frontend\widgets\header\Header: Attempt to read property "fajr" on null

Воқеа сураси

07.09.2018   93709   4 min.
Воқеа сураси

Воқеа сураси Маккада нозил бўлган, 96 оятдан иборат. “Воқеа” қиёматнинг номларидан бири бўлиб, у суранинг биринчи оятида ҳам тилга олинган: “Қачонки, қиёмат воқе (қойим) бўлганда, унинг воқе бўлишининг ёлғони йўқдир(Воқеа сураси, 1-2 – оятлар). Шунинг учун шу ном билан аталган.

Сура қиёмат даҳшатлари, тоғларнинг титилиб, тўзонга айланиши, ернинг ларзага келиши, одамларнинг яксон бўлиши ҳақидаги тасвирлар билан бошланади. У кунда одамлар уч тоифага: ўнг ва чап тараф эгалари ҳамда пешқадамларга ажралиши айтилган. “Сизлар эса уч тоифа бўлурсиз” (Воқеа сураси, 7-оят).

Ўнг тараф соҳиблари Аршнинг ўнгида турадилар. Қиёмат куни амаллар китоби эгаларига тарқатилганда жаннат аҳлининг китоби ўнг тарафларидан берилади. “Бас, (у учтанинг биринчиси) ўнг томон эгаларидир. Ўнг томон эгалари (бўлмоқ) не (саодат)дир!(Воқеа сураси, 8-оят).

Ўнг тараф эгалари жаннат неъматларидан баҳраманд бўлишлари, уларга тайёрлаб қўйилган иномлар ҳақида Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: (Улар) тикансиз бутазорларда, тизилган бананзорларда, ёйиқ соя (ости)да, оқизиб қўйилган сув (бўйи)да, кўплаб мева (узра)ки, (улар) туганмас ва ман этилмасдир. Шунингдек, (улар) баланд тўшалган кўрпачалар (усти)дадирлар” (Воқеа сураси, 28-34 – оятлар).

Яна бир гуруҳ Аршнинг чап томонида туради. Уларнинг номаи аъмоллари чап тарафларидан берилади. Дўзаҳ аҳлининг аксарияти ушбу гуруҳга оиддир. (Иккинчи тоифа) чап томон эгаларидир. Чап томон эгалари (бўлмоқ) не (бахтсизлик)дир!” (Воқеа сураси, 9-оят).

Чап тараф эгалари бадбахтдирлар. Улар баданни тешиб ўтувчи шамолда ва қайноқ сув ила азобланадилар. Жаҳаннам аҳли дўзахнинг салқини йўқ, қора тутун соясида бўладилар. Улар дунё лаззатининг ортидан эргашиб, имонни, диёнатни унутдилар. Катта гуноҳларни саркашлик билан қилдилар, тавбага шошилмадилар. Ҳою-ҳавасга берилиб, қайта тирилишни инкор этдилар. «Яна айтар эдилар: “Бизлар ўлиб тупроқ ва суякларга айлангач, ростдан ҳам қайта тирилтирилувчимизми?! Аввалги ота-боболаримиз ҳамми?!”» (Воқеа сураси, 47-48 – оятлар).

Улар ўша кунда жаҳаннам гиёҳи бўлган Заққум дарахтидан ейдилар. Бошқа ичадиган нарса йўқлигидан мажбур бўлиб, ўта қайноқ сувни ичадилар. «...(ичганда ҳам) ташна туялар каби ичувчидирсиз. (Лекин ташналик асло босилмас) Мана шу жазо кунидаги уларнинг “зиёфати”дир» (Воқеа сураси, 56-оят). Аллоҳ таоло ҳар бир бандасига адолат қилувчи зотдир.

Энг саодатли тоифа учинчи тоифа бўлиб, улар пешқадамлар, Аллоҳ таолонинг рўпарасида турувчилардир. (Учинчи тоифа эзгу ишларда) ўзиб-ўзиб кетган зотлардир” (Воқеа сураси, 10-оят). Улар Пайғамбарлар, сиддиқлар, шаҳидлар қаторида бўладилар.

Бу тоифа охиратдаги энг саодатли бандалардир. Улар Аллоҳ таолонинг ибодати ва тоатида бошқалардан кўра пешқадам бўлганлар. Тавбада, яхшилик ва савобли амалларда ўзиб кетганлар. Улар орасида аввал ўтган мусулмонлар кўпчиликни ташкил қилади. Аммо бу мақомга кейинги авлодлардан, яъни Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг умматларидан озчилик сазовор бўлар экан. (Ўзиб кетганлар) аввалги (уммат)лардан кўпчилик, кейингилар (Муҳаммад умматлари)дан эса озчиликдир” (Воқеа сураси, 13-14 – оятлар).

Пешқадамлар жаннатда тилладан дур ва ёқутдан тўқилган сўриларда ёнбошлаб роҳатланиб ётадилар. “Устиларида эса мангу ёш болалар айланиб (хизматда) юрурлар...” (Воқеа сураси, 17-оят).

