Мана шундай саодатли кунда жаннатмакон диёримизнинг барча мусулмонлари ва халқини муборак Қурбон ҳайити билан самимий муборакбод этамиз. Аллоҳ таолодан меҳр-оқибат, шукроналик ва бағрикенглик ифодаси бўлган бу улуғ байрамни барчамиз учун хурсандчилик, шоду хуррамлик ва ҳамжиҳатликда ўтказишликни сўраймиз.
Қурбон байрами зулҳижжа ойининг ўнинчи кунидан бошланади. Арафа кунидан бошлаб дунёдаги барча мусулмонлар қатори юртимиздан борган ҳожиларимиз ҳам зиммаларидаги фарзлардан бири – ҳаж ибодатини бажаришга киришишди. Бу йили туманимиздан кетаётган хожилар сони муҳтарам юртбошимизнинг ташаббуслари билан 28 тадан 35 тага ошди. Улар Мино, Арафот, Муздалифа, Маккадаги Масжидул Ҳаром каби ибодат жойларида ҳаж амалларини бажариб, гуноҳлардан покланиш билан бирга мустақил юртимиз ҳамда унинг раҳбарларига, халқимиз ва барча мусулмонларимизга Аллоҳ таолодан тинчлик-хотиржамлик, файзу баракот ва эзгуликлар, кенг ризқ ва фаровонлик тилаб дуолар қилишяпти. Пайғамбаримиз Муҳаммаддан (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ривоят қилинган ҳадисда: «Бу кунларда қилинган яхши ишлар бошқа кунлардагидан Аллоҳ таолога суюклидир», дейилган (Имом Бухорий ривояти, «Саҳиҳи Бухорий»).
Қурбон ҳайити намози адо этилганидан сўнг қодир бўлган мусулмонлар Аллоҳ таолога атаган қурбонликларини сўйишга киришишади. Зеро, қурбонлик қилиш Аллоҳ таолони улуғлаш, берган неъматларининг шукронасини адо қилиш ва нафсоний иллатлардан покланишдир. Қурбонлик қилиш закот нисобига қодир кишиларга вожиб амаллардандир. Қурбонлик сўйишнинг аввали ҳайит намозини адо этилганидан сўнг сўйилади. Унинг охирги вақти эса ҳайитнинг учинчи кун аср вақтигача. Қурбонлик қилувчининг қурбонлик сўйиш вақтида ҳозир бўлиши мустаҳабдир.
Қурбонликка қўй, эчки, туя, сигир каби ҳайвонларнинг эркаги ҳам урғочиси ҳам сўйилиши мумкин. Булардан туя 5 ёш, сигир 2 ёш, қўй ва эчки эса 1 ёшга тўлган бўлиши керак. Аммо қурбонлик ниятида бошқа жониворларнинг сўйилиши масалан, товуқ, ғоз ва шу каби паррандаларни сўйиш жоиз эмас.
Мол ва туяни етти киши номидан сўйилишига шариатимизда кўрсатмалар бор. Жобир (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қиладилар: “Набий (соллаллоҳу алайҳи васаллам) билан Ҳудайбияда бир туяни етти киши номидан, бир сигирни етти киши номидан сўйдик” (Абу Довуд, Муслим ва Термизий ривоятлари).
Агар мол ёки туя 7 киши номидан сўйиладиган бўлса, унинг гўштини тақсимлашда чамалаб эмас, балки килолаб ўлчаган ҳолда тенг тақсимланиши лозим. Қурбонлик сўйиши вожиб бўлган киши қурбонликни вақтида сўймаса, кейин унинг қийматини садақа қилиш вожибдир. Сўйилган қурбонликнинг уч дан бирини садақа қилиш, учдан бирини едириш, учдан бирини кейин ейиш учун олиб қўйиш мустаҳабдир.
Қурбонликка ҳар томонлама соғ ва семиз бўлган жонлиқларни сўйиш шариатимиз кўрсатмаларидандир. Бунинг ҳам ўзига хос ҳикматлари бор, албатта. Биринчи ҳикмат – бу мусулмонларнинг Аллоҳга нисбатан юксак одоблари, Қурбонлик Аллоҳ таолога атаб қилингани учун уни соғ-саломат, ҳеч бир нуқсонсиз бўлишига эътибор бериш Аллоҳ таолога нисбатан юксак одобни кўрсатади. Қурбонлик қилинадиган ҳайвоннинг айбу нуқсонсизини топиш эса, тақвонинг баркамоллиги учун уринишдир. Иккинчи ҳикмат – бу мусулмонларнинг ўрталаридаги меҳр-оқибатларини мустаҳкамлайди. Уларга касал ҳайвонларнинг гўштини эмас, балки соғ ва семиз ҳайвонларнинг гўштини совға қилиш яхши ишлардандир. Бу иш уларнинг кўнглини кўтаради.
Қурбон ҳайити – улуғ байрам. Шунинг учун бу кунни яқинларимизни йўқлаб, уларнинг ҳолидан хабар олиш, ёши улуғларни зиёрат қилиш, муҳтожларга меҳр-мурувват кўрсатиш, оилаларга хурсандчилик улашиш ва умуман, байрамнинг кўркига кўрк қўшадиган амали солиҳлар билан ўтказиш мақсадга мувофиқдир.
Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи васаллам) бу кунда янада меҳрибонроқ, шафқатлироқ бўлар, етим-есирлар бошини силар, қариялар, касалмандлар, муҳтожлардан хабар олар, уларнинг кўнгилларига ҳам байрам шукуҳини олиб кирар эдилар. Бу кунда гина-қудуратларни унутиб, кечиримли бўлиш лозим. Аммо гуруҳ-гуруҳ бўлиб уч кунлаб фотиҳахонлик қилиш, байрамни мотамга айлантириш ўрнига уни хурсандчилик ва шодиёна билан ўтказайлик!
