Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
25 Май, 2025   |   27 Зулқаъда, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:17
Қуёш
04:56
Пешин
12:25
Аср
17:30
Шом
19:47
Хуфтон
21:20
Bismillah
25 Май, 2025, 27 Зулқаъда, 1446

Китоб – миллатнинг маданий ва маънавий мероси

20.09.2018   8321   8 min.
Китоб – миллатнинг маданий ва маънавий мероси

Китобдан яхшироқ дўст йўқ жаҳонда,

Ғамхўринг бўлгай у ғамгин замонда,

У билан қол танҳо, ҳеч бермас озор,

Жонингга юз роҳат беради такрор.

Абдураҳмон ЖОМИЙ        

 

Ислом – илму маърифатга тарғиб қилувчи дин. Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга нозил қилинган дастлабки оятларда илм олишга ундаш маъноси борлигининг ўзи ҳам Ислом илму маърифат дини эканининг ёрқин далилидир: "Ўқинг (эй, Муҳаммад! Бутун борлиқни) яратган зот бўлмиш Раббингиз исми билан!” (Алақ, 1).

Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу бундай деганлар: "Сулаймон ибн Довуд алайҳиссаломга илм, мол-дунё ва подшоҳликдан бирортасини танлашлик. ихтиёри берилганда, у илмни танлади. Натижада, Аллоҳ таоло унга илм билан бирга мол-дунё ва подшоҳликни ҳам қўшиб берди". Зеро, илм – ақл чироғи дейдилар. Илмли кишининг йўли доимо чароғон бўлиб, у ҳамма ерда қадрланади. Бу дунёнинг қоим туриши ҳам олимларнинг илмига боғлиқ экани Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг ҳадисларида баён этилган. Ҳазрати Али розияллоҳу анҳу шундай деганлар: "Илм мол-дунёдан яхшидир, чунки илм сени ножоиз ишларни қилишдан сақлайди. Молни эса ўғирлаб кетмасликлари учун ўзинг қўриқлайсан. Мол-дунё сарф қилинса камаяди, илм эса тарқатиш билан янада зиёда бўлаверади".

Китоб – инсоннинт энг яқин дўсти ва маслаҳатчиси, ақл қайроғи ва билим манбаидир. Китоб фикрлаш қуроли, хазиналар калити, тафаккур манбаи бўлгани учун ҳам халқимиз уни нондай азиз, мўътабар деб ҳисоблаган. Шунинг учун китобта муҳаббат, уни қадрлаш, ўқишга иштиёқ халқимизнинт қон-қонига сингиб кетган. Кишининг маданияти унинг китобида акс этади. Шу маънода, бутунги кунда китоб ўқиш ва унга муносабат бир қадар сусайгандек. Чунки ёшлар кўпроқ кино, видео, телевидение, компьютерга берилиб кетди. Компьютер ҳозирги кунда кўпгина хонадонларга ҳам кириб келган. Исталган янгилигу ахборотларни бу воситалардан хоҳлаганча олиш мумкин. Ачинарлиси, бугун китоб ўқиш  учун вақт сарфлашга ҳожат йўқдек. Аслида ҳеч бир ахборот воситаси, кино ёки видеофильм бадиий асар ўрнини босолмайди. Масалан, "Ўттан кунлар" романи асосида ишланган фильм қанчалик маҳорат билан суратга олинган бўлмасин, китобнинг таъсирини, жозибасини беролмайди. Китобхонлик оиладаги муҳитга ҳам боғлиқ. Маърифатли оилаларда китобга эътибор фарзандлар тарбиясида қўл келади. Инсон ўзининг фикрлаш қобилияти, маънавият дунёси билан тирик. Одамни бошқа мавжудотлардан ажратиб турувчи омиллардан бири ҳам унинг маънавияти ҳисобланади.

