убайдуллоҳ АБДУЛЛАЕВ,
Фарғона вилояти бош имом-хатиби
"Ҳидоят" журналининг 5-сонидан олинди