Саудия Арабистони Ҳаж ибодатини адо этиш учун ҳужжатлар тайёрлаган ҳолда виза олмоқчи бўлган Ливандаги фаластинликларга мамлакатга киришни таъқиқлади. Бу ҳақда islam-today нашри хабар берди.
Яқин Шарқда фаолият олиб борувчи ОАВларнинг маълум қилишича, Саудия томони Фаластин паспортига эга бўлмаган ва Ливан ҳудудига истиқомат қилаётган фаластинликларга виза беришни тўхтатган. Бугунги кунда Ливан ҳудудида 300 мингдан ортиқ фаластинлик яшайди.
Фаластин инсон ҳуқуқлари ташкилотлари виза бермаслик сабабини сўраб мурожаат қилганларида, Саудия Арабистони томони ушбу ҳолатга изоҳ ва тушунтириш бермаган.
Аввалроқ, худди шундай муаммо Иордания ҳудудида яшайдиган фаластинликлар билан ҳам содир бўлган эди.
ЎМИ Матбуот хизмати
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Албаниянинг Тирана шаҳрида ўтказилаётган Ислом бирдамлиги спорт ассоциацияси (ISSA)нинг 13-Бош ассамблеясида миллий спортимиз кураш 2025 йили Саудия Арабистонининг Ар-Риёд шаҳрида ташкил этиладиган Ислом бирдамлик ўйинлари дастурига киритилгани эътироф этилди.
Дунёнинг кўплаб давлатларидан делегатлар, спорт ташкилотларининг мутасаддилари, халқаро спорт федерацияларининг раҳбарлари қатнашиб, Ислом бирдамлик ўйинлари тизимидаги спорт турлари, техник-тактик жиҳатлар, мусобақалар тақвими кўриб чиқилди, муҳокама қилинди.
Ассамблеяда делегатларнинг таклифи ва қўллаб-қувватлаши натижасида ўзбек спорти - кураш Ислом бирдамлик ўйинлари тизимидан жой олгани эълон қилинди.
Ассамблея йиғилиши доирасидаги тадбирларда Халқаро кураш ассоциацияси раҳбарияти ISSA мутасаддилари билан курашни халқаро майдонда ривожлантириш, унинг оммавийлигини таъминлаш борасида фикрлашилди.
Муҳокамалар жараёнида IKA ва ISSA техник вакиллари кураш мусобақаларига тегишли масалалар, хусусан вазн тоифалари, ҳакамлик, қуръа ташлаш, трансляция, жиҳозлар, инвентарлар ва бошқа техник тафсилотлар борасида ишчи гуруҳ йиғилишини ўтказиш лозимлигини таъкидлади. Келишувларга эришилди.
Ота-боболаримиздан мерос курашнинг спорт тури сифатида халқаро майдонда оммалашаётгани, қамрови йилдан йилга кенгаяётгани барчамизга чексиз ифтихор бағишлаши шубҳасиз. Ислом бирдамлик ўйинлари тизимидаги расмий спорт турларидан бири бўлгани эса Олимпиада сари ташланган муҳим қадам, дейиш мумкин.