Табиат – аждодларимиздан бизга қолдирилган мерос эмас, балки келгуси авлодларимиздан олинган қарзимиздир.
Гро Харлем Брундланд,
файласуф
Ҳаво
Уммон орти давлати мутахассислари атроф-муҳит, жумладан, сув ва ҳавонинг ифлосланиши урушлар, зўравонликлар, касалликлар, очарчиликлар ва бошқа табиий офатлардан кўра одамлар умрига кўпроқ зомин бўлаётганини ўрганиб, хулосаларини Lancet журналида эълон қилдилар.
Ушбу ҳисоботда баён қилинишича, ҳаво ифлосланиши сабабли юз бераётган ўлим сони кашандалик оқибатида юз берадиган ўлим миқдоридан бир ярим баробар; ОИТС, сил ва безгакдан уч баробар; урушларлардан 15 баробар юқори.
2015 йил ҳаво ифлослангани боис тўққиз миллион одам кўз юмган. Бу тахминий ҳисоб, экспертларнинг фикрича, ҳақиқий миқёс балки икки баробардир. Негаки, барча мамлакатлар ривожланган мониторинг тизимига эга эмас ҳамда атроф-муҳитдаги барча заҳарли кимёвий моддаларнинг таъсирини кузатиб бориш имконсиз.
Тахмин этилишича, атмосферага ҳар йили 100 миллион тоннадан ортиқ углеводород чиқарилар экан. Шунинг 74 фоизи ривожланган давлатлар ҳиссасига тўғри келади.
“Бугун Ер юзида содир бўлаётган кўплаб фалокат ва табиат инжиқликлари инсон фаолияти билан боғлиқ. Барқарор ривожланиш масалалари ғоят долзарб аҳамият касб этмоқда. Барқарор ривожланишни таъминлаш учун яқин йиллар ичида атмосферага чиқарилаётган ташланмалар миқдорини 90 фоизга камайтиришимиз даркор”, дейди голландиялик номдор олим, Вагенинген университети профессори, иқлим ўзгариши соҳасидаги тадқиқотлари учун Нобель мукофотига сазовор бўлган Рик Лиманс.
Табиатдаги ўзгаришларни кузатиб бораётган олимларни сайёрамиз атмосферасининг заҳарли моддалар билан ифлосланиши йил сайин кескин тус олаётгани тобора жадаллашиб бораётгани ташвишга солмоқда. Ҳозирги кунда Боку (Озарбайжон), Аддис-Абеба (Эфиопия), Мехико (Мексика), Антананариву (Мадагаскар), Дакка (Бангладеш), Катманду (Непал), Доруссалом (Танзания), Бағдод (Ироқ), Браззавиль (Конго), Мумбаи (Ҳиндистон) каби шаҳарлар ҳавоси шу қадар кўп ифлосландики, бу шаҳарларда яшаш ҳатто инсоннинг ҳаёти учун хатарли деб айтаверса ҳам бўлади.
Ер юзида нефть, газ, кўмир ва кимё саноатидан ҳаддан ташқари кўп фойдаланилаётгани боис глобал иқлим исиши, атмосферада иссиқлик газлари ниҳоятда кўп миқдорда тўпланиши юз бераётир. Натижада тоғларда захирага тўпланган муз қатламлари меъёридан ортиқ даражада эриб оқиб кетяпти. Бунинг оқибатида тоғлардаги ичимлик суви захиралари йилдан йилга камайиб бормоқда. Шунингдек, Антрактидадаги муз тоғлари ҳам эрий бошлади ва океанларнинг сувларини чучуклаштириб, муайян меъёрдаги шўр сувда яшашга мослашган денгиз флораси ва фаунасига хавф солиш баробарида денгиз бўйи давлатларига ҳам жиддий хатар туғдира бошлади.
Марҳум профессор Абдуқодир Эргашев домла “Оғунинг баҳоси қанча?” мақоласида ёзганидек, “Биз ҳаёт кечираётган атроф-муҳитни ифлослантирган кимёвий моддаларнинг тури тўрт миллиондан ортиқ. Улар орасида энг ёмони – инсон учун хатарлиси ксенобиотиклар, яъни табиатга ёт бўлган заҳри-қотил пестицидлардир. Қишлоқ хўжалик экинларини турли касаллик ва зараркунандалардан ҳимоя қилиш учун мўлжалланган гербицидлар, замбуруғларга, ҳашаротларга қарши ишлатиладиган кимёвий моддалар шулар сирасига киради. Ҳар йили ер юзининг 15 миллион квадрат километрга яқин майдони дориланади. Бунинг натижасида фақат ривожланаётган мамлакатларда 375 минг киши заҳарланиб, 10 мингдан ортиқ киши ҳаётдан кўз юммоқда. Бизда бундай маълумотлар йўқ. Аммо аҳвол анча мураккаблиги сир эмас... пестицидлар АЭСларнинг радиоактив чиқитлари хавфидан 9 баробар хавфли”.
