Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
21 Июн, 2025   |   25 Зулҳижжа, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:04
Қуёш
04:50
Пешин
12:30
Аср
17:40
Шом
20:03
Хуфтон
21:42
Bismillah
21 Июн, 2025, 25 Зулҳижжа, 1446

Ота-она дуоси

22.08.2018   8125   4 min.
Ота-она дуоси

Ота-она фарзанд томонидан энг юксак эъзозу ҳурматга сазовар бўлган инсонлардир. Бу ҳақида ояту ҳадислар кўп. Ҳалқимиз ўртасида кенг тарқалган “Ота рози –худо рози” деган ҳикмат ҳам шундан келиб чиққан. Зеро, ҳадиси шарифда “Жаннат оналар оёғи остидадур” дейилган.

Ҳар бир ота-она унсин, ўссин, тезроқ катта бўлсин деб ўзини ўтга, сувга уради, ўзи емай фарзандига едиради, ўзи дурустроқ киймай фарзандига кийдиради, оқ ювиб, оқ тарайди. “болам тезроқ катта бўлса қийинчилигим эсдан чиқади” дея ўй қилади. Аммо фарзанд кўпинча ота-онанинг ўйлаганидай бўлмайди.

Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадиси шарифларида шундай дейилган “Уч нарса бор, кимда у бўлса Аллоҳ таоло унга раҳмат назари билан қарайди ва жаннатга киргизади. 1.Заифга меҳрибон бўлиш; 2.Ота-онанинг дуосини олиш; 3.Қўл остидагиларга яхшилик қилиш”.

Ота-она дуоси... бундан яхшироқ мукофот бормикан яхши фарзанд учун? Ота-оналарнинг сидқидилдан қилган дуолари – ўғил қизларининг узоқ умри, бахту-саодати, иқбол-камолини тилаб қилган дуолари чексиз. Астойдил юракдан айтилган бу илтижоларнинг амалга ошиши шубҳасиз. Зеро қайси бир фарзанд ота-онасини эъзозлаб, ҳурматини қилиб дилига сурур – шодлик бахшида айласагина, уларнинг ҳолисона дуоларига сазовор бўлади. Кексаларни айниқса, падари бузрукворлари ва волидаи муҳтарамаларининг ва кўнгилларига хушнудлик етказишни истаган фарзанд элу-юртига ҳам садоқатли бўлади. Чунки ота-оналар ўз ўғил қизлари-ю, набира-эвараларининг эҳтирому-иззатларини она Ватанга муҳаббатда ҳам кўрадилар. Диёрига, элига нонкўрликни улар асло кечирмайдилар. Ҳа, ота-она дуосига мушарраф бўлиш учун уларга ҳар жиҳатдан муносиб бўлмоғимиз зарур.

Халқимизнинг севимли китобларидан “Қобуснома”да шундай ҳикмат битилган “Одам мевага, ота-она дарахтга ўхшайдир. Дарахтни ҳар қанча яхши тарбият қилсанг, меваси шунча яхшироқ ва ширинроқ бўлур. Ота-онага иззат ва ҳурматни қанча кўп қилсанг уларнинг дуоси шунча тезроқ мустажоб бўлур”. Шундай экан бу улуғ зотларга иззат-ҳурматни бирон лаҳза ҳам унутмаслик – ҳар бир фарзанднинг инсонийлик бурчидир.

Айни вақтда бошқа кексалар – қариндошу бегоналарнинг ҳам дуоларини олиш ҳар қайси ёшнинг муддаоси бўлиши зарур. У орзуга етишишнинг асосий йўли эса ҳар бир кекса отахону-онахоннинг ҳурматини жойига қўйиш саломини канда қилмаслик, юмушлари бўлса бажонидил ёрдам кўрсатиш, ширин сўзлар билан кўнгилларига ором бағишлашдир. “Қарияларни ҳурмат қилғил, улар ҳақида беҳуда сўз демағил, уларнинг олдида одоб ва мискинлик билан сўзлагил” – деб насиҳат қилинган “Қобусномада”. Бинобарин, кексалар олдида ҳамиша одоб сақлаш, камтар бўлиш, улар ҳақида ҳеч қачон беҳуда сўз айтмаслик, қарияларни ҳурмат қилиш шартларидандир.

Ҳамиша нуроний отахону-онахонлар олдидан, салом бериб ўтар эканман уларнинг юзларига нур балқиганини кўраман. Биргина “Ассалому алайкум” иборасида чеҳралари ёришиб, диллари яйраб кетади. “Ва алайкум ассалом, барака топинг, сизни тарбиялаган ота-онангизга раҳмат! Доимо соғ бўлинг” - деб дуо қилиб қолишади. Биргина саломимга шунча миннатдорчилик, шунча дуо. Демак, шу биргина салом билан кекса бир инсоннинг дилига ҳушнудлик етганидан кўнглим яйрайди. Шунда баъзи ёшларнинг отахону-онахонларимизга саломини раво кўрмаётганини гувоҳи бўлиб афсусланаман. Шунча дуо, ширин сўз, покиза тилаклардан бенасиб қолаётганларни кўриб ачинасан гоҳо.

“Олтин олма, дуо ол, дуо олтин эмасму?”-дейди доно халқимиз. Нуроний бобо-ю-момолар дуосини олиш инсон учун қанчалик бахт.

