Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ким масжидга эрта бориб, кеч қайтса, ҳар бир эрта бориб, кеч қайтгани учун Аллоҳ унга жаннатда зиёфат тайёрлаб қўяди”, дедилар (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти).
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Мусулмонларга йўл ўртасида озор бераётган дарахтни кесиб ташлаган бир кишининг жаннатда хузур-ҳаловат ила яшаётганини кўрдим”, деганлар (Имом Муслим ривояти).
Абу Мусо Ашъарий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ким икки салқин(даги намозни – бомдод ва аср)ни ўқиса, жаннатга киради”, дедилар (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти).
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Рад қилганлардан ташқари умматимнинг барчаси жаннатга киради”, деганларида, улар: “Ё Аллоҳнинг Росули, рад қиладиганлар ким ўзи?” дейишди. Шунда у зот: “Ким менга итоат қилса, жаннатга киради. Ким менга осийлик қилса, батаҳқиқ у рад қилибди”, дедилар (Имом Бухорий ривояти).
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ҳоҳ ўзига қарашли, ҳоҳ бегона етимни ўз қарамоғига олган киши билан икковимиз жаннатда бирга бўламиз”, дедилар. Молик ибн Анас ишора ва ўрта бармоқларига ишора қилдилар (Имом Муслим ривояти).
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ким бирор касални бориб кўрса ёки Аллоҳ йўлидаги биродарини зиёрат қилса, бир нидо қилувчи: “Пок бўлдинг, юришинг ҳам пок бўлди ва жаннатдан ўзинг учун жой тайёрлаб қўйдинг”, деб нидо қилади ”, дедилар (Имом Термизий ривояти).
Савбон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади “Ким менга одамлардан бирор нарса сўрамайман, деб кафолат берса, мен унинг жаннатга киришига кафолат бераман”, деганларида: “Мен” дедим. Ҳақиқатда Савбон ҳеч бир кишидан бирор нарса сўрамадилар (Имом Абу Довуд ривояти).
Иёз ибн Ҳимор розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: “Жаннат аҳли уч тоифадир: 1. Адолатга муваффақ бўлган шоҳ; 2. Қариндошлари ва мусулмонларга раҳмли ҳамда қалби юмшоқ киши; 3. Болалари кўп ва ўзи мухтож бўла туриб ҳам тиланчилик қилмайдиган киши ”, деб айтганларини эшитдим. (Имом Муслим ривояти).
Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: “Бир мусулмон бошқа бир мусулмонни эрталаб кўргани борса, то кеч киргунича етмиш минг фаришта унинг ҳаққига дуода бўлишади. Агар кечқурун кўргани борса, то эрталабгача етмиш минг фаришта унинг ҳаққига дуода бўлишади. Ҳамда бу кишига жаннатда териб, йиғиб қўйилган мева бўлади”, деб айтганларини эшитдим (Имом Термизий ривояти).
Муоз розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Кимнинг охирги сўзи “Ла илаҳа иллаллоҳ” бўлса, жаннатга киради”, дедилар (Имом Абу Довуд, Имом Ҳоким ривояти).
Абу Мусо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Қачон бир банданинг фарзанди вафот этса, Аллоҳ таоло фаришталарига: “Бандамнинг фарзанди рухини олдиларингми?” дейди. “Ҳа”, деб жавоб беришади улар. “Қалбининг мевасини қабз қилдиларингми?” дейди сўнг. “Ҳа”, деб жавоб беришади яна. “Бандам нима деди?” деб сўрайди Аллоҳ таоло. Фаришталар: “Сенга ҳамд ва истиржоъ (инна лиллаҳи ва инна илайҳи рожиун) айтди”, дейишади. Шунда Аллоҳ таоло: “Бандам учун жаннатда бир уй қуринглар ва уни ҳамд уйи, деб атанглар”, дейди ”, дедилар (Имом Термизий ривояти).
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Аллоҳ таоло айтади: “ Дунё аҳли ичидаги севимли кишисини қабз қилганимда савоб умид қил(ил сабр қил)ган мўмин бандам учун Менинг хузуримда жаннатдан бошқа мукофот йўқ!” (Имом Бухорий ривояти).
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Бир мусулмон кишининг балоғатга етмаган уч фарзанди вафот этса, Аллоҳ уларга бўлган раҳматининг фазли туфайли уни албатта жаннатга киритади”, дедилар (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти).
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.“ Бир киши: “Ё Аллоҳнинг Расули, “Қул ҳуваллоҳу аҳад” сурасини яхши кўраман”, деганида, у зот: “Албатта, буни яхши кўришинг сени жаннатга киргизади”, дедилар. (Имом Бухорий, Имом Термизий ривояти).
Умму Ҳабиби розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни: “Бир мусулмон банда Аллоҳ таоло учун ҳар куни ўн икки ракат фарздан ташқари ихтиёрий намоз ўқиса, Аллоҳ таоло у кишига жаннатда уй қуради ёки жаннатда уй қурилади”, деб айтганларини эшитдим (Имом Муслим ривояти).
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Умра (кейинги) умрагача иккаласи орасидагиларга каффоратдир. Мабрур ҳажнинг мукофоти эса фақат жаннатдир”, дедилар (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти).
Саҳл ибн Саъд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ким менга икки жағи ва икки оёғи орасини (сақлашга) кафолат берса, унинг жаннатга киришига кафолат бераман”, дедилар (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти).
Оиша розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ким бир мусулмон оилага хурсандчилик киритса, Аллоҳ таоло мана шу киши учун жаннатдан бошқа мукофот бўлишига рози бўлмайди”, дедилар (Имом Табароний ривояти).
