Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
15 Январ, 2025   |   15 Ражаб, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
06:23
Қуёш
07:47
Пешин
12:37
Аср
15:37
Шом
17:22
Хуфтон
18:40
Bismillah
15 Январ, 2025, 15 Ражаб, 1446

Хазрати имом мажмуасидаги Қурбон ҳайити намозидан фотолавҳалар

21.08.2018   3569   1 min.
Хазрати имом мажмуасидаги Қурбон ҳайити намозидан фотолавҳалар

Бугун ислом оламида катта байрам! Субҳисодиқдан, юлдузлар самони тарк этмай туриб Ўзбекистон бўйлаб барча жоме масжидлари томон Қурбон ҳайити намозини адо этиш учун самимий ва эзгу ниятлар ила ёшу қара қадам босиб келди. Йиғилганларнинг юзида табассум, илиқлик ва шукроналик кайфияти уфуриб туриби. Минбарда имом-домлалар амру маъруф ҳамда дуолар қилишиб, Яратгандан  эл-юрт ҳаққига тинчлик, соғлик, фаровонлик ва юксак тараққиёт сўрашмоқда! Хазрати имом мажмуасида ҳам мана шундай гўзал манзаранинг гувоҳи бўлишингиз мумкин! Намоздан сўнг бир-бирларини қучиб муборакбод этаётган танишу-нотанишларнинг кўтаринки кайфиятларини кўриб тилингиздан бехос бундай улуғ, тинч ва осуда байрамлар учун шукрона калималари келтирилса неажаб!

ЎМИ матбуот хизмати 

 

Фотолавҳалар
Бошқа мақолалар

Роббимга ишончим бардавом, қалбим хотиржам

14.01.2025   1526   4 min.
Роббимга ишончим бардавом, қалбим хотиржам

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Оиша розияллоҳу анҳо Уҳуд жангида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дуч келган мусибатни кўриб, Расулуллоҳнинг ҳаётларидаги энг оғир мусибат шу бўлса керак, деб ўйлаган эканлар. Лекин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам “Эҳ Оиша, бу қавм менга кўп озорлар етказди”, дедилар. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам кофирлар туфайли кўп қийинчиликларга, маҳзунликларга дуч келдилар. Бу шу қадар оғир мусибат бўлган эканки, ҳатто мушриклар сабаб чеккан изтиробларининг бирида Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламни юпатиш учун Жаброил алайҳиссаломнинг ўзи келган экан.

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам мушрикларнинг қилган ишлари туфайли қип-қизил қонга беланиб, маҳзун бўлиб ўтирганларида Жаброил алайҳиссалом келиб, «Ё Аллоҳнинг Расули, сизга Аллоҳнинг оят-мўъжизаларидан кўрсатайми?» дедилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам «Ҳа», дедилар. Жаброил алайҳиссалом ортларидаги дарахтга ишора қилиб, «Дарахтни ёнингизга чақиринг», деди. Расулуллоҳ дарахтни чақирган эдилар, у бирдан ҳаракатга келиб, у зотнинг қаршиларига келиб тўхтади. Жаброил алайҳиссалом Расулуллоҳга «Жойингга қайт денг», деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам буюрган эдилар, дарахт жойига қайтиб кетди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам «Бўлди, кифоя!» дедилар».

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Бўлди, маҳзунлигим ариди, Роббимга ишончим бардавом, қалбим хотиржам бўлди, демоқчи бўлдилар.

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Оиша розияллоҳу анҳога ҳаётларидаги энг оғир, энг қайғули ҳодиса Ақаба куни бўлганини айтдилар.

Бу – Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Тоифга борган кунларидир. Бу воқеа ҳам маҳзунлик йили бўлган эди. Бундан олдин Макка мушриклари Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламни, саҳобаларни Абу Толибнинг маҳалласида уч йил қамал қилиб, уларга борадиган озиқ-овқатни, сувни тўсиб, атайлаб очарчилик билан исканжага олишди. Мусулмонлар уч йиллик қамалдан ҳолдан тойиб, эндигина чиққанларида Расулуллоҳнинг ҳимоячилари бўлмиш амакилари Абу Толиб, бироз ўтиб эса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг дардларига дармон бўлиб яшаган сирдошлари, жуфти ҳалоллари Хадича розияллоҳу анҳо вафот этиб қолдилар.

Макка мушриклари фурсатдан фойдаланиб, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга, у зотнинг саҳобаларига азиятни кучайтириб юборишди. Мусулмонларга яна қанчадан-қанча мусибатлар етди, уларни Аллоҳдан бошқа ҳеч ким билмайди. Ўша йили Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга жуда кўплаб қайғулар етгани учун бу йил «маҳзунлик йили» деб аталди.

Ана шундай оғир пайтда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Исломни Маккадан бошқа жойда ҳам етказиб кўришни ўйлай бошладилар. Бу жой ўша пайтларда ҳар жиҳатдан Маккадан кейинги ўринда турадиган Тоиф шаҳри бўлиб кўринди. У зот Тоифга боришга қарор қилдилар.

Сарвари олам Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам мавлолари (озод қилган қуллари), тутинган фарзандлари Зайд ибн Ҳориса розияллоҳу анҳу билан бирга Тоиф томон йўлга тушар эканлар, «шояд Тоифдан бирор ёруғлик чиқса, маҳзунлик ариса, даъват ишлари юришиб кетса», деган умидда эдилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Тоифга етиб бориб, у ерлик энг катта қабила – Сақиф қабиласининг аъёнлари билан учрашдилар, уларни Исломга даъват қилдилар. Аммо уларнинг жавоби энг ёмон жавоб бўлди. Улар у зот алайҳиссаломни масхара қилишди, ўзларининг эсипастлари, қуллари ва бебош болаларини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни сўкишга, ортларидан бақириб, масхара қилишга, ҳатто тош отишга гижгижлашди. Тоифликлар йўлнинг икки четига туриб олиб, у зот ўтаётганларида аёвсиз тошбўрон қилишди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг оёқларидаги шиппак қонга, қалблари дарду аламга тўлди.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам қалблари изтиробга тўлган ҳолда Тоифдан чиқиб кетдилар. Шу қадар маҳзун эдиларки, қаёққа кетаётганларини ҳам билмай, юриб боравердилар. Ўзларига келиб қарасалар, Қорнус-Саъолибга[1] келиб қолибдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шунча масофани пиёда босиб ўтган эдилар. Қаттиқ маҳзун бўлганларидан Қорнус-Саъолибга келгунларича атрофдаги бирор нарсани сезмабдилар ҳам.

Абдуллоҳ Абдулмуътий, Ҳуда Саъид Баҳлулнинг
“Қулоғим сенда қизим” китобидан Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ,
Абдулҳамид Умаралиев таржимаси.


[1] Қорнус Саъолиб – Тоифдан 40 км узоқликда жойлашган, сел сувлари тўпланадиган жой. Бу ерни Қарнул Манозил ҳам дейишган. Наждликлар ҳаж учун шу жойдан эҳром боғлашади.