Бир неча асрлар олдин Ислом оламининг илмий маркази бўлган Боғдодда жуда кўп уламолар яшашган. Кунлардан бир кун Рум подшоҳи Боғдодга ўз элчисини жўнатиб, унга мусулмонларни учта савол билан синаб кўришни топширди. Элчи шаҳарга етиб боргач, халифага подшоҳнинг истагини билдирди. Шунда халифа шаҳар уламоларини саройга йиғишни буюрди.
Элчи минбарга чиқиб:
— Мен сизларга подшоҳимнинг уч саволини бераман. Агар унга тўғри жавоб бера олсангиз, у сизларга кўп мол-мулк ваъда қилмоқда. Саволлар қуйидагича:
Аллоҳдан аввал нима бўлган?
Аллоҳ бир лаҳзада ҳамма ёққа назар сола оладими?
Ҳозир Аллоҳ нима қиляпти?
Уламолар орасида сукунат чўмди. Тўсатдан оломон ичида майин овоз эшитилди:
— Дадажон, рухсат беринг, мен унинг саволларига жавоб берай!
Бу овоз отасига эргашиб келган ёш боланики эди. Халифадан рухсат сўралгач, болакайга гапиришга изн берилди. Рум элчиси ёш мусулмонга мурожаат қилиб, биринчи саволини такрорлади:
— Аллоҳдан аввал нима бўлган?
Бола саволга савол билан жавоб берди:
— Санашни биласизми?
— Ҳа, - деди элчи.
— Унда ўндан пастга қараб сананг!
Элчи "ўн, тўққиз, саккиз, дея санай бошлади ва ниҳоят "бир" деб тўхтади.
— Нега тўхтадингиз?, деди бола.
— Бир сонидан олдин бошқа сон йўқ-ку?!, — деди ҳайронлик билан элчи.
— Оддий бир сонидан олдин ҳеч нарса йўқ экан, қандай қилиб Якка бўлган Аллоҳдан аввал бир нарса бўлиши мумкин?! У Аввал ва Охир, Зоҳиру, Ботиндир.
Элчи бу жавобга ҳеч қандай эътироз билдира олмади ва иккинчи саволни берди:
— Аллоҳ бир лаҳзада ҳамма ёққа назар сола оладими?
— Шам келтириб ёқинг, - деди бола. — Энди эса унинг нури қаерга қараб таралаётганини айтинг.
— Аммо, шамнинг нури ҳар тарафга таралади: шарққа, ғарбга, шимолга, жанубга... Аниқ бир томонни айтиш мушкул, - дея ҳайрати ортди элчининг.
— Агар яратилган нур ҳар томонга таралар экан, унинг Яратувчисидан нимани кутмоқдасиз?! «Аллоҳ осмонлар ва ернинг нуридир...» (Нур, 35) хитоб қилди бола.
Элчи ўз кўзларига ишонмасди. Қаршида турган бу кичкина болакайнинг донолик билан бераётган жавоблари уни лол қолдирди. Тушкунликка тушган элчи охирги саволни беришга оғиз жуфтлар экан, болакай унга:
— Тўхтанг, сиз менинг ўрнимга тушиб, мен эса минбарга чиқишим адолатлироқдир. Саволингизни ҳамма эшитди, энди менинг жавобимни ҳам эшитишсин, — деди.
Элчи бу таклифга рози бўлди ва минбардан тушиб, учинчи саволни такрорлади:
— Ҳозир Аллоҳ нима қиляпти?
— Аллоҳ ҳозир минбардан бир ёлғончи, шаккокни тушириб, уни ҳаммага кулги қилди. Аллоҳнинг борлигига ва бирлигига ишонган мўминни эса юксалтириб, тилига ҳикмат солиб ҳақиқатни баён қилдирди. Аллоҳ ҳамма нарсага қодирдир.
Мағлуб элчи бу сўзлардан сўнг иснод билан ўз шаҳрига қайтиб кетди. Бола эса Ислом оламидаги энг буюк олимлардан бири бўлиб етишди.
