Аллоҳ Довуд ва Сулаймонга (алайҳимуссалом) ерда ҳокимлик, мол-мулкда кенглик ва илмда барака берди. Яна уларга одамларга қоронғи бўлган кўп нарсаларни билдирди. Шунингдек, уларга қурол-аслаҳалар берди, жинлар, ҳайвон ва ҳашаротларни бутунлай бўйсундирди. “Қасамки, Биз Довуд ва Сулаймонга (етук) билим ато этдик ва улар: “Бизларни кўп мўмин бандалардан афзал қилиб қўйган зот – Аллоҳга ҳамду сано бўлсин”, дедилар. Сулаймон (пайғамбарлик ва илмда) Довудга ворис бўлди ва айтди: “Эй одамлар, бизга қушларнинг (ва барча жонворларнинг) тили билдирилди ҳамда (пайғамбар ва подшоҳларга бериладиган) барча нарсалардан берилди. Албатта, бу очиқ фазлу марҳаматнинг ўзидир” (Намл, 15–16).
Аллоҳ Довудга (алайҳиссалом) тоғ ва қушларни у билан бирга тасбеҳ айтадиган қилиб бўйсундирди. Яна унга совут ясашни ўргатди ва темирни хамирдек юмшоқ қилиб берди: “Аниқки, Биз Довудга (улуғ) бир фазл-мартаба ато этдик: “Эй тоғлар ва қушлар, (Довуд) билан бирга тасбеҳ айтинглар!”. Ва унинг учун темирни (хамирдек) юмшоқ қилиб қўйдик. (Ва унга дедик): “Совутлар ясагин ва (уларни) тўқишда аниқ-пухта иш қилгин! (Эй Довуд хонадони), яхши амал қилинглар! Зеро, мен қилаётган амалларингизни кўриб тургувчиман” (Сабаъ, 10–11). Довуд (алайҳиссалом) бу каби неъматларга шукр қилар, Аллоҳга тавба-тазарру билан зикр, дуо ва тасбеҳ айтар, одамлар орасида ҳақ билан ҳукм чиқарар эди.
“Сулаймонга эса бўронли шамолни (бўйсундириб) унинг амри билан биз муборак қилган заминга (Шомга) эсадиган (қилиб қўйдик). Биз барча нарсани билгувчимиз. Яна шайтон-жинлардан (Сулаймон учун) ғаввослик қиладиган ва бундан бошқа ишларни ҳам адо этадиган кимсаларни (яратдик). Ва биз уларни (Сулаймоннинг амридан чиқиб кетмасликлари учун) қўриқлаб тургувчи бўлдик” (Анбиё, 81).
* * *
Бир қавмнинг токлари мева туккан эди. Қавмнинг қўйи кириб уни янчиб ташлади. Довуд (алайҳиссалом) қўйни ток эгасига беришга ҳукм қилди. Сулаймон (алайҳиссалом): “Ток новдасини қўй эгасига берамиз. Ток унинг уйида ўз ҳолатини тиклаб олсин. Қўйдан эса ток эгаси фойдаланиб турсин. Ток новдаси олдинги ҳолига қайтиши билан ўз эгасига, қўй ҳам ўз эгасига қайтарилиб берилади”, деди.
* * *
Ҳудҳуд Сулаймоннинг (алайҳиссалом) хабарчиси, сувли ерлар ва аскарлар манзили ҳақида хабар берувчи “кўзи” эди. Кунларнинг бирида Сулаймон (алайҳиссалом) қушларни кўздан кечираётиб Ҳудҳудни топа олмади ва ғазабланиб, уни койиди. Ҳудҳуд бир қанча вақтдан сўнг қайтиб келди ва Сулаймонга (алайҳиссалом): “Сен ва лашкаринг огоҳ бўлмаган нарсадан огоҳ бўлдим ва ҳузурингга Сабаъ ва уларнинг маликалари ҳақидаги хабарни келтирдим. Уларнинг катта салтанати бор экан. Ўзлари ақлли, мол-мулкли ва шу билан бирга жаҳолатда экан. Улар қуёшга сажда қилади ва бу ишларининг моҳиятини тушунмайди”, деди.
