Макка шаҳридаги “Аброжул Ҳидоя” меҳмонхонасида Ўзбекистон “Ҳаж-2018” ишчи гуруҳи раҳбари, Дин ишлари бўйича қўмита раиси ўринбосари Нуриймон Абулҳасан бошчилигида, Саудия Арабистонидаги ҳамкор “ал-Ҳидоя” ва Индонезиядаги “Бурҳонул Ҳидоя” ширкати раҳбарлари ўртасида мулоқот ташкил этилди.
Учрашувда индонезиялик зиёратчиларни Ўзбекистоннинг қадимий шаҳарлари ҳисобланган Самарқанд ва Бухоро орқали Умра зиёратига боришини ташкил этиш масаласи муҳокама қилинди.
Учрашувда таъкидланишича, ҳар йили 150-200 минг индонезиялик зиёратчи қадимий шаҳарларимиз – Самарқанд ва Бухоронинг диққатга сазовор жойларини зиёрат қилиб, сўнгра Умра сафарига шу ернинг ўзидан жўнаб кетишади.
Ушбу жараённи самарали ташкил этиш мақсадида, ҳамкор ширкат раҳбари шайх Солиҳ Салим Баҳвиний яқинда Ўзбекистонга келади. Дин ишлари бўйича қўмита ҳамда Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳамкорлигида амалга ошириладиган ушбу ташриф давомида Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ва Ўзбекистон ҳаво йўллари мутасаддилари билан учрашувлар ўтказилиши режалаштирилган.
Малумот учун, жорий йилнинг октябрь ойидан бошлаб индонезияликларнинг юртимиз орқали Умра сафарига жўнаб кетиши белгиланган.
ЎМИ Матбуот хизмати
Cавол: Ҳажарул асвад рўпарасида қўл қай шаклда кўтарилади. Одамларда ҳар хилини кўрамиз. Аслида қандай бўлиши керак?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Тавофни бошлашда Ҳажарул асвадни истилом қилиш (ўпиш ё силаш) суннат ҳисобланади.
Истилом агар ҳеч кимга ва ўзига ҳам азият бермайдиган бўлса, Ҳажарул асвадни ўпиш билан бўлади. Бунинг имкони бўлмаса, қўли билан ушлайди ва қўлини ўпади. Бунга ҳам имкон бўлмаса, ҳассага ўхшаш бирор нарсани Ҳажарул асвадни теккизиб, ўшани ўпади. Агар унинг ҳам иложи бўлмаса, узоқдан туриб, икки қўлини худди намозга такбир айтиб қўл кўтараётгандек кўтариб, бисмиллаҳ, такбир (Аллоҳу акбар), таҳлил (Лаа илаҳа иллаллоҳ), ҳамд (Алҳамдулиллаҳ) ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга салавот айтади. Баъзи уламолар бундан кейин икки кафтини ўпади дейишган.
“Иршодус сорий” китобида истиломнинг сифати тўлиқ айтилиб, узоқдан туриб, истилом қилишни қуйидагича тушунтирилган: “Ҳажарул асвадга юзланиб, Аллоҳу акбар дейиш вақтида икки қўлини елкаси ёки қулоқлари баробарига кўтаради. Намозда кўтаргандек кўтаради. Икки кафтини ҳажарул асвадга қаратади”. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази