Бу воқеанинг бўлганига ҳам мана роппа роса 11 йил бўлди. Ўша кезлари мен Имом Бухорий номидаги Тошкент Ислом институти “Исломшунослик” йўналиши 4-босқич талабаси эдим. Шу билан бир қаторда Олмазор (собиқ Собир Раҳимов) тумани Себзор даҳаси “Ат-Термизий” жомеъ масжидининг ноиби бўлиб бир муддат фаолият юритаётган пайтларим эди.
Ўшанда Туйғун ҳожи ака (Аллоҳ раҳмат қилсин уларни) масжид мутаваллиси сифатида иш олиб борардилар. Биз у киши билан кўп ҳамсуҳбат бўлардик. Тақволи, шу билан бир қаторда Қуръон илмини ўрганишга бўлган шавқлари жуда кучли инсон эдилар. Бир куни намоздан сўнг ёнимга бир сурани ёд олиб келганликларини айтиб келдилар. Кирилл ёзувидаги китобдан ёд олганликлари боис талаффузларида бир мунча хатоларини сездим. Ўзларига айтиб кўнгилларини ранжитишни истамадим, аммо уларга афзалроқ бўладиган бир таклиф билдирдим.
— Ҳожи ака, Қуръонни ўқишга тушиб кўрмайсизми? Ўзим сизга ёрдам берардим – дедим. Шунда ҳожи ака:
— Яҳёбек буни ўзим ҳам жуда жуда истардим бироқ, 73 га чиқиб қолдим шу ёшда зеҳним етармикан – дедилар.
— Э, ҳожи ака сиз бир бошлаб олинг, бу ёғига Аллоҳ ўзи сизни зеҳн ҳам ғайрат ва шижоат билан қувватлайди, — дея жавоб бердим.
Улар тасдиқ ишорасини қилгандек бошларини охиста силкитдиларда чиқиб кетдилар. Эртаси куни намоздан сўнг худди мактаб ўқувчиларидек дафтар ручка билан мен ўтирган хонага кириб келдилар. Дафтарларига санани қайд этиб қўйдилар. Ўша кундан бошлаб араб алифбосини бошладик. Улар қунт ва сабр билан ўргандилар, мен эса устозларимдан ўрганганларимни уларга ўргатиб ҳузр олардим.
Шу зайлда кунлар ўтди. Дарсимизнинг 30 куни. Ўша куни сира ёдимдан чиқмайди. Туйғун ҳожи ака имло ва талаффузни, ҳарфларни қўшиб ўқишни тугатиб, Қуръонга тушадиган кун эди. Одатдагидек намозни адо қилиб бўлганимиздан сўнг, ёнимга келдилар. Дарсни бошладим. Ҳожи ака “Бисмиллоҳ” деб Қуръонга тушдилар. Субҳаноллоҳ. Киши Аллоҳнинг каломини ўқиб ўрганиши учун ёшнинг чегараси ҳеч қандай ўрин тутмаслигини гувоҳи бўлдим. Ёнимда 73 ёшга чиққан, соч-соқоли оқарган, нуроний отахон Қуръонни ўқирди. Қалби эзилиб кўзларидан дув-дув ёш тўкиларди. У кишининг қувонч бахтиёрлик кўз ёшларини кўриб ич-ичимдан севиндим.
Мени ёнимдан кетар соатда ҳожи ака сабоқ олишларидан олдин қилган ниятлари ҳақида сўз очиб қолдилар:
— Яҳёбек, сиздан дарс олишимдан аввал иншаоллоҳ, Қуръонга тушган куним битта зиёфат қилиб бераман деб ният қилгандим. Субҳаноллоҳ, Аллоҳ мени шу кунга етказди. Энди зиёфат мендан. Кечга бизникига албатта ўтинг, — деб кўзида кўз ёшлари қуришига улгурмай, шошганча чиқиб кетдилар.
Айтилган вақт келиб, шом намозидан сўнг уларни уйларига бордик. Қаранки, 73 ёшида Аллоҳнинг каломини ўқишни ният қилиб, 30 кун деганда ўзлари мустақил Қуръон ўқиб қалблари эзилиб йиғлаган куни, кечга бориб омонатни топширдилар. Эртаси куни уларни сўнгги йўлга кузатдик.