Хўш, биз инсонлар маънавий озиқни қаердан оламиз? Албатта, "билимлар манбаи" бўлмиш китобдан. Китоб – бебаҳо бойлик экани барчамизга маълум. Бирорта санъат турини телевидение ва радио, замонавий компьютерлар имконияти ва афзалликларини инкор қилмаган ҳолда айтиш мумкинки, буларнинг ҳеч бири китоб ўрнини боса олмайди. Айниқса, бадиий китоблар ҳар бир кишида инсоний фазилатларини кучайтиради, дунёқарашини кенгайтиради. "Ўзимдаги барча яхши хислатларим учун китобдан миннатдорман", деган эди ўз давридаги алломалардан бири.

Дарҳақиқат, китоб бизнинг дўстимиз ҳисобланади. Лекин афсуски, бугунги кунда орамизда бу бебаҳо-маънавий бойликдан баҳраманд бўлиш ўрнига "Интернет кафе"ларда вақтини беҳуда ўтказаётган ёшлар учраб туради. Авваллари на компьютер, на интернет бўлган. Ота-боболаримиз "Бобурнома", "Ўткан кунлар", "Меҳробдан чаён" сингари бебаҳо асарларни ўқиб улғайган. Хўш бугунчи? Кўпчилик, айниқса, ёшлар интернетни китобдан афзал билишади. Шу ўринда бу замонавий ахборат воситасининг салбий оқибатлари ҳам йўқ эмас. У туфайли бугун китобга бўлган меҳр тобора камайиб боряпти. Унутмайликки, китоб бизнинг энг яхши дўстимиздир. Биз қанча кўп китоб ўқиганимиз сари, тушунчамиз шунча кенгаяди. Афсуски, кўп ёшлар интернетни китобдан устун қўймоқда. Бу эса уларни дангасаликка гирифтор қилмоқда. Китоб бу – офтоб, у – билимлар сарчашмаси. Китобни инсон тафаккурининг қанотларига ўхшатишган. Зеро, тафаккури, фикр доираси кенг маърифатли кишилар жамиятнинт чинакам бойлигидир. Аксинча, ҳаётда рўй бериб турадиган айрим нохушликлар илдизи эса маърифатсизлик, китоб ўқимасликнинг аччиқ меваси. Темирни занг кемирганидек, одамни ҳам маънавиятсизлик мўрт қилади. Маънавият эса инсонга китоб ўқиш орқали юқади. Ҳар қандай янгилик ҳам бир кун эскиради, бироқ инсониятнинг минг-минг йиллар давомида қўлга киритган ақлий ҳамда фикрий дурдоналарини ўзида жамлаган китоб асло эскирмайди.

Бинобарин, китоб ҳамиша илм-маърифат, одоб-ахлоқ манбаи бўлиб келган. Бугунги кунда ёш авлодни миллий қддриятлар руҳда тарбиялашда ҳам китобдан кўра қудратлироқ восита йўқ. Инсон ақлий салоҳиятининг юксалишида китобнинг ўрни беқиёс. Зеро, китоб туфайли дунёқарашимиз бойиб, тафаккуримиз янада ўсиб бораверади. Не-не улуғ зотлар китобга ошно бўлиб, етукликка эришган, комил инсон даражасига етишганлар.

Китоб – инсон маънавияти ва дунёқарашини юксалтирувчи муҳим манбаа ҳисобланади. Китоб ўқиган инсон мулоҳазали, билимли бўлиб, юксак тафаккури ила бошқалардан ўзининг дунёқараши ва фикрлаши билан ажралиб туради. Китоб билан ошно бола яхши инсон бўлиб улғаяди. Шунинг учун ҳам оилада, боғча ва мактабларда болаларнинг китобга меҳрини, адабиётга қизиқишини ошириш ота-оналарнинг, ўқитувчиларнинг вазифаси.

