Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази директори Ш.Миноваров 26 сентябрь куни Ўзбекистон олий ўқув юртлари талабалари билан учрашувларда иштирок этиш учун республикада меҳмон бўлиб турган Франция илмий тадқиқотлар миллий маркази профессори, ёзувчи, публицист ва таржимон Стефан Дюдуаньон билан учрашди.
Томонлар жорий йилнинг май ойида Ислом цивилизацияси маркази ва Франция илмий тадқиқотлар миллий маркази ўртасида эришилган келишувларни амалга ошириш тўғрисида фикр алмашдилар. Стефан Дюдуаньон Чўлпонннинг “Кеча ва кундуз” романини француз тилига таржима қилгани, ХХ аср бошидаги ўзбеклар ҳаётини ажойиб услубда тасвирлаган ёзувчининг маҳоратидан ҳайратда эканини, асар француз ўқувчилари томонидан илиқ кутиб олинганини айтди. Меҳмон шунингдек Ўзбекистондаги ўзгаришларнинг суратларидан ҳайратда эканини, асрга татигулик ишлар амалга оширилаётганидан мамнун эканини билдирди.
Томонлар Ислом цивилизацияси маркази томонидан яратилаётган “Ислом цивилизацияси қомусий луғати”нинг французча шаклини яратиш соҳасида ҳамкорлик қилишга келишиб олдилар.
С.Дюдуаньон Ислом цивилизацияси маркази кутубхонасига Чўлпоннинг “Кеча ва кундуз” романининг французча таржимасини совға қилди.
Учрашувда Франциянинг Ўзбекистондаги элчиси В.Вильмор хоним иштирок этди.
ИЦМ Матбуот хизмати
Бир ўсмир “улғайиб, бой бўлсам ҳаммага ёрдам бераман” деб юрар эди. У бойлик бўлсагина одамларга ёрдам бериш мумкин, деган фикрда экан, бир куни Пайғамбар алайҳиссаломнинг бир хурмони ярмини садақа қилиб бўлса ҳам дўзахдан сақланиш лозимлиги ҳақидаги ҳадисини эшитиб қолди. Бир кичик хурмонинг ярми қанча бўларди, деб тасаввур қилолмади.
Эртасига кўчага чиқиш олдидан бир хурмони чўнтагига солиб олди. Йўл бўйда тиланиб турган отахоннинг ёнидан ўтаркан, чўнтагига қўлини тиқиб, беихтиёр кечаги ҳадисни эслади. Хурмони олиб, ярмини отахонга узатди. Шунда отахоннинг кўзлари қувончдан порлаб кетди. Ўсмир йигит ўйладики, “ҳатто кўп пул берилса ҳам бу қадар хурсанд бўлмасди”, деб ўйлади. Қилган ишидан ўзиям шодланди. Англадики, отахон ўзига берилган нарсанинг қийматидан эмас, ўзига берилган эътибор ва баҳам кўришдан ниҳоятда шодланганди.
Йигитча бу ишидан кейин юқоридаги ҳадиснинг ҳикматини тушуниб кетди. Энди у бир кўнгилни обод қилиш учун бой бўлишни кутиб юрмаслик кераклигини билди. Зеро, кўнгил Худонинг назаргоҳидир. Уни қувонтирган кишини Аллоҳ қувонтириши шубҳасиздир.
Акбаршоҳ Расулов