Тошкент шаҳридаги “Мевазор” масжиди имом-ноиби
Ёрбек ИСЛОМОВ
тўплади.
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Бир қиз айтади:
«Аллоҳ таоло онамни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга салавот айтиш муҳаббати билан сийлаган. Онамдан энг кўп эшитганим – Пайғамбаримизга салавот! Онам ҳатто овқатни ҳам салавот айтиб қилади. Уй ишларини ҳам салавот айтиб қилади, «Шундай қилсам, осон, тез бўлади», дейди. Мен касал бўлиб қолсам ҳам, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтиб юрган дуоларни ўқиб, дам солади. Дори ичираётганда ҳам тили салавотдан тўхтамайди. Шунинг учун бўлса керак, мен доим хотиржам эдим. Сал хафа бўлиб турганимни кўрса, «Расулуллоҳ cоллаллоҳу алайҳи васалламга салавот айтгин, Аллоҳ нажот беради», дер эди. Бу сўзларни онамдан жуда кўп эшитганим учунми, «Онам жуда ошириб юборади-да, худди бошқа оламда яшаётгандек», дер қўяр эдим.
Бир куни кайфиятим жуда тушиб кетди. Ўзимни чалғитиш нималар қилиб кўрмадим, лекин фойдаси бўлмади. Охири таслим бўлиб, йиғлай бошладим. Ғам-қайғуларимга, кўз ёшларимга ғарқ бўлиб турган эдим, онамнинг «Расулуллоҳ cоллаллоҳу алайҳи васалламга салавот айтгин, Аллоҳ нажот беради», деган сўзлари эсимга тушиб қолди. Шу заҳоти салавот айта бошладим. Бир маҳал қарасам, Расулуллоҳга салавот айтавериб, қайғуларим эсимдан ҳам чиқиб кетибди! Бир неча марта шундай қилганимдан кейин салавот айтсам, ғам-ташвишлар йўқ бўлишига тўлиқ ишонч ҳосил қилдим.
Ҳозир, шу сатрларни ёзаётганда ҳам салавот айтиб ёзяпман. Дугоналарим қўшиқ хиргойи қилиб, завқланиб юрган бир пайтда Аллоҳнинг марҳамати билан менинг тилим севикли Пайғамбаримизга салавот айтиш билан банд. Аллоҳ таоло менга Пайғамбаримиз cоллаллоҳу алайҳи васалламга салавот айтишни яхши кўрадиган, қайғу-аламларимга қарши салавот ёрдамида курашишни ўргатган онани насиб қилмаганида, балки мен ҳам қўшиқ айтиб юрган бўлармидим...»
Шайх Солиҳ Муғомисий ҳафизаҳуллоҳ айтади:
«Бир куни тобим қочиб, жарроҳлар юрагимни операция қилишди. Эртаси куни жонлантириш бўлимида ётсам, бир ҳамшира хабар олиш учун кириб, томиримга уланган назорат жиҳозига қаради-ю, бирдан саросимага тушиб қолди. Олдин ҳамшира шеригини, кейин шифокорни чақирди… Нима бўлаётганини билмасам ҳам, аҳволим жиддий эканини сездим. Бирпасда тепамда ўндан ортиқ шифокору ҳамширалар тўпланиб кетишди. Кимдир зудлик билан бош шифокорни чақириш кераклигини айтди, уни ҳам чақиртиришди. У ҳам келиши билан қурилмаларга қараб, ҳамкасблари билан бир нималарни маслаҳатлаша бошлади. Кейин менга: «Шайх Солиҳ, юрагингизда қон йиғилиб қолибди. Олиб ташламаса бўлмайди. Кўкрак қафасни яна очамиз», деди. Мен калимаи шаҳодатни айтиб, бош ирғаб, розилик бердим. Жарроҳлар амалиёт хонасини тайёрлашга киришиб кетишди. Ҳамширалар ҳам менга уланган симларни узиб, тайёрлана бошлашди. Шу пайт ливанлик ҳамшира: «Шайх, салавот айтинг! Аллоҳ нажот беради», деб қолди. Унинг сўзлари қалбимга муҳрланиб қолди. Шу заҳоти: «Аллоҳумма, солли ъалаа саййидинаа Муҳаммад» деб, салавот айта бошладим.
Шу пайт қурилмаларнинг бири ўз-ўзидан ишга тушиб, овоз чиқара бошлади. Бошимни буриб қарасам, ҳозиргина тўхтаб турган қурилма ишга тушиб, ичидаги шаффоф идишга қон кела бошлабди! Мени амалиётга тайёрлаётган ҳамширалар буни кўриб, анграйиб қолишди. Сўнг биттаси ўзига келиб, бош шифокорни чақиришга югуриб кетди. Тўлиқ кийиниб олган шифокор кириб келди-ю, жиҳозни кўриб, турган жойида қотиб қолди. Сўнг яқинроқ келиб, қурилмага қараб турди-да, «Субҳаналлоҳ! Шайх Солиҳ, биз сизни қутқаришга ҳаракат қилиб турсак, Аллоҳнинг Ўзи сизни қутқариб қўйибди-ку!» деди.
Ҳозир ўша воқеани эслаб, ҳайрон қоламан. Менга «Салавот айтинг, Аллоҳ нажот беради», деган ўша ливанлик ҳамшира аёлни кўрган одам «Бу хотин умуман Худони танимаса керак», деб ўйлайди. Лекин ўша аёл менга энг қийин пайтда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга салавот айтишни эслатиб, мусибатлардан қутулиш эшигини очган эди».
Абдуллоҳ Абдулмуътий, Ҳуда Саъид Баҳлулнинг
“Қулоғим сенда қизим” китобидан Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Абдулҳамид Умаралиев таржимаси.