Кўп китоб ўқиган кишининг савияси юқори, муомала маданияти юксак, ҳаётда ўз ўрни бўлади. Бироқ бугунги кунда қанчадан-қанча китоблар, китоб жавонлари ва дўконларида шунчаки кўргазма сифатида турибди. Табиий савол туғилади: Нега шундай? Нима учун китоб ўқимай қўйяпмиз?

Минг афсуски, китоб ўқиш ўрнига қимматли вактини қандайдир бекорчи ҳолатларга, турли кўнгилочар ўйинларга сарфлаётган инсонлар ҳам орамизда оз эмас. Ундайлар фикрлашда, ўзини тутишда ҳам маънавияти юксак эмасликларини намоён этиб кўйишади. Техника асри даврида яшаяпмиз, кундан-кунга техник воситалар тараққийлашиб, уларга бўлган эҳтиёж ортиб бормокда. Хусусан, қўл телефонлари, турли интернет тизимини бунга мисол қилишимиз мумкин. Тўғри, Юртимизда ёшларга кеиг имкониятлар яратиб берилмоқда. Чунки миллатимиз шаънини, миллий ғуруримизни юксалтирувчи бу – ёшлар. Шу боис, турли миллат ва элатларнинг ёшлари каби ўзбек ёшлари ҳам дунё билан мулоқотда бўлиши керак. Бунга ҳеч қандай тўсиқ йўқ. Лекин айрим ёшлар берилган имкониятлардан унумли фойдаланиш ўрнига, интернетдаги кўнгилочар ўйинлар, танишувлар, ёшлар онгини заҳарловчи сайтларга кириб, у ердаги маълумотлар билан танишмоқдалар. Бунинг оқибатида уларнинг дунёқараши бир томонлама бўлиб қолмоқда.

Ўтмишда буюк шоир ва ёзувчиларимиз, олимларимиз китобга шу қадар меҳр қўйган эдиларки, ҳатто тунлари шам ёруғида китоб мутолаа қилганлар. Сўз мулкининг султони Навоий ҳазратлари 4 ёшида Фаридуддин Атторнинг "Мантиқ ут-тайр" асарини ёд олган, буюк муҳаддисимиз Имом ал-Бухорий ҳазратлари эса олти мингдан зиёд ҳадисни ёд билган. Аммо у даврларда бизга яратиб берилаётган имкониятларнинг бир қисми ҳам бўлмаган. Лекин улар ўз мақсадлари сари интилиб, юксак маънавият соҳибига айланишган. Демак, биз учун берилаётган имкониятдан унумли фойдаланиш ҳар биримизнинг ўзимизга боғлиқ. Тўқликка шўхлик эса ўзбек миллатининг ёшларига хос сифат эмас. Аслини олганда, айрим ёшларимиз бундай лоқайдликдан йироқ. Улар ўзларининг ҳур фикрлиги ва юксак маънавияти билан ажралиб туради. Бироқ гуруч кўрмаксиз бўлмагани каби инсонлар орасида ҳам маънавий қашшоқ кишилар йўқ эмас. Бундайларнинг лоқайдликлари натижасида "енгил ҳаёт" ихлосмандлари сафи ортиб бормоқда. Оқибатда китоб ўкиш унутилмоқда. Маънавияти саёз, китоб ўқимайдиган инсонлар оиласида тарбия топаётган фарзандлар келажакда баркамол шахс бўлиб улғаймайди.

Шу боис, ҳар бир инсон билимлар калити бўлмиш  китоб билан дўст бўлмоғи лозим.

Атоқли адибимиз Ойбек таърифича, китоб – тафаккурнинг толмас қаноти. Шу маънода айтиш мумкинки, китоб – инсоннинг қалб гавҳари, тафаккур хазинасидир. Биз шунга эришишимиз керакки, фарзандларимиз учун китоб энг бебаҳо совға бўлсин. Шундагина фарзандларимиз биз орзу қилгандек, маънавий етук, теран фикрлай оладиган, катта ва кичикка меҳрибон, Ватанига содиқ, инсофли, диёнатли ва олижаноб инсонлар бўлиб камол топадилар.

