Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
16 Ноябр, 2024   |   15 Жумадул аввал, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
05:51
Қуёш
07:13
Пешин
12:13
Аср
15:22
Шом
17:06
Хуфтон
18:22
Bismillah
16 Ноябр, 2024, 15 Жумадул аввал, 1446

Муфтий ҳазратлари қорақалпоқ диёридалар

6.09.2018   3160   1 min.
Муфтий ҳазратлари қорақалпоқ диёридалар

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов бугун Қорақалпоғистон Республикасига ташриф буюрдилар.
Муфтий ҳазратлари дастлаб Муҳаммад ибн Аҳмад ал-Беруний номидаги ўрта махсус ислом билим юртида маънавий-маърифий ишлари билан танишдилар, “Мустақиллик куни” дарсини ўтдилар ва талабалар билан “Илм олиш фазилати” мавзусида суҳбатлашдилар.
Учрашувда мадраса ўқитувчиси Жумабек Искандаров муфтий ҳазратларига талабалар билан дилдан суҳбатлашгани учун миннатдорчилик билдирди.
Ташриф давомида муфтий ҳазрат Имом Эшон Муҳаммад жоме масжиди ёнидан барпо қилинган конференция залида қозиёт тизимидаги масжидлар имом-хатиблари ва имом ноиблари билан самимий мулоқот қилди. Мулоқот чоғида юртимиздаги ислоҳотлар, барча соҳадаги ривожланишлар, жумладан, диний соҳадаги имкониятлар ва ўзгаришлар айтиб ўтилди. Шулар қатори қорақалпоқ диёрида ҳам катта янгиланишлар юз бераётгани, муҳтарам Президентимиз ташаббуси билан Имом Эшон Муҳаммад жоме масжидининг тубдан таъмирлангани, атрофи ободонлаштирилгани, ҳақиқий маънавият ўчоғига айлангани, имом-хатиблар ишларида ҳам ўзгаришлар бўлаётгани таъкидлаб ўтилди.
Амударё тумани бош имом-хатиби Абдураҳмон Матсапаев “Муфтий ҳазратларининг вақт ажратиб юртимизга келиши – қорақалпоқ диёрига бўлган эътибори, имом-хатиблар билан самимий суҳбати диний соҳа ходимларининг кучларига куч қўшди”, деб дил изҳорини билдирди.

Қорақалпоғистон мусулмонлари қозиёти

Ўзбекистон янгиликлари
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Қандай қилиб ҳеч қачон зарар кўрмадинг?

14.11.2024   2017   4 min.
Қандай қилиб ҳеч қачон зарар кўрмадинг?

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Айтишларича, аббосийлар халифалиги даврида доимо дўстлари билан баҳслашиб юрадиган бир дамашқлик савдогар бўлган экан. Бир куни у дўстларига: "Мен ҳаётимда бирор марта ҳам тижоратда зарар кўрган эмасман", деди.
Дўстлари истеҳзоли табассум билан: "Қандай қилиб ҳаётингда ҳеч қачон зарар кўрмадинг? Бундай бўлиши мумкин эмас", дейишди.
Савдогар улардан ўзини синаш учун бирор муаммоли тижорат таклифини беришларини сўради. Шунда дўстлари унга: "Ироқда хурмо сотиб, фойда топиш етти имконсизликдан биридир, чунки у ерда хурмо чўлдаги қум каби кўп", дейишди.


Савдогар: "Мен сизларни тушундим ва таклифингизни қабул қилдим", деди. Шундан сўнг у Ироқдан келтирилган хурмоларни сотиб олиб, аббосийлар пойтахти — Бағдодга йўл олди.
Айтишларича, ўша пайтда халифа Воcиқ Биллоҳ баҳорни томоша қилиш учун Мосулга йўл олган экан. Мосул Ироқнинг энг гўзал шаҳарларидан бири бўлиб, "икки баҳор онаси" номини олган эди, чунки унинг об-ҳавоси ёзда ҳам, қишда ҳам баҳордай бўлар эди.
Саёҳатдан қайтиш чоғида халифанинг қизи бўйнидаги олтин зебигардонини йўқотиб қўйган ва йиғлаб отасига шикоят қилган эди. Шундан сўнг халифа уни топиб келган кишига катта мукофот ваъда қилиб, қизини унга никоҳлаб беришини эълон қилди.


