Бизнинг миллий ва диний қадрятларимиз кўрсатмасига биноан инсон тозалик, озодалик ва покизаликка алоҳида эътибор қаратиши лозим. Имом Муслим Абу Молик Ашъарийдан қилган ривоятда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Поклик имоннинг ярмидир”, деганлар. Мусулмон инсон атроф-муҳит озодалигига алоҳида эътибор қаратади. Покизалик мусулмон инсоннинг шиори ҳисобланиши керак.
Атроф-муҳитнинг озодалиги жамиятга баҳо беради. Мусулмон инсон нафақат ўзининг покизалигига, балки хонадони, маҳалласи ва ватанининг тозалиги учун ҳаракат қилиши керак. Айрим ҳолатларда чиройли кийимда бўлган инсонлар тозаликка эътибор бермаслиги ажабланарли туйилади. Мошинада кетаётган бўлса ҳар хил чиқиндиларни улоқтириб кетади. Кўчада ахлат ташлаш учун қўйилган махсус идишларга ахлат ташлаш ўрнига юрган йўлига ташлаб кетади. Автобус чипталарини ҳам бекатларга қўйилган махсус идишларга ташлашмайди. Бу каби ишлар мусулмон кишининг одоб-ахлоқ доирасидаги ишлар эмас!
Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Учта лаънатловчидан – сув бошига, йўлга ва сояга қазои ҳожат қилишдан сақланинглар”, дедилар (Абу Довуд ривояти). Яъни бирон инсон сув боши, йўл ва соя жойга ҳожат чиқарса одамларга озор бериб уларнинг кўнглини оғритган бўлади. Натижада барча уни лаънатлайди. Чунки ҳадисда саналган уч жой барчанинг эҳтиёжи тушгани учун ҳаммага тегишли экани англанилади. Бу ҳадисни шарҳлаган уламоларимиз лаънатга қолиш учун ҳадисда саналган уч жойга ҳожат чиқариш шарт эмас. Балки шу каби жойларни ифлос қилиб ахлат ва чиқиндилар ташлаши ҳам лаънатга қолиши учун етарли бўлади, деганлар.
Атроф-муҳит тозалиги учун барчамиз масъул бўламиз. Шу сабабдан ҳар ким имкониятидан келиб чиқиб ободлик учун ўз ҳиссасини қўшиши керак. Кўчаларда инсонларга зарари тегиши мумкин бўлган тош, чиқинди, дарахт шохлари каби нарсаларни бир четган олиб қўйишимизга Аллоҳ таоло тарафидан савоб берилади. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан қилинган ривоятда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “(имон шохининг) энг кичиги, йўлдаги озор берадиган нарсани олиб ташлаш”, дедилар.
Хулоса қилиб айтганда, инсон ўзи яшайдиган жамиятнинг аъзоси ҳисобланади. Ҳар бир инсон ўз жамиятига манфаат келтиришга масъул. Ватанимизнинг ҳар бир ерини покиза ва озода сақлашимиз керак. Фарзандларимизга ҳам уй ва кўча озодалиги ва покизалиги ҳақида кенг тушинчалар беришимиз бизнинг вазифамиз. Атроф-муҳитимизнинг тозалиги ўзимизга бериладиган баҳо ҳисобланади.
“Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим юрти мударриси
Ҳошимов Ойбек
Сўнгги пайтларда “Мазҳаб нимага керак?”, “Ўзимиз Қуръон ва суннатдан ҳукм олсак бўлмайдими?” дегувчи тоифаларга раддиялар берадиган китобларга юртимизда эҳтиёж катта эди. Алҳамдулиллаҳ, ана шу эҳтиёж ажойиб асарлар билан тўлдириб бориляпти.
Яқинда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон қори Ишматбековнинг “Ислом фиқҳи асослари. Тўрт мазҳаб имомлари” китоби чоп этилди.
Муаллиф ёзади: “Кейинги йилларда мавжуд мазҳабларни инкор этиб, уларни бидъатга чиқариб, мўмин-мусулмонлар фикрини чалғитишга уринаётган бузғунчи тоифаларнинг ғаразли ташвиқот-тарғиботларига алданиб қолиш ҳолатлари ёшларимиз ўртасида кузатилмоқда. Гўёки мазҳаблар Қуръон ва суннатга хилоф ва улардан йироқ деган даъво билан мазҳабга эргашишдан қайтаришга уринмоқдалар. Ушбу китобда мавжуд тўрт мазҳабнинг айнан Қуръон ва суннатга асослангани ва динимизнинг замонлар оша юзага келадиган муаммоларни ҳал қилишда айнан мазҳаб уламолари жорий қилган усул ва қоидаларга асосланиши ҳам баён этилган”.
Устозлардан бири Қуръон ва суннатни юқори кучланишга эга электр энергиясига қиёслаган. Тасаввур қилинг, уйингизга розетка бўла туриб, чой қайнатиш учун тефални юқори кучланишга эга электр энергиясига уламайсиз-ку, шундайми? Мабодо, шундай қилинса, оқибат қандай бўлиши ҳаммага аён. Бугун “Қуръон ва суннат турганда нега мазҳабга эргашишимиз керак?” дейдиган тоифаларнинг қилаётган ишларини худди юқоридаги ҳолатга ўхшатиш мумкин.
Араб тилини чала-чулпа билиб олиб, Қуръон илмларидан бехабар, шариатни тушунмайдиган кимсалар бир ёки бир нечта рисолани ўқиб олиб, ўзларича Қуръондан ҳукм олишга ошиқишлари жуда катта хатодир.
Иш ўз устасига топширилиши исбот талаб қилмайдиган ҳақиқатдир. Ҳ. Ишматбеков ана шу масалаларга ҳам эътибор қаратиб, ҳатто саодат асрида ҳам Набий алайҳиссалом саҳобаларнинг гапларига қулоқ солганларини келтирган.
Бадр куни жанг бошланишидан олдинроқ Набий алайҳиссалом ижтиҳод қилдилар. У зот саҳобалари билан жанг қилиш учун бир жойни белгилаб, ўша ерга тушдилар. Саҳобалардан бири Ҳаббоб ибн Мунзир Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга: “Бу жойни сизга Аллоҳ тайин қилиб бердими, ундан бошқа жойга кўчиш мумкин эмасми? Ёки бу ерни ўзингиз душманга ҳийла қўллаш учун танладингизми?” деб сўрайди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Йўқ, Аллоҳ эмас, ўзим душманга ҳийла қўллаш учун бу ерни танладим”, дейдилар. Шунда Ҳаббоб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга бошқа жойни кўрсатиб, ўша ерда туриш ғалаба қозонишга янада қулайроқ бўлишини маслаҳат беради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унинг маслаҳатини олиб, у кўрсатган ерга кўчиб ўтишади, натижа ғалаба қозониш билан якунланади.
Хуллас, “Ислом фиқҳи асослари” китобини ҳар бир мўмин-мусулмон ўқиб чиқиши шарт бўлган китоблар сирасига киритиш мумкин.
Т.НИЗОМ