بسم الله الرحمن الرحيم
Муҳтарам жамоат! Аллоҳ таоло инсонларни бир ота ва бир онадан пайдо қилиб, уларни Ер юзи бўйлаб турли хил миллат ва элатлар шаклида тарқатиб юборди. Инсонларнинг бу каби хилма-хиллиги фитрий бўлиб, Аллоҳ таоло уни илоҳий ҳикмат ила жорий қилди. Яъни, бу бўлиниш ажралиш учун эмас, балки бирлашиш ва ўзаро яқинлашиш учун эканлигини Қуръони каримда баён қилди:
يَا أَيُّهَا النَّاسُ إِنَّا خَلَقْنَاكُمْ مِنْ ذَكَرٍ وَأُنْثَى وَجَعَلْنَاكُمْ شُعُوبًا وَقَبَائِلَ لِتَعَارَفُوا إِنَّ أَكْرَمَكُمْ عِنْدَ اللَّهِ أَتْقَاكُمْ إِنَّ اللَّهَ عَلِيمٌ خَبِيرٌ (سورة الحجرات/13).
яъни: “Эй, инсонлар! Дарҳақиқат, Биз сизларни бир эркак (Одам) ва бир аёл (Ҳавво)дан яратдик ҳамда бир-бирларингиз билан танишишингиз учун сизларни (турли-туман) халқлар ва қабила (элат)лар қилиб қўйдик. Албатта, Аллоҳ наздида (энг азизу) мукаррамроғингиз тақводорроғингиздир. Албатта, Аллоҳ билувчи ва хабардор зотдир” (Ҳужурот сураси, 13-оят).
Динимизда мана шу ҳақиқатни баён қилиш орқали инсонларни бирликда ва ҳамжиҳатликда яшашга даъват этилади.
Айни пайтда динимиз бизларни ўзаро ихтилоф қилишдан, тафриқага бўлинишимиздан қайтаради. Зеро, ихтилоф ва тафриқа инсонларни бир-биридан узоқлаштиради, ўртада адоват ва фитна пайдо бўлишига сабаб бўлади. Айниқса, динда тафриқага бўлиниш залолат саналиб, инсоннинг икки дунёсини ҳам барбод бўлишига олиб боради. Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай деган:
وَاعْتَصِمُوا بِحَبْلِ اللَّهِ جَمِيعًا وَلَا تَفَرَّقُوا وَاذْكُرُوا نِعْمَةَ اللَّهِ عَلَيْكُمْ إِذْ كُنْتُمْ أَعْدَاءً فَأَلَّفَ بَيْنَ قُلُوبِكُمْ فَأَصْبَحْتُمْ بِنِعْمَتِهِ إِخْوَانًا وَكُنْتُمْ عَلَى شَفَا حُفْرَةٍ مِنَ النَّارِ فَأَنْقَذَكُمْ مِنْهَا كَذَلِكَ يُبَيِّنُ اللَّهُ لَكُمْ آَيَاتِهِ لَعَلَّكُمْ تَهْتَدُونَ (سورة آل عمران/103).
яъни: “Ҳаммангиз Аллоҳнинг “арқони”ни (Қуръонини) маҳкам тутинг ва фирқаларга бўлинманг ҳамда ўзаро адоватда бўлган пайтларингизда дилларингизни (туташтириб) ошно қилиб қўйган Аллоҳнинг неъматини ёдда тутинг! Унинг неъмати туфайли биродарларга айландингиз. Дўзах чоҳи ёқасида турганингизда, сизларни ундан қутқарди. Шояд ҳақ йўлни топгайсизлар, деб, Аллоҳ Ўз оятларини сизларга шундай баён қилади”
(Оли Имрон сураси, 103-оят).
