Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов бугун Қорақалпоғистон Республикасига ташриф буюрдилар.
Муфтий ҳазратлари дастлаб Муҳаммад ибн Аҳмад ал-Беруний номидаги ўрта махсус ислом билим юртида маънавий-маърифий ишлари билан танишдилар, “Мустақиллик куни” дарсини ўтдилар ва талабалар билан “Илм олиш фазилати” мавзусида суҳбатлашдилар.
Учрашувда мадраса ўқитувчиси Жумабек Искандаров муфтий ҳазратларига талабалар билан дилдан суҳбатлашгани учун миннатдорчилик билдирди.
Ташриф давомида муфтий ҳазрат Имом Эшон Муҳаммад жоме масжиди ёнидан барпо қилинган конференция залида қозиёт тизимидаги масжидлар имом-хатиблари ва имом ноиблари билан самимий мулоқот қилди. Мулоқот чоғида юртимиздаги ислоҳотлар, барча соҳадаги ривожланишлар, жумладан, диний соҳадаги имкониятлар ва ўзгаришлар айтиб ўтилди. Шулар қатори қорақалпоқ диёрида ҳам катта янгиланишлар юз бераётгани, муҳтарам Президентимиз ташаббуси билан Имом Эшон Муҳаммад жоме масжидининг тубдан таъмирлангани, атрофи ободонлаштирилгани, ҳақиқий маънавият ўчоғига айлангани, имом-хатиблар ишларида ҳам ўзгаришлар бўлаётгани таъкидлаб ўтилди.
Амударё тумани бош имом-хатиби Абдураҳмон Матсапаев “Муфтий ҳазратларининг вақт ажратиб юртимизга келиши – қорақалпоқ диёрига бўлган эътибори, имом-хатиблар билан самимий суҳбати диний соҳа ходимларининг кучларига куч қўшди”, деб дил изҳорини билдирди.
Қорақалпоғистон мусулмонлари қозиёти
Марғилон шаҳридаги "Ижодкорлар мактаби"да "Ўзбекистонда аёллар ҳуқуқларига оид диний таълимотлар ва исломда аёллар ҳуқуқи" мавзусида кўргазмали семинар бўлиб ўтди. Унда Дин ишлари бўйича қўмита раисининг ўринбосари М.Каҳҳорова, "Оқила аёллар ҳаракати" вилоят бўлими раҳбари Ю.Раҳимова, вилоят бош отинойиси Ҳ.Комилова ва ҳудудларда фаолият олиб бораётган отинойилар иштирок этди.
Семинарда сўз олган нотиқларнинг хотин-қизларга яратилаётган имкониятлар, аёлларнинг жамиятдаги ўрнини кўтаришга қаратилаётган эътибор, исломда аёллар ҳуқуқлари ҳақида қизиқарли маърузалари тингланди.
Марғилон шаҳар отинойилари томонидан тайёрланган "Бир аёл қисмати" номли саҳна кўриниши намойиш этилди. Унда аёл-қизларнинг таълим олиши, касб-ҳунар эгаллаши, оилавий ажримларга сабаб бўлаётган ҳолатлар, ўз жонига касд қилишнинг салбий оқибати каби иллатлар кўрсатиб берилди. Ҳаётийлиги ҳамда турмуш тарзимиздаги салбий жиҳатларни очиб, уларга ижобий ечим тақдим қилган саҳна кўриниши иштирокчиларда катта таассурот қолдирди.
Фарғона вилояти вакиллиги
Матбуот хизмати