Дамашқлик савдогар Бағдодга яқинлашганда, одамлар зебигардонни излаш учун йўлга отланганларини кўрди ва улардан бу шошилинчликнинг сабабини сўради. Улар зебигардон воқеасини айтиб беришди ва уларнинг каттаси: "Афсуски, биз узоқ йўлга чиқибмизу ўзимиз билан таом олишни унутибмиз, таомсиз қайтишга қийналиб қоламиз, таом олиш учун ортга қайтсак бошқалардан ортда қолиб кетишимиз мумкин", деди.
Шунда савдогар уларга: "Менда хурмо бор, олсангиз сотаман", деди. Одамлар ундан хурмони қиммат нархда сотиб олишди.

Халифа Воcиқ Бағдодда хурмо сотиб фойда топган дамашқлик савдогар ҳақида эшитиб, у билан кўришишни истади. Савдогар халифанинг ҳузурига бориб ўзи ҳақида сўзлай бошлади: "Эй, ҳукмдор, Аллоҳ давлатингизга барака берсин. Мен савдони бошлаганимдан бери ҳеч қачон зарар кўрган эмасман".


Воcиқ ундан бунинг сабабини сўради. Шунда у жавоб берди: "Мен етим бола эдим, онам эса ногирон эди. Мен кичиклигимдан уни парвариш қилар, ишлаб пул топар ва иккимизнинг кундалик ризқимиз учун ҳаракат қилар эдим. Йигирма ёшга етганимда, онам касал бўлиб, ётиб қолди. Вафот этиш арафасида у мени ҳақимга дуо қилиб, диним ва дунёмда ҳам ҳеч қачон зарар кўрмаслигимни, замонамизнинг энг шарафли оиласига куёв бўлишимни, қўлимга қум олсам олтинга айлантриб қўйишини Аллоҳдан сўраб дуо қилган эди".

Савдогар гапира туриб беихтиёр ердан бир сиқим қумни қўлига олди. Воcиқ унинг бу сўзларини мийиғида кулиб эшитаётган эди, бирдан савдогарнинг қўлидаги қумни орасида бир нарсани ялтираганига кўзи тушди. Унга қараган эди, қўлидаги ялтироқ нарса халифанинг қизининг йўқотган зебигардони бўлиб чиқди.
Шундай қилиб, онанинг дуоси билан бу дамашқлик савдогар тарихда биринчи бўлиб Ироққа хурмо сотиб, кўп фойда топган тижоратчи ва халифа Воcиқнинг қизига уйланиб, унинг куёвига айланди.

Онанинг дуоси ҳақиқатдан ҳам ижобат бўлган эди.

Хулоса:
Ҳеч ким сизга ташқаридан келиб, ҳаётингизга гўзаллик олиб кирмайди.
Сиз ўз қалбингиз эшикларини очиб, тиришқоқлик билан саъй-ҳаракат қилишингиз ва энг гўзал нарсаларни ўзингиз топишингиз керак.
Аллоҳ сизнинг ёрдамчингиз бўлишидан ҳеч қачон ноумид бўлманг.

Аллоҳим, ота-онамизга хизмат қилиш бахтини насиб эт. Улар вафот этган бўлсалар, уларнинг гуноҳларини кечир ва раҳматингга ол.
Бу ҳикояни ўқиб бўлгач, ота-онангиз ҳаққига дуо қилиб қўйишни унутманг.
Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломга салавотлар айтиб, у зотга салом йўлланг.

Ҳомиджон қори ИШМАТБЕКОВ
таржимаси

Мақолалар