Ушбу оятда Аллоҳ таоло Ўзининг каломи бўлмиш Қуръони каримни “маҳкам тутиш”га буюрмоқда. Шунчаки, уни “ушланг” демаяпти. Чунки, ушланган нарса гоҳида беҳосдан қўлдан тушиб кетиши мумкин. Аммо маҳкам тутилганда, уни ҳар қандай ҳолатда ҳам қўлдан қўйиб юбормасликка ҳаракат қилинади. Қолаверса, оятда бу ишни жамоат бўлиб, барча биргаликда қилишга буюрилмоқда. Акс ҳолда, ҳар ким ўз ҳолича бўлса, ўртада тафовут, келишмовчилик, тафриқа чиқиши табиий ҳолдир. Шунинг учун оятнинг давомида “фирқаларга бўлинманг!” дейилмоқда.
Ҳозирги кунда биз Аллоҳ таолонинг бу амрини тўғри тушуниб олишимиз керак. “Фирқаларга бўлинманг!” дедими, биз ўзаро низо ва адоватларни йиғиштириб, фирқаларга бўлинишни тўхтатишимиз керак.
Қачонки бизлар Қуръони Каримни маҳкам тутиш учун бирлашиб, ёнма-ён турар эканмиз, ораларимиздаги адоват ҳам йўқола бошлайди, ўзаро ҳамжиҳатлик ривож топади. Қуръоннинг мўъжизаси ҳам шунда, аслида. Бир тарафдан Аллоҳ таолонинг “фирқаларга бўлинманг!” деган оятларини зикр қилиб турсагу, бошқа тарафдан олимларни, имомларни, мазҳабларни, бошқа мусулмонларни ва улар қилаётган ишларни танқид қилиб турсак, оятга зид иш қилган бўлмаймизми?! Дарвоқеъ, кейинги пайтларда ижтимоий тармоқлар орқали уламоларни, бошқа мўминларни, диний ташкилотларни танқид қиладиганлар кўпайиб кетди. Ҳолбуки, ояти каримада мўминларнинг биродар бўлиб яшашлари Аллоҳнинг неъмати эканлиги, айнан биродарлик туфайлигина дўзах чоҳи ёқасидан омон қолиш мумкин эканлиги эслатилмоқда. Бошқа бир оятда эса Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилган:
إِنَّ الَّذِينَ فَرَّقُوا دِينَهُمْ وَكَانُوا شِيَعًا لَسْتَ مِنْهُمْ فِي شَيْءٍ إِنَّمَا أَمْرُهُمْ إِلَى اللَّهِ ثُمَّ يُنَبِّئُهُمْ بِمَا كَانُوا يَفْعَلُونَ (سورة الانعام/159).
яъни: “Динларини (фирқаларга) бўлиб, (турли) гуруҳларга айланганлар (учун) бирор нарсада (Сиз масъул) эмассиз. Уларнинг иши Аллоҳга (ҳавола). Сўнгра (У) уларни қилиб юрган амалларидан огоҳ қилур” (Анъом сураси, 159-оят).
Ушбу ояти каримада Аллоҳ таоло тафриқа ва гуруҳбозликка олиб борадиган низо ҳамда ихтилофларни Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг йўлларидан бошқа деб, уни ҳидоят йўлига тескари йўл, деб ҳисобламоқда. Аллоҳ таоло бу оятда тафриқа ва гуруҳбозлик Пайғамбаримизнинг умматларига муносиб эмаслигини қаттиқ таъкидламоқда.
عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِي اللهُ عَنْهُ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّه عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: إِنَّ اللَّهَ تعالى يَرْضَى لَكُمْ ثَلاثًا وَيَكْرَهُ لَكُمْ ثَلاثًا فَيَرْضَى لَكُمْ أَنْ تَعْبُدُوهُ وَلا تُشْرِكُوا بِهِ شَيْئًا وَأَنْ تَعْتَصِمُوا بِحَبْلِ اللَّهِ جَمِيعًا وَلا تَفَرَّقُوا وَيَكْرَهُ لَكُمْ قِيلَ وَقَالَ وَكَثْرَةَ السُّؤَالِ وَإِضَاعَةَ الْمَالِ (رَوَاهُ الْإِمَامُ مسلم).
