Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
22 Апрел, 2025   |   24 Шаввол, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:07
Қуёш
05:33
Пешин
12:27
Аср
17:11
Шом
19:14
Хуфтон
20:34
Bismillah
22 Апрел, 2025, 24 Шаввол, 1446

Имоми  Аъзам заковати

23.08.2018   7915   4 min.
Имоми  Аъзам заковати

*   *   *

Имоми Аъзамни дўст кўрмайдиган бир кимса у зотдан сўради: “Жаннатни умид қилмайдиган, дўзахдан қўрқмайдиган, ўлимтик ейдиган, руку ва саждасиз намоз ўқийдиган, кўрмаган нарсасига гувоҳлик берадиган, ҳақни ёмон кўрадиган ва фитнани яхши кўриб, раҳматдан қочадиган, яҳудий ва насронийлар сўзларини тасдиқлайдиган киши ҳақида нима дейсиз?”

– У одам Аллоҳ таолонинг ҳақиқий дўстларидандир. Негалигини баён қилсам, тилингни ёмон сўзлардан тиясанми?

– Ҳа, тилимни беҳуда сўзлардан тийиб тавба қиламан.

– Унинг сифати бундай: у одам жаннатни умид қилмайди, балки жаннатнинг Парвардигорини умид қилади; дўзахдан қўрқмайди, балки дўзахнинг Парвардигоридан қўрқади; балиқнинг ўлимтигини ҳам ейди; жаноза намозини руку ва саждасиз ўқийди; Аллоҳ таоло билан Пайғамбарни кўрмасдан, Худонинг бирлиги ва борлигига ҳамда Муҳаммад (алайҳиссалом) Худонинг бандаси ва пайғамбари эканига гувоҳлик беради; Аллоҳ таолога узоқ йил тоат қилмоқ учун ўлимни ёмон кўради; мол-дунё ва фарзанд фитна бўлса ҳам, яхши кўради; ёмғир Аллоҳнинг раҳмати бўлса ҳам, ундан қочади; “Яҳудийлар: “Насронийлар ҳеч нарсада йўқ” десалар, насронийлар: “Яҳудийлар ҳеч нарсада йўқ”, дейдилар...” (Бақара, 113) оятини тасдиқлайди.

Шунда савол сўраган киши ўрнидан туриб, Имоми Аъзамнинг қўлларини ўпди ва: “Гувоҳлик бераман, мазҳабингиз ҳақдир, энди инкорим қолмади”, деди.

*   *   *

Ибн Муборак Имоми Аъзамдан сўради: “Қайнаб турган қозондаги овқатга бир учар қуш тушиб ўлса, қозондаги гўшт билан шўрванинг ҳукми қандай бўлади?” Имоми Аъзам уламо шогирдларидан: “Сизлар нима дейсиз?” деб сўради. Шогирдлари Ибн Аббосдан (розияллоҳу анҳу) ривоят келтирдилар, “Шўрвани тўкиб, гўштини ювиб, еса бўлади”. Имоми Аъзам (раҳматуллоҳи алайҳ) айтди: “Бу фатво қозон қайнамай турган вақтда тўғри бўлади. Аммо қайнаб турган вақтда гўштни ҳам ташлаб юбориш керак. Зеро, нажас гўштнинг ичига таъсир қилиб, ифлос қилади. Қайнамаган пайтда эса, нажас гўшт ичига таъсир қилмайди, шунинг учун тоза сувда ювиш билан пок бўлади”. Ҳамма улуғ имомнинг заковатига қойил қолди.

*   *   *

Кунларнинг бирида Имоми Аъзамнинг қўшнисининг товуси йўқолди. Қўшни Имоми Аъзамга келиб: “Товусимни ўғри олибди, энди нима қиламан?” деди. Имоми ­Аъзам масжидга бордилар. Маҳалла одамларини ҳам йиғдилар. Имоми Аъзам ҳеч кимни кўрсатмай баланд овозда: “Бу одамни қаранг, қўшнисининг товусини ўғирлабди, яна уялмасдан намоз ўқийман, деб масжидга келибди. Ҳолбуки, унинг бошида товуснинг патлари кўриниб турибди”, дедилар. Шунда бир киши шошиб бошини қоққан бўлди. Имоми Аъзам унга айтди: “Энди сен товусни қайтариб бергин”. У  Имомнинг айтганини қилди.

