Гўзал ҳаёт саҳифалари
1. Пайғамбар алайҳиссаломнинг туғилишлари – фил йили, 12 рабиъул-аввал.
2. Пайғамбар алайҳиссаломнинг оналари билан Мадинага боришлари ва оналарининг вафоти – туғилганларининг олтинчи йили.
3. Пайғамбар алайҳиссаломнинг боболари Абдулмуталибнинг вафоти ва у зот амакилари Абу Толибнинг кафолатига ўтишлари – туғилганларининг саккизинчи йили.
4. Пайғамбар алайҳиссаломнинг амакилари Абу Толиб билан Шом сафарига чиқишлари – туғилганларининг ўн иккинчи йили.
5. Пайғамбар алайҳиссаломнинг Фижор урушида ҳозир бўлишлари – туғилганларининг ўн тўртинчи йили.
6. Пайғамбар алайҳиссаломнинг Фузул шартномасида ҳозир бўлишлари – туғилганларининг йигирманчи йили.
7. Пайғамбар алайҳиссаломнинг Хадичанинг ғуломи Майсара билан тижоратга чиқишлари – туғилганларининг йигирма бешинчи йили.
8. Пайғамбар алайҳиссаломнинг Хадича бинти Хувайлид розияллоҳу анҳога уйланишлари – туғилганларининг йигирма бешинчи йили.
9. Пайғамбар алайҳиссаломнинг Каъбани қайта қуришда иштирок этишлари – туғилганларининг ўттиз бешинчи йили.
10. Пайғамбар алайҳиссаломга ваҳий тушишининг бошланиши –туғилганларининг қирқинчи йили, пайғамбарликнинг биринчи йили.
11. Ҳабашистонга биринчи ҳижрат – пайғамбарликнинг бешинчи йили.
12. Ҳабашистонга иккинчи ҳижрат – пайғамбарликнинг олтинчи йили.
13. Қамал саҳифаси – пайғамбарликнинг еттинчи йили.
14. Қамал саҳифасининг бекор қилиниши – пайғамбарликнинг тўққизинчи йили.
14. Абу Толибнинг вафоти – пайғамбарликнинг ўнинчи йили.
15. Хадича розияллоҳу анҳонинг вафоти – пайғамбарликнинг ўнинчи йили.
16. Пайғамбар алайҳиссаломнинг Савда бинти Замъа розияллоҳу анҳога уйланишлари – пайғамбарликнинг ўнинчи йили.
17. Қурайшнинг Пайғамбар алайҳиссаломга озорининг кучайиши – пайғамбарликнинг ўнинчи йили.
18. Пайғамбар алайҳиссаломнинг Тоифга чиқишлари – пайғамбарликнинг ўнинчи йили.
19. Пайғамбар алайҳиссаломнинг ўзларини қабилаларга таништиришлари – пайғамбарликнинг ўнинчи йили.
20. Оиша розияллоҳу анҳога ақди никоҳ қилишлари –пайғамбарликнинг ўн биринчи йили.
21. Исро ва Меърож – пайғамбарликнинг ўн иккинчи йили.
22. Намознинг фарз бўлиши – пайғамбарликнинг ўн иккинчи йили.
23. Ансорлар билан танишув – пайғамбарликнинг ўн иккинчи йили, зулҳижжа ойи.
24. Биринчи Ақоба байъати – пайғамбарликнинг ўн иккинчи йили, зулҳижжа ойи.
25. Мисъаб ибн Умайр розияллоҳу анҳунинг Мадинага юборилиши – пайғамбарликнинг ўн иккинчи йили.
26. Иккинчи Ақоба байъати – пайғамбарликнинг ўн учинчи йили.
27. Пайғамбар алайҳиссаломнинг Мадинага ҳижратлари –пайғамбарликнинг ўн тўртинчи йили, сафар ойи, биринчи ҳижрий сана.
27. Масжиди Набавийни қуриш – биринчи ҳижрий сана, сафар ойи.
