Илм олиш фазилати ҳақида Қуръони каримда бундай марҳамат қилинади: «Мўминлар ёппасига (жангга) чиқишлари шарт эмас. Уларнинг ҳар бир гуруҳидан бир тоифа чиқмайдими?! (Қолганлари Пайғамбардан) динни ўрганиб, қавмлари уларга (жангдан) қайтиб келгач, (гуноҳдан) сақланишлари учун уларни огоҳлантирмайдиларми?!» (Тавба сураси, 122-оят).
Бу оятдан кўзланган мақсад – таълим бериш ва тўғри йўл кўрсатишдир.
Аллоҳ таоло айтади: “Эсланг (Эй Муҳаммад!) Аллоҳ аҳли китоблардан, уни (Таврот ва Инжилни) одамларга, албатта, аниқ баён қиласиз, уни (ҳеч кимдан) сир тутмайсиз деб аҳд олган эди” (Оли Имрон, 187). Бу оят таълим беришнинг вожиблигига далолатдир.
Бошқа оятда айтилади:
“Агар (бу ҳақда) билмайдиган бўлсангиз, аҳли зикрлардан (яъни Таврот ва Инжилни биладиганлардан) сўрасангиз!..” (Наҳл, 43)
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам илм олиш фазилатини шундай баён қилдилар: “Ким илм талаб қилиш йўлини тутса, Аллоҳ таоло уни жаннат йўлига йўллаб қўяди” (Имом Муслим ривояти).
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Малоикалар толиби илмни қилган ишидан мамнун бўлиб унга қанотларини ёзадилар. (Имом Аҳмад Ибн Ҳиббон ва Ҳокимлар ривояти).
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қиладилар: “Илмдан бир боб ўрганиб тонг оттиришинг юз ракат намоз ўқишингдан афзалдир” (Имоми ибн Абдулбар Абу Зарр ривоят этган).
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам яна айтадилар: “Киши илмдан бир боб ўрганиши унинг учун дунё ва ундаги нарсалардан яхшироқдир” (Имом ибн Абдул Бар Ҳасан Басрийдан мавқуф ҳолда ривоят қилган).
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Илмни Чинда (Хитойда) бўлса ҳам ўрганинглар” (Имом ибн Адий ва Байҳақийлар заиф иснод билан ривоят қилган).
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қиладилар: “Илм – хазина, унинг калити – савол. Сўранглар, сўрашда 4 киши савобга эга бўлади: савол берувчи, жавоб берувчи, эшитувчи, уларни дўст тутувчи” (Абу Нуъайм заиф иснод билан ривоят қилган).
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Жоҳил билмаганини сўрамаслиги, олим билганини айтмаслиги дуруст эмас” (Табороний, Ибн Мурдавайҳ, ибн Сунний, Абу Нуъаймлар ривоят қилган).
Абу Зарр ривоят қилган ҳадисда бундай дейилади: «Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Олимнинг мажлисида ҳозир бўлиш минг ракат намоздан, мингта касални бориб кўришдан, мингта жанозада иштирок этишдан афзалдир”, дедилар. Шунда: “Ё Расулуллоҳ, Қуръон тиловатидан ҳам яхшироқми?” деб сўрашди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Илм бўлмаса, Қуръон тиловати фойда берадими?” (Ибн Жавзий “Мавзуъот”да зикр қилган).
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Ким исломни тирилтириш учун илм ўрганаётганида вафот этса жаннатда у билан Пайғамбарлар орасида бир даража қолади» (Дорамий ва ибн Сунний ҳасан ҳолда ривоят қилишган)
Ислом буюклари илм ўрганиш фазилатини кўп ва хўб таъкидлашган.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳу айтадилар: “Илм олишда (қийналдим), бир оз хорландим, тилагим ҳосил бўлгач азизу мукаррам бўлдим”.
Ибн Абу Мулайка Ибн Аббос ҳақида шундай деганлар: “Чиройда Ибн Аббосдек чиройлисини, сўзлашда тили равонини, фатво беришда илмлисини кўрмаганман”.
Абдуллоҳ Ибн Муборак айтадилар: “Илм ўрганмасдан туриб улуғликка интилган кишига ҳайронман”.
Ҳакимлардан бири айтади: “Мен икки кишига ачинганчалик бошқа ҳеч кимга ачинмаганман:
Абу Дардо розияллоҳу анҳу айтадилар: “Сен олим ё ўрганувчи ёки унга қулоқ тутувчи бўл. Лекин тўртинчиси бўлмагилки, ҳалок бўласан”.
Тобеинлардан Ато Ибн Абу Рабоҳ айтадилар: “Бир илм мажлиси лағв – беҳуда мажлислардан 70 тасига каффорат бўлади”.
Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу айтадилар: “Кундузлари рўзадор ва кечалари қоим бедор бўлган мингта обиднинг ўлими, ҳалол ҳаромни ажрата олувчи бир олимнинг ўлимидан енгилроқдир”.
Имом Шофеъий раҳматуллоҳи алайҳ айтадилар: “Илм ўрганиш нафл ибодатидан афзалроқ”.