 

Одилжон НАРЗУЛЛАЕВ,

Зангиота тумани “Имоми Аъзам” жоме масжиди имом-хатиби

Мақолалар
Бошқа мақолалар

Нима учун жума куни қайғуларингиз камаяди?

22.11.2024   6569   3 min.
Нима учун жума куни қайғуларингиз камаяди?

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Бир қиз айтади:

«Худонинг берган куни ҳали у тарафдан, ҳали бу тарафдан мени ғам-ташвишлар сиқувга олади. Лекин жума куни кайфиятим бошқача бўлади, қайғуларим камайиб, хурсандчилигим ортади. Сизларга бунинг сирини айтиб бераман.

 

Авс ибн Авс розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай дедилар: «Энг афзал кунлардан бири – жума кунидир. Одам алайҳиссалом шу куни яратилган, руҳи ҳам шу куни қабз қилинган. Сурга шу куни пуфланади. Даҳшатли қичқириқ ҳам шу куни бўлади. Бу кунда менга кўп салавот айтинглар, чунки салавотларингиз менга кўрсатиб турилади». Саҳобалар «Ё Аллоҳнинг Расули, сиз тупроққа қоришиб кетган бўлсангиз, қандай қилиб салавотларимиз сизга кўрсатилади?» дедилар. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ азза ва жалла анбиёларнинг жасадини тупроққа ҳаром қилган», дедилар (Абу Довуд, Насоий ривояти).


Мана шу муборак ҳадисни эшитганимда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мени қандай қилиб таниб олишларини ўйладим. Ҳар жума куни айтган салавотларим у зотга етказиб турилар экан. Расулуллоҳ мени умуман салавот айтмаган ёки жуда кам салавот айтган ҳолимда таниб қолсалар-чи? Буни ўйлаб, ўзимдан ҳам, Расулуллоҳдан ҳам жуда уялиб кетдим. Қиёмат куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мени таниб олсинлар, у зотга кўп салавот айтганим учун шафоат қилсинлар деб умид қилиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга кўп-кўп салавот айтадиган бўлдим. Ҳар жума куни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга кўпроқ салавот айтишни одат қилдим.

Шундан кейин салавот айтиб бўлишим билан улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга кўрсатилаётганини ўйлаб, жума кунини чинакамига севиб қолдим. Жума куни айтган салавотларим Расулуллоҳга кўрсатилгани учун бу кунни интиқлик билан кутадиган бўлдим. Жума куни тонгда бомдод намозини ўқиб бўлгач, қалбим шодликдан энтикиб кетадиган бўлди, чунки шу кунги салавотларим суюкли Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга кўрсатилади! Иншааллоҳ, мен бу борада биринчилардан бўламан!

Салавотнинг бундан бошқа фойдалари ҳам билина бошлади. Жума куни уйимиз янада сокин, файзли бўлиб қолади, муаммо ва ташвишлардан холи бўлиб кетади. Шу куни онам билан бир-биримизга янада меҳрибон, илтифотли бўлиб қоламиз. Буларнинг барчаси, албатта, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга айтган салавотларимизнинг шарофатидир. Ҳатто узрли пайтимда бошқа кунларни руҳан сиқилиб ўтказсам ҳам, жума куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга кўп салавот айтганим учун қийинчиликлар йўқ бўлиб кетади. Мен бу ҳолатни тахминан етти йилдан бери кузатиб келаман. Ҳозирда эса жума кунлари ўзгача бахт, ўзгача тетиклик ҳис қиламан. Аллоҳ таоло барча муслима қизларни жума кунлари ҳам, бошқа кунларда ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга салавот айтиш ҳаловати билан сийласин!»

Абдуллоҳ Абдулмуътий, Ҳуда Саъид Баҳлулнинг
“Қулоғим сенда қизим” китобидан Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Абдулҳамид Умаралиев таржимаси.