Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
27 Ноябр, 2024   |   26 Жумадул аввал, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
06:01
Қуёш
07:25
Пешин
12:16
Аср
15:15
Шом
16:59
Хуфтон
18:17
Bismillah
27 Ноябр, 2024, 26 Жумадул аввал, 1446

Қуръон зиёфати... бўлмади

7.09.2018   5405   3 min.
Қуръон зиёфати... бўлмади

Бу воқеанинг бўлганига ҳам мана роппа роса 11 йил бўлди.  Ўша кезлари мен Имом Бухорий номидаги Тошкент Ислом институти “Исломшунослик” йўналиши 4-босқич талабаси эдим. Шу билан бир қаторда Олмазор (собиқ Собир Раҳимов) тумани Себзор даҳаси “Ат-Термизий” жомеъ масжидининг ноиби бўлиб бир муддат фаолият юритаётган пайтларим эди.

Ўшанда Туйғун ҳожи ака (Аллоҳ раҳмат қилсин уларни) масжид мутаваллиси сифатида иш олиб борардилар. Биз у киши билан кўп ҳамсуҳбат бўлардик. Тақволи, шу билан бир қаторда Қуръон илмини ўрганишга бўлган шавқлари жуда кучли инсон эдилар. Бир куни намоздан сўнг ёнимга бир сурани ёд олиб келганликларини айтиб келдилар. Кирилл ёзувидаги китобдан ёд олганликлари боис талаффузларида бир мунча хатоларини сездим. Ўзларига айтиб кўнгилларини ранжитишни истамадим, аммо уларга афзалроқ бўладиган бир таклиф билдирдим.

— Ҳожи ака, Қуръонни ўқишга тушиб кўрмайсизми? Ўзим сизга ёрдам берардим – дедим. Шунда ҳожи ака:

— Яҳёбек буни ўзим ҳам жуда жуда истардим бироқ,  73 га чиқиб қолдим шу ёшда зеҳним етармикан – дедилар.

— Э, ҳожи ака сиз бир бошлаб олинг, бу ёғига Аллоҳ ўзи сизни зеҳн ҳам ғайрат ва шижоат билан қувватлайди, — дея жавоб бердим.

Улар тасдиқ ишорасини қилгандек бошларини охиста силкитдиларда чиқиб кетдилар. Эртаси куни намоздан сўнг худди мактаб ўқувчиларидек дафтар ручка билан мен ўтирган хонага кириб келдилар. Дафтарларига санани қайд этиб қўйдилар. Ўша кундан бошлаб араб алифбосини бошладик. Улар қунт ва сабр билан ўргандилар, мен эса устозларимдан ўрганганларимни уларга ўргатиб ҳузр олардим.

Шу зайлда кунлар ўтди. Дарсимизнинг 30 куни. Ўша куни сира ёдимдан чиқмайди. Туйғун ҳожи ака имло ва талаффузни, ҳарфларни қўшиб ўқишни тугатиб, Қуръонга тушадиган кун эди. Одатдагидек намозни адо қилиб бўлганимиздан сўнг, ёнимга келдилар. Дарсни бошладим. Ҳожи ака “Бисмиллоҳ” деб Қуръонга тушдилар. Субҳаноллоҳ. Киши Аллоҳнинг каломини ўқиб ўрганиши учун ёшнинг чегараси ҳеч қандай ўрин тутмаслигини гувоҳи бўлдим. Ёнимда 73 ёшга чиққан, соч-соқоли оқарган, нуроний отахон Қуръонни ўқирди. Қалби эзилиб кўзларидан дув-дув ёш тўкиларди. У кишининг қувонч бахтиёрлик кўз ёшларини кўриб ич-ичимдан севиндим.

Мени ёнимдан кетар соатда ҳожи ака сабоқ олишларидан олдин қилган ниятлари ҳақида сўз очиб қолдилар:

— Яҳёбек, сиздан дарс олишимдан аввал иншаоллоҳ, Қуръонга тушган куним битта зиёфат қилиб бераман деб ният қилгандим. Субҳаноллоҳ, Аллоҳ мени шу кунга етказди. Энди зиёфат мендан. Кечга бизникига албатта ўтинг, — деб кўзида кўз ёшлари қуришига улгурмай, шошганча чиқиб кетдилар.

Айтилган вақт келиб, шом намозидан сўнг уларни уйларига бордик. Қаранки, 73 ёшида Аллоҳнинг каломини ўқишни ният қилиб, 30 кун деганда ўзлари мустақил Қуръон ўқиб қалблари эзилиб йиғлаган куни, кечга бориб омонатни топширдилар. Эртаси куни уларни сўнгги йўлга кузатдик. 

Янгиер шаҳар Заҳириддин Муҳаммад Бобур жомеъ масжиди

бош имом хатиби Яҳё Абдужабборов домланинг сўзларини

Рустамжон  Ҳусанов оққа кўчирди.

ЎМИ Матбуот хизмати

 

Манба

Ибратли ҳикоялар
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Қорин очлиги

25.11.2024   2422   1 min.
Қорин очлиги

Кунларнинг бирида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қоринлари ниҳоятда оч эди. Ётиб ухламоқчи бўлдилар аммо ухлашга ҳам қийналдилар. Бир муддатдан кейин ўринларидан туриб, бир тошни қоринларига қўйиб ётмоқчи бўлдилар. Бу ҳолатни кўрган Оиша розияллоҳу анҳо онамиз қаттиқ ҳавотирландилар.

Оиша розияллоҳу анҳо онамизнинг кўзларига ёш келди. “Ё Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дуо қилсангиз, Сиз учун ҳамма нарса муҳайё бўладику”, дедилар. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мендан олдинги Пайғамбарлар ҳам шу ҳолатда кетишди. Мен ҳам Роббимнинг ҳузурига шундай бораман”, дедилар.

Абу Толҳа розияллоҳу анҳу айтадилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга очликдан шикоят қилдик. Қорнимизга (боғлаб олинган) биттадан тошни олиб кўрсатдик. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам иккита тошни олиб кўрсатдилар”.

Бугун уйингизда бирор таом тайёрлаётганингизда ёнингиздаги қўшнингизнинг қорни оч бўлиши мумкинлигини эсдан чиқарманг. Ҳовлингизда тутунини чиқариб тансиқ таом пиширсангиз, қўшни хонадонда ҳомиладор келин бўлса, уларга ҳам чиқаришни унутманг. Қайнатма шўрва қилсангиз овқатга кўпроқ сув солинг бир коса қўшнига ҳам берасиз.

Оиша онамиз розияллоҳу анҳо: “Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг оиласи бир кунда икки марта егулик емаган, еса ҳам биттаси хурмо бўлган”, деганлар (Имом Бухорий ривояти).

Акбаршоҳ РАСУЛОВ

Ибратли ҳикоялар