Аббосий халифа Ҳорун ар-Рашиднинг Баҳлул доно деган фазилатли зотга ҳурмати баланд эди. Чунки бу дарвеш ҳеч тортинмасдан халифага маслаҳат берарди. Халифа ҳам ҳар доим унинг сўзларига қулоқ осар, насиҳатларига амал қилар эди.
Бир куни нимадир бўлиб халифа қандайдир масала юзасидан янглиш қарор чиқарди. Баҳлул доно ҳазратлари унга бу қарорини ўзгартириш кераклигини айтди. Аммо бу гап халифага малол келиб,
- Сиз айтишингиз керак бўлган гапни айтдингиз, гуноҳ сиздан соқит бўлди. Менинг қилган ишимдан сизга зарар етмайди, Ахир ҳар қўйни ўз оёғидан осади-ку, - деди.
“Ҳар қўйни ўз оёғидан осадилар”, дегани халқ мақоли. Маъноси, ҳар ким қилган гуноҳи учун жазосини ўзи тортади, бировнинг гуноҳи бошқа одамга юкланмайди, деганидир. Бир қарашда бу гап тўғри. Бироқ бошқа жиҳатдан, мўминлар бир-бирларининг ойнасидир, яъни уларнинг бири иккинчисига тўғри маслаҳат бериши Аллоҳ таолонинг амридир.
Шунинг учун Баҳлул доно ҳазратлари халифага эсда қоладиган дарс бермоқ истади. Бир қўйни сўйиб сарой боғидаги кўздан пана жойга оёғидан осиб қўйди.
Бир-икки кун ўтиб боғда бадбўй ҳид таралди. Бу ҳиднинг қаердан чиқаётганини излаган хизматчилар қўйнинг лошини топдилар.
Халифа қўйни ким осиб қўйганини дарров фаҳмлади.
- Баҳлулни топиб келинглар, - деб амр қилди.
Баҳлул доно ҳазратлари келганидан сўнг халифага бундай деди:
- Кўриб турганингиздек, ҳар қўйни ўз оёғидан осади, аммо унинг ҳиди бошқаларни роҳатсиз қилади. Шунга ўхшаб жамиятда баъзи кишиларнинг қилган қилмишлари бошқаларининг тинчини бузади. Хато фасод чиқаради. Шу сабабдан ҳаммамиз бир-биримизга тўғри гапни сўзлашга масъулмиз. Сиз ҳам ўзингизга қарата айтилган ҳақ сўзни қабул этинг.
Халифа уни мукофотлаб, янглиш қароридан воз кечди.
Дамин ЖУМАҚУЛ таржимаси
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Ҳасан розияллоҳу анҳу зироат экинлари экиладиган ерларга эга эди. Бундан ташқари, ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу даврида укаси Ҳусайн розияллоҳу анҳу билан бирга давлатдан йилига беш минг дирҳам маош оларди. Бу миқдордаги маошни фақат Бадр жангида қатнашганларгина олишлари мумкин эди. У киши розияллоҳу анҳу Муовия розияллоҳу анҳунинг даврида йилига юз минг дирҳам маош оладиган бўлди. Кўплаб бой саҳобалар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга бўлган муҳаббатлари туфайли Ҳасан розияллоҳу анҳу ва укаси Ҳусайн розияллоҳу анҳуга катта миқдорда ҳадялар беришарди. Бундан ташқари, баъзи саҳобалар ўлимидан олдин ўзи қолдирган меросдан уларга берилишини васият қилишарди. Масалан, Бадр ва Уҳуд жангларида қатнашган Ислом суворийси Миқдод ибн Амр ибн Саълаба ал-Киндий ўлимидан олдин бойлигидан ўн саккиз минг дирҳамни Ҳасан ва Ҳусайн розияллоҳу анҳумога васият қилади. Бу васият амалга оширилади.
Ҳасан розияллоҳу анҳу кўп марта уйланган саҳобалардан эди. Бироқ у ажрашган аёлларига нисбатан жуда сахий эди. Ана шундай аёли Оиша Ҳасамийяга йигирма минг дирҳам нафақа тўлаган. Яна ажрашган икки хотинига ўн минг дирҳамдан ташқари бошқа мол-мулкларни ҳам нафақа қилиб қўшиб берган. У никоҳига оладиган аёлларига ҳам кўп миқдорда маҳр берарди. Иккита аёлига йигирма минг дирҳамдан, бошқа бир аёлига эса юзта жория ва юз минг дирҳам маҳр берган.
Ҳасан розияллоҳу анҳу бор мол-мулкини икки марта, мол-мулкининг ярмини оёқ кийими ва маҳсиларигача уч марта ҳадя қилган. Ёрдамга муҳтож бир кишига бир юз ўттиз минг дирҳам, бошқа бирига эса юз минг дирҳам садақа қилгани ривоят қилинган. Мадина кўчаларидан ўтиб кетаётган бир йўловчини зарур бўлган улов ва озиқ-овқатлар билан таъминлаган. Эҳтиёжи учун юз минг дирҳам сўраб Аллоҳ таолога дуо қилган кишига ўшанча пул жўнатган. Масжидул Ҳаромнинг четида бир кишининг «Аллоҳим, менга ўн минг дирҳам бер», деганини эшитиб, дарҳол уйига қайтиб бориб, унга шунча пул юборган.
Ҳасан розияллоҳу анҳу ҳаж сафари чоғида ўзи ва укаси Ҳусайн розияллоҳу анҳуни, жияни Абдуллоҳ ибн Жаъфар ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳуни қўй гўшти билан меҳмон қилган бечора аёлни Мадина бозорида кўриб қолиб, унга мингта қўй ва минг тилла бериб юборган.
Маккадан Мадинага сафари чоғида бир одам у кишини ёмғирдан ҳимоялаш учун ўз чодирида меҳмон қилади. Ана шу чодир эгасига чўпонлари билан бирга юзта туя ҳадя қилади.
Яна Ҳасан розияллоҳу анҳу ўзига бир қўй ҳадя қилган қулни қўйлари билан бирга сотиб олиб, уни озод этади ва унга сурувни ҳадя қилади. Шунга ўхшаш яна бир воқеа: итига овқатидан берган қулни ўзи қўриқлаётган боғи билан бирга сотиб олиб, уни озод қилади. Кейин ўша боғни қулнинг ўзига ҳадя қилади.
«Миллионер саҳобалар» китобидан