Дунёда икки юздан ортиқ давлат, минглаб халқ ва элатлар мавжуд. Улар орасида Ўзбекистон дея аталмиш гўзал ва бетакрор мамлакатнинг ўз ўрни ва нуфузи, ўзига хос тараққиёт йўли борлиги қалбимизга ифтихор бағишлайди. Мустақиллигимиз биз учун Она каби мўътабар, нондай азиз ва қадрлидир. Тарихи бир неча минг йиллар билан бўйлашадиган, жаҳон тамаддунининг тамал тошини қўйган, илм-фани, санъати, маданияти, улкан маданий ва маънавий мероси, олиму фузалолари билан донг таратган халқимиз ўз истиқлолини осонликча қўлга киритгани йўқ. Яқин ўтмишда-қарийб бир аср давомидаги мустамлака ҳолатидаги ҳолат, унгача ҳам ҳақ-ҳуқуқлари поймол этиб келинган халқимиз қаддини, руҳини ҳеч қандай куч буколмаган, сўндиролмаган. Ўзбек тилига давлат тили мақоми берилгани, 1990–1991 йилларда Наврўз байрами қайта тиклангани, Рамазон ва Қурбон ҳайитлари байрам ҳамда дам олиш кунлари деб эълон қилингани халқимизнинг асрий орзу ва армонлари рўёбга чиқиши, миллий қадриятларимиз тикланиши йўлидаги дастлабки йирик қадамлар бўлганини алоҳида таъкидлаш зарур. Мустақилликка эришилиши билан дастлаб унинг кафолати бўлмиш Конституциянинг қабул қилиниши, мамлакатни модернизациялаш миллий давлатчилигимизни барпо этиш йўлидаги залворли қадам бўлди. Теран тарихий илдизларимиз, кўп асрлик тажриба ва маънавий қадриятларимиз, аждодларимизнинг ҳуқуқий мероси, халқимизнинг орзу ва интилишлари чуқур сингдирилган Конституциямизнинг ҳаётий негизи жуда мустаҳкамдир. Ўзбекистонда ҳуқуқий демократик давлат қуриш ва адолатли фуқаролик жамиятини шакллантириш бош вазифа этиб белгиланиб, мамлакат сиёсий ҳаётида кўппартиявийлик муҳити қарор топди, нодавлат тузилмалар, жамоат ташкилотлари ва ўзини-ўзи бошқариш органлари фаолияти такомиллаштирилди, суд-ҳуқуқ тизимида, оммавий ахборот воситалари, маънавий-маърифий соҳаларда кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилди.
Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан ишлаб чиқилган “Таълим тўғрисида” ги Қонун, Кадрлар тайёрлаш миллий Дастури, мактаб таълимини ривожлантириш Давлат умуммиллий дастурининг ҳаётга татбиқ этилиши таълим сифати ва мазмун-моҳиятини тубдан яхшилаш имконини берди. Бугун мамлакатимизнинг олис қишлоқларида ҳам қад кўтарган замонавий мактаб, лицейда ўқувчиларнинг таълим олиши учун барча шарт-шароит яратилган. Бу эзгу ишларнинг бари Ватан келажагига, миллат истиқболи йўлидаги ғамхўрликнинг амалий ифодасидир. Мамлакатимизнинг қулай геосиёсий ўрни, унинг биринчи навбатда ўз миллий манфаатларини инобатга олган ҳолда олиб бораётган ҳар томонлама чуқур ўйланган, мустақил ва изчил ташқи сиёсати давлатимизнинг жаҳон халқаро ҳамжамияти томонидан эътироф этилиши, халқаро майдонда мамлакатимиз обрў-эътиборининг ортиб боришини таъминлади. Ўзбекистон БМТ, Ислом конференцияси, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотлари, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти, Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги каби кўплаб халқаро ташкилотлар, ихтисослашган халқаро тузилмалар ишида фаол иштирок этиб келмоқда. Мустақиллик халқимизга, миллатимизга ўзлигини теран англаш, минг йиллар давомида аждодларимиз томонидан яратилган бой маънавий-маданий меросдан баҳраманд бўлиш имконини берди. Мустақиллигимизнинг турли йилларида миллатимизнинг буюк фарзандлари-Аҳмад Фарғоний, Амир Темур, Мирзо Улуғбек, Жалолиддин Мангуберди, Алишер Навоий, Имом Бухорий, Абдухолиқ Ғиждувоний, Баҳоуддин Нақшбанд, Имом Мотурудий, Бурҳониддин Марғилоний, Имом Термизий, Хожа Аҳрор Валий сингари улуғ зотларнинг таваллуд саналарини алоҳида нишонлаш ҳамда бой илмий, диний-маърифий меросини кенг оммалаштириш ва ўрганиш, Самарқанд, Бухоро, Тошкент, Хива, Шаҳрисабз, Қарши, Термиз, Марғилон сингари қадим ва муаззам шаҳарларнинг халқаро миқёсдаги юбилейлари ўтказилди.