28. Азоннинг жорий қилиниши – биринчи ҳижрий сана.
29. Мусулмонларни биродарлаштириш – биринчи ҳижрий сана, жумадул ула ойи.
30. Урушга изн берилиши – биринчи ҳижрий сана.
31. Пайғамбар алайҳиссаломнинг Оиша розияллоҳу анҳога уйланишлари – биринчи ҳижрий сана, шаввол ойи.
32. Қибланинг ўзгартирилиши – иккинчи ҳижрий сана, ражаб ойи.
33. Рўза ва закотнинг фарз қилиниши – иккинчи ҳижрий сана, шаъбон ойи.
34. Бадр ғазоти – иккинчи ҳижрий сана, рамазоннинг 12-куни.
35. Пайғамбар алайҳиссаломнинг қизлари Руқайя розияллоҳу анҳонинг вафотлари – иккинчи ҳижрий сана, рамазон ойи.
36. Ҳазрати Али ва Фотималарнинг никоҳлари – иккинчи ҳижрий сана.
37. Бану Қайниқоъ уруши – иккинчи ҳижрий сана, шаввол ойи.
38. Сувайқ уруши – иккинчи ҳижрий сана, шаввол ойи.
39. Пайғамбар алайҳиссаломнинг Ҳафса розияллоҳу анҳога уйланишлари – учинчи ҳижрий сана, рамазон ойи.
40. Пайғамбар алайҳиссаломнинг Зайнаб бинти Хузайма розияллоҳу анҳога уйланишлари – учинчи ҳижрий сана, 14-шаввол.
41. Уҳуд уруши – учинчи ҳижрий сана, 15-шаввол.
42. Хамрнинг ҳаром қилиниши – тўртинчи ҳижрий сана, шаъбон ойи.
43. Пайғамбар алайҳиссаломнинг Умму Салама розияллоҳу анҳога уйланишлари – тўртинчи ҳижрий сана, шаввол ойи.
44. Давматул жандал ғазоти – бешинчи ҳижрий сана, раббиул аввал ойи.
45. Бани Мусталиқ ғазоти – бешинчи ҳижрий сана, шаъбон ойи.
46. Ифк ҳодисаси – бешинчи ҳижрий сана, шаъбон ойи.
47. Пайғамбар алайҳиссаломнинг Зайнаб бинти Жаҳш розияллоҳу анҳога уйланишлари – бешинчи ҳижрий сана, зулқаъда ойи.
48. Пайғамбар алайҳиссаломнинг Жувайрия бинти Ҳорис розияллоҳу анҳога уйланишлари – бешинчи ҳижрий сана, шаъбон ойи.
49. Хандақ уруши – бешинчи ҳижрий сана, шаввол ойи.
50. Бани Қурайза ғазоти – бешинчи ҳижрий сана, зулқаъда ойи.
51. Ҳудайбия сулҳи – олтинчи ҳижрий сана, зулқаъда ойи.
52. Пайғамбар алайҳиссаломнинг подшоҳларга мактуб юборишлари – еттинчи ҳижрий сана, муҳаррам ойи.
53. Хайбар уруши – еттинчи ҳижрий сана, сафар ойи.
54. Пайғамбар алайҳиссаломнинг София бинти Ҳуяай розияллоҳу анҳога уйланишлари – еттинчи ҳижрий сана.
55. Пайғамбар алайҳиссаломнинг Умму Ҳабиба бинти Абу Суфён розияллоҳу анҳога уйланишлари – еттинчи ҳижрий сана.
56. Зотур Риқоъ ғазоти – еттинчи ҳижрий сана.
57. Қазо умраси – еттинчи ҳижрий сана, зулқаъда ойи.
58. Пайғамбар алайҳиссаломнинг Маймуна бинти Ҳорис розияллоҳу анҳога уйланишлари – еттинчи ҳижрий сана, зулқаъда ойининг охири.
59. Пайғамбар алайҳиссаломнинг қизлари Зайнаб розияллоҳу анҳонинг вафотлари – саккизинчи ҳижрий сана, муҳаррам ойи.
