Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
11 Январ, 2025   |   11 Ражаб, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
06:24
Қуёш
07:48
Пешин
12:36
Аср
15:33
Шом
17:17
Хуфтон
18:36
Bismillah
11 Январ, 2025, 11 Ражаб, 1446

Қурбон ҳайитингиз муборак бўлсин!

21.08.2018   4800   4 min.
Қурбон ҳайитингиз муборак бўлсин!
 

Яратганга шукроналар бўлсинки, саноқли кунлардан кейин қўшалоқ Истиқлол ва Ийд Қурбон ҳайити байрамларини нишонлаймиз. Бу байрамларда биз мусулмонлар учун жуда кўп яхшилик ва баракалар мужассам. Ҳозирги ойимиз муборак зулҳижжа ойи бўлиб, у савобли амаллар мавсуми ҳисобланади. Шундай экан, бу фазилатли кунларни ғанимат билиб, кўпроқ хайрли ишларда мусобақа қилмоғимиз даркор.
Сўзим аввалида юртимиз мўмин – мусулмонларини кириб келаётган “Ийди Қурбон” байрами билан чин қалбимдан муборакбод этаман. Барчага ўзимнинг энг самимий тилакларимни билдириб қоламан. Аллоҳ таоло ватанимизни обод, осмонимизни мусаффо, халқимиз ҳаётини доимо тинч ва фаровон айласин.
Байрам билан табриклар эканман, бу улуғ кунларда қилишимиз керак бўлган баъзи хайрли амалларни эслатиб ўтишни ўринли деб топдим. Зеро, Аллоҳ таоло Қуръони каримда: “Эслатинг! Зеро, эслатма мўминларга манфаат етказур”, деган. (Зарият сураси, 55–оят).
Уламолар Қурбон ҳайити байрами кунларида қуйидаги амалларни қилишни тавсия қилади.
1. Мусулмонларнинг қалбига хурсандчилик солиш.
Ҳа азизлар! Бундай улуғ байрамларга хурсандчилик ярашади. Чунки Аллоҳ таоло: “Айтинг: “Аллоҳнинг фазли ва раҳмати билан, бас, (албатта), шулар сабабли (мўминлар) шодлансинлар!”, дейди. (Юнус сураси, 58–оят). Истиқлол неъмати ва Қурбон ҳайити байрамлари Аллоҳнинг биз бандаларга берган катта марҳамати ва фазлидир. Бу кунларда ҳаммамиз шод, яхши кайфиятда бўлишимиз керак. Айниқса, йўқловчиси йўқ, муҳтожлар инсонларни хурсанд қилишга кўпроқ эътибор қаратишимиз лозим.
Кишининг ҳаётдан рози бўлиб яшаши, атрофдагиларга табассум билан қараши ва уларнинг қалбига сурур бағишловчи сўзларни айтиши энг маҳбуб амаллардан ҳисобланади. Пайғамбаримиз соллалоҳу алайҳи васаллам бу борада: “Мўмин (қалби)га хурсандчилик солиб, устига кийим беришинг, қорнини тўйгазишинг ва ҳожатини раво қилишинг энг афзал амалдир”, деганлар. (Табароний ривоят қилган). Ҳадиси шарифга мувофиқ кимда – ким аразлашиб, уришиб қолган бўлса, мана бу кунларнинг ҳурматидан адоватни бир четга қўйиб, ярашиб, муросага келишлари лозим.

1. Ҳадя бериш.

Юқорида ҳайит кунларини хурчандчиликда ўтказиш ҳақида сўз юритилди. Хурсандчиликка сабаб бўладиган амаллардан бири ўзаро ҳадялашишдир. Бу ҳақида Пайғамбаримиз соллалоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Ҳадялашинг бир – бирларингизга муҳаббатли бўласизлар”. (Имом Бухорий “Адаб”да ривоят қилган). Бошқа ҳадисда: “Ҳадялашинг! Чунки у қалбдаги ғилли–ғашни кетказади”, деганлар. (Термизий ривоят қилган) Демак, ҳадялашиш инсонлар ўртасига меҳр – муҳаббат солиб, гина–кудратларни кетказишга кўмак берар экан.

2. Заифларга кенгчилик яратиб бериш.