Мустақиллигимизнинг ўтган йигирма етти йилида, айниқса охирги икки йилида амалга оширилган ишлар, қўлга киритилган ютуқлар, эришилган натижаларни шарҳлаш, таҳлил қилиш учун йиллар камлик қилади. Ҳар бир воқеа, ҳар бир жараён, ҳар бир соҳа-катта тарихдир.
МУСТАҚИЛЛИГИМИЗ БИЗ УЧУН ОНА КАБИ МЎЪТАБАР, НОНДАЙ АЗИЗ ВА ҚАДРЛИДИР.
Абдулазиз БОБАМИРЗАЕВ
“Ҳидоя” ўрта махсус ислом билим юрти мудири
Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги "Кўкалдош" ўрта махсус ислом таълим муассасасида кўп йиллар ҳалол ва фидокорона меҳнат қилган ходимамиз Аҳмаджонова Нилуфар Ҳабибуллаевнанинг 50 ёшлик юбилейи муносабати билан таълим муассасаси ҳамда касаба уюшмаси томонидан тадбир ўтказилди.
Тадбирда таълим муассасаси мудири М. Эркаев, ўқув ишлари бўйича мудир ўринбосари Н. Джалолов ва манавий-маърифий ишлар бўйича мудир ўринбосари, таълим муассасаси касаба уюшмаси раиси А.Ғаниев иштирок этишди. Муассаса мудири М. Эркаев муҳтарама опамизни шахсан ўзи табрикнома билан тақдирлади. Эсдалик совғалари билан ҳам мукофотланди.
Нилуфар опа ҳар куни тонг саҳардан илм даргоҳига келиб, унинг озода, шинам ва покиза бўлишига йилларида сабр, ихлос ва садоқат билан ўз ҳиссасини қўшиб келмоқда. Бундай камтарин, аммо қадри баланд меҳнат барчамиз учун ибрат намунасидир.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Покизалик иймондандир", деб марҳамат қилганлар. Илм ва марифат масканининг таъминлаш — талабалар устозларнинг тинч, тоза ва баракали илм олишига муносиб ҳисса қўшадиган эзгу ишдир. Ана беминнат хизмат ҳар қандай эътироф ва эҳтиромга лойиқдир.
Билим юртимиз ўз ёрдамга ғамхўрлик қилишни муҳим бурч деб билади. Зеро, илм даргоҳига қилинган ҳар бир хизмат — Аллоҳнинг розилиги йўлидаги савобли амалдир. Ким илм аҳлига ва илм масканига хизмат қилса, ўша илмдан таралаётган эзгуликнинг ажридан баҳраманд бўлиши умид қиламиз.
Муҳтарама опамизга мустаҳкам соғлик-саломатлик, узоқ умр, оила бахти ва ишларида барака тилаймиз. Аллоҳ таоло ҳалол меҳнатларини ажру мукофотсиз қолдирмасин, қилган эзгу ишлари ва меҳнатларининг роҳатини кўриш узоқ йиллар давомида насиб этсин!
"Кўкалдош" ўрта махсурс ислом таълим муассасаси
матбуот хизмати