Тошкент вилояти Зангиота тумани
«Имоми Аъзам»
жоме масжиди имом-хатиби
Одилжон Нарзуллаев
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Тонг саҳар тўрт мучамизнинг соғ, оиламиз тинч, ташқарида ҳеч қандай хавфнинг хатарисиз уйғониш биз ҳар доим ҳам эътибор беравермайдиганимиз, шукрини адо этишни эсимиздан чиқарадиганимиз неъматлар сирасига киради. Гўё асли шундай бўлиши керакдек яшайверамиз. Яна бир тур неъматлар борки, бизнинг эътиборимиздан четда. Буларга сув, ҳаво каби биз қадрламайдиган, лекин булар бўлмаса, бир соат ҳам яшай олмайдиган эҳтиёжларимиз киради.
Бу неъматларнинг шукрини адо этмаслик, яъни қадрига етмаслик оқибати нималарга олиб келиши бугунги кунда намоён бўляпти. Пала-партиш фойдаланиш сабаб Орол денгизининг қуриши нафақат минтақамизнинг, балки бутун дунёнинг муаммосига айланиб улгурганига анча бўлди. Биз учун текинга бериб қўйилган бу бебаҳо неъматни қадрламаслик орқасидан бугун инсоният жиддий муаммолар қаршисида турибди. Аллоҳ таоло Ўзининг каломида берилган неъматларни қадрлашни таъкидлаб, «Еб-ичинглар, аммо исроф қилманглар. Чунки У Зот исроф қилувчиларни севмас» (Аъроф сураси, 31-оят), деб буюрди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам таҳорат қилаётган буюк саҳобалардан бири Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳунинг сувни кўпроқ ишлатаётганини кўрдилар ва унга: «Ҳой Саъд! Бу қандай исрофгарчилик?!» дедилар. Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳу: «Эй Аллоҳнинг Расули! Таҳоратда ҳам исроф бўладими?» деди. У Аллоҳнинг ибодати учун таҳорат қилаётганда сувни сал кўпроқ ишлатиш исроф саналмаса керак, деб ўйлаган экан. Шунда у зот алайҳиссалом: «Ҳа, ҳатто оқиб турган дарёнинг ёқасида бўлсанг ҳам», дедилар.
Биз эса «Сув – текин» деган тушунча билан бир пайтлар шаҳарларимиз, қишлоқларимиз, маҳаллаларимизда зилол сувга тўлиб оққан ариқ-анҳорларни қуритдик. Борларини чиқиндихонага айлантирдик. Оқибатда илгари одамлар бемалол ичаверган ариқ сувлари ҳозир ҳатто қўл ювишга ҳам ўйланиб қолинадиган ҳолга келди.
Яқин-яқингача пойтахтнинг шимоли-шарқ томонидан кўриниб, баҳри дилингизни очган, хуш кайфият бағишлаган пурвиқор тоғлар бугун кўринмай қолганига одамлар энди-энди аҳамият бера бошлашди. Дарахтларнинг камайиши, автоуловларнинг кўпайиши, мавжуд яшил ҳудудлар қисқариб, ўрнига режасиз қуриб ташланаётган уй-жой экологияга, она табиатга таъсир қилмай қолмади. Қалин чангли парда ортига яширинган тоғлар худди бизни ёрдамга чақираётган, вақтида чора кўрилмаса, оғир оқибатлар юзага келишидан огоҳлантираётгандек гўё.
Ва ачинарлиси бу оғир оқибатлар ўзини кўрсата бошлади. 60 йиллик тажрибага эга IQAir ташкилоти томонидан тайёрланган охирги йиллик ҳисоботда қайд этилишича, ҳавонинг ифлосланиши оқибатида бир йилда дунё бўйича 7 миллион аҳоли ҳаётдан бевақт кўз юммоқда, миллиардлаб инсон нафас йўллари касалликлари ҳамда бошқа оғир дардларга йўлиқмоқда. IQAir сайти маълумотларига кўра, 2023 йил якунлари бўйича тузилган рейтингга мувофиқ, Ўзбекистон 134 давлат орасида 23-ўринни банд этиб турганини жуда ачинарли. Рўйхатдаги ҳавоси энг ифлос учликни Бангладеш, Покистон ва Ҳиндистон эгаллаган (iqair.com/ru/world-most-polluted-countries).
