Инсон табиати – қизиқ. Баъзан бандалигига бориб, бировдан эшитган нарсасига дарҳол ишонади-қолади. Уни суриштириб кўришни, тўғри ёки нотўғрилигини ўйлаб ҳам ўтирмайди. Айниқса, бугунги кунда ижтимоий тармоқлар орқали тарқатилаётган нохолис ахборотлар, турли уйдирма ва бўҳтонлар, миш-мишлар ғийбатчиларнинг тегирмонига сув қуяётгани кундай равшан.
Мусулмон киши бирор масала чиқса: «Фалончи нима дебди, писмадончи-чи?» деб эмас, балки Аллоҳ таоло ва Унинг Расули (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтганларини ўзига ҳужжат қилади.
Бежизга Сўфи Оллоёр бобомиз:
Дема, тутдим фалон бузрук ишини,
Кўра қўйма набийнинг қилмишини», демаганлар. Шу боис бирор нарсани эшитсак, ўқисак ёки кўрсак, аввало, доимий ва асосий манбаимиз – Қуръони карим ва ҳадиси шарифларга мурожаат қилишимиз керак. Бу муқаддас ва муборак манбалар, мана, 15 асрадн бери инсониятга маънавий, руҳий маёқ бўлиб келмоқда.
Аллоҳ таоло Қуръони каримда: «Эй мўминлар! Агар сизларга бирор фосиқ кимса хабар келтирса, сизлар (ҳақиқий аҳволни) билмаган ҳолингизда бирор қавмга азият етказиб қўйиб, (кейин) қилган ишларингизга пушаймон бўлмаслигингиз учун (у хабарни) аниқлаб (текшириб) кўрингиз!» (Ҳужурот сураси, 6-оят).
Муғира ибн Шуъба (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ таоло оналарингизга оқ бўлишни, қизларни тириклайин ерга кўмишни ҳаром қилиб, мумсик (закот ва ушр каби зиммага вожиб бўлган нарсаларда бахил) бўлиш ва тама(олишга ҳақли бўлмаган нарсани талаб)қилишдан қайтарди. Шунингдек, миш-миш гаплар тарқатиш, кўп савол бериш ва мол-дунёни беҳуда сарф қилиш каби ишларни ёмон кўради”, дедилар(Имом Бухорий ривояти).
Бошқа бир ҳадисда эса: “Эшитган нарсасини гапиравериши, кишининиг гуноҳкор бўлишига кифоя”(Имом Муслим ривояти), дейилган.
Жамиятда ғийбат, бўҳтон, ёлғончилик каби иллатларнинг илдиз отиши ишончсизлик, ҳатто адоват ва нафратни юзага келтириши мумкин. Тўғрилигига аниқ ишонмай туриб миш-миш тарқатиш бўҳтон саналади.
Шу кунларда Фейсбук ижтимоий тармоғи ғийбатхонага, фитналар инига айланиб қолди. Ким нимадир эшитса, текширмасдан, ўзича талқин қилиб тарқатиб юборяпти.
Юртимизнинг кўзга кўринган уламолари ҳақида болалаётган миш-мишлар кишини ташвишга солади. Ахир, шу миш-мишларни тарқатаётганлар ҳам мўмин-ку, мусулмон-ку! Улар ақалли, бир марта бўлса-да, йўли тушиб, ғийбат қилинаётган, миш-миш тарқатилаётган ўша имомлар, уламолар ортида туриб намоз ўқигандир.
Ваҳоланки, Қуръони каримда: «(Эй инсон!) Ўзинг (аниқ) билмаган нарсага эргашма! Чунки қулоқ, кўз, дилнинг ҳар бири тўғрисида (ҳар бир инсон) масъул бўлур (жавоб берур)» (Исро сураси, 36-оят), дейилган.
Инсон ўзи аниқ билмаган ва ишонч ҳосил қилмаган нарса кетидан қувиб, аниқ эшитмаган, кўрмаган нарсаларни гапириш, тарқатишнинг оқибати жуда хатарли.
Бировнинг обрўсига путур етказиш – катта гуноҳ.
Ижтимоий тармоқларга муккасидан кетиш оқибатида намоз, зикр, силаи раҳм, қўшнига яхшилик қилиш, фарзанд тарбияси, ота-онага яхшилик қилиш, устозлар, беморлар ҳолидан хабар олиш, жанозада қатнашиш каби муҳим ибодат ва вазифалар унутилади.
Шу билан бирга, уламолар, имомларни яқиндан танимаган, улар ҳақида аниқ маълумотга эга бўлмаган кишилар айрим нокасларнинг таъсирига тушиб қолиб, улкан гуноҳ – ғийбат балосига мубтало бўлмоқдалар.
Хулоса қилиб айтганда, динимиз тилни фақат яхшилик йўлида ишлатиш, ёмон сўзлардан тийилиш, эзгу нарсалар ҳақида фикр юритишни буюради. Зеро, сўзлаш ва тафаккур қилишда эҳтиёт бўлишимиз, ҳар бир сўзимиз фойда ёки зараримизга ҳужжат бўлишини унутмаслигимиз лозим. Зотан, Каломи Мажидда:«У бирор сўзни талаффуз қилса, албатта, унинг олдида ҳозиру нозир бўлган бир кузатувчи (сўзни ёзиб олувчи фаришта) бордир», дея марҳамат қилинган. Шуни унутмасак бўлгани.
