Ислом ва тавҳид ҳақида эшитибоқ, қалби имон билан порлади. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳузурларига бориб Исломни қабул қилди. У бошқа саҳобалар каби мушрикларнинг қаттиқ қийноқлари ва бўҳтонларига сабр этди. Бу машаққатлар фақат унинг имону ишончини ва динда собитлигини оширди, холос.
* * *
Биринчилардан бўлиб имон келтирган улуғ саҳобанинг тўлиқ исми: Уккоша ибн Миҳсон ибн Хурсон ибн Қайс ибн Мурра Асадий. Куняси: Абу Миҳсон. Бану Умайя қабиласининг амири. Ғайратли, кучли, ақлли, ўта сезгир ва оқкўнгиллиги билан одамлар орасида ажралиб турарди. У шижоатли ва журъатли эди.
Маккада мушриклар томонидан саҳобаларга етаётган азоб ва уқубатларни кўрган Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) уларга Мадинага ҳижрат этишларини буюрдилар. Уккоша (розияллоҳу анҳу) улар орасида эди. Кейинроқ Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) уни Ғамрога (Ямандан 18 чақирим масофадаги жой номи) жўнайдиган қирқ кишилик сарияга бошлиқ этиб юбордилар. Улар бу юришда душманга дуч келмадилар.
Уккоша ибн Миҳсон (розияллоҳу анҳу) барча яхшиликларда пешқадам бўлишга интиларди. Шунинг учун Пайғамбаримиз (алайҳиссалом)дан айрилмади. Бадр куни унинг қиличи синиб қолганида Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) унга таёқ бердилар ва ўша таёқ унинг қўлида қиличга айланди. Бу саҳоба Уҳуд, Хандақ ва бошқа барча сафарлар иштирокчисидир.
Сен ўшалардансан
Бир куни Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Арабларнинг энг яхши чавандози, мана, биздадир”, дедилар. “Ё Расулуллоҳ, ким у?”, деб сўрашди. “Уккоша ибн Миҳсон”, дедилар. Зирор ибн Азвар (розияллоҳу анҳу): “Ё Расулуллоҳ, у киши биздан”, деб айтди. Пайғамбаримиз (алайҳиссалом): “Сизлардан эмас, бизлардандир”, дедилар (Имом Муслим).
Ибн Аббос (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай марҳамат қилдилар: “Менга умматлар кўрсатилди. Пайғамбар ва пайғамбарлар ўта бошлашди. Улар билан бир оломон одам бирга эди. Бир пайғамбар билан эса ҳеч ким ўтмади. Ногаҳон, кўзимга катта бир оломон кўринди. Мен: «Бу нима, шу менинг умматимми?», деб сўраганимда, «Йўқ, бу Мусо ва унинг қавмидир», деб айтилди. Менга:“Уфққа қара!” деб буюрилди. Қарасам, уфқни тўлдириб халқлар келяпти. Кейин: “Осмон уфқининг бу томонига, анави томонига қара”, дейилди. Бу ёқда ҳам уфқни тўлдириб тумонат одам келаётганини кўрдим. Менга: “Булар сенинг умматинг. Улардан етмиш минги савол-жавобсиз жаннатга киради”, дейилди.
Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бошқа ҳеч нарса айтмасдан, (ичкарига) кириб кетдилар. Ўтирганлар: “Биз Аллоҳ таолога имон келтириб, Унинг расулига эргашдик. Ўшалар биз бўламизми ёки Исломда туғилган авлодларимизми? Чунки биз жоҳилият замонида туғилганмиз”, дея музокарага киришиб кетишди. Бу гапларни эшитган Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) ҳужраларидан чиқиб, бундай дедилар: “Улар ирим қилмайдиган, фол очдирмайдиган, ва (касал бўлмасидан) баданига (темир қиздириб) босмайдиган ва Парвардигорига таваккал қиладиганлардир”. Шунда Уккоша ибн Миҳсон (розияллоҳу анҳу) ўрнидан туриб: “Ё Расулуллоҳ, мен ўшаларданманми?” деб сўради. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Сен ўшалардансан”, дедилар. Муҳожирлардан бошқа бир киши туриб: “Ё Расулуллоҳ, мен ўшаларданманми?” деб сўраган эди, Пайғамбаримиз (алайҳиссалом): “Уккоша сендан олдин сўради”, деб жавоб бердилар» (Имом Бухорий).