60. Муъта ғазоти – саккизинчи ҳижрий сана, жумадул ула ойи.
61. Макканинг фатҳ қилиниши – саккизинчи ҳижрий сана, рамазон ойи.
62. Хамр ва ўлимтик сотиш ва мутъа никоҳининг ҳаром қилиниши – саккизинчи ҳижрий сана, рамазон ойи.
63. Ҳунайн ғазоти – саккизинчи ҳижрий сана, рамазон ойи.
64. Тоиф ғазоти – саккизинчи ҳижрий сана, шаввол ойи.
65. Жаърона умраси – саккизинчи ҳижрий сана, зулқаъда ойи.
66. Пайғамбар алайҳиссаломнинг ўғиллари Иброҳимнинг туғилиши – саккизинчи ҳижрий сана, зулҳижжа ойи.
67. Вакиллар келиши йили – тўққизинчи ҳижрий сана.
68. Нажоший розияллоҳу анҳунинг вафоти – тўққизинчи ҳижрий сана, ражаб ойи.
69. Табук ғазоти–тўққизинчи ҳижрий сана, ражаб ойи.
70. Умму Кулсум розияллоҳу анҳонинг вафотлари – тўққизинчи ҳижрий сана, шаъбон ойи.
71. Рибонинг ҳаром қилиниши – тўққизинчи ҳижрий сана.
72. Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг одамлар билан ҳаж қилиши –тўққизинчи ҳижрий сана, зул¬ҳижжа ойи.
73. Пайғамбар алайҳиссаломнинг ўғиллари Иброҳимнинг вафоти – ўнинчи ҳижрий сана, раббиул аввал ойи.
74. Видолашув ҳажи – ўнинчи ҳижрий сана, зулҳижжа ойи.
75. Пайғамбар алайҳиссаломнинг боқий дунёга кўчишлари – ўн биринчи ҳижрий сана, иккинчи раббиул аввал.
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
عَنْ عَائِشَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهَا، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: إِذَا أَكَلَ أَحَدُكُمْ فَلْيَذْكُرِ اسْمَ اللهِ، وَإِنْ نَسِيَ أَنْ يَذْكُرَ اسْمَ اللهِ فِي أَوَّلِهِ فَلْيَقُلْ بِسْمِ اللهِ أَوَّلَهُ وَآخِرَهُ. رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ وَالتِّرْمِذِيُّ.
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қачон бирортангиз таом еса, Аллоҳнинг исмини зикр қилсин. Агар аввалида Аллоҳнинг исмини зикр қилишни унутиб қўйса, «Бисмиллаҳи аввалаҳу ва ахироҳу» десин», дедилар» (Абу Довуд ва Термизий ривоят қилганлар).
Баъзан таом тановул қилиш пайтида инсон шошилиб, «Бисмиллаҳ»ни айтиш эсидан чиқиб қолади. Бир оз еганидан кейин «Бисмиллаҳ»ни айтмагани эсига тушиб қолади. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ушбу ҳадиси шарифларига биноан, ана шундай вақтда «Бисмиллаҳи аввалаҳу ва ахироҳу» демоғи лозим.
Бу жумланинг маъноси «аввалида ҳам, охирида ҳам Бисмиллаҳ» дегани бўлиб, таомнинг баракасини қайтаради ва унга шайтон шерик бўлишини қирқади.
وَعَنْهَا قَالَتْ: كَانَ النَّبِيُّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يَأْكُلُ فِي سِتَّةٍ مِنْ أَصْحَابِهِ فَجَاءَ أَعْرَابِيٌّ فَأَكَلَهُ بِلُقْمَتَيْنِ، فَقَالَ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: أَمَا إِنَّهُ لَوْ سَمَّى كَفَاكُمْ. رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ وَصَحَّحَهُ.
Яна ўша кишидан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг олтита саҳобалари билан таом емоқда эдилар. Бир аъробий келиб, икки луқмада (ҳаммасини) еб қўйди. Шунда у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Агар у тасмия айтганида, ҳаммангизга етар эди», дедилар» (Термизий ривоят қилган ва саҳиҳ, деган).
