Мусулмонлар Мисрни фатҳ этгани келишганда, Бобилиюн қўрғони олдигача бориб тўхташди. Подшоҳ Муқавқис мусулмонлар билан музокара ўтказишга рағбат кўрсатди ва улар нимани хоҳлаётганларини билиш учун бир вафд (делегация) жўнатди. Сўнг улар ҳам бир вафд жўнатмоқликларини сўради. Амр ибн Ос уларга ўн кишилик жамоани юборди. Уларнинг ичида Убода ибн Сомит ҳам бор эди. Убода жуда қора, бўйи новча киши эди. Ҳатто, унинг бўйи ўн қарич дегувчилар ҳам бор эди. Амр сўзлаш вазифасини унга буюрди. Улар Муқавқис ҳузурига кирган вақтларида Убода ибн Сомит олдинга чиқди.
Муқавқис унинг қоралигидан қўрқиб кетди ва: «Бу қорани кўзимдан йироқ қилинг. Мен билан сўзлашгани бошқа киши чиқсин», деди. Шунда вафд аъзолари баробарига: «Бу қора бизнинг фикр ва илм жиҳатидан афзалимиздир. У – саййидимиз, яхшимиз ва пешқадамимиздир. Албатта, биз унинг фикри ва сўзига қулоқ соламиз», дейишди. Муқавқис бунга жавобан: «Бу қора сизларнинг афзалингиз бўлишига қандай рози бўласиз, ҳолбуки, у сиздан тубанда бўлиши лозим эди-ку?» деди. Улар эса: «Ҳеч қачон! Гарчи у қора бўлса-да, кўрганингдек даража, ақл ва фикрда афзалимиздир. Бизнинг ичимизда қорани инкор этадиган йўқ!» деб кескин жавоб қилишди. Шунда Муқавқис Убодага: «Олдинга чиқ, эй қора. Менга мулойим сўзла, мен сенинг қоралигингдан қўрқаман», деди. Убода Муқавқиснинг қўрқинчини кўргач, унга шундай деди: «Бизнинг қўшинимизда мингта қора бор. Улар мендан-да қорадирлар».
Бу – Ислом ҳазорасининг ажойиблиги ва инсонийлигини кўрсатиб турибди… Барча одамлар, ҳатто йигирманчи аср кишилари ҳам қораликни нуқсон, деб биладилар. Улар қора танлиларни оқлар қаторида бўлишга ҳақли, деб ҳисобламайдилар-у, қандай қилиб уларни эъзозлаб ўзларига раҳнамо қиладилар, фикр ва илмда афзал биладилар? Ислом ҳазораси келганида, бу ўлчовларни яксон қилди. Бу фикрларни аҳмоқона, деб билди. Илмини, фикрини, шижоатини афзал билган пайтда оқдан қорани олдинга қўйди.
“Ислом ҳазораси”. Аҳмад Муҳаммад
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Кимки Аллоҳнинг ҳузурида унга нима борлигини билишни истаса, ўзида Аллоҳ учун нима борлигига қарасин».
Имом Суютий «Жомеъус соғир»да ривоят қилиб, Дорақутнийга нисбат берганлар.
Шарҳ: Банда ўзини қайси мавқеъга мос кўрса, Аллоҳ таоло ўша мақомга туширади. Банданинг қалбида Аллоҳнинг манзилати, банда қай даража Аллоҳнинг таниши, маърифати, билиши, Уни олий санаши, Уни улуғлаши қадарича бўлади. Шунингдек, банданинг қалбида Аллоҳдан ҳаё қилиши, Ундан қўрқиши, Унинг амрлари ва қайтариқларини қоим қилишдаги ҳурмати, қалбини хотиржам бўлиши, У Зотга жисми билан, руҳи ва қалби билан таслим бўлмоғи, ишларида Унинг муроқабасини ҳис этиши, Унинг зикрини ўзига лозим тутиши, неъматларига эришиш йўлида машаққатларни кўтариши, маишат роҳатини У учун тарк этишида, У ҳақдаги яхши гумони миқдорича бўлади.
Шунингдек, одамларнинг бу ўриндаги даража ва насибалари юқоридагилардан олган насибалари миқдорича бўлиб, бас, уларнинг насибалари улканроқ даража бўлади, унинг акси бўлса акси қадар бўлади.
Имом Муновийнинг «Жомеъус соғийр»га ёзган шарҳи,
«Файзул қодир»дан.