Бир камбағал деҳқон тўплаган пулларига эшак сотиб олади. Уни боғлаб қўяй деса арқон топа олмайди. Қўшнисини эшигини таққилатади. Қўшни чиқиб:
-Менда ҳам арқон йўқ эди. Бироқ бир маслаҳат бераман, деди.
-Майли, айтинг.
-Эшагингизни бўйнидан қўлингизни ўтказиб боғлагандек ҳаракат қилинг. Шунда у ҳеч қаерга силжимайди. Деҳқон қўшни айтгандек қилди. Эртасига чиқиб қараса эшак жойида турган эмиш. Уни миниб, ишига бормоқчи эди. Эшакни жойидан бир қадам ҳам силжита олмади. Қанча ҳвракат қилди, лекин фойдаси бўлмади. Яна қўшнисини ёргамга чорлади. Қўшнига бўлган ишларни айтиб берди. Қўшни деди:
-Боғлаган арқонингни ечдингми?
-Нима боғлабманки уни ечсам. У ерда ҳеч нарса йўқ-ку боғланган?!
-Сенингча йўқ. Аммо у бор деб ўйламоқда. Деҳқон бориб кўринмас арқонни ечган эди, эшак юра бошлади.
Хулоса
Одамлар одатларга шундай кўринмас арқон билан боғлангандир.
muslimun.uz
Ҳ. Сулаймонов
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Абу Саид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким: «Розийту биллаҳи Роббан ва бил Ислами дийнан ва би Муҳаммадин соллаллоҳу алайҳи васаллама Росула», деса, унга жаннат вожиб бўлади», дедилар (Абу Довуд ривояти).
Маъноси: Аллоҳни Роббим деб, Исломни диним деб, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни расул деб рози бўлдим.
* * *
Абу Дардо розияллоҳу анҳу айтадилар: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Роббингиз ҳузурида амалларнинг яхшиси, даражангизни баланд қилувчиси, пул ва олтинларни инфоқ қилишдан афзалроқ бўлган ва душманингизга йўлиқиб, унинг бўйнига қилич уришдан ҳам яхши нарсани айтайми?» дедилар. Саҳобалар: «Айтинг», дейишди. Шунда Расулуллоҳ: «Аллоҳни зикр қилиш», дедилар (Термизий ва Ибн Можа ривояти).
* * *
Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: «Исро кечаси Иброҳим алайҳиссаломга йўлиқдим. У зот: «Эй Муҳаммад, умматингизга мендан салом айтинг ва жаннатнинг тупроғи пок, суви ширин ва ўзи текис, ўсимлиги «Субҳаналлоҳи валҳамду лиллаҳи ва лаа илаҳа иллаллоҳу валлоҳу акбар» эканини уларга хабар беринг», дедилар» (Термизий ривояти).
* * *
Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Кимки: «Субҳаналлоҳи ва биҳамдиҳи», деса, у учун жаннатда бир хурмо экилади», дедилар (Термизий ривояти).
* * *
Абу Зарр розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан: «Каломларнинг қайси бири Аллоҳ таолога маҳбуброқ?» деб сўрадилар. У зот: «Аллоҳ фаришталарига ихтиёр қилган «Субҳана Робби ва биҳамдиҳи, субҳана Робби ва биҳамдиҳи» жумласини айтиш», дедилар» (Термизий ривояти).