Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
26 Ноябр, 2024   |   25 Жумадул аввал, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
06:01
Қуёш
07:24
Пешин
12:15
Аср
15:15
Шом
16:59
Хуфтон
18:17
Bismillah
26 Ноябр, 2024, 25 Жумадул аввал, 1446

Йигитга ялқовлик ярашмас

16.08.2018   6038   3 min.
Йигитга ялқовлик ярашмас

Она юртнинг равнақи билим касб, ҳунар этагини тутган ғайратли ёшлар биландир. Йигитлари жасур, паҳлавон; қизлари ҳаё ва иболи, илмда пешқадам юртни дунё таниб, барча ҳавас қилади.

Ибодатли, дуогўй кексалар ўз тажриба ва билимларини ёшларга ўргатиб турса, ёшлар эса уларнинг панд-насиҳатларини қулоғига олса, бу юрт фарзандлари жасур, қизлари вафодор суюкли ёр бўлади.

Шу боис ёшлар дангаса, ялқов деган иллатни ўзларидан отишлари, илмли, ҳунарманд, уста деҳқон деган шарафли ном олиб, кўкракларини керишлари керак.

Бундан эллик йиллар олдин ёшлигидан диний ва дунёвий илмни яхши эгаллаган шижоатли бир инсон бўларди. Бу инсон ёшлигида мадрасани тугатиб, сўнгра ҳунар ўрганишга киришиб, бир неча касб эгаллаганди. Тиббиёт билан ҳам шуғулланиб, одамларга турли малҳамлар тайёрлаб, неча беморлар дардларига дармон бўларди. Умрининг бир дақиқасини ҳам бекор ўтказмай, қишлоқдаги тўй-маъракаларга бош бўлар, ёшларга одоб-ахлоқ, муомала одобларини ўргатарди. Ўзи ниҳоятда ростгўй, сабрли, ҳалол инсонлиги боис ҳаётида асло хорлик, етишмовчилик деган нарсани билмаган. Ундан бу ишларга қандай вақт топишини сўрашганида:

“Авваламбор вақтни, ўтаётган умрни қадрлаш керак! Унинг бир лаҳзасини ҳам беҳуда ўтказмаслик, умр қўлдан кетса, уни бошқа ортга қайтара олмасликни англаш лозим. Руҳ қуши жасаддан ажраб Ҳаққа учса, илм ўрганиш, касб-ҳунар қилиш ва бошқа бирор нарсага имкон бўлмайди. Ҳаракат қилай десанг, иложинг йўқ! Ҳатто устингда ўрмалаб юрган ҳашаротларни “кишт” деб ҳайдашга қувватинг бўлмайди. Им­кон қўлдан кетгач, омад юз ўгиргач, афсусдан не фойда, ғанимат умрни сувга оқизишдан кимга фойда, кимга зарар?” деб жавоб берган экан.

Ҳа, руҳ қуши танни тарк этмасдан ялқовлик­ни ташлаб, олдинга интилмоқ керак. Умримиз­нинг олтин жавоҳирини ўз қўлимиз билан син­дирмайлик.

Мардикор бозорига бордим, олдимга бир нечта барваста йигит югуриб келиб: “Нима хизмат?” деди.

“Менга компьютер устаси, моҳир электрик, яхши кафелчи керак, ичингизда шу касб эгалари борми?” дедим. “Ака, сиз айтган касбимиз бўлганда мардикор бозорда юрармидик!” деди бир йигит. “Сиз қариб чол бўлганингиз йўқ, ҳаммангиз ёшсиз, бир йиллик умрингизни касбга бағишласангиз, бир умр роҳатда яшайсиз!” дедим уларга.

Азизлар! Болаларимизни кўп эркаламай, уларни ёшлигидан бирор ҳунар эгаси қилсак, бир умр биздан миннатдор бўлиб яшайди. Илмсиз, ҳунарсиз бўлса, ота-онани бир умр айблаб ўтади.

Эй азиз фарзанд! Асло ялқов бўлма, дангасалик иллатини ўзингдан от. Агар юқорида айтганимдек, бир-икки йил шогирдликка тушиб бир касбнинг этагидан тутсанг, умрингнинг охиригача бировга муте бўлмасдан роҳатда яшайсан. Ўзганинг қўлига муте бўлмайсан, ўғрилик қилмайсан, ҳалолдан мол топасан. Озгина синовларга бардош бермасдан устозлар ўгити, отангнинг пандини олмасанг, бошингга синовлар ёғилади. Кейинги пушаймон ўзингга душман!

***

Юртнинг камоли ёшлар биландир,

Имони мустаҳкам бошлар биландур.

