Қурбон ҳайити – мусулмонларнинг шод-хуррамлик, кўнгил олиш, меҳр-оқибат, хайр-саховат кўрсатиш, бир-бирлари билан дийдорлашув байрамидир.
Бугун эрта тонгдан юртдошларимиз байрамни бошлаб бергувчи муборак ҳайит намозини адо этиш учун масжидларга отландилар. Аллоҳ таоло инъом этган тинчлик, осойишталик неъмати ила ибодатлар ҳузур ва ҳаловатда, эмин-эркин адо этилмоқда.
Бу йили Тошкент шаҳридаги 106 жоме масжидларда ҳам Ийд Қурбон ҳайити намози ўзгача файз-футуҳ билан адо этилди. Унда жами 350 мингдан ортиқ намозхон иштирок этди. Намозхонлар масжидларда яратиб берилган шароитлардан мамнун бўлишди. Намоздан сўнг, бутун дунёга, хусусан, жаннатмакон юртимизга тинчлик-омонлик сўраб, халқимиз фаровонлиги, ёшларимиз бахту иқболини тилаб дуолар қилинди.
Юртодшларимизнинг бир-бирларини бағриларига босиб Ҳайит айёми билан қутлашларида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллмнинг гўзал суннатлари ҳамда юксак меҳр-муҳаббат ифодаси зоҳирдир.
Аллоҳим Қурбон ҳайитини барчамизга муборак айлаб, бу байрамдаги ибодатларимизни ҳусни қабул айласин!
ЎМИ Тошкент шаҳар вакиллиги Матбуот хизмати