Бир отахон уруш йилларида бошидан ўтказган воқеаларни ҳикоя қилиб берди:
“Ўн икки минг киши олмонлар лагерида тутқун эдик. Бизга умуман овқат беришмасди. Аввал ўт-ўланларни едик, қанча одам шишиб ўлди. Кейин томирларни кавлашга тушдик, чунки ер шип-шийдам чўлга айланганди. Ҳар куни юзлаб одам жон берар, менинг ҳам ажалим кўзим олдидан ўтарди. У ерлардан қутулиб чиқишга заррача ишонч йўқ эди. Шунда ибодатга қаттиқ берилдим. Олдин ҳам намоз ўқирдим, лекин ўлимга рўпара туриб адо этганларим бошқача бўлди. Қуллуқ-ниёз фақат Аллоҳга эди. Ундан бошқасини унутган, Ундан бошқасидан умидимни узгандим.
Шундай кунларнинг бирида чеккароқда хуфтон намозини ўқиётсам, ёнимга бир нарса тап этиб тушди. Намозни тугатиб қарадим, симнинг у ёғидаги соқчи ўша нарсага имо қилди-да, нари кетди. Олиб очсам, қўрда пиширилган картошка экан! Юрагим ҳапқиришини кўринг. Дарҳол қўйнимга тиқдим. Сўнг ухлаган бўлиб, секин шима бошладим. Чайнашга қўрқаман, чунки оғзимда бир нарса борлигини билишса, мени талаб кетишлари аниқ эди.
Эртасига ҳалиги аскар яна картошка ташлади. Икки кундан кейин яна… Кунора келиб турган ризқим менга қувват бағишларди. Аскар билан шу тариқа “оға-ини” бўлиб олдик.
Қисқаси, ризқим тугамаган экан, етиб турди. Уни қаердан, қандай етказишни ризқ берувчи Зот яхши билади. Аммо, болаларим, бу ризқ фақат намозим сабабли эди. Ахир намоз ўқимасам, ўша аскар мени шунча маҳбус орасидан қандай таниб оларди?!
Шундай қилиб, ўлим лагеридан омон чиқдим. Сўнг бизни конларда ишлатишди. Қанча одам у ерда ўлиб кетди. Мен эса Аллоҳнинг марҳамати билан яна омон қолдим. Советлар ғалаба қозонганидан кейин маҳбусларнинг кўпчилиги, сотқин, дея отишга, қамоққа ҳукм қилинди, аммо менинг пешонамга омонлик ёзилган экан, соғ-саломат юртимга қайтдим. Шунинг учун ҳамиша Аллоҳга суянинглар, намоз билан Аллоҳдан мадад сўранглар…”
Бу ҳикоядан кейин даврадагилар буюк бир ишга – намозга шайландилар. Зеро, вақти ҳам кириб қолган эди.
Манбалар асосида Бахмал тумани «Абай» жоме масжиди
имом-хатиби Баратов Алишер тайёрлади
ЎМИ Матбуот хизмати
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Мактабимизда буфет бўлар эди. Ўша тарафдан ажойиб ҳидлар келардида ўзиям... Чўнтагимизда беш-ўн тийин пулимиз бўлса, катта танаффус бўлди дегунча ўша ёққа югурардик. Кулча, «қуш тили», икрали нон 5 тийин эди. Майизли булочка 10 тийин. «Трубочка» – 15 тийин. Иссиқ овқат учун 20 тийин керак эди. Бунча пул менда камдан-кам бўларди. Шунинг учун кўпинча, кулча ёки усти шакарли, тил шаклидаги «қуш тили» олар эдим.
Буфетимизда иккита аёл галма-гал ишларди. Бири, қўполлиги учун ҳамма ёмон кўрадиган – Шарофат опа (исм ўзгартирилди), иккинчиси жуда мулойим, болаларга меҳрибон, кичкинагина фариштасифат, татар аёли – Ҳадия опа эди. Бу аёл бизнинг қўшнимиз Карим аканинг аёли эди. Икковларини ҳам Аллоҳ раҳматига олган бўлсин.
Патнисда тахланган «қуш тили» ҳар хил бўлар эди. Орасида қийшиқ ёки чети куйганлари ҳам бўлар эди. Шарофат опадан оладиган бўлсам, негадир, «қуш тили»ларнинг орасидан энг ёмонини танлаб олиб берар эди. Индолмасдим...
Ҳадия опа эса, навбатда болалар кўп бўлишига қарамасдан, эринмай, «қуш тили»ларнинг орасидан энг яхшисини танлаб, жилмайиб берар эдилар. Ҳаммага ҳам шундай қилардилар. Бир куни онамга шуни айтдим.
– Ҳадия опа жуда яхши хотин-а, ойи?
– Ҳа, яхши аёл. Нега унақа деяпсан?
– Нарса олсам доим энг яхшисини олиб берадилар. Шарофат опа эса, энг ёмонини танлаб берадилар.
Онам бирпас ўйлаб туриб:
– Бир кунда патнисдаги ўша «қуш тили»ларнинг ҳаммаси сотиб бўлинадими? – деб сўрадилар.
– Ҳа, тўртинчи соатдан кейин борсам битта ҳам қолмаган бўлади.
– Қара, Шарофат опа ҳар бир болага патнисдаги «қуш тили»ларнинг энг ёмонидан бошлаб сотиб тугатади. Ҳадия опа эса ҳар бир болага энг яхшисидан бериб тугатади. Ўша қийшиқ «қуш тили» ҳам қолиб кетмайди. Тўғрими? Иккови ҳам бор «язик»ларнинг ҳаммасини сотиб тугатишади. Лекин, биттаси «ёмон хотин» деб танилади. Ҳамма уни ёмон кўради. Иккинчиси эса, «яхши хотин» бўлиб танилади. Ҳамма уни яхши кўради. Энди ўзинг хулоса қил, болам....
Онам раҳматлининг мана шу гаплари менга зўр дарс бўлган. Биров билан олди-берди қилаётганимда доим шу қоидани эслайман. Дўконимда иккита бир хил маҳсулотнинг энг яхшисини кўрсатишга ҳаракат қиламан. Иккинчиси ҳам қолиб кетмайди. Бир одамга иккита нарсадан яхшироғини берган бўламан. Иккинчисига эса, қўлимдаги борини берган бўламан.
Айниқса, пул олди-бердисида шундай қилсангиз, ҳаммага ёқади. Дейлик, бировга икки миллион сўм беришингиз керак. Сизда ҳар хил миқдордаги қоғоз пуллар бор. Минг сўмликдан то 200 минг сўмликкача. Мижоз кўриб турибди. Сиз унга пулларингиз орасидан энг йиригини, уларнинг ҳам орасидан ҳолати энг янги бўлганини беришга одат қилинг. Шунда рўпарангиздаги инсонда бу ишингиз билан жуда яхши таассурот қолдирасиз. Эски пулларнинг ҳам жойи чиқади, албатта. Ишлатилмай қолиб кетмайди.
Шу қоидага бир амал қилиб кўринг-а!
Шоолим Шомансуров
«Ҳилол» журнали 4(61) сон