Сурункали респиратор касалликларининг дунё бўйлаб тарқалиши ва бу жараёнларнинг асоратларини ўрганган бир гуруҳ британиялик олимлар инсон ўлимига сабаб бўлаётган бешта асосий омиллардан бири нафас олиш тизими касалликлар эканини маълум қилишди. Тиббиёт соҳасига оид янгиликларни ёритадиган «Тhe Lancet» нашри эълон қилган мақолада 1990–2019 йилларда нафас йўллари касалликларининг тарқалиши 39,8 фоизга, ушбу дардлардан вафот этганлар сони эса 28,5 фоизга ошгани айтилган. Бронхиал астма энг кўп тарқалаётган сурункали респиратор касаллик сифатида қайд этилган бўлиб, нафас йўлларининг касалланиши, биринчи навбатда, чекиш иллати, шунингдек, ҳавонинг ифлосланиши ҳамда саноат ишлаб чиқаришининг турли хилдаги салбий оқибатлари сабаб юзага келмоқда.
Юртимиздаги мактабларнинг бирида атроф-муҳитни асраб-авайлаш ҳамда бошқа ижтимоий муаммоларни бартараф этиш, уларнинг олдини олишга бағишланган тадбирда бир ўқувчи йигит Она Ернинг одамларга қилган мурожаатини ўқиб берган эди. Сиз ҳам бу мурожаатга бир эътибор бериб кўринг-а:
«Эй одамзод, нималар қилиб қўйдинг, нималар қиляпсан! Тўхта! Бўлди! Етар энди. Дарахтларни кесиб, қанча ўрмонларни йўқ қилдинг, ҳавони, сувни булғатдинг. Кўлу дарёларни қуритдинг. Жуда қизиб кетдим. Яратилганимдан бери бунақа қизимаганман. Ҳаммаёғимни ёндириб, илма-тешик қилиб ташладинг-ку! Яна нима истайсан, одамзот?! Шаҳарларда тупроқ қолмади! Ҳаммаёқни тошдек бетон билан қоплаб ташладинг. Менинг сабрим чексиз эмас. Захираларим ҳам тугаб боряпти. Мени асрамасанг, эртага ўзинг қийналасан. Ўзингни бос. Тўхта. Атрофга қара! Ақл билан иш тутиб, менга озгина ёрдам бериб юборсанг, у ёғига ўзимни ўзим тиклаб оламан. Яхшиям Аллоҳ менга ўзимни ўзим совутиш қобилиятини берган. Лекин вазият шу зайлда давом этаверса, яъни табиат шу тарзда ифлослантирилаверса, тикланиш қобилиятим ҳам иш бермай қўйиши мумкин. Аввалги ҳолга қайтиши даргумону, лекин вазиятни яхши томонга ўзгартириш мумкин. Яхши инсонлар ҳали бор бу дунёда. Ҳаммангиз бирлашсангиз, қўлингиздан кўп нарса келади, Худо хоҳласа».
Ўсмир йигитнинг бу мурожаати ҳар биримизга кўзингизни очинг, вақт борида имкониятларни ишга солинг, деяётгандек гўё...
Аллоҳ ҳеч бир нарсани бекор яратмаган. Ҳар бир ўсимликнинг, ҳар бир жониворнинг вазифаси бор. Шунингдек, уларнинг мавжудлиги, яшаши бир-бирига чамбарчас боғлиқ. Бу занжирни узиш мумкин эмас. Бордию ҳайвонот ёки наботот оламининг бир вакили йўқ қилинса, бунинг оқибати қачондир барибир сезилиши аниқ.
Аччиқ ҳақиқат шуки, бор табиатдаги, яъни атроф-муҳитдаги кўпгина ресурслар йўқотиб бўлинган. Аммо ўша нарсаларнинг кўпини тиклаш, қайтариш мумкин. Ўз навбатида, борини сақлаб қолиш ҳам жуда муҳим. Шундай экан, Аллоҳ берган буюк неъматлар – сув, тупроқ, ҳаво, ўсимликлару жониворларга бўлган муносабатимизни ўзгартирайлик, азизлар. Зеро, биздан кейинги авлод ҳам озод ва обод юртда яшашга ҳақли.
«Ҳилол» журнали 8(65)-сонидан