Улар жаннат аҳли ихтиёр қилган меваларни ва иштаҳалари тусаган нарсаларни келтирадилар. “оқар чашмадан олинган (май тўла) қадаҳлар, кўзалар ва косалар билан. У (май)лардан уларнинг бошлари ҳам оғримас, маст ҳам бўлмаслар” (Воқеа сураси, 18-19 – оятлар).

Пешқадамларга берилган мазкур неъматлар ва олий мақомлар уларнинг дунё ҳаётида қилган солиҳ амалларининг мукофотидир. «Улар у жойда беҳуда ва гуноҳ (сўз)ни эшитмаслар, фақат (бир-бирларига айтадиган) “Салом-салом” сўзинигина (эшитурлар)» (Воқеа сураси, 25-26 – оятлар).

Шунингдек, сурада Аллоҳнинг борлиги, ягоналиги ва чексиз қудрати, инсонни яратишдаги, ўсимликларни ўстиришдаги, ёмғир ёғдиришдаги ва бошқа ишлардаги ажойиб тадбир ҳамда ҳикматлари ҳақида ҳам сўз кетади. Аллоҳ таоло уларга тафаккур кўзи билан қарашга буюради: Сизлар экаётган зироатларингиз ҳақида ўйлаб кўрдингизми?!” (Воқеа сураси, 63-оят); “Сизлар ўзларингиз ичаётган сувни (ўйлаб) кўрдингизми?!” (Воқеа сураси, 68-оят); “Сизлар ёқаётган оловни (ўйлаб) кўрдингизми?!” (Воқеа сураси, 71-оят).

Аллоҳ таоло барчамизни яхшиликларда пешқадам бўлган, охиратда Ўзининг рўпарасида турувчи бандаларидан қилсин.

Робия САИДХОНБАЛОВА,

Хадичаи кубро аёл-кизлар ўрта махсус ислом билим юрти талабаси

Қуръони карим
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

“Orta Lectura”: Ўзбекистон хавфсиз сайёҳлик йўналиши сифатида ўз мавқеини мустаҳкамламоқда

27.08.2026   19800   2 min.
“Orta Lectura”: Ўзбекистон хавфсиз сайёҳлик йўналиши сифатида ўз мавқеини мустаҳкамламоқда

Испаниянинг “Orta Lectura” нашрида Ўзбекистонда туризм соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларга бағишланган мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА.

Мақолада қайд этилишича, сўнгги йилларда Ўзбекистон турли нуфузли халқаро рейтингларда ҳамда хорижий давлатларнинг сайёҳлар учун тавсияларида юқори хавфсизлик даражасига эга мамлакатлардан бири сифатида эътироф этилмоқда.

World Justice Project (WJP) томонидан эълон қилинган “Rule of Law Index 2025” натижаларига кўра, Ўзбекистон “Тартиб ва хавфсизлик” кўрсаткичи бўйича 143 та мамлакат орасида 17-ўринни, Шарқий Европа ва Марказий Осиёдаги 15 та мамлакат орасида эса 1-ўринни эгаллади.

WJP индекси 215 мингдан ортиқ фуқаролар ҳамда 4 минг 100 нафардан зиёд ҳуқуқшунос ва экспертлар ўртасида ўтказилган сўровномаларга асослангани билан аҳамиятлидир.

“Gallup” компаниясининг “2025 Global Safety Report” маърузасида таъкидланишича, Ўзбекистон аҳолисининг 86 фоизи кечаси ёлғиз юрганда ўзини тўлиқ хавфсиз ҳис қилади. Бу кўрсаткич дунё бўйича ўртача 73 фоизлик даражадан сезиларли даражада юқоридир. Шу билан бирга, “Law and Order Index”нинг кенгроқ кўрсаткичи бўйича мамлакатимиз 100 дан 91 балл тўплади.

Institute for Economics & Peace томонидан тузиладиган “Global Peace Index 2026” натижаларига кўра, Ўзбекистон ўз позициясини 30 поғонага яхшилаб, 163 та мамлакат орасида 1,726 кўрсаткич билан 37-ўринга кўтарилди. 2026 йилги расмий ҳисоботда мамлакатимиз тинчлик кўрсаткичлари энг юқори суръатда яхшиланган давлатлар қаторига киритилди.

АҚШ Давлат департаменти “Travel Advisories” тизимида Ўзбекистонга “Level 1 – Exercise Normal Precautions” даражасини, яъни “Одатий эҳтиёт чораларига риоя қилиш” тавсиясини берган. 2026 йил январда янгиланган тавсияномада хавф даражаси оширилмади. Бу АҚШ Давлат департаменти томонидан халқаро саёҳатлар учун белгиланадиган энг паст хавф даражаси ҳисобланади.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Ўзбекистон янгиликлари