Авлодлари ялқов, дангаса юртнинг,

Келажаги синар, тошлар биландур.

 

Олдинга интил болам, фақат олдинга,

Нокас-ла дўст бўлма, етгин қадрингга.

Ножинс, пастлар билан нодон дўст бўлар,

Қоч, йўқса топилмас даво дардингга.

 

Бир жойда ўтирма насибанг кутиб,

Ел-югур бир касбнинг этагин тутиб,

Калхатдек ўлимтик-ўлакса ема,

Бургутдек ҳалол е, ўлжангни тутиб.

 

“Қасамини бузган қиз” китобидан

Ибратли ҳикоялар
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Ҳасан розияллоҳу анҳунинг саховатлари

25.11.2024   1004   3 min.
Ҳасан розияллоҳу анҳунинг саховатлари

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ҳасан розияллоҳу анҳу зироат экинлари экиладиган ерларга эга эди. Бундан ташқари, ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу даврида укаси Ҳусайн розияллоҳу анҳу билан бирга давлатдан йилига беш минг дирҳам маош оларди. Бу миқдордаги маошни фақат Бадр жангида қатнашганларгина олишлари мумкин эди. У киши розияллоҳу анҳу Муовия розияллоҳу анҳунинг даврида йилига юз минг дирҳам маош оладиган бўлди. Кўплаб бой саҳобалар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга бўлган муҳаббатлари туфайли Ҳасан розияллоҳу анҳу ва укаси Ҳусайн розияллоҳу анҳуга катта миқдорда ҳадялар беришарди. Бундан ташқари, баъзи саҳобалар ўлимидан олдин ўзи қолдирган меросдан уларга берилишини васият қилишарди. Масалан, Бадр ва Уҳуд жангларида қатнашган Ислом суворийси Миқдод ибн Амр ибн Саълаба ал-Киндий ўлимидан олдин бойлигидан ўн саккиз минг дирҳамни Ҳасан ва Ҳусайн розияллоҳу анҳумога васият қилади. Бу васият амалга оширилади.

Ҳасан розияллоҳу анҳу кўп марта уйланган саҳобалардан эди. Бироқ у ажрашган аёлларига нисбатан жуда сахий эди. Ана шундай аёли Оиша Ҳасамийяга йигирма минг дирҳам нафақа тўлаган. Яна ажрашган икки хотинига ўн минг дирҳамдан ташқари бошқа мол-мулкларни ҳам нафақа қилиб қўшиб берган. У никоҳига оладиган аёлларига ҳам кўп миқдорда маҳр берарди. Иккита аёлига йигирма минг дирҳамдан, бошқа бир аёлига эса юзта жория ва юз минг дирҳам маҳр берган.

Ҳасан розияллоҳу анҳу бор мол-мулкини икки марта, мол-мулкининг ярмини оёқ кийими ва маҳсиларигача уч марта ҳадя қилган. Ёрдамга муҳтож бир кишига бир юз ўттиз минг дирҳам, бошқа бирига эса юз минг дирҳам садақа қилгани ривоят қилинган. Мадина кўчаларидан ўтиб кетаётган бир йўловчини зарур бўлган улов ва озиқ-овқатлар билан таъминлаган. Эҳтиёжи учун юз минг дирҳам сўраб Аллоҳ таолога дуо қилган кишига ўшанча пул жўнатган. Масжидул Ҳаромнинг четида бир кишининг «Аллоҳим, менга ўн минг дирҳам бер», деганини эшитиб, дарҳол уйига қайтиб бориб, унга шунча пул юборган.

Ҳасан розияллоҳу анҳу ҳаж сафари чоғида ўзи ва укаси Ҳусайн розияллоҳу анҳуни, жияни Абдуллоҳ ибн Жаъфар ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳуни қўй гўшти билан меҳмон қилган бечора аёлни Мадина бозорида кўриб қолиб, унга мингта қўй ва минг тилла бериб юборган.

Маккадан Мадинага сафари чоғида бир одам у кишини ёмғирдан ҳимоялаш учун ўз чодирида меҳмон қилади. Ана шу чодир эгасига чўпонлари билан бирга юзта туя ҳадя қилади.

Яна Ҳасан розияллоҳу анҳу ўзига бир қўй ҳадя қилган қулни қўйлари билан бирга сотиб олиб, уни озод этади ва унга сурувни ҳадя қилади. Шунга ўхшаш яна бир воқеа: итига овқатидан берган қулни ўзи қўриқлаётган боғи билан бирга сотиб олиб, уни озод қилади. Кейин ўша боғни қулнинг ўзига ҳадя қилади.

«Миллионер саҳобалар» китобидан