Мадинани тарк этмади
Касир ибн Солт (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: “Уккоша ибн Миҳсон (розияллоҳу анҳу) Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) вафотларига қадар Мадинани тарк этмади. Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) оламдан ўтганларида Уккоша (розияллоҳу анҳу) қирқ тўрт ёшда бўлган. Сўнг Абу Бакр Сиддиқ (розияллоҳу анҳу) уни Яманга юборди”. Уккоша ибн Миҳсон (розияллоҳу анҳу)дан саҳобалар Абу Ҳурайра ҳамда Ибн Аббос (розияллоҳу анҳумо) ҳадис ривоят қилишган.
Орзу сари сўнгги қадам
Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)дан ҳеч бир савол-жавобсиз жаннатга кириш башоратини эшитган Уккоша (розияллоҳу анҳу) ана шу неъматга тезроқ сазовор бўлишни орзу қила бошлади. Абу Бакр (розияллоҳу анҳу) замонида муртадларга қарши курашди. Умрининг сўнгги куни Бузохада (Баҳрайндаги жой номи) якун топди. Ўшанда у Холид ибн Валид, Собит ибн Арқам билан бирга Тулайҳа ибн Хувайлид (сўнг у Исломни қабул қилган) ва укаси Салама ибн Хувайлид қўшинига қарши жанг қилди. Уккоша (розияллоҳу анҳу) “Рузом” лақабли отини, Собит ибн Арқам эса “Мухаббар” лақабли отини минган эди. Собит (розияллоҳу анҳу) Салама ибн Хувайлид билан, Уккоша (розияллоҳу анҳу) Тулайҳа ибн Хувайлид билан яккама-якка олишувда мардларча ҳалок бўлишди ва юксак даражага эришишди.
Манбалар асосида
Юлдуз КОМИЛОВА
тайёрлади.
Савол: Мен туш кўрдим ва уйғониб Ибни Сириннинг "Тушлар таъбири" китобини кўрсам ёмонроқ чиқди ва сиқилиб қолдим. Туш таъбири масалаларига мусулмон инсон қандай қараши керак?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Аввало шуни айтишимиз керакки, Ибн Сирийн раҳимаҳуллоҳга нисбат берилган “Тушлар таъбири” китоби у зотга тегишли эмас. Шунинг учун бу китобни у зотга нисбат бериб бўлмайди. Динимизга кўра тушлар уч хил бўлади:
– Аллоҳ таоло томонидан бўлган, таҳорат билан ётилганда, тонгга яқин кўриладиган, солиҳ тушлар.
– Шайтондан бўлган, аниқ эсда қолмайдиган, кайфиятни туширадиган, алаҳсирашга ўхшаш ёмон тушлар.
– Касбига ёки қизиққан нарсасига тааллуқли тушлар.
Динимизда туш кўрганда нима қилиш кераклиги борасида аниқ тавсиялар келган. Агар рост тушлар шариатга мос келса, амал қилиш мумкин, агар зид келса, қатъий амал қилинмайди. Ёмон туш кўрган киши тушини бировга айтмаслиги ва тушнинг ёмонлигидан Аллоҳ таолодан паноҳ сўраши керак. Бу ҳақида Абдуллоҳ ибн Қатода розияллоҳу анҳу отасидан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Рост туш Аллоҳдан, ёмон туш шайтондан. Бирортангиз қўрқинчли туш кўрса, чап томонига туфлаб қўйсин ва тушнинг ёмонлигидан (Аллоҳдан) паноҳ сўрасин. Шунда ёмон туш зарар қилмайди”, деганлар (Имом Бухорий ривояти).
Яъни ёмон туш кўрган киши чап томонга енгилгина туфлаб: “Роббим! Кўрган тушимни ёмонлигидан паноҳ сўрайман”, деб қўяди.
Баъзи уламолар имкон бўлса ўрнидан туриб, таҳорат олиб, икки ракат нафл намоз ўқигани ҳамда бироз садақа қилиб қўйгани яна ҳам яхши, дейишган.
Шунингдек, туш инсон тақдирини белгиламайди. Тушга ортиқча баҳо бериб, уни ҳаёт мезонига айлантириш тўғри эмас. Биз динимиз кўрсатмаларига оғишмай амал қилсак, ҳам моддий, ҳам руҳий тарафдан соғлом, иродамиз мустаҳкам бўлади. Валлоҳу аълам!
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.