яъни: Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Албатта Аллоҳ таоло сизлар учун уч нарсада рози бўлиб, уч нарсада норозидир. Аллоҳга бирор нарсани шерик қилмасдан ибодат қилсангиз, Аллоҳнинг арқони бўлмиш Исломни жам бўлиб маҳкам ушлаб, фирқаланиб кетмасангиз, рози бўлади. Аммо “деди-деди” деб, беҳуда гапни кўпайтирсангиз, кўп савол берсангиз ва мол-дунёни беҳудага сарф қилсангиз, сиздан норози бўлади”, –дедилар (Имом Муслим ривояти).
عن أَنَسِ بْنِ مَالِكٍ رَضِي اللهُ عَنْهُ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّه عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: "إِنَّ أُمَّتِي لَا تَجْتَمِعُ عَلَى ضَلَالَةٍ فَإِذَا رَأَيْتُمُ اخْتِلَافًا فَعَلَيْكُمْ بِالسَّوَادِ الْأَعْظَمِ" (رواه الْإِمَامُ ابن ماجه).
яъни: Анас ибн Молик разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: “Албатта мени умматим залолатга жамланмайди, шундай экан, қачон ихтилофни кўрсангиз, ўзингизга саводи аъзамни (яъни, энг улуғ жамоани) лозим тутинг” (Имом Ибн Можа ривояти).
Уламоларимиз ҳадисдаги “саводи аъзам” калимасини аҳли сунна вал жамоа деб шарҳлаганлар.
Муҳтарам азизлар! Аллоҳ таоло Бақара сурасининг 269-оятида шундай деган:
يُؤْتِي الْحِكْمَةَ مَنْ يَشَاءُ وَمَنْ يُؤْتَ الْحِكْمَةَ فَقَدْ أُوتِيَ خَيْرًا كَثِيرًا وَمَا يَذَّكَّرُ إِلَّا أُولُو الْأَلْبَابِ (سورة البقرة/269).
яъни: “У Ўзи хоҳлаган кишиларга ҳикмат (пайғамбарлик ёки Қуръон илмини) беради. Кимга (мазкур) ҳикмат берилган бўлса, демак, унга кўп яхшилик берилибди. Бундан фақат оқил кишиларгина эслатма олурлар” (Бақара сураси, 269-оят).
Демак фаҳм-ҳикмат шундай улуғ нарса эканки, инсон у орқали Қуръон, ҳадис илмларини билиб, ундан тўғри ҳукм чиқара билиш ҳамда ҳар бир оят ва ҳадиснинг моҳиятига тушуна олиш қобилиятига эга бўлади. Аллоҳ ўзининг улуғ неъмати бўлган ҳикматини ҳаммага эмас, балки фақат ўзи хоҳлаган, ўзи севган бандаларига беради. Ҳикмат боши, манбаи, тамали, асоси – Аллоҳдан қўрқувдир! Шунинг учун ҳам Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар:
عَنِ ابْنِ مَسْعُودٍ رضي الله عنه أَنَّ رَسُولَ اللهِ صلى الله عليه وسلم قَالَ: "رَأْسُ الْحِكْمَةِ مَخَافَةُ اللهِ" (رواه الْإِمَامُ البيهقي).
яъни: “Ҳикматнинг боши – Аллоҳдан қўрқишдир” (Имом Байҳақий ривояти).
Қалбида Аллоҳдан қўрқуви бўлиб, ҳикмат эгаси бўлган киши ҳеч қачон Ислом дунёси уламолари Фирқатун ножия (нажот топувчи тоифа), деб ижмоъ қилган, аҳли суннат вал жамоатга қарши чиқиб, янги фирқалар тузмайди, бошқа фирқаларга эргашмайди! Бу ҳақда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар:
عَنِ بْنِ عُمَرَ رضي الله عنه أَنَّ رَسُولَ اللهِ صلى الله عليه وسلم قَالَ: "إِنَّ اللهَ لاَ يَجْمَعُ أُمَّتِي عَلَى ضَلَالَةٍ وَيَدُ اللهِ عَلَى الْجَمَاعَةِ
وَمَنْ شَذَّ شَذَّ فِي النَّارِ" (رَوَاهُ الْإِمَامُ التِّرْمِذِيُّ).