Аллоҳнинг пайғамбарини мамлакатининг ёнгинасида у билмаган ва даъвати етиб бормаган, ҳанузгача қуёшга сиғинадиган салтанат бор экани ғазаблантирди. Унда дин ва пайғамбарлик ҳамияти жунбушга келди. Шаҳарга қудратли аскарлари билан бостириб боришдан олдин мамлакатнинг мушрика маликасини Исломга даъват қилиб, итоат ва бўйсунишга чорлаб, мактуб ёзди. Мактубда хушмуомалалик билан жиддийлик, пайғамбар тавозеси билан подшоҳнинг қатъияти жамланган эди.
Малика оқила эди, ҳукм чиқаришга ошиқмади. Лекин ҳали ҳидоят топмаган эди. Салтанат аъёнларини бу мактуб билан таништирди. Давлат арконлари эътибор қозониш ва тилёғламалик қилиш мақсадида катта қўшин тортишни маслаҳат қилишди. Аммо малика уларнинг сўзларини қабул қилмади: “Мен Сулаймонга ҳадялар жўнатаман ва уни синаб кўраман. Агар ҳадяларни қабул қилса, у подшоҳ бўлади. Шунда у билан жанг қилинглар. Агар туҳфаларни қабул қилмаса, у пайғамбардир. Унга эргашинглар”, деди.
Малика Сулаймонга (алайҳиссалом) ҳадялар жўнатди. Сулаймон (алайҳиссалом) юз ўгириб, улардан воз кечди. Сўнг: “Ширкингизда ва мулкингизда қолдиришим учун мол бериб, мен билан савдолашмоқчимисиз? Аллоҳ менга берган мулк, бойлик ва лашкар сиз эга бўлган нарсалардан яхшироқ”, деди.
Малика ва қавми бўйсунди. Сулаймон (алайҳиссалом) Аллоҳга ҳамд айтди. У маликага Аллоҳнинг мўъжизаларидан бирини кўрсатишни истади. Жинларга маликанинг тахтиравонини отлиқ қўшин етиб келгунига қадар келтиришларини талаб қилди. Оз фурсат ичида Сулаймоннинг (алайҳиссалом) истаган нарсаси рўёбга чиқди. Бу мўъжиза эди. Сулаймон (алайҳиссалом) маликанинг фаросатини синаш учун тахтини танимайдиган қилиб, ўзгартириб қўйишга буюрди. «Бас, у келгач: “Тахтинг шундаймиди?” дейилди. У: “Худди ўшанинг ўзи”, деди » (Намл, 42).
Сулаймон (алайҳиссалом) малика учун ойнадан улкан қаср қуришни ва қаср остидан сув оқизиб қўйишни буюрди. Ойна ҳақида билмаган киши уни сув деб ўйларди. У ойнани оқадиган ва тўлқилланадиган нозик сув деб тушунди, оёқларини очиб, уни кесиб ўтмоқчи бўлди. Сулаймон (алайҳиссалом): “Бу чиннидан силлиқланган сув”, деб уни огоҳлантирди. Шунда маликанинг қалб кўзидаги парда очилди: зоҳирга қараб баҳолаб, қуёшга ибодат қилиб, адашганини билди. Ва: “Парвардигорим, дарҳақиқат мен (қуёшга сиғиниш билан) жонимга жабр қилибман, (энди) Сулаймон билан бирга барча оламлар хожаси – Аллоҳга бўйсундим”, дейишга ошиқди” (Намл, 44)
Аллоҳ Сулаймонга (алайҳиссалом) ҳикмат берди. Шунингдек, Аллоҳ унга пайғамбарлик берди. Яҳудлар туҳматидан у зотни поклади: “Сулаймон кофир эмас эди. Балки одамларга сеҳр ўргатадиган шайтонлар кофир эдилар” (Бақара, 102). Ва яна: “Биз Довудга Сулаймонни ҳадя этдик. (Сулаймон) нақадар яхши бандадир. Дарҳақиқат, у (Аллоҳ рози бўладиган йўлга) бутунлай қайтгувчидир” (Сод, 30);
“Шак-шубҳасиз (Сулаймон) учун Бизнинг ҳузуримизда яқинлик ва гўзал оқибат (яъни, жаннат) бордир” (Сод, 40) деб марҳамат қилди.
Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг муҳаббати
Буюк саҳобий Абу Бакр розияллоҳу анҳу бундай дейдилар: “Биз ҳижратда эдик. Мен жуда чанқаб турган эдим. Озгина сут олиб келиб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга узатдим ва: “Ё Аллоҳнинг Расули, ичиб олинг”, дедим. Расулуллоҳ ичдилар-у, менинг чанқоғим қонди”.
Бу гаплар айнан ҳақиқат. Абу Бакр розияллоҳу анҳу чин дилдан шундай дедилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ичдилар ва Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг чанқоқлари қонди. Бу муҳаббатнинг гўзаллигини ҳис қила оляпсизми? Бу ўзгача, хос бир муҳаббатдир...
Савбон розияллоҳу анҳунинг муҳаббати
Пайғамбар алайҳиссалом дастёрлари Савбон розияллоҳу анҳунинг олдида кун давомида бўлмадилар. Набий алайҳиссалом қайтиб келганларида Савбон розияллоҳу анҳу у зотга қараб: “Эй Аллоҳнинг Расули, мени ёлғиз ташлаб кетдингиз”, деди-да, йиғлаб юборди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Шунга йиғлаяпсанми?” – дедилар. Савбон розияллоҳу анҳу: “Йўқ, Расулуллоҳ! Лекин жаннатда сизнинг ва ўзимнинг мартабамни ёдга олиб қўрқиб кетдим. Аллоҳ таолонинг мана бу ояти эсимга тушди: «Кимда-ким Аллоҳ ва Пайғамбарга итоат этса, ана ўшалар Аллоҳнинг инъомига эришган зотлар, яъни, пайғамбарлар, сиддиқлар, шаҳидлар ва солиҳ кишилар билан биргадирлар. Улар эса энг яхши ҳамроҳлардир»[1]. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Хурсанд бўлавер! Сен ҳам ўзинг муҳаббат қўйганлар билан биргасан”, дедилар.
Савод ибн Ғозийянинг муҳаббати
Савод ибн Ғозийя Уҳуд ғазоти кунида қўшиннинг марказида турарди. Набий алайҳиссалом қўшинга қарата: “Сафларни ростланглар, тўғри туринглар!” – дедилар. Қараб борар эканлар Набий алайҳиссалом Савод розияллоҳу анҳунинг тўғри турмаганини кўриб: “Ростлангин, эй Савод!” – дедилар. Саҳобий: “Хўп”, деди-ю, бироқ тўғирланмасдан тураверди. Пайғамбар алайҳиссалом у томонга яқинлашиб, қўлларидаги мисвоклари билан саҳобийнинг биқинига ниқтаб: “Савод, тўғри тургин!” – дедилар. Савод: “Оғриттингиз, Расулуллоҳ! Аллоҳ таоло сизни ҳақ ила юборган бўлса, энди мен сиздан ўч олишим учун имкон беринг”, деди. Пайғамбаримиз алайҳиссалом қоринларини очиб: “Қасосингни олвол, Савод”, дедилар. Савод розияллоҳу анҳу эгилиб қоринларини ўпа бошлади ва: “Ё Аллоҳнинг Расули, бугун шаҳидлик кунидир, шунинг учун ҳам охирги онларимда танам сизнинг муборак танангизга тегиб қолишини хоҳладим”, деди.
Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: “Минбар ясалмасидан аввал Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам хурмонинг танасига суяниб хутба қилар эдилар. Бир муддат ўтиб, минбар жойлаштирилганидан сўнг Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам минбарга кўтарилдилар. Шунда ўша хурмо танасидан (ёш боладай) ўксик овоз чиқди. Уни, ҳатто биз ҳам эшитдик. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам келдилар-да, унга қўлларини теккиздилар. Зум ўтмай у тинчиб қолди” (Имом Бухорий ривояти).
Ҳассон Шамсий Пошонинг
“Жаннат бўстонидаги оилавий оқшомлар” номли китобидан
Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Илҳом Оҳунд, Абдулбосит Абдулвоҳид таржимаси.
[1] Нисо сураси, 69-оят.