Бу ҳадиси шарифда ҳар бир одам таомни «Бисмиллаҳ»ни айтиб еса, у баракали бўлишига далолат бор.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ва у кишининг олти саҳобалари албатта «Бисмиллаҳ»ни айтиб, сўнг таом ейишни бошлаганлар. Аммо ҳалиги аъробийнинг «Бисмиллаҳ»ни айтмай таом егани баракани қочирди.
وَكَانَ النَّبِيُّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ جَالِسًا وَرَجُلٌ يَأْكُلُ فَلَمْ يُسَمِّ حَتَّى لَمْ يَبْقَ مِنْ طَعَامِهِ إِلَّا لُقْمَةٌ، فَلَمَّا رَفَعَهَا إِلَى فِيهِ قَالَ: بِسْمِ اللهِ أَوَّلَهُ وَآخِرَهُ، فَضَحِكَ النَّبِيُّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ ثُمَّ قَالَ: مَا زَالَ الشَّيْطَانُ يَأْكُلُ مَعَهُ، فَلَمَّا ذَكَرَ اسْمَ اللهِ اسْتَقَاءَ مَا فِي بَطْنِهِ. رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ وَالنَّسَائِيُّ.
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ўтирган эдилар. Бир киши таом ер эди. У тасмия айтмади. Фақат бир луқма таом қолгандагина «Бисмиллаҳи аввалаҳу ва ахироҳу» деди. Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам кулдилар ва:
«Шайтон у билан таом еб турди. Аллоҳнинг исмини зикр қилганида қорнидаги нарсани қусиб юборди», дедилар» (Абу Довуд ва Насоий ривоят қилганлар).
Бу ҳам барчамиз учун дарс. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам бор жойдаги ҳар бир ўтириш, ҳаракат ва сакинат ҳамманинг диққат эътиборида бўлиши маълум.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ўтирган жойда бир одам «Бисмиллаҳ»ни айтмай, таом тановул қила бошлади. Ҳамма дамини ичига ютиб, нима бўлар экан, деб кутиб турди.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам эса индамас эдилар. Ҳалиги киши эса таом ейишда давом этар эди. Энди нима бўлади? Атиги бир луқма таом қолганда бирдан эсига тушиб қолиб:
«Бисмиллаҳи аввалаҳу ва ахироҳу» деди».
Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам кулдилар ва: «Шайтон у билан таом еб турди. Аллоҳнинг исмини зикр қилганда қорнидаги нарсани қусиб юборди», дедилар».
Демак, таомни «Бисмиллаҳ»ни айтмай еган одам билан бирга шайтон ҳам унинг таомидан қўшилишиб еб турар экан.
Бу эса ҳам гуноҳ, ҳам таомнинг баракасини қочиришдир. Шунинг учун бу масалага жуда эҳтиёт бўлмоқ керак. Мабодо аввалида айтиш эсдан чиқиб қолган бўлса ҳам, эслаган заҳоти айтиш лозим.
Аллоҳнинг исмини зикр қилиб, сўнг таом ейишни бошлаш исломий овқатланиш маданиятининг бошида туради.
Албатта, таом Аллоҳ таоло томонидан бандага бериладиган улкан неъмат эканлиги ҳеч кимга сир эмас. Доимо Аллоҳни эслаб туриши лозим бўлган банда учун неъматга эришган пайтда неъмат берувчи Зотни эслаш зарурати яна ҳам ортади. Ана шундай пайтда Аллоҳни – неъмат берувчи Зотни эсидан чиқарган одам хато қилган бўлади. Агар ўзи эслаб, хатосини тўғриласа, яхши. Агар унинг эсига тушмаса, атрофдагилар унга эслатиб қўйишлари лозим. Чунки Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам доимо шундай қилганлар.
«Ҳадис ва ҳаёт» китоби 16-жузидан