Бу ерда заифлардан мурод қариялар, аёллар ва ёш гўдаклар. Уларга ҳам ҳайит кунлари эътиборни кучартиришимиз, кенгчиликлар яратиб, дилларини хушнуд этмоғимиз лозим. Бу синфга қанча яхшилик қилганимиз сари, Аллоҳ таоло яна яхшилик ва ризқларимизни зиёда қилади. Зеро, Пайғамбаримиз соллалоҳу алайҳи васаллам: “Албатта, заифларингиз сабабли сизларга ёрдам ва ризқ берилади”, деганлар. (Имом Аҳмад ривоят қилган).
Байрам боланики. Ҳайит кунлари болаларга турли ҳадялар, ҳайитликлар бериб, уларни ҳам хурсанд қилишимиз керак. Пайғамбаримиз соллалоҳу алайҳи васаллам набиралари Ҳасан ва Ҳусайн розияллоҳу анҳуларни ҳайит кунлари хурсанд қилганлари ва улар билан бирга ўйнаганликлари ҳақида жуда кўп ривоятлар бор. Жумладан, Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда айтилади. Ул зот: “Мен Ҳасан ва Ҳусайн розияллоҳу анҳуларни Набий соллалоҳу алайҳи васалламнинг елкаларига (опичлаган ҳолда) кўрдим. Бас, айтдимки: “Тагингиздаги от қандай ҳам яхши!” Набий соллалоҳу алайҳи васаллам: “Иккиси қандай яхши чавондоздир”, дедилар. (Абу Яъло ривоят қилган).

3. Беморлар ҳолидан хабар олиш.

Шу кунларда меҳрга муҳтож, бир оғиз ширин сўзга ташна бемор инсонларни ҳолидан хабар олиб, зиёрат қилиш ҳам катта савобли амаллардан. Ҳадисларда: “Бир мусулмон мусулмон биродарини зиёрат қилса, то қайтгунига қадар жаннат боғида бўлади”, дейилган. (Имом Муслим ривоят қилган).

4. Силаи раҳмда бўлиш.

Ҳайит кунлари қариндошчилик алоқаларини мустаҳкам қилиб, борди – келдиларни йўлга қўйишимиз керак. Кейинги пайтларда қариндошчилик алоқалари бироз сустлашгандек туйилмоқда.
Силаи раҳмни аввало ота – онадан бошлашимиз керак. Айниқса, узоқ қариндошларни зиёрат қилиб, ҳол сўрашимиз лозим. Зеро, силаи раҳм инсонни умри ва ризқига барака киргизадиган амаллардан ҳисобланади. “Ким ризқи кенг, умри узоқ бўлишини яхши кўрса, силаи раҳмда бўлсин”, – дедилар. (Муттафақун алайҳ).
Яна бир аём барчамизга муборак бўлсин.

Андижон вилоят бош-имом-хатиби

Нуриддин домла Холиқназаров

 

ЎМИ матбуот хизмати 

Мақолалар
Бошқа мақолалар
Мақолалар

ОИТСдан сақланишнинг осон-ишончли йўли

10.01.2025   2370   4 min.
ОИТСдан сақланишнинг осон-ишончли йўли

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.


"Аллоҳ сиздан енгиллатмоқни ирода қиладир. Ва инсон заиф яратилгандир".

Инсонни Аллоҳ таолонинг Ўзи яратган. У Зот Ўз бандасининг хусусиятларини яхши билади. Шунинг учун ҳам инсонга фақат Аллоҳ таолонинг кўрсатмаларигина тўғри келиши мумкин. Ушбу оятда Аллоҳ таоло инсоннинг заиф ҳолда яратилганини таъкидламоқда. Яратувчининг Ўзи «заиф яратилган», деб турганидан кейин, шу заиф инсонга йўл кўрсатишда У Зот оғирликни хоҳлармиди? Йўқ, У Зот енгилликни хоҳлайди.

