Икки дўст йўлда учрашиб қолди. Бир-бирини анчадан бери кўрмаганликлари боис узоқ суҳбат қурдилар. Шунда улардан бири дўстига:
- Қанийди кўп бойлигим бўлса! Очларга таом, ёлғизларга мадор, ночорларга шифо бўлардим! Лекин афсус, Худо бойлик бермади-да! Қўлимда косиблик ҳунари-ю, қари онамдан бошқа ҳеч нарсам йўқ! Баъзан, онамнинг қайсарликларидан чарчаб кетаман! – деди нолиб.
Бу гапларни диққат билан тинглаган иккинчи дўст, армонда қолган биродарига бундай деди:
- Юқорида айтган ишларни амалга оширишингга ишонмайман! Бир ўйлаб кўр, Аллоҳ таоло сенга соғлик, ҳалол касб, бошингга она ато қилди! Аслида, энг катта бойлик шулар эмасми? Сен эса шунча бойлигинг бўла туриб, битта-ю битта онангга хизмат қилишдан нолияпсан. Агар пулинг бўлганида бегоналарга яхшилик қилармидинг?! Аллоҳдан яна давлат сўрагунча, борининг шукрини адо этмайсанми ?!
Нолиган йигит бу гапларга бирор нарса дея олмай, ўйланганча қолди.
Шерзод ҲАЙДАРБЕКОВ
Тошкентда Хотин-қизларга нисбатан зўравонликка барҳам бериш халқаро куни муносабати билан "Зўравонликка қарши 16 кунлик фаол ҳаракат" глобал кампанияси бошланди.
Бу кампания аёллар ва болаларга нисбатан зўравонликка барҳам бериш учун жамиятнинг барча қатламлари саъй-ҳаракатларини бирлаштиришга чорлайди.
Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ушбу муҳим ташаббусни қўллаб-қувватлаш мақсадида ўз логотипини олов рангга ўзгартирди. Бу ранг умид, ёруғлик ва зўравонликсиз келажак рамзидир.
Агентлик барчани ушбу акцияни қўллаб-қувватлаш, муаммога эътибор қаратиш ва бирдамликни намойиш этишга чорлайди.
Биргаликда биз дунёни хавфсизроқ қила оламиз. Зеро, зўравонлик ҳеч қачон оқланмайди.
ЎзА