яъни: “Аллоҳ таоло менинг умматимни залолатга жамламайди. Аллоҳнинг қудрат қўли жамоат узрадир. Кимки жамоатдан ажралса, ажралиб жаҳаннамга киради” (Имом Термизий ривояти).
Ислом тарихида қанчадан-қанча мазҳаблар, фирқалар чиққан бўлса-да, уламолар уларнинг йўллари тўғрилигига ижмоъ қилмаганлигидан, тезда йўқолиб кетишди. Аҳли ножия деб эълон қилинган аҳли суннат вал жамоат ҳақ бўлганлиги сабабли 14 асрдан бери яшаб келмоқда.
Ҳикмат соҳиби бўлган фаросатли, аҳли фаҳм "Мен юрган йўл нотўғри бўлиб қолса, Аллоҳнинг ҳузурига борганда нима қиламан?", – деб қўрқади. Фақатгина илмнинг ўзи кифоя қилганда эди, Азозил тўғри йўлдан адашмаган бўлар эди. У олим бўлса ҳам, ҳикматдан бенасиб бўлгани учун Аллоҳ таолонинг Одам алайҳиссаломга сажда қилишга бўлган буйруғининг ҳикматини била олмасдан тўғри йўлдан озиб, шайтонир ражиймга айланди.
Афсуски, баъзи ҳикмат илми берилмаган кимсалар ўзларини олиму доно фаҳмлаб, "шу йўлим тўғри" деб, турли-туман фирқалар ташкил қилмоқда. Уларга фаросат ва ҳикмат илми берилганида эди, исломнинг моҳиятидан хабардор бўлиб, асло фирқаларга бўлинмас эдилар.
Муҳтарам аҳли ислом! Дин илмини билмай туриб, Ислом дини номидан тарғибот ва ташвиқот қилаётган ҳар қандай кимсага эргашиб кетавериш ярамайди! Айниқса, замонавий электрон воситалари, интернет тармоқлари орқали тарқатилаётган диний мавзудаги маълумотларнинг ҳаммаси ҳам соф ислом ғоясига, бизнинг ақидамизга тўғри келавермайди. Шунинг учун интернет тармоғидан фойдаланадиган фарзандларимиздан огоҳ бўлайликки, токи улар экстремистик оқимлар таъсирига тушиб, алданиб қолмасинлар.
Диний илми етарли бўлмаган кишининг илмсиз тарзда фатво бериши ҳам одамлар орасида тафриқага сабаб бўлувчи омиллардан бири саналади. Диний илми бўлмаган кишининг олимликни даъво қилиши такаббурликдир. Аслида бундай кимсаларни илмдан гапиришга ҳаққи йўқ. Чунки, ҳадиси шарифда шундай дейилган:
عَنْ عَوْفِ بْنِ مَالِكٍ رضي الله عنه قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّه عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: لَا يَقُصُّ إِلَّا أَمِيْرٌ أَوْ مَأْمُورٌ أَوْ مُخْتَالٌ
(رواه الْإِمَامُ أبو داود).
яъни: Авф ибн Молик разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: “Одамларга илмдан фақат амир (подшоҳ), ёки маъмур (подшоҳ томонидан рухсат берилган шахслар), ёки мутакаббир (ўзини катта олувчи) панд насиҳат қилади”, – дедилар (Имом Абу Довуд ривояти).
Демак, одамларга ваъз айтишга фақат мутасадди раҳбарнинг ёки у томонидан ижозат берилган олим кишиларнинг ҳаққи бор. Улардан бошқа ким воизлик қилса, демак, бу – унинг манманлигидан, ўзига бино қўйганлигидандир.
Аллоҳ таоло барчаларимизни бир ёқадан бош чиқариб, меҳр-оқибат билан, тинч-тотувликда ҳаётгузаронлик бахтига муяссар айласин. Омин!
Аллоҳ таоло Пайғамбарига ғам-ғуссаларни қандай аритишни ҳам ўргатган: «Уларнинг гапидан юрагингиз сиқилишини яхши билурмиз. Роббингизни ҳамди ила поклаб ёд этинг, сажда қилувчилардан бўлинг. Сизга яқийн келгунича Роббингизга ибодат қилинг» (Ҳижр сураси, 97-99-оятлар).