Ибн Абдулҳакам раҳматуллоҳи алайҳ айтадилар: “Мен имоми Молик ҳузурида илм ўқирдим. Пешин вақти кириши билан нафл намоз ўқиш учун китобларимни йиғиштира бошладим. Шунда устоз: “Агар ниятинг дуруст бўлса, хозир машғул бўлиб турган ишинг бажармоқчи бўлаётган ишингдан афзалроқдир” дедилар”.
Абу Дардо розияллоҳу анҳу айтадилар: “Ким илм ўрганишга чиқиш жиҳод эмас, деса унинг ақли ва фикрида ноқислик бор».
Манбалар асосида “Мирза Ғолиб” жоме масжид имом ноиби
Қ. К. Салимов тайёрлади.
манба: nasihat.uz
Муқаддас динимизнинг иккинчи манбаси бўлган Суннатда ҳам ватан тушунчаси ва унга бўлган муҳаббат борасида талайгина ҳадислар келган.
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сафардан қайтаётиб Мадина кўчаларини кўрган вақтларида туяларини тезлатардилар. (От, хачир каби) уловда бўлсалар, уни ниқтардилар”.
Абу Абдуллоҳ айтади: «Ҳорис Ибн Умайр Ҳумайднинг “Уловни уни (Мадинани) севганларидан ниқтардилар” ривоятини зиёда қилган» (Имом Бухорий ривояти).
Ойша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сизлардан бирингиз ҳажини адо қилса, аҳлига қайтишга шошилсин. Чунки шундай қилиши ажрини кўпайтиради”, дедилар» (Имом Дорақутний, Ҳоким ва Байҳақий ривояти).
Шарҳ: Аллома Муновий[1] раҳматуллоҳи алайҳ “Файзул Қодир” китобида ҳадисни қуйидагича шарҳлаган: “(Ватанга) шошилиш – мустаҳаб. “Аҳл”дан мурод эса ватандир, гарчи у ерда аҳли (оиласи) бўлмаса-да, келиши билан дўстлари, аҳлларига сурур бағишлагани учун “шундай қилиши ажрини кўпайтиради”. Ватанда истиқомат қилишда бошқа жойга қараганда ибодатга (оид) вазифаларни бажариш осон бўлади. Бу Ислом асосларидан бири бўлган ҳаж борасида шундай дейилган бўлса, бошқа, айниқса, мустаҳаб (араб. – “севилган”, “ёқтирилган”) – шаръий амал; уни бажарган киши савоб олади, бажармаган киши гуноҳкор бўлмайди) ва мубоҳ (араб. – “умумий”, “ихтиёрий” иш-ҳаракат) – шариат томонидан мукаллаф кишига қилиш ёки қилмаслик ихтиёри тенг берилган амал) сафарларда (ўз ватанига шошилиши биринчи навбатда) талаб қилинади. Мана шу ҳадисдан Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ Маккани қўшни тутиш макруҳ (араб. – “рад этилган”, “қораланган”, “номақбул”) шариат ҳукмларидан бири. Қатъиян тақиқланмаган, бироқ номақбул ҳисобланган ва рад этилган амал. Макруҳ икки хил бўлади, деган ҳукмни олганлар”.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сафар азобнинг бир бўлагидир. Сизларни таом, шароб ва уйқудан тўсади. Қай бирингизнинг сафардан мақсади ҳосил бўлса, аҳлига шошилсин”, дедилар» (Муттафақун алайҳ).
Уқба ибн Омир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Уч кишининг: ота, мусофир ва мазлумнинг дуоси ижобат қилинади”, дедилар» (Имом Табароний ривояти).
Шарҳ: Аллома Муновий раҳматуллоҳи алайҳ “Файзул Қодир” китобида ёзади: “Уч кишининг: отанинг фарзандга, мусофирнинг ва мазлумнинг золимга қилган дуоси ижобат бўлади. Сафар ватандан узоқ, ғурбатда бўлиш, машаққатларни бошдан кечириш сабабли қалбда синиқлик пайдо қилади. Синиқлик дуо ижобат бўлишининг энг катта сабабларидан бири. Мазлум эса ночордир”.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга меванинг аввали келтирилар эди. Шунда у зот: “Аллоҳумма барик лана фи мадинатина ва фи самарина ва фи муддина ва фи соъина барокатан маъа барока” дуосини айтардилар. Сўнгра уни ҳозир бўлган болаларнинг энг ёшига берардилар» (Муслим ривояти).
Дуонинг таржимаси: “Аллоҳим! Бизнинг шаҳримизга, мевамизга, муддимизга ва соъимизга барака устига барака бер“. (Муд ва соъ – ҳажм ўлчов бирликлари).
"Исломда ватан тушунчаси" китобидан
[1] Аллома Муновий. Тўлиқ исми: Зайнуддин Муҳаммад Абдуррауф ибн Тожулорифин ибн Али Зайнул Обидин Ҳаддодий Муновий Қоҳирий. Милодий 1545, ҳижрий 952 йилда туғилган. Милодий 1622, ҳижрий 1031 йилда Қоҳирада вафот этган. Қомусий олимлардан. Аллома Муновий парҳезкор, кам овқат, кам уйқу зотлардан эди. 80га яқин китоб муаллифи. Ёзган китоблари: “Кунузул ҳақоиқ” (ҳадис ҳақида), “Файзул Қодир шарҳу жомеис сағир” ва бошқалар.