Аббосий халифа Ҳорун ар-Рашиднинг Баҳлул доно деган фазилатли зотга ҳурмати баланд эди. Чунки бу дарвеш ҳеч тортинмасдан халифага маслаҳат берарди. Халифа ҳам ҳар доим унинг сўзларига қулоқ осар, насиҳатларига амал қилар эди.
Бир куни нимадир бўлиб халифа қандайдир масала юзасидан янглиш қарор чиқарди. Баҳлул доно ҳазратлари унга бу қарорини ўзгартириш кераклигини айтди. Аммо бу гап халифага малол келиб,
- Сиз айтишингиз керак бўлган гапни айтдингиз, гуноҳ сиздан соқит бўлди. Менинг қилган ишимдан сизга зарар етмайди, Ахир ҳар қўйни ўз оёғидан осади-ку, - деди.
“Ҳар қўйни ўз оёғидан осадилар”, дегани халқ мақоли. Маъноси, ҳар ким қилган гуноҳи учун жазосини ўзи тортади, бировнинг гуноҳи бошқа одамга юкланмайди, деганидир. Бир қарашда бу гап тўғри. Бироқ бошқа жиҳатдан, мўминлар бир-бирларининг ойнасидир, яъни уларнинг бири иккинчисига тўғри маслаҳат бериши Аллоҳ таолонинг амридир.
Шунинг учун Баҳлул доно ҳазратлари халифага эсда қоладиган дарс бермоқ истади. Бир қўйни сўйиб сарой боғидаги кўздан пана жойга оёғидан осиб қўйди.
Бир-икки кун ўтиб боғда бадбўй ҳид таралди. Бу ҳиднинг қаердан чиқаётганини излаган хизматчилар қўйнинг лошини топдилар.
Халифа қўйни ким осиб қўйганини дарров фаҳмлади.
- Баҳлулни топиб келинглар, - деб амр қилди.
Баҳлул доно ҳазратлари келганидан сўнг халифага бундай деди:
- Кўриб турганингиздек, ҳар қўйни ўз оёғидан осади, аммо унинг ҳиди бошқаларни роҳатсиз қилади. Шунга ўхшаб жамиятда баъзи кишиларнинг қилган қилмишлари бошқаларининг тинчини бузади. Хато фасод чиқаради. Шу сабабдан ҳаммамиз бир-биримизга тўғри гапни сўзлашга масъулмиз. Сиз ҳам ўзингизга қарата айтилган ҳақ сўзни қабул этинг.
Халифа уни мукофотлаб, янглиш қароридан воз кечди.
Дамин ЖУМАҚУЛ таржимаси
Унутмангки, Аллоҳ таоло Ўзига юзланишингиз учун сизни турли мусибатлар билан синайди. Баъзан Аллоҳдан имтиҳонлардан муваффақиятли ўтишни ёки солиҳа жуфт ҳалол ё яна бошқа нарсаларни сўраб ой ва йиллар давомида дуо қиласиз. Аммо дуоингиз ижобат бўлмаётганидан ташвишга туша бошлайсиз.
“Нега Аллоҳ дуоларимни қабул қилмаяпти?” деган саволлар ҳаёлингизда тинмай айланади. Аммо Аллоҳ сизга қанча неъматларини тайёрлаб қўйганини билмайсиз! Сиз банда эканингизни эътироф этиб, ноумид бўлмай Аллоҳдан қанча кўп сўрасангиз, қалбингиз шунча юмшайди. Тобора Аллоҳга муҳтож эканингизни тушунасиз. Аслида, ҳар бир олган ва чиқарган нафасимиз Аллоҳнинг бизга берган чексиз неъматидир.
Аллоҳнинг юборган синовлари сабабли банда ожизлигини англаш билан бирга, Аллоҳдан бошқа ҳеч ким унга ёрдам бермаслигини тушуниб етади. Бу банданинг иймонини янада мустаҳкамлайди.
Агар Сиздан “Аллоҳга энг яқин бўлган вақтиниз қачон бўлган?” деб сўрасалар сиз “Оила қурганимда”, “фарзандли бўлганимда” ёки “янги ишга кирганимда” деб айтмайсиз. Балки ҳаётингизнинг энг қийин лаҳзаларини, қийинчиликка дуч келганингизда вазиятдан қандай чиқишни билмай қолганингизни, фарзандингиз касал бўлганда, онангиздан айрилганингизда Аллоҳга янада яқин бўлганингизни эслайсиз.
Сиз ҳаётингизнинг ана шундай энг мушкул вазиятларида Аллоҳга ҳар қачонгидан ҳам кўра кўпроқ ёлвориб дуо қилгансиз.
Нега? Чунки фақат Аллоҳ сизни бу қийинчиликлардан қутқариши мумкинлигини билгансиз. Аллоҳдан бошқа ҳеч ким ёрдам бера олмаслигини англаб етгансиз.
Ҳа, айрим бандалар турли синов-мусибатлар сабабли Аллоҳга юзланади, Роббига қайтади.
Яна баъзи бандаларнинг эса Аллоҳ таолога қайтишига гуноҳ амаллар сабаб бўлади. Бу ҳақда Ибн Атоуллоҳ Сакандарий раҳматуллоҳи алайҳи бундай дейдилар: “Гоҳида У Зот сенга тоат эшигини очади ва қабул эшигини очмайди. Гоҳида сенга гуноҳни тақдир қилади ва у (У Зотга) етишишга сабаб бўлади”.
Уламолардан бири айтади: “Банда гуноҳ сабабли жаннатга кириши ва савоб иш туфайли жаҳаннамга тушиши мумкин”, деди. Одамлар таажжубланиб: “Қандай қилиб бундай бўлиши мумкин?” деб сўрашди. Олим уларга: “Банда баъзан гуноҳга қўл уради, кейин ўзига келиб, қилган гуноҳига қаттиқ афсусланади, тинмай афсус-надомат чекади. Охир оқибат унда ўзини паст олиш, синиқлик ва надомат пайдо бўлади. Аввалгидан кўра тоат-ибодатга кўпроқ уринади, ихлос қилади. Натижада бу гуноҳи унинг жаннат сари ҳаракат қилишига сабаб бўлади. Яна бошқа банда бир яхшилик қилиб, кибрга, ужбга, мақтанишга, одамлардан мақтов эшитишга берилади. Айнан шу ҳол унинг ҳалокатига, дўзахга сари етаклайди”.
Даврон НУРМУҲАММАД