Толибжон НИЗОМОВ
Абдурраззоқ Санъоний айтади: Али ибн Ҳусайн розияллоҳу анҳум намоз учун таҳорат қилаётган эди. Шу пайт сув қуйиб турган жория қўлидан обдаста тушиб кетиб, унинг юзига озгина шикаст етказди. Али ибн Ҳусайн бошини кўтариб, жорияга қаради. Жория вазиятни юмшатиш мақсадида Қуръони карим оятларидан ўқиди: “... Ғазабларини ютадиган...” (Оли Имрон сураси, 134-оят). Али ибн Ҳусайн розияллоҳу анҳум жимгина жавоб берди: “Ғазабимни босдим”.
Жория оятнинг давомини ўқиди: “...одамлар-ни (хато ва камчиликларини) афв этадиганлардир...”.
У киши деди: “Мен сени афв этдим”.
Жория оятнинг охирини ўқиди: “Аллоҳ эзгулик қилувчиларни севар”.
Али ибн Ҳусайн розияллоҳу анҳум деди: “Бор, сен Аллох йўлида озодсан”.
Абдуллоҳ ибн Ато айтади: “Али ибн Ҳусайннинг бир ғуломи (қули) хатога йўл қўйди ва жазога лойиқ бўлди. Али ибн Ҳусайн қамчини олди. Сўнг у зот бундай оятни ўқиди: “(Эй Муҳаммад!) Имон келтирган кишиларга айтинг, улар Аллоҳ кунлари (қиёмат)дан умид қилмайдиган кимсаларни кечириб юбораверсинлар! Шунда (у сабрли) кишиларни қилган ишлари (кечиришлари) сабабли мукофотлагай!” (Жосия сураси, 14-оят).
Қул эса деди: “Мен бундай эмасман, мен Аллоҳнинг раҳматидан умидворман ва унинг азобидан қўрқаман”.
Али ибн Ҳусайн розияллоҳу анҳум қамчини ташлаб юборди ва деди: “Сен Аллоҳ йўлида озодсан”.
Мусо ибн Довуд айтади: Али ибн Ҳусайн хизматкорини икки марта чакирди, у жавоб бермади. Учинчи марта чақиргач жавоб қилди. Али ибн Ҳусайн унга деди: “Эй ўғлим, овозимни эшитмадингми?”.
Хизматкор: “Эшитдим”, деди.
Али ибн Ҳусайн сўради: “Нега жавоб бермадинг?”.
Хизматкор: “Сизнинг шафқатингизга ишондим”, деди.
Абдулғофир ибн Қосим айтади: Али ибн Ҳусайн масжиддан чиқиб кетаётган эди. Бир одам келиб уни ҳақорат қилди. Шунда Алининг хизматкор ва қуллари унга ташланишди.
Али ибн Ҳусайн уларни тўхтатди ва бундай деди: “Бас қилинглар, унинг ҳолатига қаранглар”.
Сўнгра ўша одамга деди: “Бизда сиз билмаган яна кўп нарсалар бор. Агар сизга ёрдам керак бўлса, айтинг, ёрдам берайлик”. Ўша одам хатосини англаб, уялди ва ортига қайтди.
Али ибн Ҳусайн уни ёнига чақириб, ўзи кийиб турган чакмонини елкасига ташлади ва минг дирҳам пул бердирди.
Абу Яъқуб Музаний дейди: Ҳасан ибн Ҳасан билан Али ибн Ҳусайн ўртасида бир оз нохушлик бўлиб қолди. Ҳасан бир куни масжидда Али ибн Ҳусайннинг ёнига келди, уни турли сўзлар билан ҳақорат қилди. Али ибн Ҳусайн эса унга бир оғиз ҳам жавоб қайтармади.
Сўнгра Ҳасан чиқиб кетди. Кечаси у алининг уйига борди ва эшигини қоқди. Али ибн Ҳусайн эшикни очиб чиқди. Ҳасан унга:
- Эй ака, агар сиз ҳақиқатан ҳам мен айтганларимдек бўлсангиз, Аллоҳ мени мағфират қилсин. Агар мен ёлғончи бўлсам, Аллох сизни мағфират қилсин, деди ва кетди.
Али ибн Ҳусайн ортидан бориб, етиб олди ва уни оғушига олди. Иккови йиғлаб юборишди. Шунда Ҳасан:
- Қасамки, энди сиз хафа бўладиган бирон иш қилмайман, - деди.
Али эса унга: - Сен ҳам менга айтган сўзла ринг учун ҳалолликдасан,- деди.
Ибн Аби Дунё ривоят қилади: Али ибн Ҳусайннинг хизматкори шошган ҳолда ошхонадан темир печни олиб келаётган эди. Кутилмаганда темир печ тушиб кетди кетди ва нариги томондан пастга тушиб келаётган Али ибн Ҳусайн ўғлининг бошига тегиб, жароҳат етказди. Оқибатда у ҳалок бўлди. Меҳмонлар билан суҳбатлашиб ўтирган Али ибн Ҳусайн ўрнидан сакраб туриб, хизматкорга деди: “Сен озодсан. Бу ишни қасддан қилмаганингни биламан”. Сўнгра Али ибн Ҳусайн маййитни дафн этиш тадоригини кўрди.
Шайх Маҳмуд МИСРИЙнинг “Солиҳ ва солиҳалар ҳаётларидан қиссалар”
номли асаридан Илёсхон АҲМЕДОВ таржимаси.