Макка шаҳридаги “Аброжул Ҳидоя” меҳмонхонасида Ўзбекистон “Ҳаж-2018” ишчи гуруҳи раҳбари, Дин ишлари бўйича қўмита раиси ўринбосари Нуриймон Абулҳасан бошчилигида, Саудия Арабистонидаги ҳамкор “ал-Ҳидоя” ва Индонезиядаги “Бурҳонул Ҳидоя” ширкати раҳбарлари ўртасида мулоқот ташкил этилди.
Учрашувда индонезиялик зиёратчиларни Ўзбекистоннинг қадимий шаҳарлари ҳисобланган Самарқанд ва Бухоро орқали Умра зиёратига боришини ташкил этиш масаласи муҳокама қилинди.
Учрашувда таъкидланишича, ҳар йили 150-200 минг индонезиялик зиёратчи қадимий шаҳарларимиз – Самарқанд ва Бухоронинг диққатга сазовор жойларини зиёрат қилиб, сўнгра Умра сафарига шу ернинг ўзидан жўнаб кетишади.
Ушбу жараённи самарали ташкил этиш мақсадида, ҳамкор ширкат раҳбари шайх Солиҳ Салим Баҳвиний яқинда Ўзбекистонга келади. Дин ишлари бўйича қўмита ҳамда Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳамкорлигида амалга ошириладиган ушбу ташриф давомида Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ва Ўзбекистон ҳаво йўллари мутасаддилари билан учрашувлар ўтказилиши режалаштирилган.
Малумот учун, жорий йилнинг октябрь ойидан бошлаб индонезияликларнинг юртимиз орқали Умра сафарига жўнаб кетиши белгиланган.
ЎМИ Матбуот хизмати
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِي اللهُ عَنْهُ عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: مَا مِنْ يَوْمٍ يُصْبِحُ الْعِبَادُ فِيهِ إِلَّا مَلَكَانِ يَنْزِلَانِ، فَيَقُولُ أَحَدُهُمَا: اللَّهُمَّ أَعْطِ مُنْفِقًا خَلَفًا، وَيَقُولُ الْآخَرُ: اللَّهُمَّ أَعْطِ مُمْسِكًا تَلَفًا. رَوَاهُمَا الشَّيْخَانِ وَالنَّسَائِيُّ.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: «Бандалар тонг оттирган ҳар бир кунда албатта, икки фаришта нозил бўлади. Улардан бири: «Аллоҳим! Инфоқ қилувчига эваз бергин», дейди. Иккинчиси эса: «Аллоҳим! Зиқнага йўқотиш бергин», дейди» (Иккисини икки Шайх ва Насаий ривоят қилганлар).
Ҳар куни эрталаб ер юзига иккита фаришта маълум вазифа билан тушар экан. Улардан бирининг вазифаси молу дунёсини инфоқ қилувчи кишига ўша моли ўрнига ундан кўра яхшироқ эваз сўраб, нидо (дуо) қилиш экан. Иккинчи фариштанинг вазифаси эса зиқна, хасиснинг моли талофатга учрашини тилаб, дуо қилиб туриш экан.
Албатта, фаришталарнинг дуоси мақбулдир. Шунинг учун ҳеч қачон мумсик бўлмаслик керак. Доимо молни Аллоҳ кўрсатган жойларга инфоқ қилишга, шу жумладан, закотни ҳам ўз ўрнига адо этишга ҳаракат қилиш лозим. Уни Аллоҳнинг йўлида етказиш пайидан бўлиш керак. Зеро, Аллоҳнинг йўлида сарфланган мол ҳеч қачон зое кетмайди. Аксинча, инфоқ қилинган, закоти чиқарилган молга барака киради. Фаришталарнинг дуоси ила кетган молнинг ўрнига ундан кўпроқ ва яхшироғи келади.
«Ҳадис ва ҳаёт» китоби асосида тайёрланди