Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Муоз (розияллоҳу анҳу)ни Яманга юбораётганларида: “Мазлумнинг дуосидан эҳтиёт бўл. Зеро, унинг дуоси билан Аллоҳнинг орасида парда-тўсик йўкдир”, дедилар (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти).
Саудия Арабистонининг Жидда шаҳрининг чорраҳалардан бирида кичик юк машинаси билан енгил автомашина тўқнашиб кетди. Юк машина ҳайдовчиси суданлик, енгил машина эгаси саудиялик бўлиб, тўқнашув натижасида иккала машинага ҳам жиддий даражада зарар етмади.
Саудиялик жаҳл билан машинасидан тушиб, тўқнашув унинг хатоси натижасида бўлганига қарамай, суданликни ҳақоратлаб, олдига борди-да, юзига тарсаки тортиб юборди. Зарбанинг кучидан суданлик ҳайдовчининг кўзи чиқиб кетишига бир бахя қолди. Лекин у “Аллоҳ таоло сенга кифоя қилсин. Ишимни унга топширдим. Сенинг ҳаққингда хато қилган бўлсам, Аллоҳ таолонинг Ўзи мени ҳисоб-китоб қилсин. Агар менга зулм қилган бўлсанг, Аллоҳ таоло сендан кечиктирмасдан, тезлик билан ўч олсин”, дея олди, холос.
Суданлик киши воқеанинг давомини ҳикоя қилади: “У ердан кетдим. Ичимда бир олов ёнар, қайта-қайта “Ҳасбияллоҳ, ҳасбияллоҳ (Аллоҳ таоло менга кифоя қилади)” деб айтардим.
Бир неча кун ўтгач мол бозорига бориб, машинамни бир четга қўйдим. Шу пайт, юзимга тарсаки туширган киши олдимга югуриб келиб, “Мени танияпсанми?” деди. Мен яна ўша кунгидек “У ишни ҳузурида ҳақлар зое бўлмайдиган Зот (Аллоҳ)га топширганман”, деб жавоб бердим.
Шу вақт унинг кўзларига ёш келди:
– “Қанийди ўшанда устимдан арз қилганингда ёки мени уриб қасосингни олганингда...
Сен ишингни топширган Зот ўша воқеанинг эртасигаёқ мендан қасос олди. Автоҳалокатга учрадим, икки фарзандим ҳалок бўлди...
Ўн беш кундан бери кўчаларни кезиб, кечирим сўраш, розилигингни олиш учун сени қидираман. Мусибатларга сабр қилдим, уларни зулмим учун дунёда берилган жазо деб билдим. Лекин аниқ ишонаманки, охиратдаги ҳисоб-китобдан қочиб қутулиб бўлмайди. Сендан ўтиниб сўрайман: “Мендан қасосингни ол, хоҳлаган ишингни қил, лекин мени кечир!”.
Унинг оғир аҳволда, йиғлаётганини кўриб раҳмим келди. Унга:
– “Кечиримли киши ҳурматга сазовордир. Аллоҳ таоло сени кечирсин, гуноҳларингни мағфират қилсин”, дедим.
У кетди. Олдимдан узоқлашар экан, қайта-қайта “Аллоҳ таолога қасамки, бундан кейин ҳеч кимга зулм қилмайман!” деб айтарди.
Мазлумнинг дуосидан эҳтиёт бўлинг. Одамларга озор бериб, “Табиатан шундай одамман”, деб ўзингизни оқламанг. Жим турган ҳар қандай киши жавоб қайтаришдан ожиз эмас. Шундай кишилар бўладики, қалби оғриётгани, агар гапирса, бу оғриқ янада кучайиб кетиши туфайли жим туради. Шундайлар бўладики, гапирган гапи фойда бермаслигини билгани учун ҳам сукут сақлайди. Яна шундай одамлар бўладики, бошқаларга зарар етказмаслик учун ғазабини ютади.
Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай деганлар: «Мазлумнинг дуосидан сақланинглар. Зеро, у булутга кўтарилади. Аллоҳ: “Иззатим ва улуғлигимга қасамки, гарчи озгинадан кейин бўлса-да сенга, албатта, ёрдам бераман”, дейди» (Имом Таброний ривояти).
Билмаганларга билдирганлар ва унутганларга эслатганларга Ўзи ёрдамчи, ҳимоячи ва кўмакчи бўлсин! Аллоҳ таоло барчамизни мазкур воқеадан ибрат оладиган ва ёмон амаллардан сақланадиганлардан қилсин.