Аллоҳ таоло ушбу Қурбон ҳайити байрамимизни барчаларимизга муборак қилиб, унинг савобидан ҳаммамизни баҳраманд айласин, гуноҳларимизни мағфират этсин! Бу байрам баракотидан барча мўмин-мусулмонларни икки дунё саодатига мушарраф айласин! Хирмонларимизга барака берсин, иқболимизни баланд, толеимизни улуғ қилсин. Юртимизга тинчлик, халқимизга фаровонлик, Юртбошимизнинг эл-юрт манфаати йўлидаги хайрли ишларида юксак муваффақиятлар ёр бўлсин, омин!
Қибрай тумани бош имом-хатиби
М.Миржалилов
ЎМИ матбуот хизмати
«Ёш фарзандларни овқатдан олдин ва кейин қўл ювишга, овқатланишни «Бисмиллаҳ» билан бошлашга, ўнг қўл билан ейишга, еб бўлганидан сўнг Яратганга шукр айтишга одатлантиришингиз лозим. Шунингдек, ўнг қўл билан ёзиш, кийим кийганда ўнгидан бошлаш, уйга ўнг оёқ билан кириш, ҳар бир ишни «Бисмиллаҳ» билан бошлашга ҳам ўргатинг.
Болаларга тозаликка риоя қилиш, тирноқларини олиш, кийимларини тоза-пок сақлаш, таҳоратхонага кириш-чиқиш тартибларидан таълим беринг.
Фарзандларга холи ҳолда, уялтирмай, бошқалар олдида шарманда қилмай насиҳат қилишингиз лозим. Баъзан шўхлик қилиб, гапингизга қулоқ солишмаса ёки бирор ишда хато қилишса, уларни урмай-сўкмай, тушунтиришингиз зарур. Жуда иложи бўлмай қолганида бир-икки кун гаплашмай қўйсангиз, кифоя.
Фарзандларингизнинг кимлар билан дўст ва ҳамсуҳбат бўлишларига эътиборли бўлинг, кўчада сабабсиз, бемақсад туриш ва юришларига, сиздан сўрамай, узоқ вақт бирор машғулот билан шуғулланишларига ёки олис жойга равона бўлишларига рухсат берманг.
Фарзандларни уйда ва кўчадаги таниш-нотаниш одамларга «Ассалому алайкум» деб салом беришга, қўни-қўшниларга яхшилик ва ёрдам кўрсатишга, азият етказмасликка, уйингизга келган меҳмонга ҳурмат кўрсатиш ва хизмат қилишга одатлантиринг.
Ўғил-қизларингизни куфр сўзлардан, бировларни ҳақорат қилишдан, беҳаё гапларни гапиришдан қайтаринг. Буларнинг ниҳоятда ёмонлигини, ярамас сўз-гаплар туфайли одам қаттиқ гуноҳкор бўлиши ва зарар кўришини мулойимлик билан тушунтиринг. Ўзингиз ҳам бу борада уларга ибрат-намуна бўлинг, чиройли ахлоқ соҳиби эканингизни исботланг.
Фарзандларни қиморнинг турли кўринишлари, қарта, ошиқ ва ўртага пул қўйиб ўйналадиган барча ўйинлардан қайтариш даркор. Қимор бўлмаса ҳам, қимматли вақтини беҳуда совурадиган, дарс тайёрлаш ва фойдали машғулотлардан айирадиган ўйинларни ҳам чеклаш лозим. Уларнинг ахлоқсиз, беҳаё, фаҳш суратли газета-журналлар, китобларни ўқишларига, жинсий муносабатларни, шафқатсизлик, ахлоқсизлик, ёвузликларни тарғиб қиладиган филм ва томошаларни кўришларига йўл берманг.
“Бамисоли сирка асални бузганидек, бадфеъллик ва ахлоқсизлик ҳам кишининг қилаётган амалларини бузади”.
Фарзандларингизни сигарет чекиш ва ароқ ичишдан қайтариб, бу иллатларнинг инсон соғлиғи ва иқтисодига қанчалар зарар келтиришини, кулфатга бошлашини эринмай тушунтиринг. Бунинг ўрнига мева ва ширинликлар истеъмол қилишга тарғиб этинг”.
Ўғил-қизларимизни ҳар қандай ҳолатда ҳам рост сўзлашга, ёлғонни ҳатто ҳазил тариқасида ҳам гапирмасликка, ваъдага албатта вафо қилишга ўргатишимиз лозим. Чунки ёш болалар одатда ўта таъсирчан ва тақлид қилишга ўч буладилар. Ёлғонни атрофидаги муҳитдан ўрганиб, ота-онаси ёки ака-укаларидан бирор манфаатга эришиш учун ёлғон ишлатишлари мумкин. Тўғрилик ҳар бир яхшиликнинг асоси, ёлғон эса ҳар қандай ёмонликнинг онаси ва бошланишидир. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Албатта, тўғрилик яхшиликка бошлайди. Яхшилик жаннатга бошлайди. Ёлғон ёмонликка олиб боради. Ёмонлик эса дўзахга олиб боради”, деганлар. Ўзимиз ҳам уларга бирор нарса ваъда қилсак, олиб беришимиз, борди-ю, бунинг имкони топилмай қолса, уларга тушунтириб, муддатини узайтиришимиз керак.
Давоми бор...
Муҳаммад Қуддус АБДУЛМАННОН,
Хўжаобод тумани “Етти чинор” жоме масжиди имом ноиби.