Аллоҳ таоло Пайғамбарига бундай демоқда: «Қурайш мушриклари сизни масхара қилиб, мазах қилиб, сизга азият бераётганини, уларнинг азиятларидан маҳзун бўлаётганингизни ҳам биламиз. Аммо бу нарсалар сизни Роббингизнинг рисолатини етказишдан тўсиб қўймасин! Роббингизга таваккул қилингки, У Зот сизга кифоя қилади, душманларингиз устидан сизга ғалаба ато этади».
Кўриб турганингиздек, Аллоҳ таоло Пайғамбарига ғам-ташвишларга енгилиб қолмасин дея, тўрт нарсани буюрмоқда: Аллоҳга тасбеҳ айтиш, ҳамд айтиш, сажда қилиш (намоз ўқиш), ибодат қилиш.
Демак, намоз – ғам-ташвишларга қарши кураш воситаларидан бири экан. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло Пайғамбарига «...сажда қилувчилардан бўлинг (шунда Аллоҳ дилингиздаги ғам-аламни кетказур)», демоқда. Шу ўринда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам Роббоний буйруққа лаббай деб, барча муаммоларга қарши намоз билан куч-қувватга тўлдилар.
Ҳузайфа ибн Ямон розияллоҳу анҳу: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни бирор нарса маҳзун қиладиган бўлса, намоз ўқир эдилар», деганлар (Имом Аҳмад ривояти).
Бошқа бир ривоятда «Расулуллоҳни бирор нарса қайғуга солса, дарҳол намоз ўқир эдилар», дейилган.
Ҳузайфа розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан кўп йиллар бирга бўлган саҳобадир, шунинг учун бу киши Расулуллоҳ бирор нарсадан қайғуга тушганларида ёки мусибатга, қийинчиликка дуч келсалар, қалбларини тинчлантириб, хотиржам қилиш учун, Парвардигорларидан мусибат ва қайғуда ёрдам сўраш учун намозга ошиққанларини кўриб яшаган.
Нафақат Расулуллоҳнинг, балки барча пайғамбарларнинг одати шундай эди – бошга бирор мусибат келса ёки ташвиш тушса, дарҳол намозга шошилишар эди.
Суҳайб ибн Синон розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда бундай дейилади: «Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир куни аср намозини ўқиб бўлгач, бир нималар деб пичирладилар. Ёнларидаги саҳобалар «Эй Аллоҳнинг Расули, аср намозидан кейин пичирлаб нималар дедингиз?» деб сўрашган эди, у зот шундай дедилар: «Сизлар ҳам сездингизми? Мен бир пайғамбарни эсладим. Унга ўз қавмидан бир қўшин берилди. У (қўшиннинг кучлилигини кўриб): «Буларга ким ҳам бас кела оларди?» деди. Шунда Аллоҳ таоло у пайғамбарга уч ишдан – душманнинг уларни босиб олишини, очарчиликни ёки ўлимдан бирини танлашни буюрди. Ўша пайғамбар шу уч нарса борасида қавми билан маслаҳат қилди. Қавм: «Бу ишни ўзингга топширамиз, чунки сен Аллоҳнинг пайғамбарисан», деди. Пайғамбар дарҳол туриб, намоз ўқиди, чунки анбиёлар бирор ишда тараддудланиб қолсалар, дарҳол намоз ўқийдилар. Бу пайғамбар ҳам намоз ўқиб, «Ё Роббим, душман ёки очарчиликни эмас, ўлимни танладим», деб дуо қилди. Аллоҳ уларга ўлимни юборган эди, улардан етмиш мингтасини ўлим олиб кетди. (Намоздан кейин) пичирлаганимда шундай деяётган эдим: «Аллоҳим, Сенинг номинг билан урушаман, Сенинг номинг билан душман устидан ғалаба қиламан. Куч-қудрат фақат Аллоҳ билан» (Имом Термизий ривояти).