Азизлар! Ота-оналаримиз, маҳалла куйдаги барча кекса нуронийлар дуосини олайлик. Муборак истаклар нури билан йўғрилган бу дуолар барчамизга эзгуликлар, бахту-иқбол келтирса ажаб эмас. Шундай экан, бу дунё-ю у дунёда Аллоҳнинг розилиги, фаровон турмушни истаган ҳар бир ўғил-қиз умр борича бу улуғ ва мукаррам зотларнинг хизмат ва ҳурматларини қилиши лозимдир. Барчамизга ота-она хизматини қилиб, дуосини олиш, бу орқали Аллоҳнинг розилигини топиш насиб этсин.

 

Тоҳир ИСМАТИЛЛАЕВ,

Яккабоғ тумани бош имом-хатиби.

манба: nasafziyo.uz

Мақолалар
Бошқа мақолалар

Ёлғиз қолганда ҳам Аллоҳдан ҳаё қилинг!

18.06.2025   4149   3 min.
Ёлғиз қолганда ҳам Аллоҳдан ҳаё қилинг!

Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоят қилган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ҳаё – иймондандир. Иймон жаннатдадир. Фаҳш қабоҳатдандир. Қабоҳат эса дўзахдадир” [1], деганлар.

Каъб ҳазратларининг бир гаплари бор: “Ҳамманинг олдида одамлардан уялганингиз сингари ёлғиз қолганда ҳам Аллоҳ таолодан ҳаё қилинглар”.

Бизлар омма олдида уятчан бўлганимиз қадар махфий пайтларда Аллоҳ таолодан ҳаё қилаяпмизми?! Ҳамманинг олдида бирор хато қилиб қўйгудек бўлсак, одамлар бизни гап-сўз қилишларидан қўрқиб юрганимиз каби ҳеч ким кўрмаган пайтда Аллоҳ бизни кўриб турганини ҳис қила оляпмизми?! 

Улуғлардан бири бундай дейди: “Ҳамманинг олдида қилишдан уяладиган ишини яширинча қилган одамнинг қадри йўқдир”.

Аллоҳ таолонинг наздида беқадр бўлишимиз ва одамлар орасида ҳурматимизни йўқотишимиз қай биримизга ёқади?! Мана бу мисралар жуда тўғри ёзилган:

Гар ҳаё пардаси ситилса ногоҳ,
Қўрқув ҳам солмаса иш ниҳояси,
Истаган нарсангни қилавер гумроҳ,
Бехайр ҳаётнинг шудир дояси.
Иффат тарк айласа инсонни агар,
Ортидан кетгайдир хайру ҳаловат.
Кўзларинг очиброқ солсанг-чи назар:
Пўстлоқ турар экан, новда саломат!

 Лекин ҳаё бобида уялмаслик керак бўлган амаллар ҳам борки, бу ишларни ҳикмат ва одоб ила адо этмоғимиз лозим. Улуғлардан бири: "Уч нарса борки, улардан уялма:

1. Илм излаш. Бир сўраб, бир сўрамай юрадиган бўлсанг, у ҳолда ҳеч қачон илмга эриша олмайсан.

2. Бадан касаллиги. Аллоҳ таоло сени бирорта касаллик билан синаса, ўз қобиғингга ўралиб олиб, одамлардан ажралма.

3. Камбағал яқин қариндош. Бу менинг амакимнинг ўғли ёки тоғамнинг ўғли дейишдан уялма”, дейди.

Ҳаё мартабаларининг энг юқориси банда Роббисидан ҳаё қилиши ва У Зотга осийлик қилмаслиги, ибодатларида камчиликка йўл қўймаслигидир. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким Аллоҳ таолодан ҳаё қилса, бошни ва у қамраб олган нарсалар (кўз, қулоқ каби аъзолар)ни  сақласин, қорин ва у қамраб олган нарсалар (фарж каби аъзолар)ни эҳтиёт қилсин. Ўлим ва чиришни ёдга олсин. Охиратни истаган киши дунё зийнатларини тарк қилади, ким уларни қиладиган бўлса, Аллоҳ таолодан ҳақиқий маънода ҳаё қилган бўлади”, [2] дедилар.

Аллоҳ таоло берган неъматларини ва У Зотнинг ҳаққини адо этишда камчиликка йўл қўяётганингизни кўра олишингиз ҳаёдандир. Аллоҳ таолога итоат қилиб, Унга осийлик қилмасангиз қиёмат кунида бандага амаллари кўрсатилганида Аллоҳ таоло у бандани азоблашдан ҳаё қилади.

Ривоят қилинишича, Миср азизи (шоҳ ёки хазинабон)нинг аёли Юсуф алайҳиссаломга кўнгли тушиб бузуқ ишни қилмоқчи бўлганида, уйнинг бурчагида турган бутнинг юзини ёпиб қўяди. Шунда Юсуф алайҳиссалом: “Нима қиляпсан?” – деб сўрайди. Аёл жавобан: “Ундан ҳаё қиляпман”, дейди. Юсуф алайҳиссалом эса: “Мен Аллоҳдан ҳаё қилишга ҳақлироқман”, дейди.

 

Ҳассон Шамсий Пошонинг
“Жаннат бўстонидаги оилавий оқшомлар” номли китобидан
Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Илҳом Оҳунд, Абдулбосит Абдулвоҳид таржимаси.


[1]  Имом Термизий ривоят қилган ва “Ҳасан саҳиҳ” қарор берган.
[2]  Имом Аҳмад ва Имом Термизий ривояти.