Ислом шариати, умуман, енгиллик устига бино қилингандир. Бу ҳақда кўплаб оят ва ҳадислар бор. Ҳаммаси ўз ўрнида баён қилинади. «Нисо» сурасининг бошидан муолажа қилиб келинаётган масалалар, хусусан, эркак ва аёл, оила, никоҳ масаласига келсак, ушбу оятда бу масалаларда ҳам Аллоҳ Ўз бандаларига енгилликни исташи таъкидланмоқда. Зоҳирий қаралганда, диний кўрсатмаларни бажариш қийин, шаҳватга эргашганларнинг йўлларида юриш осонга ўхшайди. Исломда ҳамма нарса ман қилинган-у, фақат биргина йўлга рухсат берилганга ўхшайди. «Номаҳрамга қарама», «У билан ёлғиз қолма», «Уйланмоқчи бўлсанг, олдин аҳлининг розилигини ол», «Маҳр бер», «Гувоҳ келтир» ва ҳоказо. Ҳаммаси қайдлаш ва қийинчиликдан иборат бўлиб туюлади. Шаҳватга эргашганлар эса «Ёшлигингда ўйнаб қол, гуноҳ нима қилади», дейишади. Бу эса содда ва осон кўринади. Ҳақиқатда эса ундай эмас. Натижага қараганимизда бу нарса яққол кўзга ташланади. Дунё тарихини кузатадиган бўлсак, оила масаласига енгил қараган, жинсий шаҳватга берилган халқлар, давлатлар ва маданиятлар инқирозга учраган. Қадимий буюк империяларнинг шармандаларча қулашининг асосий омилларидан бири ҳам шу бўлган.

Бизнинг асримизга келиб, Ғарбда, ўзларининг таъбири билан айтганда, жинсий инқилоб бўлди. Жинс борасида олимлар етишиб чиқдилар. Улар «Жинсий ҳуррият бўлмагунча, инсон тўлиқ ҳур бўла олмайди. Агар жинсий майллар жиловланса, инсонда руҳий тугун пайдо бўлиб, унда қўрқоқлик ва бошқа салбий сифатлар келиб чиқишига сабаб бўлади», каби ғояларни тарқатишди. Оқибатда жинсий инқилоб авжига чиқди.

Натижасини – ҳар хил бало-офатлар буҳронини ҳозир ўзлари кўриб-татиб туришибди. Ахлоқий бузуқлик, оиланинг ва жамиятнинг парчаланиши, ҳаётга қизиқишнинг йўқолишидан ташқари, сон-саноғига етиб бўлмайдиган муаммолар пайдо бўлди. Жинсий инқилоб оқибатида тараққий этган ғарб давлатларининг туб аҳолиси даҳшатли суръатда камайиб бормоқда. Кўз кўриб, қулоқ эшитмаган таносил касалликлари келиб чиқди, ҳар йили сон-саноқсиз одамлар шу касалликлардан ўлмоқда. Насл бузилиб, одамлари заифҳол ва касалманд бўлиб бормоқда. Турли ақлий ва руҳий касалликлар урчиди. Охири келиб, касалликларга қарши инсондаги табиий монеликнинг йўқолиши (ОИТС) касаллиги пайдо бўлди. Бу касаллик ҳақли равишда, XX аср вабоси деб номланди. Унинг давоси йўқ. Бу дардга чалинишнинг сабаби зинодир. У билан касалланган одам тез муддатда ўлади. Ҳамма даҳшатда. Бу дардга чалинмасликнинг йўллари ахтарилмоқда, бу йўлда беҳисоб маблағлар сарфланмоқда, мазкур вабога чалинмасликнинг турли чоралари таклиф этилмоқда. Қонунлар чиқарилмоқда, идоралар очилмоқда.

Лекин шаҳватга эргашганлари сабабли улар энг осон, энг ишончли битта йўл – Аллоҳнинг йўлига қайтишни хаёлларига ҳам келтиришмаяпти. Ақалли ушбу дарднинг бевосита сабабчиси бўлмиш зинони ман этувчи қонун чиқаришни ҳеч ким ўйлаб ҳам кўрмаяпти. Чунки шаҳватга эргашганлар шаҳватга қарши чиқа олмайдилар. Уларнинг ўзлари шаҳватга банда бўлганлари учун унга эргашганлар. Ўзларини зоҳирий енгил кўринган ишга уриб, энди оғирликдан бошлари чиқмай юрибди. Зоҳирий оғир кўринган бўлса ҳам, Аллоҳ кўрсатган йўлга юрган бандалар бошида мазкур оғирлик ва машаққатларнинг бирортаси ҳам йўқ. Улар мутлақ енгилликда, фаровон турмуш кечирмоқдалар.

"Тафсири Ҳилол" китобидан

Мақолалар