Янгиер шаҳар Заҳириддин Муҳаммад Бобур жомеъ масжиди
бош имом хатиби Яҳё Абдужабборов домланинг сўзларини
Рустамжон Ҳусанов оққа кўчирди.
ЎМИ Матбуот хизмати
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Ҳасан розияллоҳу анҳу зироат экинлари экиладиган ерларга эга эди. Бундан ташқари, ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу даврида укаси Ҳусайн розияллоҳу анҳу билан бирга давлатдан йилига беш минг дирҳам маош оларди. Бу миқдордаги маошни фақат Бадр жангида қатнашганларгина олишлари мумкин эди. У киши розияллоҳу анҳу Муовия розияллоҳу анҳунинг даврида йилига юз минг дирҳам маош оладиган бўлди. Кўплаб бой саҳобалар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга бўлган муҳаббатлари туфайли Ҳасан розияллоҳу анҳу ва укаси Ҳусайн розияллоҳу анҳуга катта миқдорда ҳадялар беришарди. Бундан ташқари, баъзи саҳобалар ўлимидан олдин ўзи қолдирган меросдан уларга берилишини васият қилишарди. Масалан, Бадр ва Уҳуд жангларида қатнашган Ислом суворийси Миқдод ибн Амр ибн Саълаба ал-Киндий ўлимидан олдин бойлигидан ўн саккиз минг дирҳамни Ҳасан ва Ҳусайн розияллоҳу анҳумога васият қилади. Бу васият амалга оширилади.
Ҳасан розияллоҳу анҳу кўп марта уйланган саҳобалардан эди. Бироқ у ажрашган аёлларига нисбатан жуда сахий эди. Ана шундай аёли Оиша Ҳасамийяга йигирма минг дирҳам нафақа тўлаган. Яна ажрашган икки хотинига ўн минг дирҳамдан ташқари бошқа мол-мулкларни ҳам нафақа қилиб қўшиб берган. У никоҳига оладиган аёлларига ҳам кўп миқдорда маҳр берарди. Иккита аёлига йигирма минг дирҳамдан, бошқа бир аёлига эса юзта жория ва юз минг дирҳам маҳр берган.
Ҳасан розияллоҳу анҳу бор мол-мулкини икки марта, мол-мулкининг ярмини оёқ кийими ва маҳсиларигача уч марта ҳадя қилган. Ёрдамга муҳтож бир кишига бир юз ўттиз минг дирҳам, бошқа бирига эса юз минг дирҳам садақа қилгани ривоят қилинган. Мадина кўчаларидан ўтиб кетаётган бир йўловчини зарур бўлган улов ва озиқ-овқатлар билан таъминлаган. Эҳтиёжи учун юз минг дирҳам сўраб Аллоҳ таолога дуо қилган кишига ўшанча пул жўнатган. Масжидул Ҳаромнинг четида бир кишининг «Аллоҳим, менга ўн минг дирҳам бер», деганини эшитиб, дарҳол уйига қайтиб бориб, унга шунча пул юборган.
Ҳасан розияллоҳу анҳу ҳаж сафари чоғида ўзи ва укаси Ҳусайн розияллоҳу анҳуни, жияни Абдуллоҳ ибн Жаъфар ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳуни қўй гўшти билан меҳмон қилган бечора аёлни Мадина бозорида кўриб қолиб, унга мингта қўй ва минг тилла бериб юборган.
Маккадан Мадинага сафари чоғида бир одам у кишини ёмғирдан ҳимоялаш учун ўз чодирида меҳмон қилади. Ана шу чодир эгасига чўпонлари билан бирга юзта туя ҳадя қилади.
Яна Ҳасан розияллоҳу анҳу ўзига бир қўй ҳадя қилган қулни қўйлари билан бирга сотиб олиб, уни озод этади ва унга сурувни ҳадя қилади. Шунга ўхшаш яна бир воқеа: итига овқатидан берган қулни ўзи қўриқлаётган боғи билан бирга сотиб олиб, уни озод қилади. Кейин ўша боғни қулнинг ўзига ҳадя қилади.
«Миллионер саҳобалар» китобидан