Иброҳим алайҳиссалом ҳам ғам-ғуссаларини намоз билан муолажа қилар эдилар.
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: «Бир куни Иброҳим алайҳиссалом Сора билан бир золим подшоҳнинг юртига келиб қолдилар. (Айғоқчилар золим подшоҳга) «Фалон жойда бир киши бор, ёнида мисли кўрилмаган гўзал аёли ҳам бор», дейишган эди, подшоҳ у кишини чақиртирди. «Ёнингдаги аёл ким?» деган эди, «Синглим», дедилар. Кейин Соранинг ёнига қайтиб келиб, шундай дедилар: «Сора, ҳозир ер юзида сен билан мендан бошқа мўмин йўқ. Анави мендан сени сўраган эди, «Синглим», дедим. Мени ёлғончи қилиб қўйма». Подшоҳ эса Сорани чақиртирди, Сора унинг ҳузурига кириб келди. Подшоҳ (унинг гўзаллигини кўриб) унинг қўлини ушламоқчи бўлган эди, қўли қотиб қолди. Подшоҳ қўрқиб кетиб, «Роббингга дуо қил, сенга ҳеч нарса қилмайман», деди. Сора Аллоҳга дуо қилган эди, анавининг қўли қўйиб юборилди. Подшоҳ эса яна Сорага ёпишмоқчи бўлган эди, қўли боягидек ёки бундан ҳам қаттиқроқ қотиб қолди. Шунда у яна: «Роббингга дуо қил, сенга ёмонлик қилмайман!» деди. Сора дуо қилган эди, анавининг қўли яна қўйиб юборилди. Шунда подшоҳ айғоқчиларини чақириб, «Сенлар менинг олдимга одам эмас, шайтонни олиб келибсанлар-ку!» деди. Сўнг Сорага Ҳожарни чўри қилиб берди. Сора эсон-омон Иброҳим алайҳиссаломнинг ёнларига қайтиб келди. Иброҳим алайҳиссалом намоз ўқиётган эдилар, қўли билан «Нима гап?» дея ишора қилдилар. Сора: «Аллоҳ анави кофирнинг [ёки фожирнинг] макрини ўзига қайтарди, шунга Ҳожарни менга чўри қилиб берди», деди» (Имом Бухорий ривояти).
Бир қиз айтади: «Бир дугонам бор, ниҳоятда асабий қиз. Бизнинг уйимизда ҳам кўп муаммолар бўлиб турар эди. Буни билган ўша дугонам «Уйингда шунча муаммо бўла туриб, қандай қилиб асабларинг жойида?» деб ҳайрон бўлди. Мен унга «Бунинг сири намозда!» дедим. У янада ҳайрон бўлиб, «Қандай қилиб?» деб сўради. Мен шундай жавоб бердим: «Авваллари оиламизда муаммолар кўплигидан ўзимни бечора, ожиз ҳисоблардим, муаммолар ҳақида кўп ўйлайверганимдан ақлдан озай дер эдим. Бундай аҳволдан қутулиш учун ҳамма нарса қилиб кўрдим, тинчлантирувчи дорилар ичдим, лекин фойдаси бўлмади.
Бир куни ғам-ташвишларимни, қайғуларимни намоз билан енгиш мумкинлигини эшитиб қолдим. Ғам-қайғулар ёпирилиб келганда, кимдир мени хафа қилиб, ҳис-туйғуларим оёқости бўлганда намозга ошиқадиган бўлдим. Намозларимда Аллоҳга аҳволимни арз қилиб, мени қайғулардан халос қилишини, муаммолардан қутулиш йўлларини кўрсатишини сўраб, илтижолар қиладиган бўлдим. Илтижо қилар эканман, руҳий, иймоний улкан куч-қувватни ҳис этардим, хотиржам яшаб, ҳаётни давом эттиришга куч топардим. Қайғуларим намозни севишимга, унга чинакам ошиқ бўлишимга сабаб бўлди».
Абдуллоҳ Абдулмуътий, Ҳуда Саъид Баҳлулнинг
“Қулоғим сенда қизим” китобидан Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Абдулҳамид Умаралиев таржимаси.