Глобал иқлим ўзгариши натижасида қуруқ иқлимли минтақаларда ёғингарчилик камайиб қурғоқчилик кузатилаётган бўлса, серёғин ўлкаларга сув тошқинлари, тўфонлар зарар етказмоқда.
Ана шу ҳодисаларни кўрган одам бандалигига бориб: “Ё тавба, ана шу сув тошқинларидаги меъёридан ортиқ сувлар қурғоқчиликдан азият чекаётган ўлкаларга ёмғир бўлиб ёққанида қандай яхши бўларди”, деб ўйлайди. Аммо ўша тошқину тўфонлар, қурғоқчиликларга инсониятнинг ўзи сабабчи бўлаётгани хаёлига ҳам келмайди.
Бинобарин, табиат мутаносиблиги ўз-ўзидан бузилиб, атроф-муҳит ўзидан-ўзи ифлосланиб қолаётгани йўқ. Бунга биз, инсонларнинг табиатга очофатларча муносабатда бўлаётганимиз сабаб бўлмоқда. Аъроф сурасида: “Ва ислоҳ қилингандан кейин ер юзида фасод қилманг...” (56-оят), дея бандаларини огоҳлантирган Парвардигоримиз Рум сурасида: “Қилган амалларининг баъзисини тоттириш учун, одамлар қўллари касб қилган нарсалар туфайли қуруқликда-ю денгизда фасод зоҳир бўлди. Шоядки, улар қайтсалар” (41-оят), дея Одам алайҳиссалом авлодлари фожеаларининг асл сабабларини ҳам баён қилмоқда. Аммо бизнинг ақлимизга не бўлганки, очиқ-ойдин кўриб турган ҳақиқатга ҳам эргаша олмаяпмиз – ўзимизни, келажак авлодларимизни юз бериши муқаррар бўлган фалокатлардан асрашга уриниш ўрнига тобора ўша фалокат сари яқинлашиб боряпмиз!
Динимиз VII юзйилликда ер юзида фасод қилмаслик, ҳавони ифлос қилмаслик, ерни, сувни ва бошқа табиий бойликларни асраб-авайлашга амр қилган бўлса, 1382 йили Франция қироли Карл VI ҳавони ифлослантирмаслик масаласини қонунлаштирилган ва ҳавога “ёмон ҳидли, одамни нохуш қиладиган” тутун чиқарувчилар унинг давлатида жазога тортилган.
Ҳавонинг ифлосланиши шуниси билан хатарлики, ҳаво чегара билмайди. Демак, қайсидир минтақада юз берган ҳаво ифлосланиши ҳеч қандай тўсиқ билмасдан бошқа минтақаларга ҳам бемалол ўтиб бораверади. Масалан, Орол денгизи ўрнидан кўтарилган туз чанглари Антрактида музларини эритаётганини муболаға деб ўйлайсизми?.. Асло ундай эмас. Бунга ишонч ҳосил қилиш учун юқоридаги ояти карималарни яна бир эслаб қўйсангиз кифоя.
Дамин ЖУМАҚУЛ,
ЎМИ Матбуот хизмати
Диндан узоқлашар эканмиз, асл мақсаддан, рисолатдан ва инсоний қадриятлардан йироқлашган бўламиз. Натижада жамиятда ёмонлик, зулм ҳукм суради, ёвузликка, маст қилувчи ичкиликларга қизиқиш ортади, оилага, соғлом турмуш тарзига рағбат йўқолади, ота-она билан фарзанд ўртасидаги муносабатларга ҳам футур етади, иқтисодий ҳаёт эса рибо ва қимор билан тўлиб-тошади. Оқибатда гуноҳлар кескин кўпайиб кетади.
Шу боис инсон доимо динга эҳтиёж сезади ва ундан ҳеч қачон беҳожат бўлмайди!
«Ҳанафий мазҳабига теран нигоҳ» китобидан