*   *   *

Бир хотин эгизак туғди. Бу икки болани орқаси бир-бирига ёпишган эди. Уларнинг бири ўлди. Куфа уламолари “Ҳар иккови кўмилади”, дедилар. Аммо Имоми Аъзам: “Ўлгани тупроққа кўмилсин, тириги то ажралгунича тупроқнинг устида турсин”, деди. Ҳазрат Имоми Аъзам айтганларини қилишди. Бир куни тириги ажралди ва узоқ умр кўрди. Одамлар унга “Имом Аъзамнинг ўғли” деган лақаб қўйишди.

*   *   *

Бир гуруҳ даҳрийлар ҳазрат Имоми ­Аъзамни ўлдирмоқчи бўлишди. Имоми Аъзам: “Сизлардан бир масала сўрайман, кейин хоҳлаганингизни қиласиз”, деди ва: “Бир кеманинг ичи тўла мол бўлса ва денгиз тўлқинли бўлса, кемачи бўлмаса, бу кема ўз-ўзидан нажот топиб, бирор тарафга кета оладими?” деб сўради. Даҳрийлар: “Мумкин эмас, бу иш мушкулдир”, деб жавоб беришди. Сўнгра Имоми Аъзам айтди: “Бу дунёнинг борлиги, атроф-муҳитнинг ўзгариб туриши, оламда жараён этаётган шунча ишлар бир яратувчи ва бошқариб турувчисиз содир бўла оладими?” Шунда ҳамма даҳрийлар тавба қилиб, яроғларини ғилофига солишди ва Тангри таолонинг бир ва борлигига имон келтиришди.

 

“Ҳидоят” журналидан
ЎМИ матбуот хизмати 

Мақолалар
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

2025 йилги Ҳаж мавсумида ўзбекистонлик зиёратчилар учун муносиб шароит яратиш масаласини муҳокама қилдилар

21.04.2025   1502   1 min.
2025 йилги Ҳаж мавсумида ўзбекистонлик зиёратчилар учун муносиб шароит яратиш масаласини муҳокама қилдилар

Ўзбекистон бош консули Сирожиддин Шамсутдинов Саудия Арабистони Ташқи ишлар вазирлиги Жидда бўлими директори Фарид бин Саад аш-Шаҳрий билан учрашди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири. 
 

Учрашув аввалида Фарид бин Саад аш-Шаҳрий мамлакатимиз бош консулини янги лавозимга тайинлангани билан табриклаб, Саудия ТИВ раҳбари томонидан имзоланган консуллик экзекватуранинг асл нусхасини тақдим этди.

 

У, шунингдек, Саудия Арабистони Ташқи ишлар вазирлиги Жидда бўлими Ўзбекистон Бош консулхонасини барча масалаларда қўллаб-қувватлашини билдирди.

 

Мулоқот чоғида сўнгги йилларда Ўзбекистон ва Саудия Арабистони ўртасидаги ҳамкорлик барча йўналишларда мустаҳкамланиб бораётгани қайд этилди. Шу билан бирга, ўзаро савдо-иқтисодий, сайёҳлик, илм-фан ва маданият соҳаларида бўлиб ўтадиган халқаро кўргазма, фестиваль ва конференциялар ҳақида ўзаро маълумотлар алмашиш ҳамда вакиллар иштирокини таъминлаш муҳимлиги таъкидланди.

 

Томонлар Бош консулхона қошида "Ўзбек тили ва маданияти" марказини ташкил этиш имкониятлари хусусида фикр алмашилдилар.

 

Бундан ташқари, "Ҳаж-2025" мавсумини юқори даражада ташкил этиш, хусусан Ўзбекистондан келадиган бўлажак ҳожиларга муносиб шароитларни яратиш масалалари муҳокама қилинди. 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати

Ўзбекистон янгиликлари