Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Болаларингизга одоб беринглар ва одобларини чиройли қилинглар” деб марҳамат қилганлар (Имом Муслим ривояти).
Юз йиллар муқаддам Маҳмудхўжа Беҳбудий ҳазратлари: “Тараққий этган миллатларнинг оналари ўқитур экан, биз аввал оналаримизни ўқитиб уларга тил ўргатмоғимиз керак. Чунки бизнинг илм ва тилсизлигимиз улардандир”, дея бонг урган эди.
Бу бонг ҳанузгача ўз жарангида қолмоқда. Миллатимизнинг етук намоёндалари ҳаётига назар ташласак, уларни айнан оналари илмли қилиб тарбиялаганларини кўрамиз: Муқимий онаси Ойшабибидан, Мунавварқори онаси Хосиятхондан, Фитрат онаси Бибижондан, Исоқхон Ибрат онаси Ҳурбибидан тарбия ва илк илм сирларини ўрганган.
Абдулла Авлоний: “Тарбияни кимлар қилув? Қайда қилинур” деган саволга, “Биринчи – уй тарбияси. Бу иш она вазифасидир” дея жавоб берган.
Афсуски, бугунни кунда аксар аёлларимизнинг машғулотлари кийим-кечак, гап-гаштак, қозон-товоқ, меҳмон кутиш, телесериал кўриш, олди-қочди мавзуларга бой газеталар ўқиш, ижтимоий тармоқларга термилиб ўтиришдан нари ўтмайди. Бу ҳолат учун асосан эрлар жавобгарликни бўйинларига олишлари даркор.
Модомики, аёллар фарзанд тарбиясига сўнгги вазифа сифатида қараб ёки уни бошқаларга топшириб масъулиятсизлик кўрсатар экан, миллатимиз шафқатсиз дардга гирифтор бўлиши турган гап. Бола онадан тарбия олмас экан, уни ҳеч бир муаллим тузата олмайди.
Х.Холбоев,
Бекобод тумани Улуғбек жоме масжиди имом-хатиби
ЎМИ Матбуот хизмати
Ҳазрат Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Қуръони каримнинг шарҳловчиси сифатида ҳукм чиқариш ваколатига эга эдилар. Шунга биноан ҳадис ҳукм чиқариш бўйича икки асосий соҳани қамраб олади.
Биринчи соҳа: Қуръони каримда зикр этилган ҳукмларни ёритиб бериш.
Иккинчи соҳа: Қуръони каримда кўрсатилмаган масалаларни ҳукм шаклида белгилаш.
Биринчи соҳада ҳадис Қуръони карим оятларини тафсир қилади. Умумий маънога эга бўлганини хослаштиради, яъни унга хусусий маъно беради, мутлоқ, яъни, қайд ва шартсиз оятларни қайдлайди.
Шу ўринда баъзи бир мисоллар келтириб ўтамиз. Қуръони каримда “Намоз ўқинглар” деб амр қилинган. Лекин намозларнинг сони, сифати, ракъатларининг сони Пайғамбаримиз алайхиссалом томонидан белгиланган ва амалда кўрсатиб берилган. Бу эса мужмал иборани изоҳлаш мисоли.
Умумий мазмунни хос қилиш учун мисол. Қуръони каримда мерос тизими умумий маънода келган. Яъни мерос қолдириш ва мерос олиш ҳуқуқи берилган. Лекин Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам мерос олиш учун дин бирлиги, қотил бўлмаслик ва қул бўлмасликни шарт қилиб қўйиб уни хослаштирганлар. Масалан, ўз отасини ўлдирган ёки ноҳақ йўл билан унинг ўлимига сабаб бўлган фарзанд отасидан мерос олиш хуқуқидан маҳрум бўлади.
Иккинчи соҳа бўйича ҳадисга тегишли масалалар. Зарурат чоғида Қуръони каримда айтилмаган бирон бир янги ҳукмни ҳадис ҳукм қилиб белгилаб беради. Бу ўринда айрим ҳукмлар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан махфий ваҳий ёки илҳом орқали содир бўлган ва баъзилари у зотнинг ижтиҳодлари ва шахсий фикрларидан келиб чиққан. Албатта, Пайғамбаримиз алайҳиссалом ижтиҳод қилишда ҳам ислом руҳи ва фалсафасини назарда тутар эдилар.
Бу ўринда кўп мисоллар бериш мумкин. Масалан, момога меросдан олтидан бир ҳисса бериш, никоҳ битимининг тўғри бўлиши учун гувоҳлар шартлиги, бадан аъзолари хун баҳосини белгилаш каби ҳукмлар киради.
Ислом шариатида ҳадисларнинг ўрни аҳамиятли экани кўриниб турибди. Ҳукмлар фақатгина Қуръони каримнинг ўзидан олинмайди. Қуръони каримда келган кўпгина ҳукмлар тафсилотини билиш учун ҳадислар муҳим аҳамият касб этади. Балки шаръий ҳукмларнинг бир қанчаси ҳадислар орқали келиб чиққан экан.
Ойбек Ҳошимов,
Ҳадис илми мактаби ўқитувчиси.