“Вақф” хайрия жамоат фонди 2018-2019 ўқув йилининг бошланиши муносабати билан 6 сентябрь куни Тошкент Ислом институтининг “Таҳфизул-Қуръон” кафедрасининг барча устоз ва талабаларига юртимизда нашр этилган Қуръони каримдан тақдим этди.
“Масжид ва мадрасалар учун китоб акцияси” доирасида амалга оширилаётган ушбу хайрли тадбирда талабаларга Қуръони карим билан биргаликда ҳар бир гуруҳга бир донадан шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг қаламларига мансуб “Тафсири ҳилол” китоби ҳам берилди.
Вақф хайрия жамоат фонди бошқаруви раҳбари бетоблиги туфайли китобларни кафедра мудири тарқатди.
Қайд этиш жоиз, Тошкент Ислом институтининг “Таҳфизул Қуръон” кафедраси Қуръони каримни ёдлашга ихтисослашган юртимиздаги ягона олий даргоҳ бўлиб, Жаҳонгир қори Неъматов кафедра мудири ҳисобланади.
Ушбу таълим маскани Қуръони каримни 2 ойда ёдлаб чиққан ва бир куннинг ўзида тўлиқ ёддан ўқиб берган йигитларни етиштириб чиқарган даргоҳдир.
“Вақф” хайрия жамоат фонди “Таҳфизул Қуръон ” кафедраси жамоасини янги ўқув йили билан муборакбод этади! Ушбу даргоҳдан дини, миллати, ватанини яхши кўрувчи қори йигитлар чиқишини Аллоҳ таолодан сўраб қолади!
ЎМИ Матбуот хизмати
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Билол розияллоҳу анҳуга: “Эй Билол, Исломга кирганингдан кейин савобини энг умид қиладиган амалингни менга гапириб бер. Чунки мен жаннатда олд томонимдан кавушинг овозини эшитдим”, дедилар.
Шунда Билол розияллоҳу анҳу: “Амалларим ичида савоби умид қилинадиган энг яхши амалим – агар кечаси ёки кундузи (таҳорат, ғусл ёки таяммум қилиб) покланадиган бўлсам, ана шу поклик билан насиб қилганича намоз ўқир эдим”, дедилар (Имом Бухорий ва имом Муслим ривояти).
Таҳорат қилиб бўлгандан сўнг ўқиладиган намоз – “Шукри вузуъ” (таҳоратнинг шукри) дейилади. Бу намозни таҳоратдан кейиноқ ўқиш мустаҳаб саналади. Намоз ўқиш макруҳ бўлган вақтларда ўқиб бўлмайди.
Уқба ибн Омир Жуҳаний розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қай бир одам яхшилаб таҳорат қилсаю, қалби ва юзи ила иқбол қилган ҳолда икки ракат намоз ўқиса, албатта унга жаннат вожиб бўлади”, дедилар (Имом Абу Довуд ривояти).
Бошқа ҳадис Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким менинг шу таҳоратимга ўхшатиб таҳорат қилса ва туриб бориб, икки ракат намоз ўқиса-ю, унда бирор нарсани кўнглидан ўтказмаса, ўтган гуноҳлари мағфират қилинади”, деганлар.Даврон НУРМУҲАММАД