Баҳодир МУҲАММАД,
“Кулол-қўрғон” жоме масжиди имом ноиби
Улуғ устозларнинг ибратли ҳаёт йўллари, солиҳ амаллари, гўзал хислатлари барчамизга ўрнакдир. Ана шундай етук олимлардан бири Шайх Дўстмуҳаммад домла Турсундир. У киши 1938 йили Қашқадарё вилоятининг Деҳқонобод туманида туғилган. Домла дастлабки таълимни бобоси мулла Абдуллоҳ Охундан, сўнгра замонасининг етук уламолари муфтий Равшан ҳазрат, Маҳмуд домла, тошкентлик Лазгин домла, Душанбе шаҳар қозиси Абдурашид домла, Абдуллоҳ охундлардан Қуръон, тафсир, ҳадис, фиқҳ, ақида имларини олган.
Шайх Дўстмуҳаммад домла аллома Мавлавий Ҳиндистонийдан сабоқ олган. Шунингдек, Нақшбандия тариқати шайхи Ҳазрати Муҳаммад Шариф Ҳисорий, Шайх Абдуссалом Ғилоний, Ҳожи Муқимхон Эшон Ургутий, Абдусаломхон эшон, Шайх Миён Бўритош Нақшбандий, Шайх Аҳмаджон Махдум, Шайх Абдулҳай, Зиёвуддин Бобохон каби улуғ устозлардан иршод олиб, муршиди комил даражасига етган.
Дўстмуҳаммад домла илм олиш билан бирга уни халққа етказиш, маърифат тарқатишда ҳам фаол бўлган. Буюк фақих фаолияти давомида Денов шаҳридаги “Саййид ота” мадрасасида мударрислик қилиб, талабаларга фиқҳдан таълим берган. Шу билан бирга у киши олимларни эъзозлаган ва шогирдларини ҳам шунга тарғиб қилган. Давраларда бирор кишининг хатосини гапирмаган. Ҳаммани яхшилик билан тилга олар, динга, элга, бирдамликда хизмат қилиш кераклигини таъкидлаган. Янги диний адабиётлардан ҳар доим хабардор эди. Давраларда ҳамсуҳбатларини яхшиликка, китобхонликка чорлаган.
Бундан ташқари, Шайх Дўстмуҳаммад домла Шўрчи туманидаги “Домла Қосим” масжидининг бунёд этилишида ҳам ташаббускорлик кўрсатган ва кўп йиллар ушбу масжидга имом бўлган.
Дўстмуҳаммад домла замондош уламолар билан яқин алоқада бўлиб, улар билан суҳбатлар қилган. Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари ҳам у кишининг фиқҳий масалаларда етук уламо бўлганини эътироф этган.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Фароизни ўрганинглар ва уни одамларга ўргатинглар, у илмнинг ярмидир, у унутилади, у менинг умматимдан биринчи суғуриб олинадиган нарсадир” (Имом ибн Можа ривояти), деганлар.
Дўстмуҳаммад Турсун домла, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганларидек, уммат орасидан илк бор кўтарилиб кетаётган фароиз, яъни мерос тақсимоти масаласида биринчилардан бўлиб ўзбек тилида 17 бобдан иборат “Мерос рисоласи” асарини ёзган. Китобда марҳумнинг мол-дунёси нималарга сарфланиши ва ундан кимлар мерос олиши оят ва ҳадислар асосида баён қилинган.
Инсонларни бир-бирларига нисбатан меҳр-муҳаббатли бўлишга ташвиқ қилган, ёшларни ҳамма вақт замона фитналарига аралашиб қолмасликларини тайинлаган. Динимиз ривожида домланинг саъй-ҳаракатлари самарасиз кетмади. Ўзидан кўплаб китоблар ва қўлёзмалар мерос қолдирди. Шайхнинг шогирдлари бугунги кунда ҳам домла бошлаб берган илм йўлини давом эттирмоқда.
Шайх Дўстмуҳаммад домла 2013 йилда оламдан ўтиб, Шўрчи туманидаги “Ҳошимхон эшонбобо” қабристонига дафн этилган. Айни кунда Музработ туманида у кишининг номи билан “Дўстмуҳаммад бобо” жоме масжиди фаолият юритмоқда.
Аллоҳ таоло домлани раҳматига олсин!
Акбар ШУКУРОВ,
Музработ тумани “Дўстмуҳаммад бобо”
жоме масжиди имом ноиби