Башарият тамаддунида унинг ҳаётига хавф солган иллатлар кўп бўлган. Афсуски, бугун жамиятимизга етарлича ташвиш солишга интилаётган қора кучларнинг манфур қилмишларидан бири бу –экстремизм балосидир. Ёмон томони бу бало қисқа фурсатда турлича қиёфага эга бўлди. Ҳозирда экстремизмнинг халқаро кўринишдаги нусхаси бутун бошли миллатлар ва халқлар орасидаги нифоқ уруғини сепади. Энг буюк қадриятларимиз, иймон-эътиқод ва тафаккур илдизига болта урмоқчи бўляпти. Бу залолатга қарши туриш учун эса аввало инсонларнинг қалб кўзи очиқ, маънавий билимлари мукаммал бўлиши лозим.
Айни имконият кишиларни экстремизм балосига қарши куришишида иммунитет вазифасини ўтайди. Муҳим жиҳати шуки, эндиликда мамлакатимизда ушбу ҳолатга қарши курашишнинг қонуний асоси ишлаб чиқилди. Ўзбекистон Республикаси Олий мажлиси Қонунчилик палатаси томонидан 2018 йил 12 июнда қабул қилинган ва Сенат томонидан 2018 йил 28 июнда маъқулланган “Экстремизмга қарши курашиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Ресупбликаси Қонуни 5 та боб ва 24 та моддадан иборат бўлиб унда экстремизмга оид асосий тушунчалар хусусида шундай дейилади: экстремизм –ижтимоий-сиёсий вазиятни беқарорлаштиришга, Ўзбекистон Республикасининг конституциявий тузумини зўрлик билан ўзгартиришга, ҳокимиятни зўрлик ишлатиб эгаллашга ва унинг ваколатларини ўзлаштириб олишга, миллий, ирқий, этник ёки диний адоват қўзғатишга қаратилган ҳаракатларнинг ашаддий шакллари ифодаcи дея эътироф этилган.
Шунингдек қонунда экстремизмни молиялаштириш, экстремистик гуруҳ, экстремистик материал, экстремистик ташкилот каби тушунчаларга ҳам мос таъриф берилган. Ушбу ҳужжатга кўра мамлакатимизда экстремизмга қарши курашиш бўйича фаолиятни амалга оширувчи давлат органлари сирасига Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти каби тизимлар киритилган.
Бу билан юртдошларимиз масъулиятини ўз зиммасидан соқит қилиши керак эмас. Негаки, экстремизмга қарши кураш нафақат ваколатли органлар, балки ҳар бир фуқаронинг асосий вазифаси саналади. Негаки, инсоният бошига турли ташвиш солаётган энг ёмон иллатлардан саналган экстремизм балоси билан ниқобланган разил ва манфур кимсаларнинг одамийликка хос бўлмаган қилмишлари нафақат оилалар, балки айрим давлатлар, сиз билан бизнинг келажагимиз учун жиддий хавф саналади. Хусусан, жаннатмонанд юртимизнинг қулай геосиёсий ҳудудда жойлашганлиги, табиий бойликлари, қулай иқлими ва бетакрор табиатига кўз тиккан қора кучлар йўқ эмас. Шундай экан, ҳаммамиз бу йўлда собит ва хушёр бўлайлик.
Абдулаҳад қори ТОЖИБОЕВ,
Бўз тумани бош имом-хатиби
Унутмангки, Аллоҳ таоло Ўзига юзланишингиз учун сизни турли мусибатлар билан синайди. Баъзан Аллоҳдан имтиҳонлардан муваффақиятли ўтишни ёки солиҳа жуфт ҳалол ё яна бошқа нарсаларни сўраб ой ва йиллар давомида дуо қиласиз. Аммо дуоингиз ижобат бўлмаётганидан ташвишга туша бошлайсиз.
“Нега Аллоҳ дуоларимни қабул қилмаяпти?” деган саволлар ҳаёлингизда тинмай айланади. Аммо Аллоҳ сизга қанча неъматларини тайёрлаб қўйганини билмайсиз! Сиз банда эканингизни эътироф этиб, ноумид бўлмай Аллоҳдан қанча кўп сўрасангиз, қалбингиз шунча юмшайди. Тобора Аллоҳга муҳтож эканингизни тушунасиз. Аслида, ҳар бир олган ва чиқарган нафасимиз Аллоҳнинг бизга берган чексиз неъматидир.
Аллоҳнинг юборган синовлари сабабли банда ожизлигини англаш билан бирга, Аллоҳдан бошқа ҳеч ким унга ёрдам бермаслигини тушуниб етади. Бу банданинг иймонини янада мустаҳкамлайди.
Агар Сиздан “Аллоҳга энг яқин бўлган вақтиниз қачон бўлган?” деб сўрасалар сиз “Оила қурганимда”, “фарзандли бўлганимда” ёки “янги ишга кирганимда” деб айтмайсиз. Балки ҳаётингизнинг энг қийин лаҳзаларини, қийинчиликка дуч келганингизда вазиятдан қандай чиқишни билмай қолганингизни, фарзандингиз касал бўлганда, онангиздан айрилганингизда Аллоҳга янада яқин бўлганингизни эслайсиз.
Сиз ҳаётингизнинг ана шундай энг мушкул вазиятларида Аллоҳга ҳар қачонгидан ҳам кўра кўпроқ ёлвориб дуо қилгансиз.
Нега? Чунки фақат Аллоҳ сизни бу қийинчиликлардан қутқариши мумкинлигини билгансиз. Аллоҳдан бошқа ҳеч ким ёрдам бера олмаслигини англаб етгансиз.
Ҳа, айрим бандалар турли синов-мусибатлар сабабли Аллоҳга юзланади, Роббига қайтади.
Яна баъзи бандаларнинг эса Аллоҳ таолога қайтишига гуноҳ амаллар сабаб бўлади. Бу ҳақда Ибн Атоуллоҳ Сакандарий раҳматуллоҳи алайҳи бундай дейдилар: “Гоҳида У Зот сенга тоат эшигини очади ва қабул эшигини очмайди. Гоҳида сенга гуноҳни тақдир қилади ва у (У Зотга) етишишга сабаб бўлади”.
Уламолардан бири айтади: “Банда гуноҳ сабабли жаннатга кириши ва савоб иш туфайли жаҳаннамга тушиши мумкин”, деди. Одамлар таажжубланиб: “Қандай қилиб бундай бўлиши мумкин?” деб сўрашди. Олим уларга: “Банда баъзан гуноҳга қўл уради, кейин ўзига келиб, қилган гуноҳига қаттиқ афсусланади, тинмай афсус-надомат чекади. Охир оқибат унда ўзини паст олиш, синиқлик ва надомат пайдо бўлади. Аввалгидан кўра тоат-ибодатга кўпроқ уринади, ихлос қилади. Натижада бу гуноҳи унинг жаннат сари ҳаракат қилишига сабаб бўлади. Яна бошқа банда бир яхшилик қилиб, кибрга, ужбга, мақтанишга, одамлардан мақтов эшитишга берилади. Айнан шу ҳол унинг ҳалокатига, дўзахга сари етаклайди”.
Даврон НУРМУҲАММАД