Ҳазрати Имом (халқ орасида Хаст имом номи билан машҳур) – Тошкентнинг энг асосий диққатга сазовор жойларидан биридир. Мажмуа Тошкент имоми, олим, Қуръон ва ҳадис билимдони, Тошкентда исломнинг илк тарғиботчиларидан бири, шоир ва ҳунарманд Ҳазрати Имом (унинг тўлиқ исми Абу Бакир ибн Исмоил Ал-Қаффол Аш-Шоший) қабри атрофида бунёд этилган.
Тарихий манбаларга кўра, шунингдек, у қулфлар ва қалитларни тайёрлаш бўйича уста ҳам бўлган, шу сабабли “Қаффол” (қулфчи) лақабини олган, 72 тилни билган ва Тавротни араб тилига таржима қилган.
Абу Бакр Қаффол Шоший 976-йилда 73 ёшида вафот этади ва у шу кунгача бутун дунёда мусулмонлар томонидан ҳурмат қилинадиган мақбарада дафн этилади.
Ушбу мажмуанинг меъморий элементлари турли даврларда барпо этилган. “Қаффол Шоший” мақбараси, “Бароқхон” мадрасаси ва “Мўйи Муборак” мадрасаси 16-асрда қурилган. “Номозгоҳ” масжиди 18 асрда ва “Тилла Шайх” жоме масжиди 20-асрда барпо этилган.
“Ҳазрат Имом” жоме масжиди ва Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг янги маъмурий биноси яқин йилларда (2007) Ўзбекистон Республикасининг биринчи Президенти Ислом Каримов ташаббуси ва лойиҳаси билан барпо этилди.
Ҳазрати Имом мажмуасида катта кутубхона мавжуд. Бугунги кунда қўлёзмалар сони 30000 мингтани ташкил этади. Улар “Тилла Шайх” масжидининг эски биносидаги сақлаш хонасида жойлашган.
Манзил: Зарқайнар кўчаси, Чорсу бозорининг шарқида.
Кийиниш талаблари: Ўзбекистонда аёллар диний диққатга сазовор жойларни зиёрат қилишда тананинг очиқ қисмларини (елкалар, орқа ва оёқлар) ёпиб юриши мақсадга мувофиқ.
манба: tashkentnews.uz
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Муҳаррам ойи қандай ой?
Муҳаррам ойи – мусулмонлар тақвимининг биринчи ойидир. Бу ой Аллоҳ таоло уруш, қон тўкишни ҳаром қилган (Зулҳижжа, Зулқаъда, Муҳаррам, Ражаб) тўрт ойнинг бири бўлиб, унинг ўнинчи куни яъни, ашуро куни алоҳида фазилатларга эга.
Ашуро қандай кун?
Бу кун ҳақида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бу шундай яхши кундирки, бу кунда Аллоҳ Бани Исроилни душманларидан қутқарган. Шу боис Мусо алайҳиссалом бу кунда рўза тутган. Мен Мусога кўпроқ (яқин бўлишга) ҳақлироқман”, дедилар ва у кунда рўза тутиб, одамларни ҳам унинг рўзасини тутишга буюрдилар” (Имом Бухорий ривояти).
Ашуро куни рўза тутиш ўтган бир йиллик гуноҳларга каффорат бўлади.
Бу ҳақда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ашуро кунининг рўзаси – Аллоҳдан умид қиламанки – бир йил олдинги гуноҳларга каффорат бўлади”, деганлар (Имом Муслим ривояти).
Бу кун яқинларга кенгчилик қилиш, бир йиллик кенгчиликка сабаб бўлади.
Абу Саъд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким Ашуро куни аҳли аёлига кенглик яратса, Аллоҳ унга йил бўйи кенглик яратади”, дедилар (Имом Байҳақий ривояти).
Ашуро кунини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қандай ўтказардилар?
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу кунни ўтказиб юбормаслик учун қаттиқ ҳаракат қилардилар, унинг савобига эришиш учун бу куннинг келишини интиқлик билан кутардилар. Бу ҳақда Ибн Аббос розияллоҳу анҳу айтадилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни Ашуро куни рўзасини Рамазон ойи рўзасини кутиб соғингандек, бошқа кун ва ой рўзасини кутганларини кўрмадим” (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти).
Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Ашуро куни рўзасини тутиб, одамларни ҳам бу куннинг рўзасини тутишга буюрганларида, саҳобалар: “Ё, Расулуллоҳ! Бу кун яҳудий ва насронийлар улуғлайдиган кун-ку!” дейишди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ хоҳласа келаси йил тўққизинчи куни ҳам тутамиз”, дедилар. Аммо, келаси йил келмасидан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам вафот этдилар (Имом Муслим ривояти).
Аллоҳ таоло ушбу ойнинг фазилатларидан барча мўмин-мусулмонларни тўлиқ баҳраманд этсин. Ўзининг розилигини топадиган амалларда бардавом қилсин.
Даврон НУРМУҲАММАД